Акциз солиғини ким тўлайди

01.01.2026
author avatar

Азиз ХАШИМОВ

солиқлар бўйича эксперт
author avatar

Жорилла АБДУЛЛАЕВ

«Норма» эксперти
Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган:

Акциз солиғи тўловчилар доираси чекланган. Улар акциз тўланадиган товарлар билан операцияларни амалга оширадиган шахслардир.

Акциз солиғи қуйидаги шахслар томонидан тўланади :

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар;
  • табиий газни истеъмолчиларга реализация қилишни амалга оширувчилар;
  • бензин, дизель ёқилғисини якуний истеъмолчиларга (шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали), шунингдек газни газ тўлдириш станциялари ва пунктлари орқали реализация қилувчилар;
Эътибор беринг
Якуний истеъмолчилар деганда ўз эҳтиёжлари учун бензин, дизель ёқилғиси ҳамда газ сотиб олувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади.
  • оддий ширкат шартномаси доирасида амалга ошириладиган фаолият акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлса – оддий ширкатнинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс – оддий ширкатнинг иштирокчиси;
  • божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали акциз тўланадиган товарларни олиб ўтувчилар;
  • Ўзбекистонда фаолиятини доимий муассасалар орқали амалга оширадиган, акциз солиғи солинадиган товарларни ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи чет эл юридик шахслари.

Акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчиларга – акциз тўланадиган товарларни ўзларининг ва қайтариб бериш шарти билан қайта ишланган хом ашёлардан ишлаб чиқарувчи шахслар киради.

Акциз солиғи қуйидагилар топширилганда тўланади :

  • акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун;
  • қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсулоти бўлган (шу жумладан акциз  тўланадиган) акцизости товарлар ишлаб чиқарувчи томонидан, қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материаллар эгасига топширилганда.

Ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарлар рўйхати ва акциз солиғи ставкалари Солиқ кодексининг 289-1
289-2 ва 289-3-моддалари билан белгиланади.

Эътибор беринг

2024 йил 1 апрелдан қуйидагиларга акциз солиғи жорий этилган  :

  • таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган, газланган ҳамда истеъмол қадоғига қадоқланган ичимликлар;
  • энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликлар.

2025 йил 1 апрелдан таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар мавжуд бўлган ва истеъмол қадоғига қадоқланган ичимликларга акциз солиғи жорий этилди. Бунда  мевалар ва (ёки) сабзавотлардан тайёрланган, табиий ширин бўлган ҳамда таркибида қўшимча шакар ва бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар мавжуд бўлмаган шарбатларга нисбатан солиқ қўлланилмайди  .

2025 йил 1 октябрдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга нисбатан акциз солиғи бекор қилинган .

2026 йил 1 апрелдан бошлаб ингичка бўлакларга бўлинган ёки юпқа шаклга келтирилган, қовурилган ёки қуритилган, таркибида картошка ёхуд картошка таъмини берувчи қўшимчалар бўлган, истеъмол қадоғига қадоқланган маҳсулот – чипсларга акциз солиғи жорий этилади. Солиқни уларни ишлаб чиқарувчи ва Ўзбекистон ҳудудига олиб кирувчи юридик шахслар тўлайдилар  .

Акциз тўланадиган товарларни импорт қилишда тўланадиган акциз солиғи божхона тўловлари таркибига киритилади. Унинг маъмурчилиги божхона органларига юкланган. Бу ҳақда батафсил тавсияда ўқинг.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал