Янги корхоналарнинг устав фондини шакллантиришни қандай ҳисобга олиш керак

18.12.2025
author avatar

Олег ЦОЙ

«Норма» эксперти

Тавсияда:
– устав фондини шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари;
– қуйидагиларнинг устав фондини шакллантириш:
    масъулияти чекланган жамият;
    акциядорлик жамияти;
    хусусий корхона;   
    оилавий корхона;
– янги корхоналарнинг устав фондини шакллантиришда солиқ оқибатлари.

 

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди: 

  • 2025 йил 1 январдан кучга кирган янги 21-сон БҲМС ва янги 22-сон БҲМС;
  • 07.02.2025 йилдаги ЎРҚ-1025-сон Қонун;
  • ВМнинг 07.11.2025 йилдаги 709-сон қарори;
  • Президентнинг 10.12.2025 йилдаги ПФ-246-сон Фармони. 
Эътибор беринг
2026 йилдан бошлаб қурилиш ва савдо соҳаларидаги юридик шахслар томонидан ўзларининг устав капитали ва ундаги ўзгаришлар, шу жумладан устав капиталига киритилган товарлар тўғрисидаги маълумотларнинг (ЭҲФ, онлайн НКТ чеки, БЮД, нотариус томонидан тасдиқланган олди-сотди шартномаси ва бошқа ҳужжатлар) ҳисоби юритилади. Мазкур турдаги операциялар амалга оширилгандан сўнг 15 кун муддатда шахсий кабинет орқали солиқ органлари маълумотлар базасида мажбурий акс эттирилади .

Устав фондини шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари

Янги юридик шахсни ташкил этиш чоғида унинг таъсисчилари миқдори уставда (таъсис шартномасида) кўрсатиладиган устав фондини шакллантирадилар. Устав капиталининг миқдори миллий валюта – сўмда белгиланади.

Корхоналарнинг устав фондини шакллантириш масалалари қуйидаги меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади:

  • «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун. Қўшимча масъулиятли жамият каби ташкилий-ҳуқуқий шакл тугатилиши муносабати билан 2025 йил 8 майдан – «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги Қонун ;
  • «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун;
  • «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун;
  • «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун;
  • «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги Қонун;
  • Давлат корхоналари тўғрисида низом. (2025 йил 10 ноябрдан ўз кучини йўқотган).
Эътибор беринг

Айрим фаолият турлари учун лицензия талабларида корхоналар устав фондининг энг кам миқдори белгиланиши мумкин  .

Ташкилотлар устав капиталининг энг кам миқдорлари билан маълумотномада танишишингиз мумкин.

Устав фондини шакллантиришда қуйидагиларни ҳисобга олинг: 

  • унга ҳиссалар уставга (таъсис шартномасига) асосан пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулк билан белгиланган муддатларда амалга оширилади;
  • пулсиз ҳиссаларнинг пул баҳосини таъсисчиларнинг умумий йиғилиши белгилайди;
  • ҳисса сифатида киритилган мол-мулк корхона мулкига айланади ва корхона томонидан ўз ихтиёрига кўра фойдаланилади.

Устав фондини таъсис ҳужжатларида рўйхатдан ўтказилган қиймат доирасида акс эттиринг. Устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш фақат таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилгандан сўнг таъсисчиларнинг қарори билан амалга оширилиши мумкин .

Агар корхонанинг устав фондига мол-мулк (пул маблағларидан ташқари) киритилса, қабул қилиш-топшириш далолатномасини эркин шаклда тузинг.

Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • мол-мулкнинг номи;
  • миқдори;
  • нархи;
  • умумий қиймати;
  • техник ҳолати.

Агар муассис юридик шахс бўлса, у топширилаётган мол-мулк (пул маблағларидан ташқари) учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради.

Эътибор беринг

Устав фондига ҳисса сифатида ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини киритиш мумкин. Хусусан, бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан ЭИЗда инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун тўғридан-тўғри ер участкаси ажратилганда ёки қиймати 10 млн АҚШ долларидан ортиқ эквивалентда йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилган тақдирда мумкин бўлади.

Бу ҳолда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқининг бозор қийматини МЧЖ устав фондига давлат улуши сифатида киритиш мумкин . Киритиш шартлари ПФ-135-сон Фармонга 1-иловада белгиланган.

Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) устав фондини қандай шакллантириш керак

МЧЖ устав фонди унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматидан иборат бўлади .

Пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар, шунингдек пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга ўтказиладиган ҳуқуқлар устав фондига ҳисса бўлиши мумкин. Агар ҳиссалар пулсиз шаклда киритилса, уларнинг пул баҳосини таъсисчиларнинг умумий йиғилиши бир овоздан қабул қилинадиган қарор билан тасдиқлайди .

2023 йил 1 апрелдан бошлаб қиймати 10 000 БҲМдан ортиқ бўлган пулсиз ҳиссани баҳоловчи ташкилот баҳолаши керак. Бунда ҳисса баҳоланган қийматдан юқори бўлмаслиги керак .

МЧЖ таъсисчилари таъсис ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида ўз ҳиссаларини устав фондига тўлиқ киритишлари керак. У давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак. Агар таъсисчи ўз ҳиссасини тўлиқ киритган бўлса, унга бу ҳақда гувоҳнома беринг.

Агар бир йил мобайнида устав фонди тўлиқ шакллантирилмаса, МЧЖ :

  • уни амалда тўланган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши ва унинг камайтирилганлигини рўйхатдан ўтказиши

ёки

  • жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Бунда 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фондини шакллантирмаган тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби бекор қилинган .

Мисол
МЧЖ устав фондини шакллантиришни қандай ҳисобга олиш керак

МЧЖнинг устав фонди – 200 млн сўм. У қуйидагича шакллантирилади:

  • материаллар билан 30 млн сўм суммада ва пул билан 70 млн сўм суммада (1-таъсисчи);
  • асосий восита сифатида тан олиш мезонларига жавоб берадиган иншоот билан 100 млн сўм суммада (2-таъсисчи).

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Таъсисчиларнинг устав фондига ҳиссалари бўйича қарздорлиги акс эттирилган

100

100

4610
(1-таъсисчи)
4610
(2-таъсисчи)

8330

Материаллар билан ҳисса киритилган

30

1000

4610
(1-таъсисчи)

Пул билан ҳисса киритилган

70

5110

4610
(1-таъсисчи)

Иншоот билан ҳисса киритилган

100

0820

4610
(2-таъсисчи)

Устав фонди миқдори миллий валютада белгиланишига қарамай, таъсисчилар ҳиссани чет эл валютасида киритишлари мумкин. У ҳисса киритилган санадаги МБ курси бўйича сўмда қайта ҳисобланади .

Устав фонди миқдори ва таъсисчилар улушларининг нисбати, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда қайта баҳоланмайди . Шу боис чет эл валютасидаги ҳисса қайта баҳоланмайди. Банк ҳисобрақамидаги валюта маблағлари монетар моддаларга тегишли бўлгани учун қайта баҳоланиши лозим .

Бунда таъсисчи валютада киритган сумма сўмда қайта ҳисобланганда ҳисса суммасидан кам ёки кўп бўлиши мумкин. Агар у кам бўлса, таъсисчи қолган суммани киритиши керак.

Агар киритилган сумма талаб этиладиган суммадан ошса:

  • фарқни таъсисчига қайтариш;
  • унинг корхонага текин берилишини расмийлаштириш;
  • юзага келган фарққа УФни кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин.

Текин олинган мол-мулк тарзидаги даромад фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилишда корхонанинг жами даромадига киритилади  .

Мисол
Устав фондига чет эл валютасидаги ҳиссани қандай ҳисобга олиш керак
МЧЖ таъсисчиси ҳиссасининг номинал қиймати – 120 млн сўм. У устав фондига ҳиссани 10 000 АҚШ доллари миқдорида чет эл валютасида киритди. Корхонанинг валюта ҳисобрақамида пул маблағлари келиб тушган санадаги 1 доллар учун 12 813,04 сўм МБ курси бўйича ушбу сумма 128 130 400 сўмни (10 000 х 12 813,04) ташкил этади.

Таъсисчининг 8 130 400 сўм (128 130 400 – 120 000 000) фарқ суммасини корхонага текин бериш тўғрисидаги аризасига кўра у МЧЖ даромадларига киритилди.

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
сўм

 

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Таъсисчининг устав фондига ҳиссаси бўйича қарздорлиги акс эттирилган

120 000 000

4610

8330

Чет эл валютасида ҳисса киритилди

(10 000 долл.)

120 000 000
8 130 400

5210

4610
9390


Акциядорлик жамиятининг устав фондини қандай шакллантириш керак

Акциядорлик жамияти (АЖ) устав фонди акциядорлар олган акцияларнинг номинал қийматидан ташкил топади. Барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши керак ва 5 000 сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмас  .

АЖ оддий акцияларни жойлаштириши шарт ва имтиёзли акцияларни жойлаштиришга ҳақли. Бунда жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати устав фондининг 25%дан ошмаслиги керак. Жамият таъсис этилаётганда барча акциялар унинг таъсисчилари ўртасида жойлаштирилади.

АЖ уставида :

  • акциядорлар олган акцияларнинг (жойлаштирилган акцияларнинг) сони ва номинал қиймати кўрсатилиши керак;
  • жамият жойлаштирилган акцияларга қўшимча равишда жойлаштиришга ҳақли бўлган эълон қилинган акцияларнинг сони ва номинал қиймати белгиланиши мумкин.

Устав фондини шакллантиришнинг энг кўп муддати АЖ давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак . Белгиланган муддат ўтганидан кейин жойлаштирилмаган акциялар бекор қилиниши керак .

Акциядорлар акцияларни пул ва бошқа тўлов воситалари, ўзга мол-мулк, шунингдек пул баҳосига эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан мулкий ҳуқуқлар) билан тўлайдилар. АЖни таъсис этиш чоғида акцияларга ҳақ тўлаш тартиби таъсис шартномасида (қайта тузиш тўғрисидаги қарорда) ёки жамият уставида, қўшимча акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга ҳақ тўлаш эса – уларни чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланади .

АЖ таъсис этилаётганда акцияларга ҳақ тўлаш учун киритиладиган мол-мулк таъсисчилар ўртасидаги шартномага мувофиқ баҳоланади. Агар мол-мулк билан ҳақи тўланаётган акциялар ва бошқа қимматли қоғозларнинг номинал қиймати 200 БҲМдан ошса, мол-мулкнинг пулда ифодаланган баҳосини баҳоловчи ташкилоти тасдиқлаши керак.

АЖ устав фонди ҳисобини 8310- «Оддий акциялар» ва 8320- «Имтиёзли акциялар» ҳисобварақларида юритинг. АЖ давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг устав фондини эмиссия проспектида рўйхатга олинган суммада акс эттиринг. Акциядорлик капитали рўйхатга олинган, лекин ҳали эмиссияси тугалланмаган миқдорида ҳисобга олинганлиги боис ҳар бир имтиёзли акция бўйича алоҳида аналитик ҳисоб юритинг :

  • эълон қилинган (чиқаришга рухсат берилган) акциялар;
  • чиқарилган (акциядорлар томонидан обуна амалга оширилган) акциялар;
  • муомаладаги акциялар.
Мисол
АЖ устав фондини шакллантиришни қандай ҳисобга олиш керак
АЖ устав фонди 500 млн сўм миқдорида рўйхатга олинган. У қуйидагилардан иборат:
  • ҳар бири 1 минг сўмдан 400 минг дона оддий акциялар – 400 млн сўм суммада;
  • ҳар бири 1 минг сўмдан 100 минг дона имтиёзли акциялар – 100 млн сўм суммада.

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
млн с
ўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

АЖнинг устав фонди рўйхатдан ўтказилди

400
100

4610

8310
8320

Акциялар қиймати ҳақи пул маблағлари билан тўланган

500

5010
5110

4610

Агар акциялар бирламчи сотувда номинал қийматидан юқори нархда реализация қилинган бўлса, фарқ – эмиссиявий даромад юзага келади.

Мисол
Акцияларни номинал қийматидан юқори нархда бирламчи сотишни қандай ҳисобга олиш керак
Сотилган акцияларнинг номинал қиймати – 60 млн сўм, акциядорлар уларни 70 млн сўмга сотиб олишди. Эмиссиявий даромад – 10 млн сўм (70 – 60).

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
млн с
ўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Акциялар қиймати ҳақи номинал қийматидан юқори нарх бўйича пул маблағлари билан тўланган

60
10

5010
5110

4610
8410


Хусусий корхонанинг устав фондини қандай шакллантириш керак

Хусусий корхона – бу бир жисмоний шахс – мулкдор томонидан ташкил этилган ва бошқариладиган тижорат ташкилоти .

Мулкдор ўз қарори билан қуйидагиларни белгилайди:

  • устав фондининг миқдори;
  • ҳисса сифатида киритилаётган мол-мулкнинг баҳоси;
  • ҳиссаларни киритиш муддатлари.

Бунда у корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаганда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан субсидиар жавобгар бўлади.

Мисол
Хусусий корхонанинг устав фондини шакллантиришни қандай ҳисобга олиш керак
Хусусий корхонанинг устав фонди – 30 млн сўм. У қуйидагилардан шакллантирилади:
  • товарлар билан 25 млн сўм суммада;
  • пул маблағлари билан 5 млн сўм суммада.

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
млн с
ўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Мулкдорнинг устав фондига ҳиссалари бўйича қарздорлиги акс эттирилган

30

4610

8330

Товарлар билан ҳисса киритилган

25

2910

4610

Пул билан ҳисса киритилган

5

5110

4610

Оилавий корхонанинг устав фондини қандай шакллантириш керак

Оилавий корхона – оила аъзолари томонидан ихтиёрий асосда қуйидагилар негизида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъекти :

  • уларнинг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк;
  • оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки.

Оилавий корхона иштирокчилари корхона мол-мулки етарли бўлмаганда корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан субсидиар жавобгар бўлади.

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, шу жумладан пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ва ўзга шахсга ўтказиладиган ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Истисно – ягона уй (квартира) устав фондига киритилиши мумкин эмас.

Оилавий корхона иштирокчилари устав фондига қандай мол-мулкни, қандай қиймат бўйича ва қайси муддатларда беришларини мустақил белгилайдилар.

Мисол
Оилавий корхонанинг устав фондини шакллантиришни қандай ҳисобга олиш керак
Оилавий корхонанинг устав фонди – 40 млн сўм. У қуйидагилардан шакллантирилади:
  • номоддий актив билан 30 млн сўм суммада (1-таъсисчи);
  • пул маблағлари билан 10 млн сўм суммада (2-таъсисчи).

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
млн с
ўм

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Мулкдорларнинг устав фондига ҳиссалари бўйича қарздорлиги акс эттирилган

30

10

4610
(1-таъсисчи)
4610
(2-таъсисчи)

8330

Номоддий актив билан ҳисса киритилган

30

0830

4610
(1-таъсисчи)

Пул билан ҳисса киритилган

10

5110

4610
(2-таъсисчи)


Янги корхоналарнинг устав фондини шакллантиришда қандай солиқ оқибатлари юзага келади

Қуйидагилар ташкилотнинг даромади сифатида қаралмайди, демак, фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ солинмайди:

  • корхона устав фондига ҳиссалар  ;
  • акцияларни (улушларни) жойлаштириш нархининг уларнинг номинал қийматидан (бошланғич миқдоридан) ошган суммаси  .

ЖШДС бўйича солиқ оқибатлари ҳақида тавсияда ўқинг.

Маълумот учун
МЧЖ устав фондини қандай кўпайтириш (камайтириш) ва жамиятнинг МЧЖ устав фондидаги улушини қандай тасарруф этиши ҳақида тавсияларда ўқинг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал