ҚҚС ставкаси ўзгариши сабабли шартномаларни нима қилиш керак

10.02.2025
author avatar

Элеонора МАЗУРОВА

адвокат, «Норма» эксперти
author avatar

Альберт САФИН

«Норма» эксперти

Тавсияда: 

узоқ муддатли шартномалар;
– шартномага ўзгартиришлар киритиш;
– шартномаларни тузатиш;
– тарафлар учун ҚҚС ставкасининг пасайиши оқибатлари;
– шартномалар шартларини ким ўзгартирмаслиги мумкин;
– суд сотувчини нархни ўзгартиришга рози бўлишга мажбур қила оладими.

Узоқ муддатли шартномалар нима 

Корхоналар ўртасидаги шартномалар кўпинча узоқ муддатга тузилади. Бу даврда қонунчиликда бошқа томонларнинг хоҳишидан қатъи назар, шартнома шартларига бевосита таъсир кўрсатадиган ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилиги билан узоқ муддатли шартноманинг аниқ ифодаси белгиланмаган, лекин, агар шартноманинг амал қилиш муддати бир йилдан ортиқ бўлса, у узоқ муддатли ҳисобланади деб ёзилган .

Бунда узоқ муддатли шартноманинг қуйидаги белгилари мавжуд:

  • шартноманинг предмети – товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун исталган шартнома, яъни якуний маҳсулотни узоқ муддатли яратишни назарда тутувчи шартнома (товарларни оддийгина олди-сотдиси узоқ муддатли шартнома ҳисобланиши мумкин эмас);
  • товарларни ишлаб чиқариш, ишлар, хизматларнинг технологик жараёни бир йилдан ортиқ бўлганда, узоқ вақтли;
  • босқичсиз – шартнома «босқичли» бўлиши ва ишлаб чиқарилаётган товарларни, бажарилаётган ишларни, кўрсатилаётган хизматларни босқичма-босқич топширишни назарда тутиши керак эмас. Акс ҳолда, агар шартноманинг бажарилиши бажарувчидан буюртмачигача қабул қилиш-топширишни ҳужжатлаштириш орқали босқичларга бўлинган бўлса, у ҳолда шартнома солиқ солиш мақсадида узоқ муддатли деб ҳисобланиши мумкин эмас. Бундай ҳолатда унинг солиқ ҳисобини алоҳида «узоқ муддатли» қоидалар бўйича эмас, балки умумий асосларда юритиш керак.

Агар корхонада узоқ муддатли шартномалар мавжуд бўлса, шартнома шартларига тўғридан-тўғри таъсир этувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилганда ҳар доим муаммолар юзага келади. Масалан, ҚҚС ставкаси пасайганда, ҚҚС тўловчи бўлган корхона раҳбарларининг олдида шартномаларга ўзгартириш киритиш масаласи туради. Бунда ушбу ҳолат исталган битим турларига тааллуқли: ижара, етказиб бериш, иш бажариш шартномаси ва шунга ўхшаш. Шартнома қоидалари ва юклаб жўнатиш ҳужжатлари ўртасидаги номувофиқлик контрагентлар ҳамда текширувчи органлар билан кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳар қандай турдаги битимларга: ижара, олди-сотди, пудрат шартномаларига ва шу кабиларга тааллуқлидир.

Ўзгартириш қандай киритилади ва қанақа шартномаларни тузатиш керак

Тузатиш киритишнинг энг яхши варианти – шартномага қўшимча келишувни расмийлаштиришдир. Асос сифатида ўзгартириш киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола қилинг.

Мисол
Қўшимча келишувда ўзгартиришларни асослаш
«Товар бирлигининг ҚҚСсиз нархи 500 000 сўмни ташкил қилади. Тегишли НҲҲнинг бандига мувофиқ 2023 йил 1 январга қадар реализация қилишда ҚҚС 15 % ставка бўйича, 2023 йил 1 январдан бошлаб реализация қилишда – 12 % ставка бўйича ҳисобланади».

Қуйидагилар кўрсатилган шартномаларни тузатинг:

1) товарнинг қиймати «15 % ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда» кўрсатилган.

Қандай тузатилади: қўшимча келишувда ҚҚС ставкасини 12 %га ўзгартиринг ҳамда:

  • товарнинг нархини ва шартноманинг умумий суммасини пасайтиринг

ёки

  • товарнинг нархини оширинг ва шартноманинг умумий суммасини аввалгидек қолдиринг;

2) товарнинг «ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда» қиймати фоиз ставкаси кўрсатилмаган ҳолда ёзилган бўлса.

Қандай тузатилади: агар тарафлар товарнинг нархини ва шартноманинг умумий суммасини камайтиришга рози бўлса, қўшимча келишувни тузинг;

3) товарнинг нархи, ҳисобланадиган ҚҚС суммаси ва шартноманинг умумий суммаси алоҳида ёзилган бўлса.

Қандай тузатилади: Қўшимча келишувда ҚҚС ставкасини 12 %га ўзгартиринг ҳамда:

  • товарнинг нархи ва шартноманинг умумий суммасини пасайтиринг

ёки

  • товарнинг нархини оширинг ва шартноманинг умумий суммасини аввалгидек қолдиринг.

Агар узоқ муддатли (даврдан даврга ўтувчи) шартномаларда 15 % ҚҚСни кўрсатмаган бўлсангиз, контрагентлар билан келишишга ва келгусида текширувларда саволлар келиб чиқмаслиги учун иложи борича тезроқ қўшимча келишувни имзолашга ҳаракат қилинг. Бироқ ҳар доим ҳам келишишнинг иложи йўқ. Агар мол етказиб берувчи амалдаги шартнома бўйича нархни пасайтиришга рози бўлмаса, харидор зарар кўради.

Тарафлар учун ҚҚС ставкаси пасайишининг оқибатлари

ҚҚС ставкасининг 15дан 12 %гача пасайтириш мисолидаги ҳисоб-китоб шуни кўрсатадики, шартноманинг аввалги қиймати харидор учун фойдали эмас. Аввалроқ 575 минг сўм (нарх – 500 минг сўм, ҚҚС – 75 минг сўм) бўлган қийматда у 75 минг сўмни ҳисобга олиши мумкин эди. Қиймат 575 минг сўм миқдорида сақланиб қолганда у фақатгина 61,61минг сўмни ҳисобга олиши мумкин, яъни у учун товарнинг нархи 513,39 минг сўмгача ошади, бу дастлабки нархдан 2,68 %га кўпдир.

Мисолда келтирилган миқдор катта эмас, лекин амалиётда одатда контракт қиймати ўнлаб ва юзлаб миллионлаб сўмларда ҳисобланади. Шунинг учун шартномадаги нархни 2,68 %га ўзгариши харидор учун товар нархининг сезиларли ошишига олиб келиши мумкин.

Шартнома томони ўз контрагенти билан келишишга уриниб кўриши мумкин: сотувчига агар товарнинг қийматини ўзгартирмаса, ҳақиқатда харидор товар учун ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда келишилган суммадан кўпроқ тўлашини тушунтириш керак.

Шу тариқа, шартномаларни ўзгариши тўғрисида қарор шартноманинг тарафларида қолади, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар билан шартномалар бундан мустасно.

Агар келишувга эришилмаса, шартномадаги нарх фақатгина суд орқали ўзгариши мумкин. 

Эътибор беринг
Келажакда баҳсли вазиятларни олдини олиш мақсадида шартномани тузишда товар қиймати, ушбу товар учун ҚҚС суммаси ва шартнома бўйича якуний қийматни алоҳида кўрсатинг. Мазкур ҳолатда харидор ҚҚС ставкасининг ўзгаришида баҳс ва низолардан ҳимояланган бўлади, сабаби товарнинг ўзининг қиймати қатъий белгиланган, ҚҚС эса амалдаги ставкадан келиб чиқиб ҳисобланади. 

Ким шартнома шартларини ўзгартирмаслиги мумкин

ҚҚС ставкасининг ўзгаришини шартномада акс эттириш ҳамма учун ҳам шарт эмас. Ҳамма нарса корхона солиқ тўловчиларнинг имтиёзли тоифасига тааллуқли эканлигига боғлиқ. Биринчи навбатда, бу ҚҚСни тўлашдан озод қилинган имтиёзга эга ҳамда ноль ставка бўйича ҚҚС тўлаётган корхоналар. 

Эслатиб ўтамиз

Қуйидагиларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солишдан озод этилади :

  • мактабгача таълим ташкилотларида болаларга қараш бўйича хизматларни;
  • беморлар ва кексаларни парвариш қилиш бўйича хизматларни;
  • дафн этиш бюролари ва қабристонларнинг маросим хизматларини, диний ашёларни, диний ташкилотлар ҳамда бирлашмалар томонидан удумларни ва маросимларни ўтказишга доир хизматларни;
  • протез-ортопедия буюмларини, ногиронлиги бўлган шахслар учун инвентарни, шу жумладан ушбу буюмлар ва инвентарни ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилинадиган буюмлар ва инвентарни, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларга ортопедик протезлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган протез-ортопедия буюмларини ва инвентарни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатиладиган хизматларни;
  • даволаш муассасалари ҳузуридаги даволаш-ишлаб чиқариш устахоналарининг маҳсулотларини ушбу муассасалар томонидан реализация қилиш;
  • ишловчилари умумий сонининг камида 50 % ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 %ини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган ўзи ишлаб чиқарган товарлар ва хизматларни;
  • пенсиялар ва нафақалар тўлашга доир хизматларни;
  • ўқитиш (таълим) соҳасидаги хизматларни, шу жумладан тест синовлари ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш хизматларини, хусусан:

– бошланғич, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳасидаги таълим хизматларини;

– таълим муассасалари (ташкилотлари), шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширадиган ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган қўшимча таълим бериш бўйича хизматларни;

– мактабгача таълим ва тарбия дастурлари доирасида таълим ва тарбиялаш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларда болаларга қараш ва уларни парваришлаш бўйича хизматларни, тўгаракларда, секцияларда (шу жумладан спорт секцияларида) ва студияларда вояга етмаган болалар билан машғулотлар ўтказиш бўйича хизматларни;

  • санаторий-курорт, соғломлаштириш хизматларини, шунингдек бюджет ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган жисмоний тарбия ва спортга доир хизматларни: 
– санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматлари жумласига санаторийлар, шифохоналар, профилакторийлар, курортлар, пансионатлар, дам олиш уйлари ва зоналари, болалар дам олиш оромгоҳлари ҳамда бошқа дам олиш ташкилотлари томонидан уларнинг асосий фаолияти доирасида кўрсатиладиган, улар юридик шахслар ёки юридик шахсларнинг таркибий бўлинмалари томонидан кўрсатилишидан қатъи назар, йўлланмалар ёки жойсиз даволаниш учун бериладиган ҳужжатлар билан расмийлаштирилган хизматлар киради;

– бюджет ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган жисмоний тарбия ва спорт хизматлари жумласига, хусусан, спорт иншоотларида, мактабларда, клубларда спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида соғломлаштириш йўналишидаги жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини ўтказишга оид хизматлар, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари, спорт мусобақаларини ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш бўйича хизматлар, шунингдек мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш киради;

  • йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш:

– умумий фойдаланишдаги йўловчи ташиш шаҳар транспортида ва йўловчи ташиш автомобиль транспортида (бундан такси, шу жумладан йўналишли такси мустасно) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича;

– шаҳар атрофидаги йўналишда темир йўл транспортида;

  • уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш юзасидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар. Ушбу хизматлар жумласига лифт хўжаликлари, ЎзР Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари, уй-жой фондидан фойдаланиш, уни сақлаш ва таъмирлаш бошқармалари ҳамда бўлимларининг бевосита аҳоли томонидан ҳақ тўланадиган хизматлари, шу жумладан ушбу хизматларга уй-жой мулкдорлари ширкатлари орқали ҳақ тўлаш киради;
  • бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишлар;
  • товарларни (хизматларни), агар товарларни бериш (хизматлар кўрсатиш) ЎзР Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бепул амалга оширилса;
  • қимматбаҳо металлардан ишланган банк ва ўлчовли қуймаларини, қимматбаҳо металлардан ишланган қуйма (инвестиция) тангаларни (нумизматика мақсадлари учун фойдаланиладиган тангалардан, шунингдек қимматбаҳо металлардан ишланган чет эл тангаларидан ташқари), заргарлик буюмларини, қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган парчаларни ва чиқиндиларни, қимматбаҳо металларнинг ўлчов пластиналари ва гранулаларини, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни, шунингдек қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ярим тайёр маҳсулотларни;
  • божсиз савдо божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни;
  • юридик ва жисмоний шахсларга муайян ҳуқуқлар берилганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ваколатли органлар, ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматларни, агар бундай хизматлар кўрсатиш шарт эканлиги қонунчиликда белгиланган бўлса, фаолиятнинг муайян соҳасида уларнинг зиммасига юклатилган алоҳида ваколатларни бажариш доирасида давлат божи ёки бошқа тўловлар ундирилади;
  • бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган ер-кадастр, ер тузиш, тупроққа оид ва геоботаника ишларини;
  • халқаро молиявий институтларнинг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан олинадиган товарларни (хизматларни), агар уларни солиқдан озод этиш қонунда назарда тутилган бўлса;
  • телекоммуникация тармоқларида оператив-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари, шунингдек мазкур воситалардан фойдаланишга ҳамда уларга хизмат кўрсатишга доир хизматлар;
  • меценатлик кўмаги тарзида бериладиган (кўрсатиладиган) товарларни (хизматларни);
  • давлат мулки, шу жумладан мулк ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари;
  • айрим молиявий хизматларни ;
  • ҳаётни суғурта қилиш хизматларини ва бошқа назарда тутилган суғурта хизматларини .

Ноль ставкани асосан экспорт қилувчилар қўллайдилар .

Агар шартномада ҚҚСнинг аниқ ставкаси кўрсатилмаган бўлса ҳам қўшимча келишув тузиш керак эмас.

Вазият
Шартномада ҚҚС ставкаси кўрсатилмаган
Шартномада қуйидагилар келтирилган: «Товарнинг бирлиги учун нарх – 500 000 сўм ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда».
Мазкур ҳолатда 2023 йил 1 январга қадар бўлган барча юк жўнатмаларида бир бирликка ҳисоблаганда 75 000 сўм ҚҚС ҳисобланади, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса, агар ҳукуматнинг ҚҚС ставкасини 12 %гача пасайтириш тўғрисидаги қарори чиқса, бир бирлик учун 60 000 сўм.

Шунингдек, агар шартнома нархни ўз ичига умуман олмаса, уни ўзгартирмаса ҳам бўлади. Бундай контракт турлари ҳар бир юк жўнатишда қиймати алоҳида келишувни назарда тутади. Бунинг учун тарафлар шартнома ёки таснифнинг иловасини имзолайдилар. Мазкур ҳолатда ҚҚС ставкаси ўзгарганда, ҳужжатлар янги ставкани ҳисобга олган ҳолда расмийлаштирилади, асосий шартноманинг матни эса аввалгидек қолади.

Аввал тузилган шартномаларни ўзгармаслик мумкин бўлган яна бир тури мавжуд. Бу шартномада сотувчининг ҚҚС ставкаси ўзгарганда нархни ўзгартириш ҳуқуқи белгиланган ҳолатдир.

Суд сотувчини нархни ўзгартиришга рози бўлишига мажбур қила оладими 

Харидор учун суд истиқболларини аввалдан баҳолаш мураккаб.

Қонунчиликни ўзгаришлари ўз-ўзидан тарафларнинг шартнома шартларини ўзгартиришга мажбур қилмайди. Истиснолар бўлиши мумкин, агар:

  • янги норматив ҳужжат бундай ўзгаришларни тўғридан-тўғри белгиласа ;
  • юзага келиши билан, манфаатдор шахсга зарар кўрадиган вазиятлари жиддий ўзгарган бўлса . Тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши вазиятнинг жиддий ўзгариши деб эътироф этилади.

Суд қарорига кўра шартномани ўзгартириш фақатгина қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда мумкин:

  • шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деб ҳисоблаган бўлсалар;
  • вазиятнинг ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада виждонийлик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаган бўлса;
  • шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлсалар;
  • иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан вазиятнинг ўзгариши хавфига манфаатдор тараф жавоб бериши тушунилмаса.

Бунда, вазиятнинг жиддий ўзгариши муносабати билан шартноманинг ўзгартирилишига шартномани бекор қилиш ижтимоий манфаатларга зид бўлган ёки тарафларга шартномани суд томонидан ўзгартирилган шартлар асосида бажариш учун талаб қилинадиган харажатлардан анча ортиқ зарар келтирадиган фавқулодда ҳолларда суд қарори билан йўл қўйилади .

Шундай қилиб, сотувчининг шартноманинг умумий суммасини камайтиришни рад этишидан келиб чиқадиган зарар жиддийлигини судга исботлаш осон бўлмайди. Агар шартноманинг суммаси ҳақиқатан ҳам юқори бўлса, буни амалга ошириш осонроқ бўлади. Бироқ, ҳатто ушбу ҳолатда ҳам суд шартномани бекор қилишдан тарафларга етказилган зарар шартларни ўзгартириш харажатларидан сезиларли даражада ошиб кетган тақдирдагина шартнома шартларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал