Ўзбекистон Республикасининг 03.07.2018 й. ЎРҚ-482-сон "Медиация тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.06.2018 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.06.2018 й. маъқулланган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
03.07.2018 й.
N ЎРҚ-482
МЕДИАЦИЯ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган
Ушбу Қонуннинг мақсади медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Медиация тўғрисидаги қонунчилик
(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)
Медиация тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг медиация тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари) ўртасидаги муносабатлардан, суғурта шартномасидан юзага келадиган муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
медиация - келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули;
медиатор - медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс;
медиатив келишув - медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув - тарафларнинг тузилган пайтдан эътиборан медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган келишуви;
медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув - низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишуви.
Медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.
Медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас.
Медиация иштирокчилари ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас, шунингдек улардан медиацияга тааллуқли ахборотни талаб қилиб олиш мумкин эмас, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Медиация тарафларнинг медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда ифодаланган ўзаро ихтиёрий хоҳиш-истаги бўлган тақдирда қўлланилади.
Медиация тарафлари медиацияни қўллашдан унинг исталган босқичида воз кечишга ҳақли.
Тарафлар ўзаро мақбул келишувни муҳокама қилиш учун масалаларни танлашда эркиндир.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш вақтида ярашишга мажбурлаш тақиқланади.
8-модда. Тарафларнинг ҳамкорлиги
ва тенг ҳуқуқлилиги принципи
Медиация тартиб-таомили медиатив келишув шартларига бир томонлама таъсир кўрсатишни истисно этган ҳолда амалга оширилиши керак.
Медиация тартиб-таомили низо хусусида тарафларнинг ҳамкорлиги асосида ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида амалга оширилади.
Медиация тарафлари медиаторни, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартибини, медиация тартиб-таомилидаги ўз нуқтаи назарини, бу нуқтаи назарни ҳимоя қилиш усуллари ва воситаларини танлашда, ахборот олишда, медиатив келишув шартларининг ўзаро мақбуллигини баҳолашда тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда уларнинг зиммасида тенг мажбуриятлар бўлади.
9-модда. Медиаторнинг мустақиллиги
ва холислиги принципи
Медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиатор мустақилдир. Медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиаторнинг фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.
Медиатор холис бўлиши, медиация тартиб-таомилини тарафларнинг манфаатларини кўзлаб амалга ошириши ва медиацияда уларнинг тенг иштирокини таъминлаши, тарафларга ўз мажбуриятларини бажариши ҳамда ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши керак. Медиаторнинг мустақиллиги ва холислигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, у медиация тартиб-таомилини амалга оширишдан воз кечиши керак.
9-1-модда. Медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги медиация соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
ўз ваколатлари доирасида медиацияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;
Медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини тасдиқлайди;
Медиаторнинг касбий малакасини ошириш тартибини ҳамда медиаторларни тайёрлаш дастурларини тасдиқлайди;
медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартибини белгилайди ва статистика маълумотларини таҳлил қилади;
Медиаторлар реестрига киритиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш тартибини тасдиқлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди.
Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
9-2-модда. Медиаторлар малака комиссиялари
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссиялари деб юритилади) Медиаторлар реестрига киритиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш ва медиаторларнинг интизомий жавобгарлиги билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.
Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари билан етти нафар аъзодан иборат бўлган таркибда тузилади.
Малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссияси (бундан буён матнда Олий малака комиссияси деб юритилади) тузилади.
Олий малака комиссияси адлия вазирининг буйруғи билан тўққиз нафар аъзодан иборат бўлган таркибда тузилади.
Малака комиссиялари ва Олий малака комиссияси таркибига келишувга кўра медиаторлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, адлия органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқ соҳасида тажрибага эга бўлган ходимлари жалб этилади.
9-3-модда. Медиаторлар реестрини юритиш
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Медиаторлар реестри юритилади, мазкур реестр уларнинг расмий веб-сайтларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Шахснинг малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтиши (бундан нотариуслар ва адвокатлар мустасно) уни Медиаторлар реестрига киритиш учун асос бўлади.
Медиаторлар реестрида қуйидагилар бўлиши керак:
медиаторнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
медиатор билан алоқа боғлаш учун унинг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар;
медиаторнинг маълумоти (мутахассислиги);
медиатор ихтисослашган медиация соҳаси;
медиатор медиация тартиб-таомилини амалга оширишга қодир бўлган тил;
медиаторнинг фаолияти тўхтатиб турилганлиги, тикланганлиги ёки медиатор реестрдан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.
2-БОБ. МЕДИАЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИ ҲАМДА
УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.
Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин.
Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.
11-модда. Медиация тарафларининг
ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Медиация тарафлари:
медиаторни ихтиёрий равишда танлашга;
медиатордан воз кечишга;
медиациянинг исталган босқичида унда иштирок этишдан воз кечишга;
медиация тартиб-таомилини амалга оширишда қонунчиликда белгиланган тартибда шахсан ёки ўз вакиллари орқали иштирок этишга ҳақли.
Медиация тарафлари ўз ўрталарида тузилган медиатив келишувни ушбу келишувда назарда тутилган тартибда ва муддатларда бажариши шарт.
Медиация тарафлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Олий маълумотга эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, малака имтиҳонини топширган ва Медиаторлар реестрига киритилган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасида медиаторлик фаолиятини амалга ошириши мумкин. Ўзбекистон Республикасида адвокат ёки нотариус мақомига эга бўлган шахсларнинг малака имтиҳонини топшириши талаб этилмайди.
Қуйидагилар медиатор бўлиши мумкин эмас:
давлат хизматида турган шахс, бундан педагогик, илмий, ижодий, нотариал фаолият билан шуғулланувчи шахс мустасно;
муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс.
Медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди.
12-1-модда. Медиаторлар реестрига киритиш
бўйича малака имтиҳонини ўтказиш
Олий маълумотга эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, Медиаторлар реестрига кириш истагини билдирган шахс малака комиссияларида малака имтиҳонини топшириши шарт. Малака имтиҳони саволлари медиаторларни тайёрлаш дастури асосида ўқитилган мавзулар доирасида бўлади.
Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран топширишга камида уч ой ўтгач қўйилади.
Медиатор:
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида бир вақтнинг ўзида ҳам тарафларнинг барчаси билан, ҳам тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказишга, уларга низони ҳал этишга доир оғзаки ва ёзма тавсиялар беришга;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириши муносабати билан сарфлаган харажатларининг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.
қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва Медиаторнинг касб этикаси қоидаларига риоя этиши;
ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб бориши, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда уч йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши, бундан нотариус ва адвокат мақомига эга бўлган медиаторлар мустасно;
медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида фақат медиация тарафларининг розилиги билан ҳаракат қилиши;
низо юзасидан ўзаро мақбул келишувга эришишга тарафларни ишонтиришнинг қонуний воситалари ва усулларидан фойдаланиши;
ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда ва намунада статистик маълумотларни тақдим этиб бориши;
ўзининг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса ёки юзага келса, бу ҳақда тарафларга маълум қилиши шарт.
Медиатор қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик талаблари, Медиаторнинг касб этикаси қоидалари бузилганлиги унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.
Интизомий иш юритиш малака комиссияларининг қарори билан қўзғатилади.
Интизомий иш юритишни қўзғатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик талабларининг, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларининг бузилиши ҳоллари;
суднинг медиаторга нисбатан чиқарган хусусий ажрими.
Интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижаларига кўра медиаторга нисбатан малака комиссиялари томонидан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:
огоҳлантириш;
медиатор фаолиятини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш;
медиаторни Медиаторлар реестридан чиқариш.
Медиаторга нисбатан интизомий жазо чораси ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан, давом этаётган хатти-ҳаракатларда эса улар аниқланган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
Агар нотариус ёки адвокат мақомига эга бўлган медиатор айни бир ножўя хатти-ҳаракат учун нотариат ёки адвокатура тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилган бўлса, медиаторга нисбатан интизомий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмайди.
Медиатор медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижасида етказилган зарар учун қонунчиликда белгиланган тартибда тарафлар олдида жавобгар бўлади.
14-модда. Медиаторнинг фаолиятини
тўхтатиб туриш ёки тиклаш
Медиаторнинг фаолиятини тўхтатиб туриш медиатор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан эътиборан ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд уни реабилитация қилувчи асосларга биноан жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар, медиаторни реестрга киритган адлия органининг қарори билан амалга оширилади.
Медиаторнинг фаолияти медиаторни реестрга киритган адлия органи томонидан медиаторнинг ўз аризасига кўра олти ойгача муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Медиация тўғрисидаги қонунчилик талаблари ёки Медиаторнинг касб этикаси қоидалари бузилганлиги аниқланганда медиаторнинг фаолияти малака комиссияларининг ёки Олий малака комиссиясининг қарори билан олти ойгача муддатга тўхтатиб турилади.
Медиаторнинг фаолиятини тўхтатиб туриш муддати тугагач ёки ушбу модданинг биринчи қисмига асосан медиаторнинг фаолиятини тўхтатиб туриш асослари бартараф этилганидан кейин медиаторнинг фаолияти медиаторни реестрга киритган адлия органининг қарори билан тикланади.
Медиатор Медиаторлар реестридан уни реестрга киритган адлия органи томонидан қуйидаги ҳолларда чиқарилади:
ўз аризасига кўра;
вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда;
муомала лаёқати чекланганда ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
суднинг шахсни бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда;
суднинг медиаторни жиноят содир этишда айбдор деб топиш ҳақидаги айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
давлат хизматига кирганда, бундан педагогик, илмий, ижодий ва нотариал фаолият мустасно;
медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик талаблари, Медиаторнинг касб этикаси қоидалари бузилганлиги туфайли малака комиссияларининг ёки Олий малака комиссиясининг қарорига асосан.
МЕДИАЦИЯ ТАРТИБ-ТАОМИЛИНИ
АМАЛГА ОШИРИШ
Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади.
Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин.
Медиация низони кўриб чиқишга ваколатли органда, ҳакамлик судида ва арбитражда низони кўриш жараёнида ҳам уларнинг қарорлари қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.
Медиацияда иштирок этганлик факти айбни тан олиш далили бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий қисми бўлган шарт тарзида ёки алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилади.
Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда тарафлар ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёки муайян низолар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш йўли билан ҳал этилиши кераклиги ҳақидаги қоида бўлиши лозим.
Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда низо предмети ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларда тарафларнинг иштирок этиш шартлари ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши мумкин.
17-модда. Давлат органининг иш бўйича
медиация тартиб-таомилини амалга
ошириш чоғидаги ҳаракатлари
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, тарафлар томонидан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув низони кўриб чиқишга ваколатли органга тақдим этилганда мазкур орган ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлайди. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомили амалга оширилган тақдирда, уни амалга ошириш даврида ижро ишини юритиш тўхтатиб турилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади.
Судда иш қўзғатилганидан кейин медиация тартиб-таомилини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари процессуал қонунчиликда белгиланади.
Суд муҳокамаси жараёнида, низони ваколатли органда кўриш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув тегишли иш қайси суд ёки ваколатли органнинг иш юритувида турган бўлса, дарҳол ўша судга ёки ваколатли органга юборилади.
Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув ижро ҳужжати ўз иш юритувида бўлган давлат ижрочисига дарҳол юборилади.
Низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши лозим, бундан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиатив келишув тузилган ҳоллар мустасно.
18-модда. Давлат органи иштирокидаги
низода медиацияни қўллаш
Давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тақдирда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши керак.
Медиация тартиб-таомили медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида тарафлар томонидан келишув тузилган кундан эътиборан бошланади.
20-модда. Медиация тартиб-таомилини
амалга ошириш тўғрисидаги келишув
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда:
тарафлар ҳақидаги;
низо предмети тўғрисидаги;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби, медиатор, тарафлар томонидан келишилган мажбуриятлар, уларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги;
медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган тил, жой ва сана тўғрисидаги;
медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган муддат ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.
Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда даъво муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишувга кўра бир ёки бир неча медиаторни танлайди.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби, қоида тариқасида, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади.
Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда медиатор ўзининг ҳаракатлари билан бирор-бир тарафни устун ҳолатга қўйишга, худди шунингдек тарафлардан бирининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклашга ҳақли эмас.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади. Бунда медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши керак. Зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустаcно.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати кўпи билан ўн беш кунни ташкил этади.
Медиация қуйидаги ҳолатлар муносабати билан тугатилади:
тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги;
низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти йўқлиги;
мавжуд ихтилофлар бўйича келишувга эришмай туриб медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилганлиги (медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида ёзма келишув мавжуд бўлган тақдирда);
бирор-бир тарафнинг медиацияни давом эттиришдан воз кечишни маълум қилганлиги;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтганлиги.
Медиацияни қўллаш чоғида медиатор:
айни бир низо бўйича бирор-бир тарафнинг вакили бўлишга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ва унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;
бирор-бир тарафга юридик, маслаҳат ёрдами ёки бошқа ёрдам кўрсатишга;
агар у медиацияни амалга ошириш натижасидан шахсан (бевосита ёки билвосита) манфаатдор бўлса, шу жумладан тарафлардан бири бўлган шахс билан қариндошлик муносабатларида бўлса, медиатор фаолиятини амалга оширишга, бундан унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;
тарафларнинг розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнотлар беришга ҳақли эмас.
Тарафлар, медиатор, шунингдек медиация тартиб-таомилини амалга оширишда ҳозир бўлган бошқа шахслар муҳокаманинг медиация предмети бўлган низо билан боғлиқ бўлган-бўлмаганлигидан қатъи назар, агар тарафлар бошқача қоида ҳақида келишиб олмаган бўлса, муҳокама жараёнида:
тарафлардан бирининг медиацияни қўллаш тўғрисидаги таклифи ҳақидаги, худди шунингдек тарафлардан бири уни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканлиги тўғрисидаги;
низони ҳал этиш эҳтимоли хусусида тарафлардан бири билдирган фикрлар ёки таклифлар ҳақидаги;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш жараёнида тарафлардан бири томонидан билдирилган эътирофлар тўғрисидаги;
тарафлардан бири медиаторнинг ёки иккинчи тарафнинг низони ҳал этиш ҳақидаги таклифини қабул қилишга тайёрлиги тўғрисидаги ахборотни ҳавола қилишга ҳақли эмас.
27-модда. Медиацияга тааллуқли ахборотни
медиатор томонидан ошкор қилиш шарти
Агар медиатор тарафларнинг биридан медиацияга тааллуқли ахборотни олган бўлса, у бу ахборотни фақат уни тақдим этган тарафнинг розилиги билан бошқа тарафга ошкор қилиши мумкин.
Медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкин.
Ҳақ тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш тарафлар томонидан, агар улар бошқача қоида ҳақида келишиб олмаган бўлса, тенг улушларда амалга оширилади.
Медиатор медиация тартиб-таомилини амалга оширишни рад этган тақдирда, у медиация тарафлари томонидан ўзига тўланган пул маблағларини қайтариб бериши шарт.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо, ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.
Давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли.
Медиатив келишувда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
медиатив келишув тарафларининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), шунингдек, агар медиатив келишув вакил томонидан тузилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;
медиатив келишув тарафларининг келишувни бажариш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
медиатив келишув тарафлари томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари.
Медиатив келишув келишувнинг тарафлари томонидан имзоланган ва медиатор томонидан тасдиқланган бўлиши шарт.
Қуйидагиларни назарда тутувчи медиатив келишувни тузишга йўл қўйилмайди:
1) агар унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса;
2) агар унинг шартлари медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қилса ёки дахл қилиши мумкин бўлса.
Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу келишувнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида ижро этиладиган медиатив келишувлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши керак.
Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ва муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда ижро этилади.
Медиатив келишув ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, тарафлар медиатив келишувни мажбурий ижрога қаратишни сўраб судга мурожаат этишга ҳақли.
Медиация соҳасида келиб чиқадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
31-модда. Медиация тўғрисидаги
қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Медиация тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
32-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини,
етказилишини, моҳияти ва аҳамияти
тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
Ушбу Қонун 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2018 йил 4 июль
"Халқ сўзи", 2018 йил 4 июль
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2018 йил 9 июль, 27-сон, 536-модда

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter