Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш Дастури (ЎзР ВМ 28.01.2026 й. 34-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2026 йил 28 январдаги

34-сон қарорига

1-ИЛОВА



Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий

қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида

тарбиялаш самарадорлигини ошириш

ДАСТУРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Янги Ўзбекистон - Учинчи Ренессанс сари" ғояси асосида узлуксиз таълим тизимида маънавий-маърифий, ўқувчи-ёшларни миллий қадриятларга содиқлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур Дастур ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, уларда "Мен ўзбекистонликман" деган фахр туйғусини шакллантириш, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган комил инсонни тарбиялашнинг устувор йўналишларини белгилайди.


2. Дастур давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, давлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларини (кейинги ўринларларда - таълим ташкилотлари) бирлаштирувчи ягона миллий тарбиянинг яхлит тизимини яратиш, Ватанга садоқат ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришнинг вертикал тизимини амалга оширишга қаратилган.

Нодавлат таълим ташкилотлари миллий тарбия тизимини яратиш, ўқувчи ва талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларда ғоявий иммунитетни шаклантиришда ушбу Дастурдан фойдаланиши мумкин.



2-БОБ. ДАСТУРНИНГ МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


3. Дастурнинг мақсади таълим ташкилотларида миллий тарбияни изчил, тизимли ва самарали йўлга қўйиш орқали юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишда қатъий фуқаролик позициясига эга, жаҳолатга қарши маърифат билан курашувчи ёш авлодни вояга етказишдан иборат.


4. Қуйидагилар мактабгача, мактаб, олий таълим тизимида ягона ғоявий тарбияни шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Дастурнинг стратегик ғояси, мақсад ва вазифаларига эришиш учун Ўзбекистоннинг Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш;

ёшларда мустақил ва бахтли ҳаёт учун зарур ижтимоий малака ва кўникмаларни ёшига мос, босқичма-босқич сингдириб боришнинг вертикал тизимини яратиш;

Дастурдаги вазифаларни таълим ташкилотларида амалга ошириш ҳамда мазмунга мос дастур ва режалар ишлаб чиқиш;

ҳар ўқув йилида таълим ташкилотлари учун Дастурдаги устувор йўналишлар асосида узлуксиз давом этувчи маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режасини тасдиқлаш;

ҳафтанинг ҳар душанба куни долзарб мавзулар доирасида таълим ташкилотлари учун узвийлик ва узлуксизликни таъминлашга қаратилган "Келажак соати" дарси ўтилишини йўлга қўйиш;

"Келажак соати" дарси сценарийлари, видеоконтент маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳамда рақамли контент шаклида "milliytarbiya.uz" электрон платформасига жойлаштириш;

ҳар ўқув йилида маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул раҳбар ва педагогларни рағбатлантиришга қаратилган "Миллий қадриятлар тарғиботчиси" республика танловини ўтказиш;

"оила-маҳалла-мактаб" тамойили асосида маҳаллалардаги маънавият, адабиёт, маданият, санъат намояндаларини ўз маҳаллаларидаги боғча ва мактабларга "Миллий мураббий" сифатида уларнинг розилиги асосида жалб этиш.



3-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМЛАРИ


5. Ёш авлодни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш бўйича мактабгача, мактаб, олий таълим тизимида яхлит тизимни яратиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

мактабгача ёшдаги болалар учун миллий қаҳрамон образини яратиш, эртаклар, афсона, достон ва мақоллар асосида мультимедиа маҳсулотларини тайёрлаш, улардан болалар тарбиясида кенг фойдаланиш;

таълим ташкилотларида ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, маънавий-ахлоқий, шахсий фазилатларни шакллантирувчи тренинглар, симуляция, кейслар ва методик тавсияларни амалиётга жорий этиш;

ўқувчи-ёшларда касблар тўғрисидаги тасаввурларни кенгайтириш, уларнинг касбга ва меҳнатга қизиқишини орттириш ҳамда ўз бурч ва вазифаларини виждонан бажариш кўникмаларини ҳосил қилиш;

тарбиянинг миллий ва илғор хорижий тажрибаларидан самарали фойдаланиш, миллий ғоя ва қадриятларни интерфаол, замонавий шаклда сингдириш, тарбиячи ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириб бориш;

Дастур ва Миллий тарбия моделини амалга оширишда "оила - маҳалла -таълим муассасаси", шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш.


6. Дастур қуйидаги механизмлар орқали амалга оширилади:

ёш авлодни рақобатбардош, фидойи ва ватанпарвар, миллий қадриятлар, замонавий билим ҳамда кўникмаларга эга мутахассислар этиб тарбиялашнинг янги миллий технологияси - Ўзбекистоннинг Миллий тарбия модели яратилади;

ёш авлоднинг турли бузғунчи ғоялар, ахборот хуружлари, одоб-ахлоқни бузувчи иллатларга қарши иммунитетини шакллантиришга қаратилган тарбиявий контентлар, тарғибот материалларидан самарали фойдаланилади;

ёш авлодда миллий ватанпарварлик компетенциялари траекториясини белгилаш, кузатиш, ўлчаш, баҳолаш, яхшилаш ва ривожлантиришга қаратилган мониторинг юритилади.


7. Дастур қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:

а) биринчи босқич - мактабгача таълим 3-6 ёшгача бўлган даврни қамраб олади. Бунда:

болаларда миллий ўзлик туйғусининг ривожланиши, ўз хатти-ҳаракатларини бошқариш ва ўзини намоён қилишга интилиш, теварак-атрофга муносабат кўникмалари шакллантирилади;

"Келажак соати" дарси доирасида намунавий иш режаси, болаларнинг ёшига мос хулқ моделларини ўргатишга доир тарбиячилар учун қўлланма, болаларга мўлжалланган зарур кўргазмали воситалар тўпламлари, қизиқарли дидактик материаллар тайёрланади;

болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ота-оналарнинг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида "Фарзандим билан ижод" лойиҳаси амалга оширилади;

б) иккинчи босқич - умумий ўрта таълим тизимида 7-18 ёшгача бўлган даврни қамраб олади;

"Келажак соати" дарси учун намунавий иш режаси, зарур қўлланма ва кўргазмали воситалар тўплами, сценарийлар, матнли, аудио, видеоконтент маҳсулотлар тайёрланади;

ўқувчилар онгида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, ўзига ишонч, мустақил қарор қабул қилиш, соғлом дунёқараш, бағрикенглик, бурч ва масъулият фазилатлари шакллантирилади;

мактаблардаги "Келажак соати" дарсини ўтувчи синф раҳбарлари ҳамда ўқитувчилар учун Миллий тарбия моделини ўргатиш бўйича тренинг ва мақсадли малака ошириш ўқув курслари каскад усулида ташкил этилади;

в) учинчи босқич - ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотлари тизимида 16-22 ёшгача бўлган даврни қамраб олади;

"Келажак соати" дарси учун намунавий иш режаси, зарур қўлланма ва кўргазмали воситалар тўплами, сценарийлар, матнли, аудио, видеоконтент маҳсулотлар тайёрланади;

таълим ташкилотларида тўғри овқатланиш, спорт ва соғломлаштириш дастурларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тадбирларни ўз ичига олган "Соғлом авлод - миллат келажаги" лойиҳаси амалга оширилади;

"Ўзликни англаш" туркумида "Миллий қадриятлар", "Касб маданияти" ва бошқа методик таъминотга ёрдам берувчи ўқув адабиётлари тайёрланади;

ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, талабалар спортини ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида фундаментал, илмий ва инновацион лойиҳалар учун танловлар ўтказилади.



4-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


8. Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида қуйидагиларга эришилади:

таълим тизимида миллий қадриятларга содиқ, маънавий баркамол, фуқаролик позицияси мустаҳкам, жамиятда ўз ўрнини тўлиқ англаган ёш авлодни тарбиялаш борасидаги мафкуравий-тарбиявий йўналиш шакллантирилади;

ватанпарварликни асосий қадрият сифатида қабул қилувчи маданий муҳитни шакллантириш ва ёшлардаги мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш имкони яратилади;

таълим-тарбия соҳасида масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади;

мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган узлуксиз таълим тизимида ягона миллий тарбия тизими яратилади;

таълим ташкилотларида тарбия модели методик комплекслар ва фанлараро дастурлар билан узвий боғлиқ ҳолда жорий этилади.


9. Дастур Янги Ўзбекистонда ёш авлодни маънавий юксалтириш, кенг дунёқарашга эга бўлиши, ватанпарвар ва жамиятда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси асосида тарбиялашга хизмат қилади.



5-БОБ. ДАСТУРНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ


10. Дастурнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, умумий мувофиқлаштириш, республикада таълим ташкилотлари ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.


11. Дастурни амалга ошириш мониторинги натижалари тўғрисидаги маълумотлар белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 29 январь