МҲХС бўйича тушумни тан олиш – умумий қоидалар

21.10.2021
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти
author avatar

Иброгим АХМАДХОНОВ

МҲХС бўйича эксперт

Тавсияда:

– 15-МҲХС (IFRS) қайси шартномаларга нисбатан татбиқ этилади;
– шартномавий актив ва шартномавий мажбурият қандай ҳолларда юзага келади;
– тушумни тан олиш босқичлари.

 

Тушумни тан олишда қуйидаги тамойилларни ҳисобга олинг:

  • даромадлар ва харажатларнинг ўзаро нисбатини аниқлаш тамойили. Харажатлар уларни генерация қилган даромадларга мувофиқ тан олиниши керак. Масалан, маҳсулотни сотишдан олинган тушум билан сотилган маҳсулот таннархи, миқдорлари ва муддатлари жиҳатидан, ўзаро мослаштирилиши керак;
  • консерватизм (эҳтиёткорлик) тамойили. Даромадларни ошириб, мажбуриятларни камайтириб кўрсатилмаслиги керак.

15-МҲХС (IFRS) қайси шартномаларга нисбатан татбиқ этилади 

Тушум 15-МҲХС (IFRS) «Харидорлар билан тузилган шартномалар бўйича тушум»га мувофиқ тан олиниши керак. Тушумни ҳисобга олишдаги асосий масала уни тан олиш пайтини аниқлашдан иборат. 15-МҲХС (IFRS) талабига кўра эса, ташкилот тушумни шундай тан олиши керакки, бунда харидорга ваъда қилинган товарлар ёки хизматлар қоплашни (унга бўлган ҳуқуқни ташкилот ўринма-ўрин олишни кутади) акс эттирадиган суммада берилиши акс эттирилиши керак.Мазкур стандарт қуйидаги шартномалардан ташқари харидорлар билан тузиладиган бошқа барча шартномаларга нисбатан қўлланиши керак :

  • ижара шартномалари, уларга нисбатан «Ижара» 16-МҲХС (IFRS) қўлланилади;
  • «Суғурта шартномалари» 17-МҲХС (IFRS) қоидалари қўлланиладиган шартномалар. Бироқ ташкилот 15-МҲХС (IFRS)ни асосий мақсади қатъий белгиланган ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш бўлган суғурта шартномаларига нисбатан қўллашга ҳақли . 
  • «Молиявий инструментлар» 9-МҲХС (IFRS), «Консолидацияланган молиявий ҳисобот» 10-МҲХС (IFRS), «Биргаликдаги тадбиркорлик» 11-МҲХС (IFRS), «Алоҳида молиявий ҳисобот» 27-МҲХС (IAS) ва «Уюшган ташкилотлар ва қўшма корхоналарга инвестициялар» 28-МҲХС (IAS) қоидалари қўлланиладиган молиявий инструментлар ва бошқа шартномавий ҳуқуқ ёки мажбуриятлар.
Мисол
15-МҲХС (IFRS) қўшма фаолият ҳақидаги шартномага нисбатан татбиқ этиладими

Ташкилот контрагент билан янги активни ишлаб чиқишга шартнома (қўшма келишув) тузмоқда. Шартнома натижалари бўйича хатарлар ва нафларни шартнома томонлари биргаликда кўрадилар.

15-МҲХС (IFRS) қоидалари ушбу шартномага нисбатан татбиқ этилиши ёки этилмаслигини аниқлаш учун ташкилот унинг контрагенти харидор эканлиги ёки эмаслигини аниқлаши керак.

Харидор – ташкилотнинг одатий фаолияти натижаси ҳисобланган товар ёки хизматларни ҳақ эвазига харид қилиш учун ташкилот билан шартнома тузган контрагентдир.

Ушбу шартнома «Биргаликдаги тадбиркорлик» 11-МҲХС (IFRS) талабларига жавоб беради, зеро у шартнома томонларига янги активни ишлаб чиқиш устидан қўшма назоратни тақдим этади. Шу сабабли 15-МҲХС (IFRS) қоидалари ушбу шартномага нисбатан татбиқ этилмайди.

  • фаолиятнинг бир турига мансуб ташкилотлар ўртасида сотувларга ёрдам бериш мақсадидаги номонетар айирбошлашлар.
Мисол
15-МҲХС (IFRS) маҳсулотларни ўзаро айирбошлаш шартномасига нисбатан татбиқ этиладими

Транспорт харажатларини қисқартириш ҳамда сотувчидан ҳудудий жиҳатдан узоқда бўлган харидорларнинг талабини қондириш мақсадида иккита ёғ заводи доимий равишда ўзаро маҳсулот (пахта ёғи) айирбошлаш ҳақида келишди.

15-МҲХС (IFRS) қўлланилмайди, зеро ушбу ҳолда сотувларни яхшилаш мақсадида фаолиятнинг бир турига мансуб ташкилотлар ўртасида пуллик ҳисоб-китобларсиз айирбошлаш юз бермоқда.

15-МҲХС (IFRS)нинг амал қилишини фоизлар ва дивидендли даромадлар тан олинишига нисбатан қўлламанг.

Агар шартнома бўйича мажбуриятларнинг бир қисми бошқа МҲХСлар қўлланиладиган соҳага тўғри келиб қолса .

  • биринчи навбатда шу стандартларни қўлланг;
  • қолган суммага 15-МҲХС (IFRS)ни қўлланг. Бунда битим баҳоси бошқа МҲХСларга мувофиқ баҳоланадиган суммага камайтирилади.
Эътибор беринг
Агар бошқа стандартларда шартноманинг алоҳида компонентларини қандай ажратиш ва/ёки дастлаб баҳолаш кераклиги кўрсатилмаган бўлса, 15-МҲХС (IFRS)ни қўлланг .
Мисол
15-МҲХС (IFRS)нинг шартноманинг бир қисмига татбиқ қилиниши

Лизинг берувчи ташкилот кейинчалик лизинг объектига сервис хизмат кўрсатиш шарти билан лизинг шартномасини тузди.

Бевосита лизингга тааллуқли бўлган шартнома қисми «Ижара» 16-МҲХС (IFRS)га мувофиқ ҳисобга олиниши керак.

Ушбу шартноманинг сервис хизматига тааллуқли бўлган қисми эса 15-МҲХС (IFRS)га мувофиқ ҳисобга олинади.

15-МҲХС (IFRS) шунингдек ташкилотнинг одатий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа номолиявий активлар (асосий восита объектлари, кўчмас мулк, номоддий активлар)ни сотиш шартномаларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Мазкур ҳолларда:

  • активнинг тан олиниши қачон тугатилиши лозимлиги ва
  • унинг чиқиб кетишидан даромад ёки зарар қандай суммада тан олинишини

аниқлаб олишингиз керак.

Қайси ҳолларда шартномавий актив ва қайси ҳолларда шартномавий мажбурият юзага келади

Тушумни тан олишдан мақсад – харидорларга ваъда қилинган товар ва хизматлар уларга топширилганлигини акс эттириш. Тушум суммаси, ташкилотнинг тахмин қилишича, берилган товарлар ва хизматлар эвазига олиш ҳуқуқига эга бўладиган қоплашни акс эттириши керак .

Тушум тўғри тан олиниши учун шартнома шартлари ҳамда у билан боғлиқ бўлган барча ўринли фактлар ва ҳолатлар таҳлил қилиниши лозим .

Товар ёки хизмат сотувчисида харидор билан шартнома тузилганидан кейин шартномавий актив ёки шартномавий мажбурият юзага келиши мумкин.

Шартномавий актив – харидорга берилган товарлар ёки хизматлар эвазига ташкилотнинг ҳақ олиш ҳуқуқи бўлиб, у маълум вақт даври тугаши фактидан бошқа нимагадир боғлиқ бўлади.

Шартномавий актив, мисол учун, ташкилот харидорга қандайдир маҳсулот етказиб берган бўлиб, бироқ у учун ҳақ олиниши шартнома билан назарда тутилган бошқа маҳсулот (хизмат)нинг етказилишига боғлиқ бўлган вазиятда юзага келиши мумкин.

Эътибор беринг

Шартномавий активни дебиторлик қарздан фарқлай олишингиз лозим. Шартномавий активдан фарқли ўлароқ дебиторлик қарз – бу қоплашга бўлган сўзсиз ҳуқуқдир. Бундай қоплаш мажбурийга айланадиган пайтнинг кириши фақатгина вақт ўтишига боғлиқдир.

Бошқача айтганда, ҳисоботда акс эттирилган дебиторлик қарз товар ёки хизматларни етказиб бериш мажбурияти бажарилганлигини кўрсатиб, бунинг учун ҳақ олиниши – фақатгина вақтга боғлиқ.

Мисол
Шартномавий активнинг тан олиниши

Сотувчи 1-сон ва 2-сон товарларни етказиб беришга 500 млн сўмлик шартнома тузди. 1-сон товарни сотиш нархи – 200 млн сўм, 2-сон товарники – 300 млн сўм. Сотувчининг ҳақ олишга оид сўзсиз ҳуқуқи фақат 1-сон ва 2-сон товарлар устидан назорат биргаликда топширилганидан кейингина юзага келади.

Шартнома бўйича ҳақни харидор унга 1-сон ва 2-сон товарлар берилганидан кейин тўлайди.

15 март куни харидорга 1-сон товар берилмоқда:

Дт «Шартномавий актив» – 200

Кт «Тушум» – 200

3 апрель куни харидорга 2-сон товар берилиб, шартнома бўйича ҳақ олишга доир сўзсиз ҳуқуқ юзага келади:

Дт «Дебиторлик қарз» – 500

Кт «Шартномавий актив» – 200

Кт «Тушум» – 300

5 апрель куни сотувчи ҳисобрақамига ҳақ келиб тушади:

Дт «Пул» – 500

Кт «Дебиторлик қарз» – 500

Шартномавий мажбурият – ташкилотнинг улар учун харидордан ҳақ олинган (ёки берилиши керак бўлган) товар ёки хизматларни топшириш мажбурияти.

Бўнак тўловини олган бўлса, сотувчида товарни етказиб бериш бўйича шартномавий мажбурият пайдо бўлади ва у товар етказиб берилган вақтда, бир вақтнинг ўзида тушумнинг тан олиниши билан тугатилади.

Мисол
Шартномавий мажбуриятни тан олиш

1 февраль куни ташкилот 30 мартда товар етказиб беришга 100 млн сўмлик шартнома тузди. Шартномада 15 февралда бўнак тўлаш назарда тутилган.

Мазкур шартнома томонларнинг келишувига биноан бекор қилиниши мумкин.

15 февраль куни бўнак тўлови келиб тушди:

Дт «Пул» – 100

Кт «Шартномавий мажбурият» – 100

30 март куни сотувчи томонидан товар етказиб бериш мажбурияти бажарилди:

Дт «Шартномавий мажбурият» – 100

Кт «Тушум» – 100

Тушумни тан олиш учун қилинадиган амаллар 

Харидор билан тузилган шартнома бўйича тушумни 15-МҲХС (IFRS)га мувофиқ тан олиш учун қуйидаги беш босқичдан ўтиш керак:

1. Харидор билан тузилган шартномани идентификациялаш;

2. Шартнома доирасида бажарилиши керак бўлган мажбуриятларни идентификациялаш;

3. Битим баҳосини аниқлаш;

4. Битим баҳосини бажарилиши керак бўлган мажбуриятларга тақсимлаш;

5. Шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилган (ёки бажарилаётган) пайтда тушумни тан олиш.

Ушбу беш босқичдан барча ташкилотлар ўтиши шарт эмас. Агар харидорлар билан сотиш шартномаларини оддий, яъни ҳеч қандай опциялар, чегирмалар, қўшимча ҳақлар ва бошқа хусусиятларсиз тузаётган бўлсангиз, у ҳолда тўғридан-тўғри 5-«Тушумни тан олиш пайти» босқичига ўтасиз.

Тушумни тан олиш босқичлари ҳақида «Шартнома ва шартномавий мажбуриятларни идентификациялаш»«Битим баҳосини аниқлаш», «Битим баҳосини шартнома мажбуриятларига тақсимлаш», «Тушум қачон тан олинади» мақолаларида ўқишингиз мумкин.

Экспертларнинг тушунтиришлари уларнинг фикрини акс эттириб, Сизга мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборий асос яратиб беради.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал