Кимлар ҚҚС тўлайди

01.01.2026
author avatar

Дильшод СУЛТАНОВ

солиқ солиш ва молиявий ҳисоб бўйича эксперт
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда: 

– ҚҚС тўловчилар;
– ҚҚСни тўлаш:
     ҚҚС тўловчи – юридик шахслар;
– ҚҚС тўловчи – оддий ширкатнинг ишончли шахси;
– алкоголь маҳсулотларини чакана сотадиган ҚҚС тўловчилар – бозор ва савдо комплекслари.

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган:

Ўзбекистонда товарларни (хизматларни) реализация қилувчилар ва (ёки) тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчилар ҚҚС тўлайди :

  • Ўзбекистон юридик шахслари;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • чет эл юридик шахслари, агар товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон эътироф этилса;
  • чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган хорижий жисмоний шахслар, агар Ўзбекистон уларнинг товарлари (хизматлари) сотиладиган жой деб эътироф этилган бўлса;
  • фаолиятни Ўзбекистонда доимий муассасалар (ДМ) орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари;
  • оддий ширкат шартномаси иштирокчиси бўлган ва унинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс;
  • Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи шахслар.

Маълум бир ҳолатларда солиқ агентлари ҚҚС тўловчилари бўлиб ҳисобланадилар . Солиқ агентлари ҚҚС тўлайдилар, агар:

1) чет эллик шахслар томонидан товарлар (хизматлар) реализация қилинса ва бу реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланса. Бунда улар Ўзбекистонда солиқ тўловчилар сифатида солиқ органларида ҳисобда турмайди . Мазкур ҳолатда ушбу товар ва хизматларнинг харидорлари солиқ агентлари деб эътироф этилади. Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, Ўзбекистон Республикасида фаолиятни ДМ орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари солиқ агентлари бўлиши мумкин;

2) давлат органлари томонидан давлат мол-мулки ижарага берилади . Бундай ҳолларда солиқ агенти сифатида давлат мол-мулкини ижарага берувчи ваколатли орган – Давлат активларини бошқариш агентлиги тан олинади. Бунда ижарага берилаётган давлат мол-мулки балансда сақловчи юридик шахснинг балансида бўлади;

3) Ўзбекистон ҳудудида давлат мол-мулки реализация қилинганда (берилганда) – 2025 йилга қадар . Бундай ҳолларда давлат мол-мулкининг харидорлари (олувчилари) солиқ агенти деб эътироф этилган, бундан якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахслар мустасно. 2025 йил 1 январдан бошлаб давлат мол-мулкини, шу жумладан мулк ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солишдан озод этилади  ;

4) мусодара қилинган мол-мулк, суднинг қарорига биноан – мол-мулк, эгасиз қимматликлар, хазиналар ва сотиб олинган қимматликлар, шунингдек мерос олиш ҳуқуқи асосида давлатга ўтказилган қимматликлар реализация қилинганда .  Бундай ҳолларда ушбу мол-мулкни реализация қилишга ваколатли бўлган орган, ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор солиқ агенти деб эътироф этилади.

Ҳисобварақ-фактуралар солиқ хавфининг юқори даражасига киритилган тақдирда, улар бўйича солиқ ҳисобга олиш мақсадида солиқ агенти томонидан тўланиши мумкин. Бунда товарларни (хизматларни) олувчи юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс солиқ агенти деб эътироф этилади .

Маълумот учун

2026 йил 1 январдан бошлаб ЭҲФ бўйича ҚҚСни хавф даражасига қараб қандай ҳисобга олиш ҳақида тавсияда ўқинг.

Қуйидагилар ҚҚС тўловчилари ҳисобланмайди, бундан Ўзбекистон божхона ҳудуди орқали товарларни олиб ўтиш ҳолатлари мустасно:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида. Бунда улар Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан ҚҚС тўловчилари этиб эътироф этилиши мумкин;
  • айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар.

Қуйидагилар солиқ солишнинг бошқа тизимини танлаш ҳуқуқисиз ҚҚС тўлашга мажбур :

  • импорт қилувчи – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчи юридик шахслар;
  • фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар, агар уларда 25 га ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қиладиган юридик шахслар;
  • лотереяларни ташкил этишни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • оддий ширкат иштирокчиси бўлган ва унинг ишларини юритиш зиммасига юклатилган ишончли шахс;
  • самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилган, бўш турган яшаш учун мўлжалланмаган бинолар ва иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахслар;
  • марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахслар;
  • алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари;
  • бозорлар ва савдо комплекслари;
  • солиқ маслаҳатчилари ташкилоти;
  • аудиторлик ташкилотлари;
  • нотижорат, шу жумладан бюджет ташкилотлари. Бунда ушбу ташкилотлар фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган тақдирдагина ҚҚС тўловчилари ҳисобланади;

2025 йил 1 апрелдан бошлаб даромадидан қатъи назар, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚС тўловчилар деб эътироф этилади 

2026 йил 1 январдан бошлаб заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадидан қатъи назар, ҚҚСни тўловчилар деб эътироф этилади  .

Ўзбекистондаги юридик шахслар қачон ҚҚС тўлайди

Сизнинг корхонангиз қуйидаги ҳолатларда ҚҚС тўлаши мумкин:

  • ихтиёрий равишда, агар рўйхатдан ўтиш пайтида уни тўлашни танлаган бўлса ёки йиллик жами даромад 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса. Бунда сиз солиқ солиш тизимини танлаш ҳуқуқига эга бўлмаган ҚҚС тўловчи тадбиркорлик субъектлари жумласига тегишли ҳисобланмайсиз ;
  • мажбурий равишда, агар йил давомида ёки йил якунига кўра йиллик жами даромад 1 млрд сўмдан ошган бўлса .

Агар йил давомида корхонангизнинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошган бўлса, ушбу миқдорга етган кундан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтинг .

Вазият
Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи корхонанинг жами даромади йил давомида 1 млрд сўмга етди.

Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи корхонанинг жами даромади 30 мартда 1 млрд сўмга етди.

Корхона қачон ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керак?

Корхонанинг жами даромади 30 мартда 1 млрд сўмга етгани сабабли, у шу кундан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга мажбур.

Вазият
Янги ташкил этилган корхонанинг жами даромади йил давомида 1 млрд сўмга етди.

Корхона январь ойида рўйхатдан ўтган ва рўйхатдан ўтиш пайтида айланмадан олинадиган солиқни тўлашни танлаган. 1 мартда унинг жами даромади 1 млрд сўмга етди.

Корхона қачон ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керак?

– Корхонанинг жами даромади 1 мартда 1 млрд сўмга етгани сабабли, у шу кундан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга мажбур.

Агар қайта ташкил этилган корхонанинг ҳақиқатда жами даромади йил давомида 1 млрд сўмга етмаса, уни ҳисоб-китоб қилинган миқдор билан таққослаш лозим.

Ҳисоб-китоб қилинадиган миқдорни икки усул билан аниқлаш мумкин:

1) фаолият даврига тўғри келадиган ҳисоб-китоб қилинган жами даромад сифатида. Уни қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

ЖД = 1 млрд сўм : 365 кун х Кс,

бунда:
Кс – корхона давлат рўйхатидан ўтган кундан то йил тугашигача бўлган кунлар сони.

 

Агар жорий йилда корхона томонидан олинган ҳақиқий даромад ҳисобланган миқдордан ошиб кетадиган бўлса, корхона кейинги йилдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши лозим ;

2)  2 739 726 сўмга (1 000 000 000 : 365) тенг бўлган ҳисоб-китоб қилинган ўртача кунлик жами даромад.

Ҳақиқий ўртача кунлик жами даромадни қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:

ЖДўк = ЖДҳ : Кс,

бунда:
ЖДҳ – фаолият даврида олинган ҳақиқий жами даромад;
Кс – корхона давлат рўйхатидан ўтган кундан то йил тугашигача бўлган кунлар сони.

 

Агар жорий йилда корхонанинг ҳақиқий ўртача кунлик даромади 2 739 726 сўмдан ошиб кетса, кейинги йилдан у ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтиши керак .

Вазият
Янги ташкил этилган юридик шахснинг йил якунига кўра ҳақиқатдаги жами даромади жами даромад миқдоридан ошди.

Корхона 5 октябрда рўйхатдан ўтган, рўйхатдан ўтиш пайтида айланмадан олинадиган солиқни тўлашни танлаган. Жорий йилда импорт операциялари амалга оширилмаган. Октябрь–декабрь ойларида жами даромад 250 000 минг сўмни ташкил этди.

Ташкилот келгуси йилдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керакми?

– Буни икки усул билан аниқлаш мумкин.

1) Фаолият даврига тегишли бўлган ҳисобланган жами даромад 241 100 минг сўмга (1 000 000 : 365 х

(27 + 30 + 31)) тенг. Фаолият дарига тегишли ҳақиқий даромад (250 000 минг сўм) ҳисоб-китоб қилинган миқдордан (241 100 минг сўм) ошганлиги туфайли, кейинги йилнинг январь ойидан корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.

2) Ҳақиқий ўртача кунлик жами даромад 2 840,9 минг сўмга (250 000 : (27 + 30 +31)) тенг.

Ушбу миқдор 2 739,7 минг сўмга тенг бўлган ҳисоб-китоб қилинган ўртача кунлик жами даромаддан ошиб кетганлиги туфайли, кейинги йилнинг январь ойидан корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.

Худди шундай шартларда фаолият юритаётган корхоналар, агар уларнинг жами даромади йил давомида ёки йил якуни бўйича 1 млрд сўмга етса, ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтадилар.

Вазият
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхонанинг жами даромади йил якунлари бўйича 1 млрд сўмга етди.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхонанинг жорий йил январь–ноябрь ойларида жами даромади 826 млн сўмни ташкил этди. 31 декабрда даромад 1 млрд сўмга етди.  

Корхона қачон ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керак?  

– Корхона 31 декабрдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга мажбур.

Жами даромад қандай аниқланади

 Жами даромадга ҳар қандай шаклда ва (ёки) ҳар қандай фаолиятдан олиниши лозим бўлган даромадлар киради. Хусусан, унинг таркибига қуйидагилар киради :

  • товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган даромад;
  • кредит (қарз, микрокредит ва бошқа молиявий операциялар) бўйича мукофот тарзидаги даромад;
  • суғурта, қайта суғурта ташкилотининг суғурта, қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича даромади;
  • РЕПО операциялари бўйича даромад;
Эътибор беринг
2025 йил 17 апрелдан бошлаб РЕПО операциялари бўйича даромад солиқ солиш мақсадларида даромад сифатида ҳисобга олинмайди   .
  • қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий инструментларига доир операциялар бўйича олинган даромад ;
  • амортизацияланадиган активлар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад ;
  • молиявий ижара (лизинг) шартномасига биноан мол-мулкни бериш бўйича пул мукофоти тарзидаги даромад;
  • мол-мулкни мулк ижарасига (ижарага) беришдан олинган даромад, бундан молиявий ижара (лизинг) мустасно;
  • роялти;
  • текин олинган мол-мулк ва хизматлар ;
  • инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча ТМЗнинг ва бошқа мол-мулкнинг қиймати тарзидаги даромад;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад, бундан СК 317-моддасига мувофиқ илгари чегириб ташланмаган харажатларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар мустасно;
  • талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромад ;
  • илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромад ;
  • хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан олинадиган даромад ;
  • биргаликдаги фаолиятда иштирок этишдан олинган даромад ;
  • қарздор томонидан эътироф этилган ёхуд қарздор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати асосида шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари;
  • курсдаги ижобий фарқ ;
  • дивидендлар ва фоизлар;
  • ишончли бошқарув муассиси томонидан мол-мулкни ишончли бошқаришдан олинган даромад;
  • шакллантирилиш харажатлари СК 44 ва 45-бобларида белгиланган тартибда ва шартларда харажатлар таркибига қабул қилинган, қайта тикланган захиралар суммалари;
  • акциядор, иштирокчи юридик шахс фойдасига ўз улушининг (улуши бир қисмининг) қийматини олишдан воз кечган тақдирда, мазкур юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) камайиши муносабати билан олган даромади;
  • корхонани мол-мулк мажмуи сифатида сотишдан олинган даромад;
  • СК VI бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда нархларга тузатишлар киритиш туфайли олинган даромад;
  • СК VII бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади;
  • Солиқ кодексининг 248-моддаси 4-қисмида белгиланган ҳолларда ва тартибда товарлар (хизматлар)нинг бозор қийматидан келиб чиқиб солиқ солинадиган базани тузатиш натижасида олинган даромадлар
  • алоҳида ҳисоби мавжуд бўлмаган ва (ёки) улардан мақсадли фойдаланилмаган мақсадли маблағлар тарзидаги даромад (бундан бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари қўлланиладиган бюджет маблағлари мустасно);
  • бошқа даромадлар.

Жами даромад аниқланаётган пайтда ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олманг. Бунда текин олинган мол-мулк ва хизматлар истисно ҳисобланади. Чунки бундай мол-мулк ва хизматларни олган пайтда берувчи томонидан ҳисобланган ҚҚС суммасини ҳисобга олмаслик лозим, солиқни даромад таркибига қўшинг .

Эътибор беринг
Агар мол-мулк ва хизматлар импорт бўйича текин олиниб ва бунда ҚҚС тўлаган бўлсангиз, у ҳолда солиқ суммаси ҳисобга олиниши лозим . Ушбу ҳолатда даромад суммасини ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда аниқланг.

Воситачилик, топшириқ ва бошқа шартномалар бўйича хизматлар кўрсатувчи воситачилар реализация қилишдан олинган даромадни реализация қилиш бўйича умумий айланмадан (битим суммаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқлайди .

Мисол
ҚҚС тўлаш мақсадида воситачиларнинг реализациядан олган даромади миқдорини аниқлаш
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи воситачи жорий йилда комитентга қиймати 1,2 млрд сўм бўлган товарларни реализация қилиб, бунинг эвазига 120 млн сўм воситачилик ҳақини олди. Гарчи унинг даромади (воситачилик ҳақи) етарли даражада 1 млрд сўмдан паст бўлса-да, у айланмадан олинадиган солиқ тўловини тўлашга ҳақли эмас ҳамда ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши лозим.
Бу ерда асосийси товар айланмаси суммаси (битим суммалари) ҳисобланади. У эса 1,2 млрд сўмни ташкил этиб, ўрнатилган чегарадан 200 млн сўмга ошиб кетган. Товар айланмаси 1 млрд сўмга етган кундан бошлаб, воситачи ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши шарт.

Оддий ширкатнинг ишончли шахси ҚҚСни қачон тўлайди

Оддий ширкатнинг ишончли шахси бўлиб оддий ширкатнинг ишларини юритиш зиммасига юклатилган унинг иштирокчиси ҳисобланади.

Агар оддий ширкат шартномасининг (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартноманинг) иштирокчиларидан ҳеч бўлмаганда биттаси Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлган юридик шахси ёки якка тартибдаги тадбиркор бўлса, унга биргаликдаги фаолият доирасида амалга ошириладиган солиқ солиш лозим бўлган операцияларнинг умумий ҳисобини юритиш топширилади . Улар томонидан қўлланиладиган солиққа тортиш тизимидан қатъи назар, у биргаликдаги фаолият бўйича ҚҚС тўлашга мажбур.

Мисол
Биргаликдаги фаолиятда иштирок этувчи айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхона томонидан ҚҚСни тўлаш 
Оддий ширкат шартномасининг барча иштирокчилари ўртасидаги келишувга мувофиқ айланмадан олинадиган солиқни тўловчи корхона биргаликдаги фаолият доирасида амалга ошириладиган операцияларнинг ҳисобини юритади, яъни ишончли шахс сифатида қатнашади. Ишончли вакил сифатида биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот реализациясидан олинган тушумдан корхона ҚҚС тўлаши лозим.
Шу билан бирга, корхона операциялар бўйича алоҳида ҳисоб юритган ҳолда ўзининг маҳсулоти реализациясидан олинган тушумдан айланмадан олинадиган солиқни тўлайди.

Маълумот учун
Биргаликдаги фаолият (оддий ширкат) доирасида ҚҚС қандай тўланиши кераклигини тавсияда ўқинг.

Алкоголь маҳсулотларини сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари ҳамда бозор ва савдо комплекслари қачон ҚҚС тўлайди

Алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, шунингдек бозор ва савдо комплекслари 2021 йил 1 январдан бошлаб солиқ солиш тизимини танлаш ҳуқуқисиз мажбурий тартибда ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди . Бунда спиртли ичимликларни чакана савдода сотадиган юридик шахслар ўз фаолиятини бошлаш тўғрисида ваколатли органга хабар берган кундан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтадилар .

Эътибор беринг
ҚҚС ва фойда солиғини мажбурий тўлаш талаби умумий овқатланиш соҳасида алкоголли ичимликлар сотадиган солиқ тўловчиларга тааллуқли эмас.

Бозорлар ва савдо комплекслари ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилари бўлиб, айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга эмас .  

Эътибор беринг
ҚҚС ва фойда солиғини мажбурий тўлаш талаби фақат бозорлар ва савдо комплексларининг ўзига тегишли бўлиб, уларнинг ҳудудида жойлашган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилмайди.
Эслатиб ўтамиз
Турғун чакана савдо шохобчаси – бу бино (иншоот) .
  • жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарори билан ажратилган ер участкаларида жойлашган;
  • Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси органларида белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича қурилган; 
  • санитария ва ёнғин хавфсизлиги нормалари ва талабларига жавоб берадиган;
  • савдо залига, савдо асбоб-анжомларига ҳамда товарларни сақлаш; 
  • навларга ажратиш ва қадоқлаш учун хоналарга эга бўлган, шунингдек НКМ билан жиҳозланган.
Бозор – ҳокимият вакиллик органлари томонидан белгиланган жойларда ва белгиланган қоидалар бўйича савдо фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган, белгиланган тартибда ана шундай мақом олган доимий ёки вақтинчалик асосда фаолият кўрсатадиган мулкий комплекс .
Савдо комплекси – бу чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг турғун объектлари жойлашган ягона ер участкасида қурилган бино ва (ёки) иншоотга ёхуд бинолар ва (ёки) иншоотлар комплексига мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилувчи юридик шахс ҳисобланади .

Ушбу тоифадаги ҚҚС тўловчилари қуйидагилардан қатъи назар солиқни тўлашга мажбур:

  • жами даромад ҳажми; 
  • алкоголь маҳсулотларини (шу жумладан пиво ҳам) чакана сотишдан олинган даромаднинг умумий жами даромад таркибидаги улуши.
Маълумот учун
  • Мажбурий тартибда ва ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтиш ҳақида батафсил – тавсияда.
  • Қандай қилиб ҚҚС тўловчиси бўлмаслик мумкин – тавсияда.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал