Полезное для бухгалтера в декабре:
Норезидент даромадларидан роялти тўлашда қандай солиқ солиш лозим
«Корхона Испания резиденти (расмий дистрибьютор) бўлган хорижий компания билан Ўзбекистон ҳудудида дастурий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқини оддий (мутлақ бўлмаган) лицензия шартларида тақдим этиш бўйича лицензия шартномасини тузмоқчи. Дастурга эгалик ҳуқуқи Қозоғистон юридик шахсига тегишли. Испания компанияси ўз давлатининг резидентлик сертификатини тақдим этди. Ушбу вазиятда норезидент даромадларидан солиқ бўйича қандай оқибатлар юзага келади?»
Саволга «Норма» эксперти, «Жавоб берамиз!» хизмати мутахассиси Азизахон ТОШХЎЖАЕВА жавоб берди:
Эътибор беринг
Материал «Жавоб берамиз!» пуллик базасидан, истисно тариқасида эълон қилинмоқда.
Экспертларга ўз саволларингизни бериш ва тайёр жавоблар базасининг барчасини кўриш имкониятига эга бўлиш учун Buxgalter Pro обунасини расмийлаштиринг.
– Лицензия шартномаси бўйича Испания компаниясига тўловлар – бу Солиқ кодекси 44-моддаси 1-қисмига мувофиқ роялти ҳисобланади. Норезидентга тўланадиган роялти кўринишидаги даромадларга солиқ агентида норезидент даромадларидан 20 фоиз ставкада солиқ солинади .
Агар даромад олувчи Ўзбекистон икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома тузган давлатнинг солиқ резиденти бўлса, солиқ агенти солиқдан озод қилиш ёки пасайтирилган солиқ ставкасини мустақил қўллаш ҳуқуқига эга.
Халқаро шартнома қоидалари даромад олувчи солиқ агентига солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни даромад тўланадиган санадан кечиктирмай тақдим этган тақдирда қўлланилади.
Норезидентга дивидендлар, фоизлар ва (ёки) роялти кўринишидаги даромадларни тўлашда солиқ агенти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси ва СКнинг 6-моддаси қоидаларида назарда тутилган солиқдан озод қилиш ёки пасайтирилган солиқ ставкасини, норезидент ушбу даромадларга нисбатан амалдаги ҳуқуққа эга бўлган тақдирда қўллайди. Солиқ агенти норезидентдан ушбу даромадга нисбатан амалдаги ҳуқуқни тасдиқлашни сўраб олишга ҳақли .
Кўриб чиқилаётган вазиятда халқаро шартнома қоидаларини қўллаш учун Испания компанияси олинадиган даромадни иккига – ўзиники ва Қозоғистон юридик шахсиники қилиб бўлиши керак. Шунингдек, сиз Қозоғистон юридик шахсининг роялтига нисбатан амалдаги ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни ва унинг Қозоғистон солиқ резидентлиги сертификатини сўраб олишингиз лозим. Испания компаниясидан ҳам Испаниянинг солиқ резидентлиги сертификатини сўраб олиш лозим.
Зарур ҳужжатларни олгач, корхона:
1) Қозоғистон юридик шахсининг роялти кўринишидаги даромади ҳисобланган сумма қисмига 10 фоиз ставкада солиқ солади ;
2) Испания компаниясининг даромади ҳисобланадиган сумма қисмига солиқ солинмайди .
Агар контрагент Қозоғистон томон бўйича ҳужжатларни тақдим этмаса ва даромад суммаси икки олувчи ўртасида тақсимланмаса, тўланадиган сумма тўлиқ Испания компаниясининг роялти кўринишидаги даромади сифатида тан олинади. Лекин у даромадларга нисбатан амалдаги ҳуқуққа эга бўлмагани учун даромадга 20 фоиз ставкада солиқ солинади .