Фойда солиғини тўлаш ва ҳисоботини тақдим этиш қандай амалга оширилади

01.01.2026
author avatar

Иродахон АББОСХОНОВА

солиқ маслаҳатчиси
author avatar

Наталья МЕМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– бўнак тўловлари тўловчилари;
– бўнак тўловларини тўлаш тартиби;
– фойда солиғини тўлаш ва ҳисоботни тақдим этиш тартиби;
– фойда солиғини бўлиб-бўлиб тўлаш;
– фойда солиғининг бухгалтерия ҳисоби.

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга асосан ўзгартиришлар киритилди:

Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ким тўлайди 

Бўнак тўловлари тузатишларни ҳисобга олган ҳолда ўтган йил учун чегаравий миқдордан ортиқ жами даромадга эга бўлган корхоналар томонидан тўланади.

Президентнинг 19.08.2025 йилдаги ПФ-138-сон Фармони билан даромаднинг чегаравий миқдори 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмга оширилди  .

Эътибор беринг

Солиқ қўмитасининг маълумотига кўра даромаднинг янги чегаравий миқдори 2025 йилнинг октябрь ойидан қўлланилади.

Бўнак тўловларини ҳар ойнинг 23-санасидан кечиктирмай (дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда) тўланг, яъни:

  • 23 январдан;
  • 23 февралдан;
  • 23 мартдан ва ҳ.к. 
Эътибор беринг
Жами даромадга қуйидаги даромадларни киритинг 
  • Ўзбекистон ва унинг ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларни;
  • ҳар қандай шаклда ва (ёки) ҳар қандай фаолиятдан олиниши лозим бўлган даромадларни.

Уни ҚҚС ва акциз солиғини инобатга олмаган ҳолда аниқланг.

Агар йил давомида корхонангизнинг даромади ўрнатилган миқдордан ошиб кетган бўлса, ушбу чегарага эришилган чоракнинг кейинги чорагидан бошлаб бўнак тўловларини амалга оширинг .

Ушбу қоида янги ташкил этилган корхоналарга ҳам тегишли.

Мисол
Янги ташкил этилган корхона томонидан бўнак тўловлари қандай тўланади
Корхона январь ойида рўйхатдан ўтган.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами даромад 9,8 млрд сўмни, 8 ойда (январь–август) 20,1  млрд сўмни ташкил этди.

III чоракда даромад 20 млрд сўмдан ошганлиги сабабли корхона IV чоракдан бошлаб бўнак тўловларини тўлашни бошлайди.

Яъни, биринчи бўнак тўлови 23 октябрдан кечиктирмай амалга оширилади.

Эътибор беринг
Бўлиниш ёки бошқа корхонадан ажратиб чиқариш натижасида ташкил этилган корхоналар ташкил этилган пайтдан эътиборан иккита чорак мобайнида бўнак тўловларини тўлайди, агар қайта ташкил этилган корхона қайта ташкил этиш пайтида уларни тўлаган бўлса . Икки чорак ўтгач, бўнак тўловлари тўлашнинг умумий қоидалари амал қила бошлайди.

Қуйидагилар даромад суммасидан қатъи назар бўнак тўловларини тўламайди :

  • бюджет ташкилотлари;
  • нодавлат нотижорат ташкилотлари, бундан матлубот кооперативлари мустасно.

Фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари қандай тўланади 

Бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқаришнинг иккита варианти мавжуд :

  • солиқ органи томонидан;
  • бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотнома бўйича. 

Солиқ органлари томонидан бўнак тўловларини аниқлаш тартиби  

I чорак учун бўнак тўловлари суммаси ўтган йилнинг IV чораги учун тўланиши керак бўлган жорий (ойлик) тўлов миқдорида аниқланади .

Эътибор беринг

Агар ўтган йилнинг IV чорагида бўнак тўловлари тўланмаган бўлса, уларни жорий йилнинг I чорагида ҳам тўлаш керак эмас.

Вазият
Корхона ўтган йилнинг IV чорагида бўнак тўловларини тўламаган

Ўтган йилнинг IV чорагида корхона фойда кўрмаганлиги сабабли бўнак тўловлари тўловини амалга оширмаган.

У жорий йилнинг I чорагида бўнак тўловларини тўлаши лозимми?

– Жорий йилнинг I чорагида корхона бўнак тўловларини тўламаслиги керак.

II чоракда бўнак тўловлари I чорак учун ҳисобланган фойда солиғи суммасининг 1/3 қисми сифатида белгиланади. Улар 23 апрель, 23 май ва 23 июндан кечиктирмай (дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда) тўланиши керак.

Мисол
Жорий йилнинг II чорагида бўнак тўловлари қандай тўланади

Корхона I чорак якунларига кўра 60 млн сўмлик фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этди. Бунда ўтган йил учун корхонанинг жами даромади белгиланган миқдордан ошган. Жорий йилнинг II  чорагида корхона томонидан ҳар ойда 20 млн сўм миқдорида бўнак тўловлари  (60 : 3) 23 апрель, 23 май ва 23 июндан кечиктирмай амалга оширилади.

III ва IV чораклардаги бўнак тўловлари худди шундай, яъни ўтган чоракнинг ҳақиқий фойдасига қараб белгиланади.

Мисол
Жорий йилнинг III чорагида бўнак тўловлари қандай тўланади

Корхона I чорак якунлари бўйича 40 млн сўмга, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича эса – 70 млн сўмга Фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этди. Бунда корхона ўтган йил учун белгиланган миқдордан ортиқ жами даромадга эга бўлган.

II чоракда фойда солиғи қуйидагини ташкил этади:

70 – 40 = 30 млн сўм.

Жорий йилнинг III чорагида корхона томонидан ҳар ой 10 млн сўм бўнак тўловлари (30 : 3) 23 июль, 23 август ва 23 сентябрдан кечиктирмай амалга оширилади.

Олдинги чоракда фойда бўлмаса, бўнак тўловлари ҳисобланмайди ва тўланмайди.

Вазият
Корхона I чорак якунлари бўйича зарар кўрган

Корхонада I чорак якунлари бўйича зарар мавжуд.

У II чоракда бўнак тўловларини тўлаши лозимми? 

– Корхона I чоракни зарар билан якунлагани боис II чоракда фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўламайди.
Вазият
Корхона йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича зарар кўрган

I чорак якунлари бўйича корхона 30 млн сўм зарар кўрди.

Биринчи ярим йил якунлари бўйича зарар 12 млн сўмни ташкил этди. Бунда ўтган йил учун корхонанинг умумий даромади белгиланган миқдордан ошган.

Корхона III чорак учун бўнак тўловларини тўлаши лозимми?

– Бунинг учун II чорак якунларини аниқлаймиз:

– 12 – (– 30) = 18 млн сўм (фойда).

Корхона III чоракда ҳар ойда 6 млн сўмдан (18 : 3) бўнак тўловларини тўлаши лозим.

Солиқ органлари рўйхатдан ўтказиш органидан корхона тугатилиши тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида ахборотни олган тақдирда бўнак тўловларини ҳисоблаб ёзишни тўхтатиб туради. Бўнак тўловлари бундай ахборот олинган ойдан бошлаб ҳисоблаб ёзилмайди .

Агар корхона фаолияти тикланса, бўнак тўловлари уларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатилган ойдан бошлаб ҳисоблаб ёзилади .

Бўнак тўловларини маълумотнома бўйича аниқлаш тартиби

Сиз жорий чорак учун тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдадан келиб чиқиб, фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўғрисида маълумотнома тақдим этишга ҳақлисиз. У жорий чорак биринчи ойининг (дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда) 15-санасидан кечиктирмай, чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилади, яъни:

  • I чорак учун – 15 январдан;
  • II чорак учун – 15 апрелдан;
  • III чорак учун – 15 июлдан;
  • IV чорак учун – 15 октябрдан.
Мисол
Маълумотнома бўйича бўнак тўловлари қандай тўланади

Корхона фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлайди.

I чоракда корхона бўнак маълумотномасини тақдим этмаган ва ўтган йилнинг IV чораги маълумотлари асосида бўнак тўловларини тўлаган.

I чорак учун тақдим этилган Ҳисоб-китобга асосан фойда солиғи суммаси 480 млн сўмни ташкил этди.

Яъни, корхона II чоракнинг ҳар ойида 160 млн сўм миқдорида (480 : 3) бўнак тўловларини тўлаши керак эди.

Корхонанинг тахмин қилишича, унинг даромадлари II чоракда сезиларли даражада камаяди, бу давр учун тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойда 900 млн сўмни ташкил этиб, ундан 135 млн сўм (900 х 15 %) миқдорида фойда солиғи тўлаш лозим.

 

Давр

I чорак учун ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан келиб чиқиб бўнак тўловлари, млн сўм

Маълумотномага асосан бўнак тўловлари, млн сўм

Апрель

160

45

Май

160

45

Июнь

160

45

Чорак учун жами

480

135

Жадвалдан кўринадики, маълумотнома тақдим этиш бўнак тўловларини 345 млн сўмга (480 – 135) қисқартириш ва ушбу суммани бошқа мақсадлар учун йўналтириш имконини беради.

Корхона фойда солиғининг якуний суммасини 20 июлдан кечиктирмай Ҳисоб-китобни тақдим этган ҳолда биринчи ярим йиллик якунлари бўйича аниқлайди.

Агар солиқ суммаси топширган ҳисоботига кўра тўланган бўнак тўловлари суммасидан ошса, корхона худди шу муддатда фарқни қўшимча тўлаб беради.

Корхона бўнак тўловлари бўйича маълумотноманинг тегишли сатрларида қуйидагиларни кўрсатади:

  • 010 – ҳисобот даври учун кутилаётган солиқ солинадиган фойда – 900 млн сўмни;
  • 020 – солиқ ставкаси – 15 %ни.

Қуйидагилар автоматик тарзда ҳисобланади:

  • 030 – 010-сатр х 020-сатр формуласи бўйича фойда солиғи суммаси. Кўриб чиқилаётган мисолда – 135 млн сўм (900 х 15 %);
  • 040 – 030-сатр : 3 формуласи бўйича ҳар ойлик бўнак тўловлари суммаси. Бу мисолда – 45 млн сўм (135 : 3).
Эътибор беринг
Кутилаётган фойда суммаси асоссиз камайтириб кўрсатилган тақдирда солиқ органлари сиз тақдим этадиган солиқ бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритишга ҳақли .

Тавсия этамиз

Aгар сиз олдинги чоракка нисбатан солиққа тортиладиган фойданинг камайганини кўрсатувчи маълумотнома тақдим этсангиз, тегишли тушунтиришлар бериб, фойданинг камайиш сабабларини асослаб беринг.

Сабаблар корхонадаги мавжуд ҳақиқий ҳолатни акс эттирувчи, асосли бўлиши лозим. Масалан, ишнинг мавсумий хусусияти туфайли тушумнинг камайганлиги, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига харажатларнинг ошиб кетганлиги ва ҳ.к.

Бўнак тўловларини камайтириш ҳуқуқи корхонанинг ҳақиқий ҳолатини ва молиявий-иқтисодий вазиятини ҳисобга олган ҳолда солиқ тўлаш имкониятини беради.

Тегишли асос мавжуд бўлмаган тақдирда солиқ органлари бўнак тўловларига кўпайиш томонга тузатиш киритишга ҳақли.

Эътибор беринг
Агар сиз даромад солиғидан тўлиқ озод қилиш шаклида имтиёзни қўлласангиз, бўнак маълумотномасининг 010 ва 020-сатрларида «0» қийматини кўрсатинг. 

Аниқлаштирувчи бўнак маълумотномасини топширишда фақат фарқ миқдорини кўрсатинг (ошмайдиган якунда).

Агар сиз маълумотномани белгиланган муддатда топширмаган бўлсангиз, олдинги чорак кўрсаткичлари бўйича бўнак тўловларини тўлашингиз керак.

Солиқни тўлаш ва ҳисоботни тақдим этиш қандай амалга оширилади  

Фойда солиғи бўйича ҳисобот даври – чорак, солиқ даври – йил. Шу сабабли фойда солиғи ҳар бир чорак якунлари бўйича йил бошидан ошиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилади .

Фойда солиғи ҳисоб-китоби (дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда) қуйидагича тақдим этилади:

  • I чорак учун – 20 апрелдан кечиктирмай;
  • II чорак учун – 20 июлдан кечиктирмай;
  • III чорак учун – 20 октябрдан кечиктирмай;
  • IV чорак учун – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай.

 Қуйидагилар томонидан Ҳисоб-китоб фақат йил охирида тақдим этилади:

  • бюджет ташкилотлари;
  • нодавлат нотижорат ташкилотлари, матлубот кооперативлари бундан мустасно.

Агар ушбу ташкилотларнинг йил давомида даромадлари бўлмаса, улар Фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этмайдилар.

Эътибор беринг

2026 йил 1 январдан солиқ ҳисоботини янги платформа – «Ягона ҳисоботлар тизими» орқали тақдим этиш мумкин бўлади.

2026 йил давомида платформадан ихтиёрий фойдаланиш мумкин.

2027 йилдан кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун, 2028 йилдан эса барча тадбиркорлик субъектлари учун платформадан фойдаланиш мажбурий бўлади .

Солиқни худди ўша Ҳисоб-китоб тақдим қилинадиган муддатларда тўланг. Бунда ҳисобот даври учун бўнак тўловлари шу давр учун солиқни тўлаш ҳисобига ҳисобга олинади.

Солиқ ҳисоб-китоби суммалари ва тўланган бўнаклар бўйича қуйидаги вариантлар бўлиши мумкин:

  • бўнак тўловлари Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғидан кўп. Ушбу ҳолатда фойда солиғини тўлаш керак эмас, сабаби у бўнак тарзида тўланган. Бўнак тўловларининг ҳисобланган солиқдан ошиши кейинги бўнак тўловига ҳисобга олинади;
  • бўнак тўловлари Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғига тўғри келди. Бу ҳолатда ҳам фойда солиғини тўлаш керак эмас, сабаби у бўнак тарзида тўланган;
  • бўнак тўловлари Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғидан кам. Ушбу ҳолатда Ҳисоб-китобни топшириш муддатида ҳисобланган солиқ ва бўнак тўловлари ўртасидаги фарқни қўшимча тўланг

Агар сиз бўнак тўловларини тўламаган бўлсангиз, Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғини Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатларида тўланг.

Мисоллар ёрдамида эҳтимолий вариантларни кўриб чиқамиз.

Мисол
Бўнак тўловлари Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғидан кўп бўлса, улар қандай тўланади

Корхонанинг ҳисоб-китоблари ва тўловлари тўғрисида маълумот (корхона бўнак маълумотномасини тақдим этмаган):

 

Т/р

Сана

Амалга оширилган ҳаракат

Солиқ суммаси, минг сўм

1

20 январь

Январь ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

2

20 февраль

Февраль ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

3

20 март

Март ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

4

15 апрель

I чорак учун Фойда солиғи ҳисоб-китоби тақдим этилди

24 000

5

20 апрель

Апрель ойи учун бўнак тўлови тўланди

2 000

6

20 май

Май ойи учун бўнак тўлови тўланди

8 000

7

18 июнь

Июнь ойи учун бўнак тўлови тўланди

8 000

I чорак давомида ўтган йилнинг IV чораги учун ойлик бўнак тўлови миқдорида – 10 000 минг сўм, умумий суммаси 30 000 минг сўм бўлган бўнак тўланади. I чорак Ҳисоб-китобига кўра фойда солиғи 24 000 минг сўмни ташкил этди.

Апрель ойи учун навбатдаги бўнак тўлови сифатида ҳисобга олиниши мумкин бўлган 6 000 минг сўм миқдорида ортиқча тўлов ҳосил бўлади.

II чоракда ҳар ойлик бўнак суммаси қуйидагини ташкил этади:

24 000 : 3 = 8 000 минг сўм.

Апрель ойида тўланиши мумкин бўлади:

8 000 – 6 000 = 2 000 минг сўм.

Май-июнь ойларида ойига 8 000 минг сўмдан тўловни амалга оширамиз.

Мисол
Бўнак тўловлари Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғига тенг бўлса, улар қандай тўланади

Ҳисоб-китоблар ва тўловлар бўйича корхона маълумотлари (корхона бўнак маълумотномасини тақдим этмаган): 

Т/р

Сана

Амалга оширилган ҳаракат

Солиқ суммаси, минг сўм

1

20 январь

Январь ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

2

20 февраль

Февраль ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

3

20 март

Март ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

4

15 апрель

I чорак учун Фойда солиғи ҳисоб-китоби тақдим этилди

30 000

5

20 апрель

Апрель ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

6

20 май

Май ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

7

18 июнь

Июнь ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

I чорак давомида бўнаклар ўтган йилнинг IV чораги учун ҳар ойлик бўнак тўлови миқдорида – ҳар ой 10 000 минг сўмдан, умумий сумма 30 000 минг сўм миқдорида тўланди. Ҳисоб-китоб бўйича чорак учун фойда солиғи 30 000 минг сўмни ташкил этди.

Бўнак тўловлари бир хил сумма миқдорида тўланганлиги сабабли фойда солиғини тўлаш керак эмас.

II чоракда бўнак тўловларини I чорак учун фойда солиғи суммасининг 1/3 қисми миқдорида тўлаймиз: 30 000 : 3 = 10 000 минг сўм.

Мисол
Бўнак тўловлари Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғидан кам бўлса, улар қандай тўланади

Корхонанинг ҳисоб-китоблари ва тўловлари тўғрисида маълумот (корхона бўнак маълумотномасини тақдим этмаган): 

Т/р

Сана

Амалга оширилган ҳаракат

Солиқ суммаси, минг сўм

1

20 январь

Январь ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

2

20 февраль

Февраль ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

3

20 март

Март ойи учун бўнак тўлови тўланди

10 000

4

15 апрель

I чорак учун Фойда солиғи ҳисоб-китоби тақдим этилди

36 000

5

15 апрель

I чорак учун қўшимча солиқ  тўланди

6 000

6

20 апрель

Апрель ойи учун бўнак тўлови тўланди

12 000

7

20 май

Май ойи учун бўнак тўлови тўланди

12 000

8

18 июнь

Июнь ойи учун бўнак тўлови тўланди

12 000

I чорак давомида бўнаклар ўтган йилнинг IV чораги учун ҳар ойлик бўнак тўлови миқдорида – ҳар ойда 10 000 минг сўмдан, умумий суммаси 30 000 минг сўм тўланди. Чорак учун Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғи 36 000 минг сўмни ташкил этди.

Ушбу ҳолатда Ҳисоб-китоб бўйича солиқ билан I чорак учун бўнак тўловлари ўртасидаги фарқ – 6 000 минг сўмни (36 000 – 30 000) бюджетга қўшимча тўлаймиз.

II чоракда бўнак тўловларини I чорак учун фойда солиғи суммасининг 1/3 қисми миқдорида тўлаймиз: 36 000 : 3 = 12 000 минг сўм.

Фойда солиғини бўлиб-бўлиб тўлашдан ким фойдаланиши мумкин   

2023 йилдан фойда солиғи тўловчилари солиқларни хабарнома юбориш тартибида бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлдилар .

Бу ҳуқуқ ўтган йил якунлари бўйича жами даромади 10 млрд сўмдан ошмаган корхоналарга берилади, қуйидагилар бундан мустасно:

  • устав фондида давлат улуши 50%дан юқори бўлган юридик шахслар;
  • ер қаъридан фойдаланувчилар;
  • акциз ости маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар.

Бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун қарздорлик юзага келган санадан бошлаб, бир ой ичида солиқ органларига бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи тўғрисида хабарнома юборинг. Бўлиб-бўлиб тўлашни тақдим этиш тартиби Солиқ кодексининг 101-моддасида белгиланган.

Эътибор беринг

Бўлиб-бўлиб тўлаш корхонанинг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага берилади .

Агар солиқларни бўлиб-бўлиб тўлашдан календарь йил давомида бир марта фойдаланилган бўлса, фоизлар 6 ой давомида ҳисобланмайди.

Эътибор беринг
2023 йил 1 июлдан бошлаб «Ҳамкорлик шартномалари»га асосан «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (бундан Тошкент шаҳри мустасно) солиқларни қуйидаги муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади :
  • 3 ойгача – 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда;
  • 6 ойгача – 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда;
  • 12 ойгача – 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда.

Солиқлар бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти :

  • тадбиркорлик субъектларининг аризасига асосан Солиқ қўмитаси томонидан;
  • мол-мулк гарови, кафиллик ёхуд банк кафолати таъминотисиз, фоизлар ҳисобланмаган ҳолда, шунингдек молиявий ҳолат таҳлил қилинмаган ва ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолда (бундан СКнинг 98-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно) берилади.

Фойда солиғини ҳисобда қандай акс эттириш керак   

Фойда солиғи фойда ҳисобидан фойда солиғи тўлангунга қадар ҳисобланади. Ушбу фойдадан солиқ суммасини чегириб ташлаганингиздан сўнг сизда соф фойда (ёки соф зарар), яъни ҳисобот даврининг якуний молиявий натижаси ҳосил бўлади.

Ҳисобланган фойда солиғини Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 250-сатрида акс эттиринг.

Бухгалтерия ҳисоби:

 Хўжалик операцияси
мазмуни

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Фойда солиғи бўйича бўнак тўлови тўланди

4410

5110

Фойда солиғи ҳисобланди

9810

6410

Бўнак тўловлари ҳисобга олинди

6410

4410

Ҳисоб-китоб бўйича фойда солиғи тўланди

6410

5110

Фойда солиғи бўйича пеня ҳисобланди

9430

6410

Фойда солиғи бўйича пеня тўланди

6410

5110

Эътибор беринг

Фойда солиғи бўйича пеняларни:

  • бошқа операцион харажатларга киритинг (9430-ҳисобварақ) ;
  • бу чегирилмайдиган харажатлар ;
  • бухгалтерия ҳисобида 6410-ҳисобварақнинг алоҳида субконтосида акс эттиринг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал