Товарларнинг омборда сақланишини ташкил этиш ва сақлаш харажатларини ҳисобга олиш

08.04.2025
author avatar

Специалисты Минэкономфина

Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими
author avatar

Олег ЦОЙ

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– омборхонада товарларни ҳисобга олиш:
        товарларни партиялар бўйича ҳисобга олиш усули;
        навларга қараб ҳисобга олиш усули;
        партиялар ва навларга қараб ҳисобга олиш усули;
– товарлар ҳисоботини юритиш;
– омборхоналарга қўйиладиган талаблар;
– омборхона ишчиларига қўйиладиган талаблар;
– товарларни сақлаш харажатларини ҳисобга олиш.

 

Омборхонада товарларни ҳисобга олишни қандай юритиш керак 

Корхона омборхонасидаги товарлар ҳисобини моддий жавобгар шахс – омбор мудири, унинг ўринбосари, товаршунос ёки омборчи юритади.

Товарлар натурал кўрсаткичларда номенклатура рақамлари бўйича ҳисобга олинади. Ҳисобга олиш тартиби товарларни сақлаш усули, улар омборга келиб тушадиган вақт оралиғига, ҳажми, ассортименти, сақлаш шартлари бўйича бир-бирига мослигига ва бошқаларга боғлиқ.

Товарларни ҳисобга олишнинг қуйидаги усуллари мавжуд:

  • партиялар бўйича;
  • навлар бўйича;
  • партиялар ва навлар бўйича.

Партиялар бўйича ҳисобга олиш усули 

Товарнинг ҳар бир партияси омборхонада алоҳида сақланади. Партия деганда битта транспорт ҳужжати бўйича бир вақтда келиб тушган товарлар тушунилади. Бир партия таркибида турли нав ва номдаги товарлар бўлиши мумкин.

Ҳар бир партияни қабул қилинаётган товарлар журналида рўйхатга олинг. Рўйхатга олишнинг тартиб рақами, шунингдек партия рақами ҳам ҳисобланади. Уни чиқим ҳужжатларида, шу партиядан чиқиб кетаётган товар номининг ёнида ёзиб кўрсатинг.

Агар товар партиясини текшириш вақтида табиий камайиш меъёрлари доирасида камомад аниқланса, уни харажатларга қўшиб ҳисобдан чиқаринг. Табиий камайиш меъёрларидан ортиқча камомадни моддий жавобгар шахсдан ундиринг. Текшириш пайтида аниқланган ортиқча товарларни кирим қилинг.

Товарнинг ҳар бир партиясига икки нусхадаги партия варақасини расмийлаштиринг: бири – омборхона, иккинчиси – бухгалтерия учун. Партия тўлиқ сотиб бўлинганидан кейин картани ёпиб, товар ҳисоботи билан бирга текшириш учун бухгалтерияга топширинг.

Партиялар бўйича ҳисобга олишнинг афзалликлари:

  • ҳар бир партия чиқарилганидан кейин инвентаризация ўтказмасдан туриб товар камомади ёки ортиқчасини дарҳол аниқлаш имконини беради;
  • қимматбаҳо молларнинг бут сақланиши устидан жорий назоратни амалга ошириш имконини беради;
  • товар талафотларнинг камайишига хизмат қилади.

Камчиликлари:

  • омборхона майдонидан рационал фойдаланишга ва товар захираларини оператив бошқаришга имкон бермайди;
  • товарлар турли жойларда сақланиши мумкинлиги боис улар бўйича қолдиқлар бир нечта партия карталарида акс эттирилади. Бу омборда мавжуд бўлган товарлар ҳақида тезкор маълумот олишни қийинлаштиради.

Товарларни нави бўйича ҳисобга олиш усули 

Товарларни нави бўйича ҳисобга олиш усули товарнинг номи ва нави бўйича сақланиши ташкил қилиниб, келиб тушган вақти ва харид нархи ҳисобга олинмаганда қўлланилади.

Мазкур ҳолда товарлар ҳисобини товар дафтари ёки омборхонанинг ҳисобга олиш карточкаларида олиб боринг. Ҳар бир товар номи ва навига (товарлар кирими ва чиқими бўйича операциялар ҳажмига қараб) товар дафтаридан бир ёки бир нечта саҳифа ёхуд алоҳида карточка очинг. Уларга бирламчи ҳужжатлар (кирим ва чиқим ордерлари) асосида ёхуд ёзувлар кўп бўлганда – тўпланиб борувчи қайдномалар асосида ёзувлар киритинг.

Агар омборингизда товарлар ассортименти кичик бўлиб, операциялар сони жуда кам бўлса, ҳисобни бевосита товар ҳисоботининг ўзида олиб борсангиз бўлади. Бунда омборхонанинг ҳисобга олиш карточкаларини расмийлаштириш шарт эмас.

Нав бўйича ҳисобга олиш усулининг афзалликлари:

  • омборхона майдонининг тежамкор ишлатилиши;
  • товар захираларини оператив бошқариш имконияти.

Камчилиги:

  • ҳар хил нархларда келган бир навдаги товарларни бир-биридан фарқлаш қийин.

Товарни сотиш учун танлаш ихтиёрий амалга оширилади. Бунда товарларни баҳолаш учун 4-сон БҲМСда назарда тутилган исталган усулни қўллаш мумкин: тегишли бирликнинг идентификацияланган таннархи бўйича, ўртача тортилган қиймат бўйича (AVECO) ёки товарлар харид қилинган вақт бўйича дастлабки захиралар таннархи бўйича (ФИФО) .

Товарларни партия ва навига қараб ҳисобга олиш усули  

Омборхонага қабул қилинган товарларнинг ҳар бир партияси алоҳида-алоҳида сақланади. Партия ичида товарлар навига қараб ажратилади.

Ҳисобга олишнинг бундай усули товарлар ассортименти катта бўлганда қўлланилади.

Товарлар ҳисоботи қандай юритилади

Товарлар ҳисоботи – товарларнинг муайян даврдаги мавжудлиги ва ҳаракатига оид маълумотлар акс эттириладиган асосий ҳужжат. Унда:

  • товар етказиб берувчилари;
  • товар харидорлари;
  • ҳужжат саналари ва рақамлари;
  • кирим ва чиқим қисмидаги товарларнинг ҳар бир ҳужжат бўйича алоҳида қиймати кўрсатилади.

Ҳисобот даври бошидаги товар ва тараларнинг қолдиғини олдинги ҳисоботдан ёки инвентарь рўйхатдан кўчиринг.

Давр охиридаги қолдиқни шундай аниқланг: давр бошидаги қолдиқ + кирим қилинган товар ва тара – ҳисобот давридаги харажат.

Ҳисоботнинг охирида илова қилинган ҳужжатлар сонини сўз билан ёзиб кўрсатинг. Ҳисобот моддий жавобгар шахс томонидан имзоланиши керак.

Товар ҳисоботини икки нусхада расмийлаштиринг. Биринчи нусхасини бирламчи ҳужжатлар билан бирга иккинчи нусхага қўл қўйдирган ҳолда бухгалтерияга топширинг. Иккинчи нусхаси моддий жавобгар шахсда қолади.

Ҳужжатлар айланиши жадвалида ҳисобот тузиладиган муддатларни белгиланг. Корхона бўйича ҳужжатлар айланишининг намунавий жадвали Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжат айланиши тўғрисидаги низомга 
3-иловада келтирилган.

Омборхоналарга қўйиладиган талаблар

Омборхонага қўйиладиган талаблар омборхоналар ва уларда сақланадиган товарларнинг бутлигини, шунингдек омборхона ходимларининг хавфсизлигини таъминлайди. Омборхоналарда биринчи навбатда ёнғин хавфсизлиги талаблари бажарилиши керак. Улар билан омборхонанинг барча ишчиларини имзо қўйдириб таништириб чиқинг.

Омборхона бинолари ва хоналарини лойиҳалаштириш ҳамда реконструкциялашнинг умумий тамойиллари 2.09. 03-23 ШНҚ «Омборхоналар. Лойиҳалаш меъёрлари»да  (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 10.11.2023 йилдаги 368-сон буйруғи билан тасдиқланган) назарда тутилган. 

Омборхонанинг портлаш ва ёнғиндан хавфлилиги бўйича тоифаси 2.01.19-22 ШНҚ «Портлаб-ёниш ва ёнғин хавфи бўлган хоналар, бинолар, иншоотлар ва ташқи қурилмаларини аниқлаш»га (Қурилиш вазирлигининг 04.11.2022 йилдаги 194-сон буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ белгиланади.  

Сақланадиган товарларнинг турига ва хусусиятига қараб омборхоналар қуйидагиларга бўлинади:

  • универсал – ҳар хил турдаги товарларни сақлаш учун;
  • ихтисослаштирилган – фақат муайян турдаги товарларни сақлаш учун. Мисол учун, металл буюмлар, лак-бўёқ материаллари, ЁММ, ёғоч ва қурилиш материаллари, электр буюмлар ва ҳ.к.

Ихтисослаштирилган омборхоналар учун алоҳида талаблар белгиланган. Масалан, қуйидаги омборхоналарга нисбатан махсус қурилиш ҳамда санитария меъёрлари ва қоидалари қўлланилади:

  • қуруқ маъданли ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари омбори учун – 2.09.11-22 ШНҚ «Қуруқ маъданли ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари омборлари» (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 25.07.2024 йилдаги 01/2-34-сон буйруғи билан тасдиқланган);
  • совитиш қурилмалари билан жиҳозланган омборлар учун – ШНҚ 2.09.15-23 «Музлаткичлар» (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 27.12.2023 йилдаги 448-сон буйруғи билан тасдиқланган);
  • дори ва тиббиёт буюмлари омборлари учун – «Дори воситалари ва тиббий мақсаддаги буюмлар сақланадиган омборхоналарни қуриш, жиҳозлаш ва улардан фойдаланишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари» 0319-15-сон СанҚН (ЎзР бош давл. сан. шиф. 07.04.2014 йилдаги қарори билан тасдиқланган);
  • йодланган ош тузи омбори учун – «Тузни ишлаб чиқариш, сақлаш, транспортда ташиш ва сотишга қўйиладиган гигиена талаблари» 0042-22-сон СанҚМ (Санэпидхизматнинг 21.12.2022 йилдаги 42-сон қарори).

Омборхона ишчиларига қўйиладиган талаблар

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида (O`z MSt 346:2024) ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражасига, шунингдек меҳнат дафтарчалари, меҳнат шартномалари, буйруқларни расмийлаштиришда ва ходимлар тоифаларига киритишда фойдаланиладиган лавозим номларига нисбатан талаблар белгиланган.

Бунда Классификаторда кўрсатилган лавозим ва касблар номлари барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади. Ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан – фақат устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотларда Классификаторнинг қўлланилиши мажбурий ҳисобланади. Бошқа субъектлар учун маълумот даражасига қўйиладиган талаблар тавсия хусусиятига эга.

Омбор мудири бошқарувчи ходимлар тоифасига кириб, камида ўрта махсус касб-ҳунар (омборда сақланадиган қимматбаҳо молларнинг турига қараб, айрим ҳолларда – олий) маълумотга эга бўлиши керак.

Омборчи техник ходим (ўрта махсус касб-ҳунар маълумотига эга бўлганда) ёки ишлаб чиқариш ходими (мазкур ҳолда маълумот даражасига нисбатан ҳеч қандай талаб мавжуд эмас) деб ҳисобланиши мумкин.

Товар қабул қилувчи техник ходимлар тоифасига кириб, ўрта махсус касб-ҳунар маълумотига эга бўлиши керак.

Юк ортувчи ишлаб чиқариш ходимлари тоифасига киради ва унинг маълумот даражасига нисбатан ҳеч қандай талаб қўйилмайди.

Омборхонанинг ҳар бир ишчиси зиммасига маълум вазифалар юкланади. Уларни ишчининг лавозим йўриқномаси ва меҳнат шартномасида белгиланг.

Бевосита товар-моддий бойликлар билан ишлайдиган ходимлар уларнинг бутлиги учун тўлиқ моддий жавобгар ҳисобланадилар. Моддий жавобгар шахсларни ишга қабул қилишда улар билан якка тартибда тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузинг.

Моддий жавобгар ходимлар лавозимларининг рўйхатини жамоа шартномасида белгиланг, у тузилмаган бўлса, буйруқ билан тасдиқланг.

Ишчи талабгор бўлаётган иш (лавозим) тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузишни талаб қилса, ходим эса уни тузишга рози бўлмаса, иш берувчи уни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақлидир .

Товарларни сақлаш харажатлари қандай ҳисобга олинади

Товарларни омборда сақлаш харажатлари таркибига қуйидагилар киради:

  • омборхонани сақлаш – амортизация, таъмирлаш, коммунал тўловлар, ижара тўловлари, дезинфекциялаш ва б.;
  • омбордаги ускуналар (совитиш, юклаш-тушириш ускунаси, ҳаво ҳароратини сақлаш ва шамоллатиш тизимлари ва ҳ.к.)ни сақлаш – амортизация, электр энергияси, сув, таъмирлаш, ЁММ, ижара тўловлари ва б.;
  • ижтимоий солиқни ҳисобга олган ҳолда омборхона ходимларига тўланадиган иш ҳақи;
  • омборхонада ишлатиладиган инвентарь ва хўжалик жиҳозлари қийматини ҳисобдан чиқариш;
  • табиий камайиш меъёрлари доирасидаги товар камомадлари;
  • бошқа омборхона харажатлари.

Бухгалтерия ҳисобида товарларни сақлаш бўйича харажатларни қуйидагича акс эттиринг:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Омборхона бинолари, хоналари ва ускуналарига амортизация ҳисоблаб ёзилди

9410

0220

0230

Қуйидаги харажатлар акс эттирилди:

  • чет ташкилотлар томонидан амалга оширилган омборхонани ва ундаги ускунани таъмирлаш харажатлари;
  • коммунал тўловлар харажатлари;
  • чет ташкилотлар томонидан омборхонани тутиб туриш бўйича кўрсатилган бошқа хизматлар бўйича харажатлар

6010

6990

Корхонанинг ўз кучи билан амалга оширилган омборхона ва ундаги ускунани таъмирлаш харажатлари акс эттирилди

2310

Омборхона ходимларига ижтимоий солиқни ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи ҳисоблаб ёзилди

6520

6710

Омборхонада ишлатиладиган инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг қиймати ҳисобдан чиқарилди

1080

Омборхонани ижарага олиш харажатлари акс эттирилди

6910

6990

Товарларни сақлаш пайтида табиий камайиш меъёрлари доирасидаги йўқотишлар акс эттирилди

2910

Сотиб олинган ТМҚ, чет ташкилотларининг иш ва хизматлари бўйича ҚҚС ҳисобга олинди (ҚҚС тўловчилари томонидан)

4410

6010

6410

4410


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал