Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг олдинги таҳрири
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг
олдинги таҳрири
ЎзР 20.10.2025 й. ЎРҚ-1089-сон Қонунидан олдинги таҳрири
76-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота(она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади. Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота(она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Қаранг: МЖТКнинг 198-2-моддаси; ЖКнинг 232-моддаси
ЎзР 07.02.2024 й. ЎРҚ-905-сон Қонунидан олдинги таҳрири
202-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари асосида қатъий ҳисобда турадиган, маълум серияси, тартиб рақами бўлган, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг муҳри ва мансабдор шахснинг имзоси қўйилган, давлат герби тасвирланган гувоҳномалар берилади.
ЎзР 06.05.2023 й. ЎРҚ-838-сон Қонунидан олдинги таҳрири
203-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Фуқаролик ҳолати далолатномалари туман ва шаҳарларда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этилади, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда эса, ўлим - фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) томонидан ҳам қайд этилиши мумкин. (ЎзР 14.09.2010 й. ЎРҚ-255-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
ЎзР 11.04.2023 й. ЎРҚ-829-сон Қонунидан олдинги таҳрири
80-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади. (ЎзР 14.09.2017 й. ЎРҚ-446-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
170-модда матнининг олдинги таҳрири
Фарзандликка олинганнинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, шунингдек ўн олти ёшга тўлган фарзандликка олинган бола фарзандликка олишни суд тартибида бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга. (ЎзР 14.09.2017 й. ЎРҚ-446-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)
ЎзР 17.05.2022 й. ЎРҚ-770-сон Қонунидан олдинги таҳрири
117-модда матнининг олдинги таҳрири
Эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
118-модда биринчи қисм учинчи хатбошининг олдинги таҳрири
ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган болага қараган ёрдамга муҳтож собиқ хотин (эр);
ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунидан олдинги таҳрири
159-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги нотариал тасдиқланган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола жойлашган муассаса раҳбари томонидан ёки фарзандликка олиш амалга оширилаётган жойдаги ёхуд ота-она яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тасдиқланган аризада баён этилган бўлиши керак, шунингдек фарзандликка олиш тўғрисида иш юритилаётганда бевосита судда баён этилиши мумкин. (ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)
174-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Васийлик ёки ҳомийлик васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг яшаш жойи бўйича, агар шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаса, васийнинг ёки ҳомийнинг яшаш жойи бўйича белгиланади.
205-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши лозим.
212-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Никоҳни қайд этиш никоҳланувчи шахслардан бирининг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилади.
215-модда. Никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома.
Ҳужжатларга қўйиладиган белгилар
Никоҳ тузилганлиги қайд этилганидан кейин никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.
Шу билан бир вақтда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга никоҳ қайд этилганлиги тўғрисида белги қўйилади.
Эр-хотиндан бирининг фамилияси ўзгарганда шахсни тасдиқловчи ҳужжатга уни алмаштириш лозимлиги тўғрисида белги қўйилади.
223-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади.
223-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорига асосан ўлимни қайд этиш мазкур қарорни чиқарган суд жойлашган ердаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади.
225-модда матнининг олдинги таҳрири
Ўлимни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори, шунингдек марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.
226-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи ўн олти ёшга тўлгандан кейин у яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилади.
228-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида тузилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларига тузатишлар киритиш ҳақидаги аризалар ариза берувчининг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида кўриб чиқилади.
ЎзР 21.10.2021 й. ЎРҚ-723-сон Қонунидан олдинги таҳрири
152-модда биринчи қисм олтинчи хатбошининг олдинги таҳрири
қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар.
152-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустаснодир.
ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонунидан олдинги таҳрири
6-модда. Оилавий муносабатларга нисбатан
фуқаролик қонун ҳужжатларининг қўлланилиши
Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган оила аъзолари ўртасидаги мулкий ва шахсий номулкий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларнинг моҳиятига зид келмаган тақдирдагина қўлланилади.
7-модда. Оила тўғрисидаги ва фуқаролик қонун
ҳужжатларининг ўхшашлик бўйича қўлланилиши
Оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тартибга солинмаган ва бундай муносабатларни бевосита тартибга солувчи Фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, моҳияти жиҳатидан ушбу муносабатларга зид келмайдиган оила тўғрисидаги ва (ёки) фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормалари (қонун ўхшашлиги) қўлланилади. Бундай нормалар бўлмаган тақдирда оила аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари оила ҳамда фуқаролик ҳуқуқининг умумий тамойилларига таянган ҳолда (ҳуқуқ ўхшашлиги), шунингдек инсонийлик, оқиллик ва адолат тамойилларига амал қилган ҳолда белгиланади.
89-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Болаларни тарбиялаш билан боғлиқ ишларга доир суднинг ҳал қилув қарорлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ижрочиси томонидан ижро қилинади. (ЎзР 16.10.2017 й. ЎРҚ-448-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
99-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак. (ЎзР 03.12.2019 й. ЎРҚ-586-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)
110-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак. (ЎзР 03.12.2019 й. ЎРҚ-586-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
114-модда матнининг олдинги таҳрири
Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро этилади. (ЎзР 12.12.2003 й. 568-II-сон Қонуни таҳриридаги модда матни) (Олдинги таҳририга қаранг)
119-модда матнининг олдинги таҳрири
Эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. (ЎзР 03.12.2019 й. ЎРҚ-586-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)
144-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда амалга оширилади. (ЎзР 03.12.2019 й. ЎРҚ-586-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
144-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Индексация қилиш мақсадида алиментнинг миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. (ЎзР 03.12.2019 й. ЎРҚ-586-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
ЎзР 10.03.2020 й. ЎРҚ-608-сон Қонунидан олдинги таҳрири
96-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. (ЎзР 12.12.2003 й. 568-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
ЎзР 06.01.2020 й. ЎРҚ-600-сон Қонунидан олдинги таҳрири
202-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Гербли гувоҳнома беришда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб ва миқдорда давлат божи ҳамда герб йиғими ундиради.
ЎзР 03.12.2019 й. ЎРҚ-586-сон Қонунидан олдинги таҳрири
99-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак. (ЎзР 09.01.2018 й. ЎРҚ-459-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
ЎзР 28.08.2019 й. ЎРҚ-558-сон Қонунидан олдинги таҳрири
15-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.
ЎзР 18.04.2018 й. ЎРҚ-476-сон Қонунидан олдинги таҳрири
204-модда матнининг олдинги таҳрири
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарлари фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларининг архивларида етмиш беш йил сақланади. Ушбу муддат ўтгач, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарлари Ўзбекистон Республикасининг Марказий архивига ўтказилади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари архивларининг фаолиятини ташкил этиш, шунингдек уларда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарларини сақлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
ЎзР 20.01.2014 й. ЎРҚ-365-сон Қонунидан олдинги таҳрири
173-модда матнининг олдинги таҳрири
Васийлик ва ҳомийлик ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таъминот бериш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, шунингдек бундай болаларнинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланади.
174-модда. Васийлик ва ҳомийликни белгиловчи органлар
Васийлик ва ҳомийлик туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.
Васийлик ва ҳомийлик васий ёки ҳомий тайинланишга муҳтож бўлган шахс яшаётган жойда, агар шахснинг муайян яшаш жойи бўлмаса, васий ёки ҳомий яшаётган жойда белгиланади.
175-модда. Васийлик ва ҳомийлик
вазифаларини амалга ошириш
(ЎзР 21.12.2011 й. ЎРҚ-311-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)
Васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга ошириш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан - халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларига, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан - соғлиқни сақлаш бўлимларига, соғлиғининг ёмонлиги сабабли ҳомий тайинланишига муҳтож муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан - меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари зиммасига юклатилади.
ЎзР 30.04.2013 й. ЎРҚ-352-сон Қонунидан олдинги таҳрири
15-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳлоувчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириш мумкин.
17-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Эллик ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади. (Мазкур қисм ЎзР 07.09.2009 й. ЎРҚ-214-сон Қонунига мувофиқ киритилган)
107-модда матнининг олдинги таҳрири
Вояга етмаган болани ота-онасидан олиб, уни болалар тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини чиқаришда ёхуд ота ва онанинг ҳар биридан мазкур муассаса фойдасига ушбу Кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорларда алимент ундириши мумкин.
151-модда матнининг олдинги таҳрири
Фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва уларнинг манфаатларинигина кўзлаб йўл қўйилади.
Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига биноан ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилади.
155-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Фарзандликка олиш учун боланинг розилиги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан аниқланади.
159-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ота-онанинг боланинг фарзандликка олинишига розилиги ёзма шаклда баён этилиши керак.
159-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири
Фарзандликка олиш тўғрисида қарор чиқарилгунга қадар ота-она ўз розилигини қайтариб олишга ҳақлидир.
164-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Фарзандликка олувчилар боланинг туғилиши қайд этилган дафтарга унинг ота-онаси деб ёзилиши керак.
171-модда. Фарзандликка олишни ҳақиқий эмас
деб топиш ва бекор қилиш тартиби
Фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибида йўл қўйилади. Бу тоифадаги ишларни ҳал қилишда ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади.
Фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ёки фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин уч кундан кечиктирмай суд шу қарордан кўчирмани боланинг фарзандликка олиниши тўғрисида қарор чиқарган шаҳар, туман ҳокимига юбориши шарт.
172-модда номининг олдинги таҳрири
172-модда. Фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш
ва фарзандликка олишни бекор қилиш оқибатлари
172-модда биринчи қисмининг олдинги таҳрири
Суд томонидан фарзандликка олиш ҳақиқий эмас деб топилганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда фарзандликка олинувчи бола билан фарзандликка олувчиларнинг (фарзандликка олувчиларнинг қариндошлари) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари тугатилади ҳамда бола билан унинг ота-онаси (ота-онанинг қариндошлари) ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар тикланади.
172-модда иккинчи қисмининг олдинги таҳрири
Фарзандликка олиш ҳақиқий эмас деб топилганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда, бола суднинг ҳал қилув қарори билан ота-онасига олиб берилади.
211-модда. Фарзандликка олиш бекор қилинганида
ёки у ҳақиқий эмас деб топилганида суднинг
ҳал қилув қарорларини ижро этиш
Фарзандликка олиш суднинг ҳал қилув қарори билан бекор қилинганида ёки у ҳақиқий эмас деб топилганида, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи фарзандликка олиш ҳақидаги барча ёзувларни бекор қилади ва боланинг туғилиши тўғрисидаги дастлабки ёзувларни тиклайди.
237-модда тўртинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаётган болани фарзандликка олиш фарзандликка олувчи қайси давлатнинг фуқароси бўлса, ўша давлатнинг ваколатли органи томонидан амалга оширилганлиги, агар бола ёки унинг ота-онаси (улардан бири) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан жўнаб кетишдан олдин яшаб турган жойдаги туман, шаҳар ҳокимининг фарзандликка олиш тўғрисидаги рухсатини олдиндан олган бўлсагина, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.
ЎзР 21.12.2011 й. ЎРҚ-311-сон Қонунидан олдинги таҳрири
175-модда матнининг олдинги таҳрири
Васийлик ва ҳомийлик вазифаларини амалга ошириш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан - халқ таълими бўлимларига, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан - соғлиқни сақлаш бўлимларига, соғлиғининг ёмонлиги сабабли ҳомий тайинланишига муҳтож муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан - меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари зиммасига юклатилади. (ЎзР 09.09.2010 й. ЎРҚ-254-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)
ЎзР 14.09.2010 й. ЎРҚ-255-сон Қонунидан олдинги таҳрири
47-модда матнининг олдинги таҳрири
Никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан, никоҳдан судда ажратилганда эса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб никоҳ тугатилади.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори нусхаси никоҳдан ажратганлик тўғрисидаги гувоҳномага тенглаштирилади. Ҳал қилув қароридан нусха беришда ушбу Кодекснинг 45-моддасига мувофиқ давлат божи ундирилади ҳамда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга никоҳда ажратганлик ҳақида белги қўйилади.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида суд никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига ушбу қарордан кўчирма юбориши шарт.
ЎзР 16.04.2008 й. ЎРҚ-153-сон Қонунидан олдинги таҳрири
149-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар борлигидан хабардор бўлган муассасалар (мактабгача тарбия муассасалари, умумтаълим муассасалари, даволаш ва бошқа муассасалар)нинг мансабдор шахслари ва бошқа фуқаролар бу ҳақда болалар турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига хабар беришлари шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи бундай хабарни олган кундан бошлаб уч кун ичида боланинг турмуш шароитини текшириб чиқиши шарт бўлиб, бунда бола ота-она ёки қариндошлари қарамоғидан маҳрум бўлганлиги аниқланса, уни жойлаштириш масаласи ҳал бўлгунга қадар боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.
ЎзР 06.04.2007 й. ЎРҚ-84-сон Қонунидан олдинги таҳрири
49-модда матнининг олдинги таҳрири
Ушбу Кодекснинг 14-16-моддаларида ҳамда 17-моддасининг учинчи қисмида белгиланган шартлар бузилган тақдирда, шунингдек сохта никоҳ, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай тузган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.
ЎзР 12.12.2003 й. 568-II-сон Қонунидан олдинги таҳрири
114-модда матнининг олдинги таҳрири
Алимент ундириш тўғрисидаги суд қарори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро этилади.
135-модда учинчи қисмининг олдинги таҳрири
Алиментнинг ихтиёрий равишда тўлаб турилиши алимент ундирувчини хоҳлаган вақтда алимент ундириш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
136-модда иккинчи ва учинчи қисмларининг олдинги таҳрири
Алимент даъво тақдим этилган кундан бошлаб ундирилади.
Суд томонидан даъвогар алимент ундириш учун барча чораларни кўришига қарамай, жавобгар уни тўлашдан бош тортгани сабаб; алимент ундира олмаганини, шунингдек даъвогар оилани сақлаб қолиш мақсадида ёки бошқа узрли сабаблар билан ўз вақтида даъво тақдим қилмаганлигини аниқланса, суд иш ҳолатларига қараб ўтган вақт учун, аммо уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга алимент ундириши мумкин.
ЎзР 13.12.2002 й. 447-II-сон Қонунидан олдинги таҳрири
17-моддаси матнининг олдинги таҳрири
Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек тиббий-ирсий ҳамда оилани режалаштириш масалалари бўйича маслаҳат бериш никоҳланувчи шахсларнинг розилиги билан давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан амалга оширилади.
Никоҳланувчи шахсни кўрикдан ўтказиш натижалари шифокор сири ҳисобланади ва у никоҳланувчи шахсга фақат кўрикдан ўтган шахснинг розилиги билан билдирилиши мумкин.
Башарти, никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одам иммунитети тақчиллиги вируси (ОИТС инфекцияси) борлигини бошқасидан яширган бўлса, шу шахс никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиб судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter