Шартнома шартларига қандай солиққа оид қўшимча шартлар киритилиши керак

10.02.2024
author avatar

Альберт САФИН

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– шартномаларда солиққа оид қўшимча шарт нима учун керак;
– шартномаларда қайси солиққа оид қўшимча шартлар кўпроқ қўлланилади;
– шартнома суммасига таъсир қилувчи билвосита солиқлар ҳақида қўшимча шарт;
– ташқи савдо контрактларида тарафларнинг солиқ тўлаш бўйича мажбуриятларини чегаралаш ҳақида изоҳ;
– солиқ агенти томонидан солиқни ушлаб қолиш ҳақида қўшимча шарт;
– солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш кафолатлари ҳақида қўшимча шарт;
– солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича йўқотишларни қоплаш ҳақида қўшимча шарт.

 

Бўлажак ҳамкорлар билан шартномаларни тайёрлаш чоғида қандай савол туғилади:

– тарафларда у ёки бу солиққа оид қўшимча шартни қайд этиш керакми;
– солиқ тўғрисидаги қонунчиликда барча риоя этиши керак бўлган талаблар мавжуд бўлса, шартнома матнини қўшимча шартлар билан «оғирлаштириш» керакми?

Ушбу саволларга жавобларни, шунингдек шартномага киритилиши лозим бўлган солиққа оид қўшимча шартларнинг аниқ шартларига мисолларни кўриб чиқамиз.

Шартномаларда солиққа оид қўшимча шарт нима учун керак

Солиққа оид қўшимча шарт шартномадаги шарт бўлиб, у тарафларнинг ҳар бири шартномани бажариш муносабати билан қандай солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлигини белгилайди. Қўшимча шартда ҳар бир тарафнинг солиқ мажбуриятлари қайд этилади, бу эса келгусида тарафлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келишининг олдини олиш имконини беради.

Қонунчиликда бундай қўшимча шартларни шартномага киритиш талаб қилинмаган. Ўзбекистонда шартнома тузиш эркинлиги принципи амал қилади, шу сабабли битим тарафларидан бири бошқасини бундай формулировкаларни киритишга мажбурлашга ҳақли эмас . Бироқ тўғридан-тўғри солиқ солиш билан боғлиқ бўлган қўшимча шартлар тараф нафақат лозим даражада эҳтиёткорлик қилганлигининг, балки контрагент томонидан ҳам, солиқ органлари томонидан ҳам юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан ўзини ҳимоя қилганлигининг кафолати бўлиши мумкин. Масалан, ҚҚС суммаси шартнома суммасининг 12 %ига тенг, дея солиққа оид қўшимча шарт қўйиш мумкин.

Солиққа оид қўшимча шартнинг мавжудлиги нафақат компаниянинг «соф» бизнес юритишга интилишини кўрсатади, балки асосий мақсадни ҳам бажаради, бу – солиқ таваккалчиликларини камайтириш. Агар контрагент эътироз билдирмаса, шартномага солиққа оид қўшимча шарт ҳақидаги шартларни киритинг. Бу қайсидир маънода назорат қилувчи органларга ўзининг ҳалоллигини ва оқилона эҳтиёткорлигини кўрсатиш имконини беради.

Бинобарин, солиққа оид қўшимча шартларни қўллашнинг камчиликларидан кўра афзалликлари кўп.

Камчиликларга фақат мажбуриятларни лозим даражада бажармаслик натижасида юзага келиши мумкин бўлган зарарни (қўшимча ҳисобланган солиқлар, пенялар, жарималар) қоплаш учун қўшимча жавобгарликнинг мавжудлигини киритиш мумкин. Ўз вазифасини бажараётган инсофли солиқ тўловчи учун бундай хавф мавжуд эмас.

Шартномаларда қайси солиққа оид қўшимча шартлар кўпроқ қўлланилади

Шуни ёдда тутингки, Солиқ кодексида белгиланган солиқ солиш шартларини шартномада ўзгартириб бўлмайди, чунки шартнома эркинлиги принципи солиққа оид ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилмайди. Шартноманинг қонун ҳужжатларига зид бўлган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди ва юридик оқибатларга олиб келмайди.

Солиққа оид қўшимча шарт кўпинча шартноманинг аниқ шартларидан (масалан, предмет – товар, иш ёки хизматга қараб) ва қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда эркин шаклда тузилади.

Одатда, шартномада тарафларнинг ҳар бири солиқ тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ битимни бажариш муносабати билан тўлаши шарт бўлган барча солиқлар ва йиғимларни мустақил равишда, ўз ҳисобидан ва белгиланган муддатда тўлаши кўрсатилади. Баъзан солиқ ва йиғимларни тўлаш бўйича тарафларнинг мажбуриятлари ва кафолатларини батафсилроқ қайд этиш мақсадга мувофиқ.

Шартнома суммасига таъсир қилувчи билвосита солиқлар ҳақида қўшимча шарт

Шартномада харидор солиқни (ҚҚС ёки акциз солиғи) ва унинг ставкасини ажратиб кўрсатиб, у товар (ишлар, хизматлар) нархига киритилган-киритилмаганини ёки алоҳида кўрсатилишини қайд этиб, сотувчига қандай суммани тўлаши кераклигини аниқ белгилаш керак. Операцияга ҚҚС солинмаган тақдирда ҳам изоҳ бериш керак.

Шартноманинг якуний нархини белгилаш тарафларнинг ваколатига киради, улар ҚҚСни товар (иш, хизмат) қийматига киритиш ёки киритмасликни, яъни ушбу суммани нарх устига ҳисоблаш ёки ҚҚСни товар нархига киритишни белгилаш усулини мустақил равишда белгилайдилар.

Қўшимча шартнинг қайд этилмаслиги ва ҚҚСнинг умуман ажратиб кўрсатилмаслиги мақсадга мувофиқ эмас. Бу ҳолда харидор шартномада ҚҚС ҳақида ҳеч нарса дейилмаган бўлса, демак, солиқ унинг нархига киритилган, қўшимча равишда ҳеч нарса тўлашга мажбур эмасман, деб айтиши мумкин. Эътибор беринг ва шартномада қуйидагиларга йўл қўйманг:

  • нарх «ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда» ёки «ҚҚСсиз» деган изоҳ билан белгиланишига, бунда солиқ нима учун ҳисобланмаслиги тушунтирилмаслигига;
  • ҚҚС ҳақида ҳеч нима дейилмаслигига.

Бундай ҳолларда шартномада сотувчи олишни мўлжаллаган тўловнинг тўлиқ суммаси белгиланган-белгиланмаганини ёки унга ҚҚСни қўшиш-қўшмаслигини аниқлаб бўлмайди. Контрагент билан келишмовчиликларнинг олдини олиш учун у билан ҚҚС кўрсатилган нарх ҳақидаги шартни муҳокама қилиш керак.

Солиққа оид қўшимча шартларга мисоллар:

1. «Шартноманинг умумий суммаси 1 000 000 (бир миллион) сўмни ташкил этади, шу жумладан 12% ҚҚС».

2. «Шартноманинг умумий суммаси 1 120 000 (бир миллион бир юз йигирма минг) сўмни ташкил этади, шу жумладан 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм миқдорида 12% ҚҚС».

3. «Шартноманинг умумий суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади: 1 000 000 (бир миллион) сўм ва қўлланиладиган барча солиқларни, шу жумладан ҚҚС (12%), бюджетга йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек Шартномани бажариш билан боғлиқ бўлган Сотувчининг барча харажатларини ўз ичига олади».

4. «2.1. Товарнинг умумий қиймати 1 000 000 (бир миллион) сўмни ташкил этади, ҚҚСсиз.

2.2. Харидор Шартноманинг 2.1-бандида кўрсатилган, Товар суммасига ҳисобланган 12% ҚҚСни Сотувчига тўлаши шарт».

5. «Шартноманинг умумий суммаси 1 000 000 (бир миллион) сўмни ташкил этади, ҚҚСсиз. Сотувчи ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди».

Ташқи савдо контрактларида тарафларнинг солиқ тўлаш бўйича мажбуриятларини чегаралаш ҳақида изоҳ

Ташқи савдо шартномаларида импорт ёки экспорт қилишда битим иштирокчиларидан қайси бири қайси мамлакатда қандай тўловларни амалга ошириши изоҳда қайд этилади. Битим Ўзбекистон ҳудудида тузилганда, агар солиқ тўғрисидаги қонунчиликда солиқ ёки йиғимни тўлаш мажбурияти муайян шахс зиммасига юкланмаса ва тўловни битимнинг исталган иштирокчиси амалга ошириши мумкин бўлса, шундай изоҳ берилади.

Бундан ташқари, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимлар доирасида фойда солиғини тўлаш шартларини шартномада белгилаш зарур. Ўзбекистондаги компания солиқ агенти сифатида норезидентнинг фойда солиғини ҳисоблаши ва шартнома суммасидан ушлаб қолиши шарт  . Бироқ хорижий компания тўловни тўлагунига қадар солиқ резидентлигини тасдиқловчи сертификатни тақдим этса, фойда солиғи ушлаб қолинмайди ва шартнома суммаси тўлиқ ҳажмда ўтказилади.

Buxgalter.uz эслатиб ўтади

Солиқ резидентлигини тасдиқловчи сертификат турига қўйиладиган талаблар :

  • хорижий компания резиденти бўлган чет давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган асл нусха, у консуллик томонидан легаллаштирилган ва унга апостиль қўйилган бўлиши керак.
  • юқорида кўрсатилган талабларга мувофиқ келадиган ҳужжат асл нусхасининг нотариал тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси.
  • чет давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган, солиқ резидентлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатнинг қоғоздаги нусхаси.

Қуйидаги ҳолларда сертификатни легаллаштириш талаб этилмайди:

  • солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат чет давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган бўлса;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси билан ёки ўзаро келишиб олиш тартиб-таомили доирасида Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи ва чет давлатнинг ваколатли органи ўртасида белгиланган шахс имзосининг ва муҳрининг ҳақиқийлигини тасдиқлашнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса.

Норезидент гувоҳномада кўрсатилган давр мобайнида Ўзбекистон халқаро шартнома тузган давлатнинг солиқ резиденти деб эътироф этилади. Норезидентнинг солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартнома тузган давлатнинг солиқ резиденти деб норезидент эътироф этилади. Агар бу давр кўрсатилмаган бўлса – бундай ҳужжат берилган (чет давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган) календарь йил мобайнида.

Баъзи контрактларда манфаатлар тўқнашуви ёки молиявий йўқотишларнинг олдини олиш учун шартнома бўйича ҳақ Ўзбекистон ҳудудида тўланиши лозим бўлган барча солиқлар ва йиғимларни чегириб ташлаган ҳолда хорижий компанияга тўланиши кераклиги ҳақида шарт қўйилади.

Бундан ташқари, ташқи савдо контрактларида ҚҚСни ким тўлаши кераклигини белгилаш зарур.

Солиққа оид қўшимча шартларга мисоллар:

1. Хизматларни импорт қилишда фойда солиғи бўйича:

«Солиқ кодексининг 351-моддасига мувофиқ, Ижрочининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадига тўлов манбаида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 353-моддасида белгиланган 20% ставкада фойда солиғи солиниши лозим. Ушбу солиқни Ижрочидан ушлаб қолиш ва ЎзР бюджетига тўлаш бўйича мажбурият Буюртмачи зиммасига юклатилган.

Ижрочининг фаолияти 27.07.1995 йилдаги Даромадлар ва мулкка иккиёқлама солиқ солмаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасидаги битим (кейинги ўринларда матнда – Битим) қоидаларига мувофиқ Шартнома бўйича Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса ташкил этилишига олиб келмаса, у ҳолда Ижрочи қуйидагиларга ҳақли:

– мазкур Битим қоидаларига мувофиқ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлаш манбаида ушлаб қолмасдан Шартнома бўйича даромадларни олишга. Ушбу ҳуқуқни амалга ошириш учун Ижрочи Буюртмачига чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган, тегишли давр учун Ижрочининг резидентлиги фактини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг асл нусхасини (ёки нотариал тасдиқланган нусхасини) апостиль қўйилган ёки консуллик томонидан легаллаштирилган ҳолда илова хати билан тақдим этиши керак;

– Буюртмачи томонидан ушлаб қолинган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини қайтаришга. Тўланган солиқни қайтариш учун Ижрочи ЎзР Давлат солиқ қўмитасига Солиқ кодексининг 12-бобида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этиши керак .

Агар Шартнома бўйича даромад юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлаш манбаида ушлаб қолмасдан тўлангандан сўнг Ижрочи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида унинг фаолияти доимий муассаса ташкил этилишига олиб келиши сабабли Битим қоидаларини қўллаш ҳуқуқига эга эмаслиги аниқланса, бундай ҳолда:

– Ижрочи Буюртмачига 30 (ўттиз) календарь кун ичида ушбу Битим қоидаларини қонунга хилоф равишда қўллаш билан боғлиқ бўлган, Шартнома бўйича тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ушлаб қолинмаслигига олиб келган барча зарарларни қоплаши шарт;

– Буюртмачи Ижрочи Шартнома бўйича норезидентнинг доимий муассасаси сифатида фаолиятни амалга ошириши ва Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органида ҳисобда туриши тўғрисидаги тегишли тарзда расмийлаштирилган маълумотноманинг асл нусхасини Буюртмачига тақдим этгунига қадар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини Шартнома бўйича кейинги тўловлардан ушлаб қолади.

Ўзбекистон Республикаси молия органлари томонидан Буюртмачига Шартнома бўйича Ижрочининг даромадларидан ушлаб қолинган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи қайтарилган тақдирда, Буюртмачи юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммасини Буюртмачи томонидан қайтариш кунидаги ЎзР Марказий банкининг курси бўйича Шартнома валютасида Ижрочига қайтаради.

Бунда Буюртмачи Ижрочи олдида илгари ушлаб қолинган ва ЎзР бюджетига тўланган солиқ суммаси Ижрочига қайтарилган санада юзага келган курс фарқи учун жавобгар бўлмайди.

Ижрочининг ёзма талабига кўра Буюртмачи 10 (ўн) иш куни мобайнида Ижрочига ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЎзР Солиқ қўмитаси ҳамда ЎзР Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича даромад суммаси ва солиқ даври учун ушлаб қолинган солиқнинг умумий суммаси тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхасини юборади».

2. Хизматларни импорт қилишда ҚҚС бўйича:

«Шартнома бўйича хизматларга Солиқ кодексининг 241 ва 255-моддаларига мувофиқ 12% (ҚҚС = 12%) ставка бўйича ҚҚС солинади. Бунда 12% ҚҚСнинг солиқ солинадиган базаси солиқни (ҚҚСни) ўз ичига олган умумий қиймат ҳисобланади. Буюртмачи (солиқ агенти сифатида) солиқни мустақил равишда 12% ставка бўйича ҳисоблайди ва давлат бюджетига тўлайди».

Солиқ агенти томонидан солиқни ушлаб қолиш ҳақида қўшимча шарт

Кўп ҳолларда компания жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ агенти бўлиб чиқади. Бу ҳолда компания шартнома бўйича тегишли солиқ суммасини бюджетга ўтказиши шарт. Жисмоний шахс билан тузилган шартномада тўланиши лозим бўлган суммадан ЖШДС ушлаб қолиниши аниқ кўрсатилиши лозим.

Солиққа оид қўшимча шартга мисол:

1. «Ижрочига тўловлар Кўрсатилган хизматлар далолатномаси расмийлаштирилган пайтдан бошлаб 10 (ўн) банк куни мобайнида нақд пул маблағлари ва / ёки Ижрочининг пластик карточкасига, мажбурий ушланмалар чегириб ташланган ҳолда амалга оширилади.

Солиқ кодексига мувофиқ, Буюртмачи солиқ агенти сифатида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини Ижрочига тўловлар суммасидан ушлаб қолади (солиқ ушлаб қолингач, ушбу суммалар бўйича ҳеч қандай мажбуриятсиз), ушлаб қолинган суммани кейинчалик ЎзР бюджетига тўлайди».

Солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш кафолатлари ҳақида қўшимча шарт

Агар шартнома бўйича контрагент солиқ тўғрисидаги қонунчиликда талаб қилинган солиқ ва йиғимларни тўламасликка қарор қилса, солиқ таваккалчилиги муқаррар равишда шартноманинг бошқа тарафида юзага келиши мумкинлиги барчага маълум. Шунинг учун шартнома тузаётганда битимни бажариш чоғида солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, шунингдек бундай ваъдаларнинг нотўғрилиги туфайли етказилган зарарларнинг ўрни қопланиши кафолатларини олиш зарур.

Солиққа оид қўшимча шартга мисол:

«Шартноманинг ҳар бир Тарафи Шартнома тузилгунга қадар ва ундан кейин, шунингдек уни бажариш вақтида бошқа Тарафга солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг барча талабларига риоя этиш ва уларни бажариш кафолатларини беради. Шартномани тузиш, бажариш ёки бекор қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисида ишончсиз ваъдалар берилганда, ушбу Тараф бошқа Тарафга унинг талабига кўра бундай ваъдаларнинг ишончсизлиги туфайли етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаши, шунингдек Шартнома суммасининг 10%и миқдорида неустойка тўлаши шарт».

Солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича йўқотишларни қоплаш ҳақида қўшимча шарт  

Бундай қўшимча шартни қайд этишдан мақсад контрагент ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги оқибатида юзага келган қўшимча ҳисобланган солиқ, (пеня ёки жарима) натижасида етказилиши мумкин бўлган зарарни судда ундириш имкониятини соддалаштиришдан иборат. Бундай қўшимча шартсиз контрагентдан солиқ зарарларини ундириш жуда қийин бўлади.

Солиққа оид қўшимча шартга мисол:

«Етказиб берувчи сотиб олинган товарлар бўйича ҚҚСга оид солиқ чегирмаларини қўллашни рад этиш натижасида ва (ёки) Етказиб берувчи билан боғлиқ сабабларга кўра товарлар қиймати солиқ солиш мақсадлари учун харажатлардан чиқариб ташланганлиги сабабли солиқ органлари томонидан солиқларни (пеняларни, жарималарни) тўлаш тўғрисида талаблар қўйилиши муносабати билан юзага келган Харидорнинг мулкий йўқотишларини қоплайди. Кўрсатиб ўтилган мулкий йўқотишлар солиқ органларининг қарорлари, талаблари ёки текшириш далолатномалари асосида тўланган суммалар миқдорида қопланади. Бунда ушбу солиқ бўйича қўшимча ҳисоб-китоблар юзасидан юқори турувчи солиқ органида ёки судда низолашиш фактлари Етказиб берувчининг зарарларни қоплаш мажбуриятига таъсир кўрсатмайди».


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал