Заргарлик буюмлари билан чакана савдо қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

01.01.2026
author avatar

Гульнора ЭРГАШЕВА

солиқ маслаҳатчиси
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– заргарлик буюмлари савдосини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари:
ҳар хил фаолият турлари учун хабардорлик ва лицензиялаш тартиб-таомиллари;
– заргарлик буюмлари билан чакана савдо қилишга қўйиладиган талаблар:
реализация қилинадиган заргарлик буюмларига мажбурий талаблар;
– заргарлик буюмларини сотиб олишга қўйиладиган талаблар:
сотиб олиш пунктларига мажбурий талаблар;
– заргарлик буюмлари билан комиссия операциялари;
– заргарлик буюмлари савдоси соҳасидаги қонунбузилишлар ва улар учун жавобгарлик;
– солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шунингдек махсус йиғим тўлаш.

 

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган:

Заргарлик буюмлари – бу зеб-зийнат, маиший ҳамда диний ашёлар сифатида қўлланиладиган, қимматбаҳо металлардан ва уларнинг қотишмаларидан ясалган ҳамда қонунчиликда белгиланган энг паст асиллик даражаларидан кам бўлмаган асиллик даражаларига эга бўлган, шу жумладан безакли ишлов беришнинг ҳар хил турларидан фойдаланилган, қимматбаҳо тошлар ва бошқа материаллар ўрнатилган ёки ўрнатилмаган ҳолда ясалган буюмлар ёхуд табиий ёки сунъий материаллардан ясалган, безакли ишлов беришнинг ҳар хил турларидан фойдаланилган, қимматбаҳо тошлар ўрнатилган ҳолда ясалган буюмлар .

Қуйидагилар заргарлик буюмларига кирмайди:

  • қимматбаҳо металлардан тайёрланган пул белгилари;
  • стандарт ва ўлчовли қуймалар;
  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган давлат мукофотлари, мукофот белгилари ва спорт мукофотлари.

Қимматбаҳо металлар жумласига қуйидагилар киради :

  • олтин;
  • кумуш;
  • платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар (палладий, иридий, родий, рутений ва осмий).

Қимматбаҳо тошлар деб қуйидагилар тушунилади :

  • табиий олмослар;
  • ёқутлар;
  • зумрадлар;
  • сапфирлар;
  • александритлар;
  • хом (табиий) ва ишлов берилган тарздаги табиий марварид.

Қаҳрабонинг ноёб ҳосилалари ҳам қимматбаҳо тошларга тенглаштирилади.

Заргарлик буюмлари савдосини ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Заргарлик буюмлари савдосида қуйидагиларга риоя қилиш лозим:

  • «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Қонун;
  • Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари;
  • «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун;
  • Фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низом;
  • «Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори;
  • «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони

Ҳар хил фаолият турлари учун хабардор қилиш ва лицензиялаш тартиб-таомиллари

Заргарлик буюмлари билан боғлиқ қуйидаги фаолият турлари ваколатли орган – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясига хабардор қилиш тартибида амалга оширилади :

 

Хабарноманинг номи

Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият (ҳаракат) турлари (кичик турлари)

Қимматбаҳо металллардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ҳамда бошқа буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик ёки тугагатганлик тўғрисида хабарнома

  • шахсий буюртма асосида аҳоли томонидан тақдим этилган материалларидан заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмларини таъмирлаш. Ўз ишлаб чиқаришидан ҳосил бўлган чиқиндиларни механик, кимёвий ва металлургия жараёнларини қўллаш ёрдамида қайта ишлаш ва уларнинг таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш (аҳоли буюртмасига асосан заргарлик буюмлари ясашда ҳосил бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш ҳуқуқига эга эмас);
  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш. Ўз ишлаб чиқаришидан ҳосил бўлган чиқиндиларни механик, кимёвий ва металлургия жараёнларини қўллаш ёрдамида қайта ишлаш ва уларнинг таркибидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш (аҳоли буюртмасига асосан заргарлик буюмлари ясашда ҳосил бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш ҳуқуқига эга эмас);
  • юридик ва жисмоний шахслардан қимматбаҳо металларни, шу жумладан олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни, қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни, шунингдек уларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олиш

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома

  • заргарлик буюмларини, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларни, шунингдек қимматбаҳо тошларни баҳолаш;
  • қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни баҳолаш, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни геммологик текшириш;
  • қимматбаҳо металлардан ясалган лаборатория идишларидан, катализаторлар, катализатор сеткаларидан, таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган ускуналардан, термопар, термореле, термоқаршиликдан фойдаланиш ва уларни сақлаш;
  • таркибида қимматбаҳо металлар бўлган ташқи қопламалар тайёрлаш ва/ёки суркаш (кимёвий, электрокимёвий, пуркаш ва бошқа усуллар билан);
  • таркибида қимматбаҳо металлар бўлган моддаларни (тиббий препаратлар, тузлар, реактивлар, кимёвий бирикмалар ва б.)ни ишлаб чиқариш, қўллаш, сақлаш;
  • таркибида қимматбаҳо металлар бўлган тиш ясашга мўлжалланган маҳсулотлар учун дисклар, электродлар, анодлар, контактлар ва кавшарларни тайёрлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш;
  • тиббиёт, озиқ-овқат, алкогол ва вино-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлардан, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган озиқ-овқат қўшимчаларидан фойдаланиш;
  • қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларга ишлов бериш, уларни сайқаллаш. Табиий олмосдан ясалган фильерлар, волоклар, олмос учликлардан, табиий олмосдан ясалган олмос асбобдан ва бурғулаш олмос асбобидан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш. Олмос асбобини рекуперация қилиш ишларини амалга ошириш;
  • қимматбаҳо металларни, қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни таҳлил қилиш ҳамда уларнинг асиллик даражасини назорат қилиш ишлари;
  • таркибида қимматбаҳо металлар бўлган маиший техника, ташкилий техника, тиббиёт техникаси ва бошқа буюмларни қисмларга ажратиш, уларга дастлабки ишлов бериш, турларга ажратиш, босма платаларни утилизация қилиш;
  • узелларида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган асбоб-ускуналарни қисмларга ажратиш ҳамда утилизация қилиш, шунингдек таркибида қимматбаҳо металлар бўлган асбоб-ускуналарни қисмларга ажратишдан ва утилизация қилишдан олинган чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарига топшириш;
  • таркибида қимматбаҳо металлар бўлган иккиламчи ресурслар, парчалар ва чиқиндиларни кейинчалик қайта ишлаш (аффинаж) корхоналарига топшириш учун тўплаш (тайёрлаш), қисмларга ажратиш, саралаш, дастлабки (бирламчи) қайта ишлов бериш;
  • қимматбаҳо металлардан ҳарбий ва/ёки авиация техникасини таъмирлашда фойдаланиш, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган ҳарбий ва/ёки авиация техникаси чиқиндиларини сақлаш ва улардан фойдаланиш;
  • ҳарбий ва/ёки авиация техникасидан таркибида қимматбаҳо металлар бўлган радиодеталлар ва элементларни ажратиб олиш, ҳарбий ва/ёки авиация техникасининг таркибида қимматбаҳо металлар бўлган чиқиндиларини тўплаш ва қайта ишлаш корхоналарига топшириш;
  • таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар бўлган буюмлар ҳамда предметларни кўргазмаларга қўйиш, сақлаш ва реставрация қилиш;
  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмларни, таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган предметларни (давлат органларининг қарорларига кўра давлат даромадига ўтказилган) реставрация қилиш (таъмирлаш);
  • таркибида кумуш мавжуд бўлган ва ёруғликка таъсирчан материаллардан, кинофоторентген плёнкалар, кинофоторентген-пластинкалар ва таркибида қимматбаҳо металлар бўлган худди шундай материаллардан фойдаланиш

Заргарлик буюмларини ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ва бошқа буюмларни сотиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома

  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар билан чакана савдо (шу жумладан, хорижий давлатлардан сотиш учун олиб келинган), қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар билан воситачилик савдоси;
  • ахборот-коммуникация технологияларидан (онлайн-дўконлардан) фойдаланган ҳолда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмларнинг чакана савдоси;
  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар билан божсиз савдо зоналарида чакана савдо қилиш (duty free);
  • қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар ҳамда улардан ясалган буюмларни сотиб олиш, қимматбаҳо металларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олиш;
  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар билан улгуржи савдо қилиш (шу жумладан, хорижий давлатлардан сотиш учун олиб келинган)

Хабарнома ваколатли органга электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали юборилади ..

Хабарнома юборганлик учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади   .

Белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда юборилган хабарнома автоматик тарзда қабул қилинади.

Қабул қилинган хабарнома асосида хабардор қилувчининг «Лицензия» АТ ёки ЯИДХПдaги шахсий кабинетида QR-кодли электрон тасдиқнома автоматик тарзда шакллантирилади. Хабардор қилувчи хабарнома қабул қилинганлиги ҳақидаги тасдиқномани шахсий кабинети орқали юклаб олиши ёки мобиль алоқа рақамига SMS-хабар шаклида олиши мумкин.

Аффинаж лицензияланадиган фаолият тури саналади :

 

Лицензиянинг номи

Лицензияланадиган фаолиятнинг кичик турлари

Аффинаж фаолияти учун лицензия

  • иккиламчи ресурслар, парча ва чиқиндилардаги қимматбаҳо металларни, шу жумладан олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни аффинаж қилиш, шунингдек механик, кимёвий ва металлургия жараёнларидан фойдаланган ҳолда ўз ишлаб чиқариш чиқиндиларидан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш;
  • фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлганлар учун – таркибида қимматбаҳо металлар бўлган минерал хом ашёни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, шихтовкалаш, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган концентратларни, гравитация концентратларини, чўкинди олтинни, Доре қотишмасини, катод металларни, рух чўкмаларини, бойитилган смолани олиш;
  • таркибида қимматбаҳо металлар бўлган иккиламчи ресурсларни, парча ва чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қисмларга ажратиш, уларга дастлабки ишлов бериш, уларни саралаш, қайта ишлаш ҳамда утилизация қилиш;
  • юридик ва жисмоний шахслардан қимматбаҳо металларни, шу жумладан олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни, заргарлик буюмларини, қимматбаҳо металларнинг парча ва чиқиндиларини, иккиламчи ресурсларни, ишлаб чиқариш-техник йўналишдаги ва таркибида қимматбаҳо металлар бўлган бошқа буюмларни сотиб олиш;
  • олтин изловчиларга хизматлар кўрсатиш, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган иккиламчи ресурслар, парчалар ва чиқиндиларни тўплаш учун сотиб олинган қимматбаҳо металларнинг бут сақланишини таъминлашга доир талабларга мувофиқ жиҳозланган сайёр қабул қилиш-тайёрлов пунктларини ташкил этиш;
  • республика ҳудудида қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш пунктларини очиш;
  • қимматбаҳо металларни сотиб олиш ва сотиш бўйича биржа савдоларида иштирок этиш.

Аффинаж корхоналари – бу қазиб олинган рудалардан, концентратлардан ва ярим тайёр маҳсулотлардан, шунингдек таркибида қимматбаҳо металлар бўлган парчалардан ҳамда чиқиндилардан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш ва (ёки) қимматбаҳо металларни аффинаж қилиш бўйича фаолиятни лицензия асосида амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари (бундан якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлар мустасно) .

Қимматбаҳо металларни аффинаж қилиш – бу ажратиб олинган қимматбаҳо металларни уларга физик ва кимёвий ишлов бериш усулларини қўллаган ҳолда аралашмалардан ҳамда қўшилиб чиқадиган компонентлардан тозалаш жараёни бўлиб, у қимматбаҳо металларни Ўзбекистоннинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларига ёки аффинаж қилинган қимматбаҳо металларга оид халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифат даражасига етказишга қаратилган.

Лицензияловчи орган – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси.

Лицензия бериш учун аризани кўриб чиқишга тўланадиган йиғим миқдори – 5 БҲМ .

Лицензия бериш учун тўланадиган давлат бажи миқдори – 5 БҲМ .

Лицензиянинг амал қилиш муддати – 10 йил .

Эътибор беринг
2028 йил 1 январга қадар қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда аффинаж корхоналарига қимматбаҳо металларни биржа савдолари орқали реализация қилишга рухсат этилади .

Заргарлик буюмлари билан чакана савдога қандай талаблар қўйилади

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларининг чакана савдоси билан фақат юридик шахслар шуғулланиши мумкин .

Эътибор беринг

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади .

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари, шунингдек аффинаж корхоналари қуйидагиларга ҳақли:

  • ўзлари ишлаб чиқарган заргарлик буюмларини чакана сотиш;
  • ишлаб чиқариш мақсадларида аҳолидан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини, қимматбаҳо металлар парчаларини, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни хабарноманинг қабул қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномада кўрсатилган манзил бўйича сотиб олиш.

Заргарлик буюмлари савдоси, шунингдек уларни сотиб олиш қуйидаги махсус жиҳозланган пунктларда амалга оширилиши мумкин:

  • заргарлик дўконлари;
  • савдо марказлари ва (ёки) комплексларининг бўлимлари ва секциялари.

Савдо залида қуйидагилар мажбурий тартибда бўлиши шарт:

  • белгиланган тартибда метрология текширувидан ўтказилган тарозилар (электрон ёки таҳлилий);
  • биринчи ёки иккинчи тоифа аниқликдаги тошлар;
  • узук ўлчагичлар ва бармоқ ўлчагичлар.

Кўринадиган жойда қуйидагиларни осиб қўйиш зарур :

  • Ўзбекистонда белгиланган заргарлик буюмлари пробалари тўғрисидаги ахборот;
  • заргарлик буюмларини текшириш, таҳлил қилиш ва тамғалаш тартиби ҳақидаги маълумот;
  • асиллик даражаси тамғаларининг излари ва белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгилари изларининг тасвири;
  • Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг чакана савдо ҳуқуқи учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси;
  • қонунчиликда белгиланган заргарлик буюмлари билан чакана савдо қоидалари.

Ўзлари ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг чакана савдосини амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар – заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғасининг кодини ҳам кўзга кўринадиган жойга осиб қўйишлари зарур.

Заргарлик буюмлари «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интернет-дўконлари орқали сотилади. Бунда юридик шахс чакана савдо билан шуғулланиши учун Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан белгиланган тартибда бериладиган рўйхатдан ўтиш гувоҳномасига эга бўлиши шарт .

Маълумот учун
  • Товарларни чакана сотишни қандай ҳисобга олиш керак – тавсияда.
  • Чакана савдода товарни қайтаришни қандай ҳисобга олиш керак – тавсияда.
  • Онлайн-савдо (электрон тижорат)да ҳисобга олишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида – тавсияда.

Реализация қилинаётган заргарлик буюмларига мажбурий талаблар

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини фақат уларда ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси, Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси қўйган асос даражаси тамғасининг белгиси ёки заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиси томонидан мустақил равишда қўйиладиган белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгиси излари (Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган буюмлар учун) мавжуд бўлсагина сотиш
мумкин .

Эътибор беринг
Заргарлик ва бошқа буюмларга қўйилган асиллик даражасининг ишончлилиги учун уларни ишлаб чиқарувчиси жавобгар бўлади.

Импорт қилинган заргарлик буюмларида ҳам асиллик даражаси белгиси ва тамға, Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг Ўзбекистон Республикаси давлат асиллик даражаси тамғасининг изи мажбурий тартибда қўйилиши шарт.

Эътибор беринг

2025 йил 1 сентябрга қадар Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалашда божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмаган. Бунда мазкур буюмлар кўрсатилган ҳужжатларсиз ҳам реализация қилиниши мумкин эди .

 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Инспекцияга хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларининг улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, асиллик даражасини текшириш ва тамғалаш ман этилади.

Чакана савдога қўйилган заргарлик буюмлари тамғаланган ёрлиқларга эга бўлиши керак. Ёрлиқда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

  • буюмнинг номи;
  • қимматбаҳо металл тури;
  • асиллик даражаси;
  • қўшимчаларнинг хусусиятлари;
  • қимматбаҳо тошга ишлов бериш усули;
  • буюмнинг чакана нархи.

Заргарлик буюмлари улгуржи сотилганда ҳар бир буюм учун алоҳида тамғаланган ёрлиқлар бўлиши талаб этилмайди.

Қимматбаҳо тошлар хусусиятига эга бўлган сунъий материаллардан қўшимчалар сифатида фойдаланилганда, ёрлиқларда мазкур тош сунъий тайёрлангани ҳақидаги ахборот кўрсатилиши шарт.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, тамғаланмайдиган заргарлик буюмларининг айрим турлари сифат сертификатига эга бўлиши керак.

Заргарлик буюмлари савдо залига қўйилишидан олдин сотувдан олдин қуйидаги тайёргарликдан ўтиши керак:

  • буюмларни кўздан кечириш ва саралаш;
  • давлат асиллик даражаси тамғасининг изи ёки ишлаб чиқарувчи мустақил равишда қўйган белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгисининг (Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган буюмлар учун) ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғасининг изи мавжудлигини текшириш;
  • пломба ва ёрлиқларнинг сақланганлигини текшириш;
  • ўлчамлар бўйича саралаш.

Ишлаб чиқарувчиларнинг расмий рўйхатдан ўтган шахсий тамғалари тўғрисидаги маълумотлар Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади.

Заргарлик буюмлари сотилганда алоҳида ўраб жойланган бўлиши керак.

Сотилган заргарлик буюмлари алмаштирилмайди ва қайтариб олинмайди. Бундан қуйидагилар мустасно:

  • заргарлик буюмларида сотиб олингунга қадар сотувчи томонидан қайд қилинмаган нуқсонлар (зиракка тошлар, илгакларнинг, билакузукка шарнирли бирикмаларнинг бўш маҳкамлангани, ёриқлар, синган, тирналган жойлар, ғудурлар ва бошқа нуқсонлар) аниқланиши;
  • давлат асиллик даражаси тамғаси ёки белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгиси изининг заргарлик қотишманинг ҳақиқий асиллик даражасига мос келмаслиги;
  • буюм хусусиятининг пломбаланган ёрлиқ маълумотларига мос келмаслиги.

Сотилган буюм учун харидорга касса чеки берилади.

Заргарлик буюмларида сотувчи томонидан қайд қилинмаган нуқсонлар аниқланган тақдирда, харидор уларни харид қилинган кундан бошлаб 6 ой ичида қуйидагиларга ҳақли :

  • харид нархи тегишлича қайта ҳисобланган ҳолда шундай буюмларга ёки бошқа буюмларга алмаштиришга;
  • улардаги нуқсонлар текин бартараф этилишига;
  • харид нархи мутаносиб равишда камайтирилишига.

Харидор шунингдек, зарари қопланган ҳолда олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳам ҳақли. Харидорнинг кўрсатиб ўтилган талаблари чек нусхаси тақдим этилганда кўриб чиқилади.

Эътибор беринг

Алмаштириш ёки нуқсонларни текинга бартараф этиш муддатлари бузилган ҳолларда сотувчи «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ – муддатлар бузилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг 1 фоизи миқдорида неустойка тўлаши шарт .

Маълумот учун
  • Онлайн-НКТда қайтаришни қандай расмийлаштириш керак – тавсияда.
  • Онлайн-НКТда товар алмашишни қандай амалга ошириш керак – тавсияда.
  • Сотиш (қайтариш) чекида номенклатурани акс эттириш тартиби – тавсияда.
  • Агар сотувчи ва харидор ўртасида заргарлик буюмларида нуқсонлар пайдо бўлиши масаласида келишмовчиликлар келиб чиқса, сотувчи харидордан буюмни қабул қилиб, уни мустақил экспертиза ўтказиш учун Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясига юборишга мажбур. Экспертизадан ўтказишни сотувчи тўлайди. Агар харидорнинг маҳсулот сифати бўйича эътирозлари Инспекциянинг хулосасига асосан асоссиз бўлиб чиқса, харидор сотувчининг харажатларини тўлиқ қоплайди .

Заргарлик буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланадиган юридик шахслар ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ) фойдаланган ҳолда, олинган ва сотилган заргарлик буюмларининг электрон реестрини юритиши шарт .

Заргарлик буюмларини сотиб олишга қандай талаблар қўйилади

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари парчаларини, улардан тайёрланган буюмларни, шунингдек қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни сотиб олиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:

  • заргарлик буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар – заргарлик дўконлари, савдо марказлари ва (ёки) комплексларининг бўлимлари, секцияларидаги махсус жиҳозланган пунктларда ташкил қилинган сотиб олиш пунктлари орқали ;

Уларга аҳолидан шартнома асосида қуйидагиларни сотиб олишга рухсат этилган:

– олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳига кирувчи қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган маданий-маиший буюмлар;

– қимматбаҳо металлардан стандарт, ўлчовли қуймалар;

– қимматбаҳо металлардан ясалган тангалар;

– қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар;

– қимматбаҳо металллардан ясалган соатлар ва уларнинг қисмлари;

– кумуш гардишли чинни ва биллур буюмлар.

Қуйидагиларни сотиб олиш тақиқланади:

– техник олмослар;

– ишлов берилмаган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар;

– соф ҳолдаги, шлих, пластиналардаги, сим ва қум шаклидаги олтин, кумуш платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар;

– ишлаб чиқариш учун мўлжалланган олтин, платина, палладий ва кумушдан ясалган буюмлар (перчинлар, платинали лаборатория шиша идишлари ва унга тегишли буюмлар – тигллар, косачалар, тигл қопқоқлари, электродлар, шпателлар, синов найчалари, термал конверторлар, платина ва платина родийли қотишмалардан тайёрланган термоўзгартиргичлар ва б.);

– давлат, нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг қимматбаҳо буюмлари;

  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар –юридик шахслар ва ЯТТ –фаолиятини бошлаш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган манзил бўйича .

Уларга жисмоний ва юридик шахслардан қуйидагиларни сотиб олишга рухсат этилган:

– қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни ҳамда уларнинг парчаларини;

– олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни;

– Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан ясалган тангалари ва пул белгилари, стандарт ва ўлчовли қуймаларини;

 – қимматбаҳо металлардан ясалган соатлар ва уларнинг қисмларини;

– соф ҳолдаги, шлих, пластиналардаги, сим ва қум шаклидаги олтин, кумуш платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар;

 – ишлаб чиқариш учун мўлжалланган олтин, платина, палладий ва кумушдан ясалган буюмлар (перчинлар, платинали лаборатория шиша идишлари ва анжомлари – тигллар, косачалар, тигл қопқоқлари, электродлар, шпателлар, синов найчалари, термал конверторлар, платина ва платина родийли қотишмаларидан тайёрланган термоўзгартиргичлар ва б.);

 – стоматологик маҳсулотлар учун қимматбаҳо металлардан тайёрланган дисклар, шунингдек уларнинг парчаларини;

– қимматбаҳо тошларни, улардан ясалган маданий-маиший буюмларни ва ярим қимматбаҳо тошларни;

– техник олмосларни;

– ишлов берилмаган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни;

– кумуш гардишли чинни ва биллур буюмларни;

  • аффинаж корхоналари – заргарлик буюмлари савдоси фаолиятини бошлаш тўғрисида хабарнома юбормасдан, аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияда кўрсатилган манзил бўйича .

Уларга жисмоний ва юридик шахслардан қуйидагиларни сотиб олишга рухсат этилган:

– қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни ҳамда уларнинг парчаларини;

– олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни;

– Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан ясалган тангалари ва пул белгилари, стандарт ва ўлчовли қуймаларини;

 – қимматбаҳо металлардан ясалган соатлар ва уларнинг қисмларини;

 – соф ҳолдаги, шлих, пластиналардаги, сим ва қум шаклидаги олтин, кумуш платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар;

– ишлаб чиқариш учун мўлжалланган олтин, платина, палладий ва кумушдан ясалган буюмлар (перчинлар, платинали лаборатория шиша идишлари ва анжомлари – тигллар, косачалар, тигл қопқоқлари, электродлар, шпателлар, синов найчалари, термал конверторлар, платина ва платина родийли қотишмаларидан тайёрланган термоўзгартиргичлар ва б.);

– стоматологик маҳсулот учун қимматбаҳо металлардан тайёрланган дисклар, шунингдек уларнинг парчаларини.

Аффинаж корхоналар олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи субъектларга хизмат кўрсатиш учун сотиб олинадиган қимматбаҳо металлнинг сақланишини таъминловчи талабларга мувофиқ жиҳозланган сайёр пунктлар ташкил этиш ҳуқуқига ҳам эга.

Нотариуснинг ижро ёзувига эга ломбардлар ва микромолия ташкилотлари уларнинг тасарруфида қолган заргарлик буюмлари, шунингдек ушбу буюмларнинг парчаларини шартнома асосида юридик шахслар ва ЯТТ – заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ёки аффинаж корхоналарига реализация қилиши мумкин.

Сотиб олиш пунктларига мажбурий талаблар

Техник жиҳозланганлик:

1) қимматли бойликлар ишончли сақланишини таъминлайдиган ва топширувчиларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларга эга бўлган махсус жиҳозланган бинолар ;

2) белгиланган барча асиллик даражаларини аниқлаш учун таҳлил ускуналари ёки кимёвий моддалар ;

3) қимматбаҳо тошларни ўлчаш учун карат (электрон ёки таҳлилий) тарозилар;

4) олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳига кирувчи металларни ўлчаш учун I ёки II тоифадаги (электрон ёки таҳлилий) тарозилар;

5) аниқлик билан тортиш жараёни:

  • олтин, платина, палладий ва улардан ясалган буюмлар учун – 0,01 граммгача;
  • кумуш ва кумушдан ясалган буюмлар учун – 0,1 граммгача;
  • гардишсиз қимматбаҳо тошлар учун – 0,01 каратгача;
  • ярим қимматбаҳо тошлар учун – 0,01 граммгача;
  • ишлов берилган тошлар учун – 0,1 граммгача.

Тартиб-таомилга оид талаблар:

  • барча операциялар сотувчи иштирокида ўтказилади (асиллик даражасини аниқлаш, ўлчаш, штифтлар, канифолни олиб ташлаш ва б.) ;
  • сотиб олинган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни ҳисобга олиш, сақлаш, сарфлаш ва ҳисоб-китоб қилиш мустақил ишлаб чиқилган техник ҳужжатлар асосида юритилади ;
  • сотиб олиш пунктлари томонидан тўлов амалга оширилганидан сўнг харид қилинган қимматликлар сотувчиларга қайтарилмайди .

Заргарлик буюмлари билан воситачилик савдосини қандай юритиш керак

Заргарлик буюмлари билан воситачилик савдосини фақат юридик шахслар, шу жумладан заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар, шунингдек аффинаж корхоналари савдо объектларида ва фақат ваколатли органга – Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясига фаолиятни бошлаганлик ҳақида хабарномани юбориш шарти билан амалга ошириш ҳуқуқига эга .

Эътибор беринг
Чет элда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини, агар улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, воситачилик савдоси қоидаларига мувофиқ сотиш тақиқланади. Бунда ушбу тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябрга қадар расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмайди .

Воситачилик савдосига қабул қилинадиган заргарлик буюмларининг нархи ва комиссионернинг тақдирлаш пули комитент билан комиссионер ўртасидаги ўзаро аҳдлашувга кўра (воситачилик шартномаси) белгиланади, бу воситачилик битимида қайд этилади ва иккала томоннинг имзолари билан тасдиқланади.

Муайян вақт мобайнида сотилмаган товарни қайта баҳолаш воситачилик битими шартларидан келиб чиқиб комиссионер томонидан амалга оширилади, унга мазкур ҳужжатларни имзолаш чоғида комитент розилик билдиради. Товарларни қайта баҳолаш комитентни чақирмасдан амалга оширилиши мумкин, унинг воситачилик битимидаги имзоси билан унинг бу шартларга розилиги тасдиқланади .

Комиссияга қабул қилинаётган заргарлик буюмлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат асиллик даражаси тамғасининг изи ёки ишлаб чиқарувчи мустақил равишда қўйган белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгисининг (Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган буюмлар учун) ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғасининг изига эга бўлиши керак.

Воситачилик шартномаси тузилганидан сўнг комитент my3.soliq.uz тизимига комиссионер ҳақидаги маълумотларни киритиши керак. Агар бу иш қилинмаса, комиссионерда солиқ ҳисоботи нотўғри шаклланади – унда унинг мукофоти эмас, у томонидан сотилган комиссия товарининг тўлиқ суммаси акс этади.

Эътибор беринг
Маълумотни ҳар бир комиссионер бўйича алоҳида киритиш зарур.
Маълумот учун
  • Комитент тизимга комиссионер ҳақида маълумотни қандай киритиши, шунингдек комиссионер субкомиссионерни қандай рўйхатдан ўтказиши тўғрисида тавсияда ўқинг.

Агар комитент – норезидент ёки жисмоний шахс бўлса, комиссионер уни тизимда ID-рақам бериш учун рўйхатдан ўтказиши керак. Келгусида бу рақамни онлайн-НКТ чекида комиссионер ҳам, субкомиссионер ҳам акс эттириши керак. Бундай комитентни тизимда қандай рўйхатдан ўтказиш тўғрисида тавсияда ўқинг.

Тавсия қиламиз

Комитентдан заргарлик буюмларини комиссияга қабул қилишда комиссионер ҳар бир буюм бирлиги учун комитент карточкасини расмийлаштиради. Унинг шаклини бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида тасдиқланг.
Маълумот учун
  • Комиссионер томонидан комитент товарларини реализация қилишни қандай ҳужжатлар билан расмийлаштириш тўғрисида батафсил тавсияда ўқинг.

Комиссияга қабул қилинган заргарлик буюмлари ҳисобини комитент билан шартнома нархи бўйича 004 «Комиссия шартномаси бўйича қабул қилинган товарлар» балансдан ташқари ҳисобварағида юритинг.

Маълумот учун
  • Комитент ва комиссионер бухгалтерия ҳисобида товарларни комиссияга топшириш, товарларни реализация қилиш, шунингдек комиссионер мукофоти ва харажатларини қоплашни қандай акс эттириши керак – бу ерда ва бу ерда.
  • Воситачи ҳисоботини қандай тузиш керак – тавсияда.
  • Буюмларни реализация қилишда НКТ чеклари сотишнинг тўлиқ суммасига комитентнинг 9 рақамли ID-рақами кўрсатилган ҳолда урилади.
Маълумот учун
  • Комитентлар ва комиссионерлар онлайн-НКТни қандай қўллаши керак – тавсияда.
  • Товарларни воситачилик шартномаси бўйича сотишда чегирмаларни қандай ҳисобга олиш керак – тавсияда.
  • Комиссионер (маркетплейс) чегирмасини НКТ чекида қандай акс эттириш керак – тавсияда.
  • Маркетплейсда ҳисобни қандай юритиш керак – тавсияда.

Заргарлик буюмларининг воситачилик савдоси билан шуғулланадиган юридик шахслар АКТдан фойдаланган ҳолда, олинган ва сотилган заргарлик буюмларининг электрон реестрини юритиши шарт .

Заргарлик буюмлари савдоси соҳасидаги қоидабузарликлар учун қандай жавобгарлик назарда тутилган

Қимматбаҳо металлар ва тошлар билан боғлиқ бўлган операцияларни амалга оширувчи субъектлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига бўйсуниши керак .

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ бўлган операция қуйидаги аломатлардан бири мавжуд бўлганда шубҳали деб топилади :

  • жисмоний шахс томонидан заргарлик буюмларини бир марта ёки 3 ой давомида бир неча маротаба умумий суммаси БҲМнинг 600 бараваридан ортиқ суммага харид қилинганда;
  • жисмоний шахс томонидан заргарлик буюмларини бир марта ёки 3 ой давомида бир неча маротаба қабул қилиш пунктига умумий суммаси БҲМнинг 600 бараваридан ортиқ суммага топшириш;
  • жисмоний шахс томонидан қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошларни бир марта ёки 3 ой давомида бир неча маротаба таркибида қимматбаҳо металлар ёки аффинланган қимматбаҳо металлар мавжуд бўлган парчаларни қимматбаҳо тошларни қабул қилиш пунктига умумий суммаси БҲМнинг 600 бараваридан ортиқ суммага топшириш;
  • қимматбаҳо металлар ёки қимматбаҳо тошларни қабул қилиш пунктидан жисмоний ёки юридик шахс томонидан қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошларни бир марта ёки 3 ой давомида бир неча маротаба харид қилиш, агар унинг умумий суммаси харид қилиш кунига БҲМнинг 600 бараваридан ортиқ миқдорга тўғри келса;
  • жисмоний шахс томонидан заргарлик буюмларини бир марта ёки 3 ой давомида бир неча маротаба воситачиликка топшириш, агар унинг умумий суммаси топшириш кунига БҲМнинг 600 бараваридан ортиқ миқдорига тўғри келса;
  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун бир марта ёки 3 ой давомида бир неча маротаба буюртма бериш, агар унинг умумий суммаси буюртма бериш кунига БҲМнинг 600 бараваридан ортиқ миқдорига тўғри келса;
  • идентификациялашни тугатиш имкони бўлмаган ёки лозим даражада текшириш натижалари бўйича мижоз билан ишга оид муносабатларни ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи маълумотлар олинганда;
  • амалга оширилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ёки терроризмни молиялаштиришга ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадорлиги ҳақида асосланган шубҳалар мавжуд бўлган барча ҳолатларда. Ички назоратни, мижозларни лозим даражада текшириш натижаларини ҳужжатлаштириш ва сақлашни, таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва ҳужжатлар билан қайд этишни ташкил қилиш ва амалга оширишга доир талабларни бузиш, операцияни амалга оширишни рад этиш, худди шунингдек махсус ваколатли давлат органига шубҳали операциялар ҳақидаги ахборотни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки нотўғри ахборот тақдим этганлик, қонунчилик талабларининг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйишга ёки операцияларни тўхтатиб туришга оид қисмини ижро этмаслик жарима солишга олиб келади :
  • биринчи марта бузилганда – БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача;
  • маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида қайта содир этилганда – БҲМнинг 30 бараваридан
    50 бараваригача.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни ёки таркибида шундай металл ҳамда тошлар бўлган буюмларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш чоғида қабул қилиб олиш, сарфлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, уларнинг парчалари ва чиқиндиларини тўплаш ҳамда Давлат фондига топшириш қоидаларини, шунингдек заргарлик буюмларининг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш тартибини бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг
30 бараваридан 50 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади .

Заргарлик буюмларини асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш тартибини бузган ҳолда реализация қилганлик учун :

  • ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этганда – заргарлик буюмини мусодара қилмасдан унинг қийматининг
    50 фоизи миқдорида жарима солинишига;
  • 1 йил мобайнида мазкур ҳуқуқбузарликни такроран содир этганлик учун – заргарлик буюмини мусодара қилиш ёки унинг қийматининг 100 фоизи миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш тартиби бузилишига йўл қўйган ёки билдирилган асиллик даражасига мувофиқ бўлмаган заргарлик буюмларини реализация қилувчи тадбиркорлик субъектлари, уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилган ҳолда, заргарлик тармоғининг инсофсиз тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилади.

Эътибор беринг

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида «Soliq» мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланмоқда .

Маълумот учун

Эксперимент тариқасида 2026 йил 1 январгача қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назорати тартиби амал қилган, унга мувофиқ :

  • Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси ва солиқ органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда уларга биринчи марта огоҳлантириш эълон қилинган;
  • огоҳлантиришдан сўнг бир ой муддатда ҳуқуқбузарлик бартараф этилмаган ёки такроран аниқланган тақдирда – Инспекция ва солиқ органлари сайёр текширув ўтказган. Бунда сайёр текширув:
    – фақат қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар бўйича;
    – текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Сайёр текширув натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома ва қарор тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чораларини кўришга асос бўлган.

Қандай солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шунингдек махсус йиғим назарда тутилган

ҚҚС

Ички бозорда қуйидагиларни реализация қилиш ҚҚСдан озод этилган :

  • қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган парчалар ва чиқиндилар;
  • қимматбаҳо металларнинг ўлчов пластиналари ва гранулалар;
  • қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар;
  • қимматбаҳо металлардан ишланган банк ва ўлчовли қуймалар;
  • қимматбаҳо металлардан ишланган қуйма (инвестиция) тангалар (нумизматика мақсадлари учун фойдаланиладиган тангалар, шунингдек қимматбаҳо металлардан ишланган чет эл тангаларидан ташқари).
Эътибор беринг

2026 йил 1 январдан бошлаб қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилишда ҚҚС бўйича имтиёз бекор
қилинди .

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадидан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари деб эътироф этилади .

2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига улар томонидан бюджетга тўланган ҚҚСнинг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда қайтарилади. Бунда ушбу тартиб солиқ даврида жами олинган даромаднинг камида 80% заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва улар билан чакана савдо қилишдан олинган тақдирда татбиқ қилинади .

Маълумот учун
  • НКТ орқали реализация қилинаётган товар ва хизматларга солиқ имтиёзини қандай қўллаш керак – тавсияда.
  • Тўланган ҚҚСнинг бир қисмини ким ва қандай қилиб қайтариб олиши мумкин – тавсияда.
  • Воситачига ҚҚСни ҳисоблаш тартиби – тавсияда.
  • Воситачилик операцияларини ҚҚС бўйича ҳисоботда қандай акс эттириш керак – тавсияда.
  • Товарлар (хизматлар)ни комиссионер орқали реализация қилишда комитентга ҚҚСни қандай ҳисоблаш керак – тавсияда.

2028 йил 1 январга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар ҚҚСни заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархи ҳамда улар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқлайди  . Бунда:

  • заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархидан фақат «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ ва биржа савдолари орқали бошқа субъектлардан сотиб олинган қимматбаҳо металлар нархини ҳамда импорт қилинган қимматбаҳо тошлар нархини чегириб ташлашга рухсат этилади;
  • заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотлар таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориладиган нархлардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Мол-мулк ва ер солиғи

2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябрга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасининг аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкалари мол-мулк солиғидан ва ер солиғидан
озод этилади .

«Ўзбекзаргарсаноати» ассоциацияси аъзолари – ЯТТ учун имтиёзлар

2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябрга қадар «Хунарманд» уюшмасининг аъзолари учун белгиланган солиқ имтиёзлари заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасининг аъзолари бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ҳам татбиқ этилади .

«Хунарманд» ассоциацияси аъзолари:

  • ҳунармандчилик маҳсулотларини (товарларини, хизматларини) ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчилар – 2026 йил 1 январга қадар қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС тўлашдан озод этилган эди ;
  • ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар ижтимоий солиқ тўлашдан озод этилган  2026 йил 1 январдан бошлаб қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДСни тўлаш бекор қилинган .
Маълумот учун
  • Воситачилик операцияларини фойда солиғи бўйича ҳисоботда қандай акс эттириш керак – тавсияда.
  • Воситачилик операцияларини айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботда қандай акс эттириш керак – тавсияда.

Божхона имтиёзлари

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб 2028 йил 1 сентябрга қадар :

  • заргарлик буюмларини (ТИФ ТН 7113- ва 7114-товар позициясидаги маҳсулотларни) импорт қилишда божхона божи 2 фоиз ставкада қўлланади;
  • заргарлик буюмларини «Эркин муомалага чиқариш» ва «Экспорт» божхона режимларига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғим уларнинг божхона қийматидан қатъи назар, БҲМнинг 1 баравари миқдорида ундирилади;
  • импорт қилинган заргарлик буюмларини Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясида тамғалаш учун ундириладиган йиғим миқдори маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган миқдорга тенглаштирилади;
  • божхона чегараси орқали олиб кирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган заргарлик буюмларини божхона тўловларини амалга ошириш ва БЮДни тўлдириш орқали декларация қилишга рухсат берилади.

Чакана сотувдан махсус йиғим

2019 йил 1 июлдан бошлаб олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим
тўланган .

 2024 йил 31 декабргача унинг миқдори 1 грамм учун 1 000 сўмни ташкил этган. 2025 йил 1 январдан бошлаб йиғим
1 грамм учун 2 000 сўмгача оширилган эди .

Эътибор беринг
2026 йил 1 январдан бошлаб олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим бекор қилинган .

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал