ЭТТЮХ билан бирлаштирилган ЭҲФ қандай расмийлаштирилади

28.11.2025
author avatar

Антон ЛИ

Didox электрон ҳужжат айланиши оператори лойиҳа раҳбари
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– ЭТТЮХ билан бирлаштирилган ЭҲФ расмийлаштирилмайдиган ҳолатлар;
– «ЭҲФ + ЭТТЮХ» бирлаштирилган ҳужжатини тақдим этиш шакли ва тўлдириш тартиби;
– DIDOX.UZ сервисида «Гибрид ҳисобварақ-фактура» ҳужжатини яратиш.

Товар-моддий бойликларни (ТМБ) юклаб жўнатиш билан реализация қилинганда электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) электрон товар-транспорт юк хати (ЭТТЮХ) билан бирлаштирилган ҳолда – «ЭҲФ + ЭТТЮХ» расмийлаштирилиши мумкин .

Қандай ҳолларда ЭТТЮХ билан бирлаштирилган ЭҲФ расмийлаштирилмайди

«ЭҲФ + ЭТТЮХ» бирлаштирилган ҳужжати товар қуйидагича реализация қилинган тақдирда расмийлаштирилмайди :

  • корпоратив банк картаси орқали тўлов амалга оширилганда, бунда етказиб берувчи ЭҲФ тақдим этиши шарт эмас ;
  • маркетплейс орқали, бунда харидорга электрон шаклда чек юборилади .

Шунингдек «ЭҲФ + ЭТТЮХ» ҳужжатини расмийлаштирманг, агар :

  • товарларни транспорт воситасидан фойдаланмаган ҳолда (ш.ж. жамоат транспортидан фойдаланган ҳолда) қўлда ёки махсус қурилмалар (арава, эскалатор ва қонунчилик ҳужжатларига кўра давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган бошқа қурилмалар) ёрдамида ташисангиз;
  • товарни юклаб жўнатиш билан бир вақтда реализация қилмасангиз.
Маълумот учун
  • Агар ташкилот ўз автомобилларига шартнома асосида автоёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) орқали ёқилғи қуйса, қуйидаги тавсияни ўқинг.

Бирлаштирилган ҳужжатни қандай шаклда тақдим этиш, уни қандай тўлдириш керак

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда «ЭҲФ + ЭТТЮХ» ҳужжатининг 2 та шакли назарда тутилган:

  • стандарт  – дори воситаларидан ташқари ҳар қандай товарларни бир вақтнинг ўзида реализация қилиш ва юклаб жўнатишда расмийлаштирилади;
  • махсус тиббий  – дори воситаларини бир вақтнинг ўзида реализация қилиш ва юклаб жўнатишда расмийлаштирилади.

Электрон ҳужжат айланиши (ЭҲА) тизимида иккита шакл амал қилмоқда: стандарт – «Гибрид ҳисобварақ-фактура» ва тиббий – «Гибрид ҳисобварақ-фактура (фарм)».

Маълумот учун

  • Товарлар ва хизматларни реализация қилишда ЭҲФни қандай расмийлаштириш – тавсияда.
  • Дори воситаларини реализация қилишда ЭҲФни қандай расмийлаштириш – тавсияда.
  • ЭТТЮХни ким ва қандай расмийлаштириши керак – тавсияда.
  • Турли вазиятларда ЭТТЮХни қандай расмийлаштириш – тавсияда.
Эслатиб ўтамиз

2025 йил 1 апрелдан бошлаб чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситалари тоифасига нисбатан татбиқ этилади. Бунда маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан амалдаги референт нархни шакллантириш тизими сақлаб қолинади .

Рецепт билан бериладиган дори воситаларини улгуржи ва чакана реализация қилишда қўлланиладиган чекланган савдо устамалари етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар белгиланади. Уларнинг миқдори :

  • улгуржи савдо учун – сотиб олинган қийматидан 15%дан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • чакана савдо учун – улгуржи нархидан 20%дан ортиқ бўлмаган миқдорда.

Импорт қилинган дори воситаларининг нархлари ҳам чекланган нархлардан юқори бўлмаслиги керак .

ЭҲФнинг стандарт реквизитларига қўшимча равишда бирлаштирилган ҳужжатда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

  • товарни ташиш жараёни иштирокчилари – юк ташувчи, юк олувчи, экспедитор, юкни етказиб берувчи масъул шахс, ҳайдовчи тўғрисида;
  • юклаш ва юкни етказиш манзиллари тўғрисида;
  • транспорт тўғрисида – давлат рақами ва русуми;
  • юк ташиш масофаси ва нархи тўғрисида;
  • юк оғирлиги ҳақида – брутто, нетто.

«ЭҲФ + ЭТТЮХ» бирлаштирилган ҳужжатини тўлдираётганда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • транспорт тури – автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув;
  • «Юк ташувчи» катагида – юк ташувчининг номи ва унинг СТИР (ЖШШИР);
  • транспорт турига қараб транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар – автомобиль, тиркама, ярим тиркама давлат рақами ва русуми; темир йўл юк хатининг ID-рақами ва поезд йўналиши; рейс рақами ва ҳаво кемасининг парвоз йўналиши; кема рақами ва йўналиши.

Юк ташувчига тегишли автотранспорт воситалари рўйхати ЭТТЮХ тизимини ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими билан интеграция қилиш орқали автоматик тарзда шакллантирилади;

  • ҳайдовчи ва юкни етказиб берувчи масъул шахснинг маълумотлари (Ф.И.Ш. ва ЖШШИР);
  • транспорт турига қараб «Юклаш манзили» ва «Юкни етказиш манзили».

Юк ташиш хусусиятларига қараб қуйидаги маълумотларни кўрсатинг:

  • экспедитор томонидан юк етказиб берилганда:

– унинг номи ва СТИР (ЖШШИР). Агар юкни жўнатувчи ёки юкни олувчи бир вақтнинг ўзида экспедитор бўлса ёхуд экспедитор бир вақтнинг ўзида юк ташувчи бўлса, бу ҳақда белги қўйинг;

– мижознинг СТИР (ЖШШИР), шунингдек шартнома рақами ва санаси;

  • юк ташиш шартномаси асосида юкни жўнатувчи, юкни олувчи ва экспедитордан ташқари бошқа юридик ёки жисмоний шахс томонидан юк ташилганда:

– буюртмачининг СТИР (ЖШШИР), шунингдек юк ташувчи ва буюртмачи ўртасида тузилган шартноманинг рақами ва санаси;

– юклаш ва юкни етказиш манзиллари орасидаги оралиқ масофа (км);

– юк ташиш нархи.

Расмийлаштирилган ва ЭРИ билан тасдиқланган бирлаштирилган ҳужжатга ЭҲА тизими томонидан автоматик равишда QR-код берилади ва юк ташиш иштирокчиларининг шахсий кабинетларига юборилади.

Юкни масъул етказиб берувчи (юкни етказиб берувчи масъул шахс) ЭРИ ёрдамида юкнинг қабул қилинганлиги ва етказиб берилганлигини, юк олувчи эса юк ташиш жараёни якунланганлигини тасдиқлайди ёхуд сабабини кўрсатган ҳолда ҳужжатни рад этади.

Юк ташувчи юк қабул қилингани ва етказиб берилганини ЭРИ билан тасдиқлайди, харидор эса юкни ташиш жараёни якунланганлигини тасдиқлайди ёхуд сабабини кўрсатган ҳолда юкни қабул қилиш жараёнида тасдиқлашни рад этади.

Эслатиб ўтамиз

Юкни масъул етказиб берувчи (юкни етказиб берувчи масъул шахс) – меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида фаолиятини амалга ошираётган, юкларни қабул қилиш, кузатиб бориш ва топшириш бўйича транспорт-экспедиторлик операцияларини амалга оширувчи шахс .

Юк ташувчи – мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда транспорт воситасига эга бўлган, юк жўнатувчи, юк олувчи ёки юк ташиш шартномаси асосида юкни белгиланган манзилга етказиб берувчи юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек экспедитор .

Вазият
Юк жўнатувчи «ЭҲФ + ЭТТЮХ» ҳужжатини жўнатади, бироқ у юк олувчига етиб бормайди

Юк жўнатувчи «ЭҲФ + ЭТТЮХ» ҳужжатини расмийлаштириб, уни жўнатди, бироқ у юк олувчига етиб бормади.

Қандай сабабларга кўра «ЭҲФ + ЭТТЮХ» ҳужжати юк олувчига етиб бормаслиги мумкин?

– Агар ушбу ҳужжатни имзолашнинг назарда тутилган тартибига аниқ риоя қилинмаса, шундай бўлиши мумкин.

Юк олувчи ЭТТЮХ билан бирлаштирилган шаклда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактурани олиши ва имзолай олиши учун уни жўнатишдан олдин юкни етказиб берувчи масъул шахс ЭРИ ёрдамида имзолаши керак. Бу ҳужжатда кўрсатилган юкни қабул қилиш, кузатиб бориш ва топшириш операцияларини амалга оширувчи шахсдир. Амалга ошириладиган операциялар кетма-кетлиги Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 61-1-бандида аниқ баён этилган:

1) ТМБ юклаб жўнатиш билан бир вақтда реализация қилинганда юкни жўнатувчи «ЭҲФ + ЭТТЮХ» бирлаштирилган ҳужжатини шакллантиради ва уни ўзининг ЭРИ билан имзолайди;

2) ЭҲА тизими томонидан ҳужжатга QR-код берилади ва у бошқа иштирокчиларга – расмийлаштирилган электрон ҳужжатни уларнинг шахсий кабинетларида акс эттирган ҳолда юборилади;

3) юкни етказиб берувчи масъул шахс ҳужжатни шахсий кабинетида кўради ва уни ўзининг ЭРИ билан имзолаб, қабул қилинганлиги ва етказиб берилганлигини тасдиқлайди.

Шундан кейингина юк олувчи юкни қабул қилиш жараёнида ЭРИ ёрдамида ҳужжатни имзолаб ёки аниқ сабабини кўрсатган ҳолда уни рад этиб, жараённи якунлаши мумкин.

Эътибор беринг

ЭҲФ ва ЭТТЮХни қуйидаги ҳолларда қоғоз шаклида расмийлаштириш мумкин:

  • ЭҲА ахборот тизимида техник носозликлар юзага келганда  . Носозликлар ЭҲА тизими оператори томонидан расман тасдиқланиши керак. Улар бартараф этилгандан сўнг 5 кун ичида вақтинчалик қоғоз шаклдаги ҳужжатлардаги маълумотларни электрон тизимга киритишингиз шарт. Электрон ҳужжатни расмийлаштиришда унинг қоғоз шаклдаги вариантида қайд этилган санани кўрсатинг;
  • расмийлаштириладиган хўжалик операцияси (юк ташиш) давлат сирига тааллуқли бўлганда   ;
  • юк ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмаган хорижий транспорт воситасида ташилганда .

didox.uz сервисида «Гибрид ҳисобварақ-фактура» ҳужжатини қандай яратиш мумкин

Didox сервисида «Гибрид ҳисобварақ-фактура» ёки «Гибрид ҳисобварақ-фактура (фарм)» ҳужжатини расмийлаштириш учун:

1) «+ Яратиш» тугмасини босинг;

2) «Гибрид ҳисобварақ-фактура» ёки «Гибрид ҳисобварақ-фактура (фарм)» ҳужжат турини танланг;

3) «Сизнинг маълумотларингиз», «Ҳамкорнинг маълумотлари» бўлимларидаги тўлдирилиши шарт бўлган майдонларни (юлдузча * билан белгиланган), шунингдек бошқа юк ташиш иштирокчилари бўйича маълумотларни тўлдиринг. Уларнинг СТИР (ЖШШИР) киритилганда маълумотлар автоматик тарзда тўлдирилади.

Экспедитор – транспорт экспедицияси шартномаси томони – юк ташишни ташкил этиш билан шуғулланувчи юридик шахс, бир вақтнинг ўзида бевосита юк ташувчи ҳам бўлиши мумкин.

Юк ташувчи (тўлдирилиши шарт бўлган майдон*) – юк ташиш шартномаси асосида юкни белгиланган манзилга етказиб берувчи, яъни бевосита юк ташиш билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахс (ЯТТ, ўзини ўзи банд қилган шахс ва ҳ.к.). Мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда транспорт воситасига эга бўлган юк жўнатувчи ёки юк олувчи, шунингдек экспедитор ҳам юк ташувчи бўлиши мумкин.

Мижоз – юк жўнатувчи ёки юк олувчи – юк ташиш учун ҳақ тўлайдиган транспорт экспедицияси шартномасининг томони.

Буюртмачи – юк ташишга буюртма берувчи юк жўнатувчи, юк олувчи ёки экспедитор.

Автомобиль – унинг давлат рақами ва русумини кўрсатинг. Юк ташувчи қайси транспорт воситасига эгалигига қараб маълумотлар автоматик равишда қайд этилади. Агар ташишда тиркама ёки ярим тиркамадан фойдаланилса, унинг маълумотларини кўрсатинг.

Агар «Бошқа эгалари» қайд этилса, транспорт эгасининг СТИР (ЖШШИР)ни кўрсатиш учун майдон пайдо бўлади. Бир нечта эгаларини кўрсатиш мумкин.

Ҳайдовчи (тўлдирилиши шарт бўлган майдон*) – меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида фаолиятини амалга ошираётган, транспорт воситасини бошқариб бораётган шахс, шунингдек юкни етказиб берувчи шахс. Унинг маълумотлари – ЖШШИР ва Ф.И.О.ни тўлдиринг. Ҳайдовчи юкни етказиб берувчи масъул шахс (юкни масъул етказиб берувчи) бўлиши ҳам мумкин.

Юкни етказиб берувчи масъул шахс (юкни масъул етказиб берувчи) (тўлдирилиши шарт бўлган майдон*) – меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида фаолиятини амалга ошираётган, юкларни қабул қилиш, кузатиб бориш ва топшириш бўйича транспорт-экспедиторлик операцияларини амалга оширувчи шахс. Яъни бу юкни харидор (юк олувчи)гача етказиб бериш учун бевосита масъул бўлган ва юк жўнатувчидан кейин ЭТТЮХни имзолайдиган шахс;

4) юклаш ва юкни етказиш манзилларини (тўлдирилиши шарт бўлган майдонлар*) тўлдиринг: «Вилоят» ва «Туман» очиладиган рўйхатларидан керакли параметрларни танланг, «Манзил» майдонини қўлда тўлдиринг. «Менинг манзилларим» тугмаси орқали «Янги манзил қўшиш» тугмасини босиб, тез-тез фойдаланиладиган жойларни қўшиш мумкин;

5) ишончнома маълумотларини тўлдиринг – эътиборингизга ҳавола этилган ишончномаларнинг очиладиган рўйхатидан расмийлаштирилаётган етказиб беришга мосини танланг;

6) сотилаётган товар тўғрисидаги маълумотлар қайд этиладиган жадвални тўлдиринг.

Стандарт шаклда у одатдаги ЭҲФ каби тўлдирилади;

Махсус тиббий шаклда, стандарт шаклдаги маълумотлардан ташқари, рецепт билан бериладиган дори воситалари бўйича асосий нарх ва устама фоизи кўрсатилади.

2_%D1%83%D0%B7%D0%B1.jpg

Жадвалдаги позицияларни «+» ва «Саватча» тугмалари орқали қўшиш ёки ўчириш мумкин;

Маълумот учун
Маълумот учун
  • Фармацевтика маҳсулотларининг реализация қилинишини ҳисобга олиш тўғрисида батафсил тавсияда ўқинг:

7) «Жами оралиқ масофа» ва «Юк ташиш нархи (сўмда)» тўлдирилиши шарт бўлган майдонларни тўлдиринг. Агар масофа номаълум бўлса, ноль қўйинг;

8) юкнинг оғирлигини кўрсатинг – «Брутто» ва «Нетто».

Тўлиқ тўлдирилган ҳужжатни «Ҳужжатни кўрсатиш» тугмасини босиш орқали кўриш мумкин. Агар «Имзолаш» тугмаси босилса, ҳужжат роуминг марказига юборилади, агар «Сақлаш» тугмаси босилса, қоралама нусхаси сақланади.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал