Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Илмий фаолият соҳасидаги ташкилотларни лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.02.2026 й. 65-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2026 йил 17 февралдаги

65-сон қарорига

ИЛОВА



Илмий фаолият соҳасидаги

ташкилотларни лаборатория асбоб-ускуналари,

сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар

билан таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом илмий фаолият соҳасидаги ташкилотларда (кейинги ўринларда - ташкилот) бажариладиган илмий-тадқиқот учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилиш ҳамда сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:


асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш - ташкилотнинг илмий бўлинмасига харид қилинган асбоб-ускунани етказиш, ўрнатиш, жиҳозлаш ва қўшимча жиҳозлаш билан боғлиқ таъминот ишларини амалга ошириш;


давлат илмий дастурлари - давлат буюртмаси асосида бажариладиган фундаментал ёки амалий тадқиқот лойиҳаларини ўз ичига олган ва илмий фаолиятга оид давлат дастурлари, давлат мақсадли дастурлари ҳамда ҳудудий дастурлар;


докторлик диссертацияси - тегишли илмий даражани олиш мақсадида тайёрланган ва муайян илмий муаммонинг ечимига қаратилган илмий-тадқиқот иши;


илмий-тадқиқот - муайян мавзу бўйича олиб борилиши режалаштирилган, кутилаётган натижалар, календарь - режаси ҳамда ижрочилар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, ташкилотнинг Илмий кенгаши ёки шунга тенг ваколатга эга бўлинмаси билан келишилган тадқиқот;


илмий-тадқиқот дастури - ташкилотнинг муайян давр учун бир мавзу (йўналиш)даги илмий-тадқиқотларни ўз ичига олган ва белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилот томонидан тасдиқланган ҳужжат;


илмий-тадқиқотни моддий жиҳатдан таъминлаш - бажариладиган илмий-тадқиқотлар учун зарур бўлган асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, сарфлов материаллари ҳамда бутловчи қисмларни харид қилиш ва ўрнатиш;


илмий-тадқиқот раҳбари - белгиланган муддат ва ажратилган молиялаштириш доирасида илмий-тадқиқотнинг олдига қўйилган мақсадга эришиш учун режалаштириш, ташкил этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш ишларига масъул бўлган шахс;


марказлашган давлат хариди - илмий-тадқиқот раҳбарининг белгиланган тартибда тақдим этадиган аризасига кўра илмий-тадқиқотни моддий жиҳатдан таъминлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган харидлар;


мустақил равишда харид - илмий-тадқиқот раҳбарининг белгиланган тартибда тақдим этадиган аризасига кўра илмий-тадқиқотни моддий жиҳатдан таъминлаш учун илмий-тадқиқот бажариладиган ташкилот томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача бўлган давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган харидлар;


махсус ахборот тизими - илмий лаборатория асбоб-ускуналари бўйича буюртмаларни шакллантириш, тақдим этиш, қабул қилиш, кўриб чиқиш ва уларнинг ҳисобини юритиш имконини берувчи дастурий таъминот.


3. Илмий-тадқиқот Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан моддий жиҳатдан таъминланади.


4. Илмий фаолият йўналишлари бўйича хариди маъқулланган буюртмалар рўйхати Жамғарма кузатув кенгашига тасдиқлаш учун киритилади (давлат илмий дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал ва амалий тадқиқотлар йўналиши бундан мустасно).


5. Жамғарма маблағлари ҳисобидан илмий-тадқиқотни моддий жиҳатдан таъминлаш билан боғлиқ харид (кейинги ўринларда - харид) икки хил усулда (марказлашган давлат хариди ёки мустақил равишда харид) қуйидаги илмий фаолият йўналишлари доирасида амалга оширилади:

давлат илмий дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал ва амалий тадқиқотлар (кейинги ўринларда - илмий лойиҳа);

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланаётган илмий бўлинманинг (лаборатория) юқори турувчи ташкилоти томонидан тасдиқланган илмий-тадқиқот дастури доирасида муайян мавзулардаги (кейинги ўринларда - илмий мавзу) тадқиқотлар;

икки ва ундан ортиқ бўлган докторантларнинг диссертациялари бўйича тадқиқотлар (кейинги ўринларда - диссертация тадқиқоти).


6. Қуйидаги масъуллар томонидан харид учун ариза амалга оширилади:

илмий лойиҳада - лойиҳа раҳбари;

илмий мавзуда - илмий бўлинма раҳбари ёки илмий-тадқиқот дастурида тегишли илмий мавзуга раҳбарлик қилиши белгиланган шахс;

диссертация тадқиқотида - докторантларнинг илмий раҳбари ёки ўзаро келишилган ҳолда илмий даража ва унвонга эга бўлган докторантлар бири.


7. Харидлар бўйича аризаларни қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва ҳисоботини юритиш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ХАРИДЛАР БЎЙИЧА АРИЗАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


8. Аризада илмий фаолият йўналишларини кўрсатган ҳолда марказлашган давлат хариди ёки мустақил равишда харид усулларидан бирини амалга ошириш кўрсатилади.


9. Ариза, махсус ахборот тизимида маълум бир илмий фаолият йўналишидаги тадқиқотни бажаришга масъул ташкилот раҳбари томонидан келишилгач, юборилади.


10. Харидлар бўйича аризалар илмий-тадқиқот раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) махсус ахборот тизими орқали юборилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда - ЯИДХП) шахсий кабинет ва давлат хизматлари марказлари орқали илмий-тадқиқотлар учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш давлат хизматини кўрсатиш бўйича ҳам ариза юбориш имконияти яратилади.

Бунда аризалар ЯИДХП орқали юборилганда, ариза унинг масъул ташкилот раҳбари билан келишилганини тасдиқловчи ҳужжат бириктирилади.


11. ЯИДХП орқали ариза юборилганда, ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намунадаги сўровнома электрон равишда тўлдирилади.

Сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.


12. Марказлашган давлат хариди учун аризага махсус ахборот тизими орқали қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ташкилотнинг коллегиал органи томонидан (коллегиал орган мавжуд бўлмаган тақдирда, ташкилот ходимларининг кенгайтирилган йиғилишида) харидни амалга ошириш бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма;

ушбу Низомга 3, 4, 5-иловаларга мувофиқ шаклдаги рўйхат;

ҳар бир харид бўйича алоҳида ишлаб чиқилган техник топшириқ;

харид бўйича олинган камида иккита дастлабки тижорат таклифлари;

дастлабки тижорат таклифлари асосида тузилган рақобат варақаси;

фан йўналишлари бўйича илмий-техник кенгаш баённомаси (давлат илмий дастурларидаги илмий лойиҳалар бўйича харидлар учун);

ташкилотда харид учун масъул ишчи гуруҳ таркиби тўғрисида маълумот.


13. Агентлик қабул қилинган аризалар бўйича шакллантирилган буюртмаларни 10 иш куни ичида ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини, шунингдек, аризага илова қилинган ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ расмийлаштирилганини кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижалари бўйича маъқулланган аризалар махсус ахборот тизими орқали Харид комиссиясига юборилади.


14. Кўриб чиқиш жараёнида ушбу Низом талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаган аризалар Агентлик томонидан махсус ахборот тизими орқали қайта ишлаш учун илмий-тадқиқот раҳбарига юборилади.


15. Тақдим этилган ариза қуйидаги ҳолларда Агентлик томонидан рад этилади:

ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри расмийлаштирилмаганда, жумладан, зарур имзо, муҳр ва штамплар мавжуд бўлмаганда;

ушбу Низомнинг 12-бандида талаб этилган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаганда;

ариза ушбу Низомнинг 21, 25 ва 29-бандларида белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

ёлғон ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилганда.


16. Рад этилган аризадаги камчиликлар бартараф этилгандан сўнг ариза белгиланган муддатларда қайта топширилиши мумкин.


17. Коллегиал органнинг қароридан кўчирма аризани келишиш мобайнида ташкилот раҳбари белгилаган ходим томонидан махсус ахборот тизимига юкланади.


18. Илмий-тадқиқотларни экспертизадан ўтказган тегишли Илмий кенгаш аризада кўрсатилган харидни кўриб чиққан ва муҳокама қилган бўлиши лозим.

Кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш натижалари Илмий кенгашнинг баённомасида батафсил кўрсатилади ва харид бўйича қарор белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


19. Харид бўйича техник топшириқ ва дастлабки тижорат таклифлари илмий-тадқиқот бўйича ҳужжатларда назарда тутилган асбоб-ускуналарга мувофиқ ишлаб чиқилади.


20. Ташкилотдаги харид бўйича масъул ишчи гуруҳ таркиби харид қилинадиган асбоб-ускуналарни ўрнатиш, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлашга масъул мутахассислардан иборат бўлади.



1-§. Давлат илмий дастурларидаги илмий лойиҳалар

бўйича харидлар учун ариза ва ҳужжатларни

шакллантиришга оид талаблар


21. Илмий лойиҳа учун харидлар бўйича ариза илмий лойиҳа бошлангандан сўнг лойиҳани бажариш муддатининг охирги йили учинчи ойига қадар қабул қилинади.


22. Илмий лойиҳа учун асбоб-ускуналар, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар бўйича харидлар умумлаштирилган ҳолда ёки алоҳида тақдим этилган аризалар бўйича амалга оширилади.

Аризада кўрсатилган асбоб-ускуналар, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар хариди илмий лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган бўлиши ҳамда илмий лойиҳани экспертизадан ўтказган тегишли Илмий-техник кенгашнинг йиғилиш баённомасида алоҳида масала сифатида кўриб чиқилиб, ижобий хулоса билан тасдиқланиши шарт.


23. Аризани махсус ахборот тизимига киритишда илмий лойиҳанинг шифри кўрсатилади ва ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган маълумотлар аризага илова қилинадиган ҳужжат сифатида бириктирилади.


24. Харид жараёнлари бошланмаган аризалар бўйича, заруратга кўра, Илмий-техник кенгашнинг ижобий хулосаси асосида илмий лойиҳанинг умумий молиялаштириш ҳажми доирасида ўзгартириш ёки қўшимчалар юзасидан ариза махсус ахборот тизими орқали Агентликка юборилади.



2-§. Илмий-тадқиқот дастуридаги илмий мавзу

бўйича харид учун ариза ва ҳужжатларни

шакллантиришга оид талаблар


25. Илмий мавзу бўйича харид учун ариза Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланаётган илмий бўлинманинг (лаборатория) юқори турувчи ташкилоти томонидан тасдиқланган илмий-тадқиқот дастури бажарилишининг биринчи ярим йили якунига қадар қабул қилинади.

Ариза илмий мавзуга раҳбарлик қилувчи шахс томонидан махсус ахборот тизими орқали тақдим этилади.


26. Аризада кўрсатилган асбоб-ускуналар, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар илмий-тадқиқот дастурини ишлаб чиқишда тегишли илмий мавзу бўйича харид масаласи ташкилот коллегиал органининг йиғилишида алоҳида масала сифатида кўриб чиқилган бўлиши ва муҳокама натижалари бўйича тасдиқланган баённомада батафсил кўрсатилиши шарт.


27. Аризани махсус ахборот тизимига киритишда илмий мавзуга доир маълумот кўрсатилади ва ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган маълумотлар аризага илова қилинадиган ҳужжат сифатида бириктирилади.


28. Харид жараёнлари бошланмаган аризалар бўйича, заруратга кўра, ташкилот коллегиал органининг ижобий хулосаси асосида илмий мавзунинг умумий молиялаштириш ҳажми доирасида ўзгартириш ёки қўшимчалар юзасидан ариза махсус ахборот тизими орқали Агентликка юборилади.



3-§. Докторлик диссертацияси тадқиқоти

бўйича харид учун ариза ва ҳужжатларни

шакллантиришга оид талаблар


29. Диссертация тадқиқоти бўйича харид учун аризалар бир ташкилотдаги докторантлар ўқишга қабул қилинган санадан бошлаб, иккинчи йилнинг 30 июнь санасига қадар қабул қилинади.

Аризалар докторантларнинг илмий раҳбари ёки ўзаро келишилган ҳолда илмий даража ва унвонга эга бўлган докторантларнинг бири томонидан махсус ахборот тизими орқали тақдим этилади.


30. Аризани махсус ахборот тизимига киритишда диссертация тадқиқотларига доир маълумотлар кўрсатилади ва ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган маълумотлар аризага илова қилинадиган ҳужжат сифатида бириктирилади.


31. Аризада икки ва ундан ортиқ диссертация тадқиқотини тайёрлашда бир хил турдаги асбоб-ускуналар, сарфлов материали ва бутловчи қисмлардан фойдаланиш зарурати асослантирилади.


32. Диссертация тадқиқоти бўйича харид масаласи ташкилотнинг коллегиал органининг йиғилишида алоҳида масала сифатида кўриб чиқилади ва муҳокама натижалари бўйича тасдиқланган баённомада батафсил кўрсатилиши шарт.

Ариза коллегиал органнинг харид бўйича ижобий қарори бўлган тақдирдагина қабул қилинади.


33. Харид жараёнлари бошланмаган аризалар бўйича, заруратга кўра, ташкилот коллегиал органи ижобий хулосаси асосида диссертация тадқиқоти учун зарур бўлган хариднинг белгиланган умумий суммаси доирасида ўзгартириш ёки қўшимчалар юзасидан ариза махсус ахборот тизими орқали Агентликка юборилади.



3-БОБ. МАРКАЗЛАШГАН ДАВЛАТ

ХАРИДИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


34. Жамғарма марказлашган давлат харидларини амалга оширувчи марказлашган харид органи ҳисобланади.

Жамғарма томонидан харид қилинадиган асбоб-ускуналар, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмларнинг рўйхати давлат харидларининг махсус ахборот порталида юритилади.


35. Марказлашган давлат харидларини амалга ошириш учун Жамғарма томонидан ҳар йили январь ойида илмий фаолият йўналишлари учун зарур асбоб-ускуналар, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмларни харид қилиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - Харид комиссияси) ташкил этилади.


36. Харид комиссияси Жамғарма ижрочи директорининг буйруғи асосида камида 7 нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда тузилади.

Харид комиссияси таркибига мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган ва вазирликлар, идоралар ҳамда илмий фаолиятни олиб борувчи ташкилотлардан харидларнинг техник параметрини юқори даражада биладиган малакали мутахассислар киритилади.


37. Харид комиссияси комиссия раиси, унинг ўринбосари, масъул котиб (овоз бериш ҳуқуқига эга эмас) ва бошқа аъзолардан иборат бўлади.

Зарур ҳолларда, Харид комиссияси ишига қўшимча (шу жумладан, хорижий) мутахассислар эксперт сифатида (овоз бериш ҳуқуқисиз) жалб қилинади.


38. Харид комиссиясининг иш фаолиятини масъул котиб ташкил қилади.


39. Харид комиссияси аъзолари холис бўлиши ва харид қилиш тартиб-таомили ғолибини танлашдан шахсан манфаатдор бўлмаслиги зарур.


40. Харид комиссиясининг йиғилишлари комиссия аъзолари иштирокида юзма-юз ўтказилади. Юзма-юз йиғилишлар, заруратга кўра, видеоконференциялар, телеконференциялар шаклида ҳам ўтказилади.


41. Харид комиссиясининг йиғилиши унинг аъзоларидан учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.


42. Харид комиссиясининг қарори унинг аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлган тақдирда, Харид комиссиясига раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Харид комиссияси раиси ва аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Харид комиссияси раиси бўлмаган вақтларда унинг вазифалари комиссия раиси ўринбосари томонидан амалга оширилади.


43. Харид комиссиясининг келиб тушган таклифларни баҳолаш бўйича қарорлари давлат харидларининг махсус ахборот порталида тузиладиган баён билан расмийлаштирилади.

Харид комиссиясининг баёни масъул котиб томонидан тузилади ва Харид комиссиясининг йиғилишида иштирок этган барча аъзолари билан келишилган ҳолда раис томонидан тасдиқланади.


44. Харид комиссиясининг ҳар бир аъзосига йил якуни бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик мукофот пули (барча солиқлар ушлаб қолинган ҳолда) берилади.

Мукофот пули Жамғарма ижро этувчи директорининг буйруғи асосида берилади (тайинланади).


45. Масъул котиб давлат харидлари тўғрисидаги эълонни давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштиради.


46. Марказлашган давлат харидлари энг яхши таклифларни танлаш асосида амалга оширилади.

Бунда лаборатория асбоб-ускуналари, зарур сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг баравари миқдоридан ошган ҳолларда, давлат харидига доир техник топшириқлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертиза учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" давлат унитар корхонасига киритилади.


47. Етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчилар билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рақобатли харид қилиш тартиб-таомилларига мувофиқ буюртмаларни етказиб бериш (шу жумладан, зарурат бўлганда, буюртмаларни ташкилотга етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш ҳамда фойдаланиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш) учун электрон шартномалар тузилади (хорижий етказиб берувчилар бундан мустасно).

Тузиладиган шартнома қуйидагилар томонидан имзоланади:

Агентлик - "Буюртмачи";

Жамғарма - "Марказлашган харид органи";

ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи - "Етказиб берувчи";

ташкилот - "Қабул қилувчи".


48. Жамғарма етказиб берувчилар билан ўзаро ҳисоб-китобларни тузилган шартномаларга мувофиқ миллий ва хорижий валюта бирлигида пул ўтказиш ёки аккредитив шаклида молиялаштиради.


49. Харид бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилгандан сўнг товар етказиб берилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар (ташкилот ва етказиб берувчи ўртасида имзоланган топшириш-қабул қилиш далолатномаси, ускунани фойдаланишга топшириш далолатномаси, фото-лавҳалар ва бошқалар) қабул қилувчи томонидан бир ҳафта муддатда махсус ахборот тизимига юкланади.



4-БОБ. МУСТАҚИЛ РАВИШДА

ХАРИДНИ АМАЛГА ОШИРИШ


50. Мустақил равишда харид махсус ахборот тизими орқали юборилган аризага асосан ташкилот томонидан амалга оширилади.


51. Мустақил равишда харидни амалга ошириш учун Жамғарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида ташкилотга алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.


52. Ариза Агентлик томонидан кўриб чиқилиб, маъқуллангандан сўнг Агентликнинг кўрсатмасига асосан Жамғарма маблағлари ташкилотнинг тегишли бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиб берилади.


53. Ташкилотдан харидларни ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул этиб белгиланган ходим Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ давлат харидлари электрон тизимида давлат харидлари тўғрисида эълонни жойлаштиради ва лот рақамини илмий-тадқиқот раҳбарига тақдим этади.


54. Илмий-тадқиқот раҳбари эълон жойлаштирилгандан сўнг бир ҳафта муддатда махсус ахборот тизимига лот рақамини киритади.


55. Ташкилот ва етказиб берувчи ўртасида шартнома тузилгандан сўнг бир ҳафта муддатда илмий-тадқиқот раҳбари томонидан шартноманинг нусхаси махсус ахборот тизимига юкланади.


56. Мустақил харид якунлари бўйича сарфланмаган (ёки мажбурият билан таъминланмаган, иқтисод қилинган) маблағлар шартномавий мажбуриятлар бажарилгандан сўнг бир ой муддатда Жамғармага қайтарилади.

Ташкилот раҳбари сарфланмаган маблағларни Жамғармага белгиланган муддатда ва тўлиқ ўтказилишига жавобгар ҳисобланади.



5-БОБ. ХАРИД ҚИЛИНГАН БУЮРТМАЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


57. Ташкилот харид қилинган буюртмалар етказиб берилган кундан бошлаб беш йил давомида ҳар йил якунида буюртманинг илмий, иқтисодий самарадорлиги ва кутилаётган натижаларга эришилгани юзасидан махсус ахборот тизими орқали Харид комиссиясига ҳисобот тақдим этиб боради.


58. Ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

буюртманинг тўлиқ ва функционал ишлаши учун яратилган шарт-шароитлар;

буюртмадан бевосита фойдаланувчилар сони, шу жумладан, бевосита 40 ёшгача бўлган фойдаланувчи ёш олимлар сони;

буюртмадан билвосита фойдаланувчилар сони, шу жумладан, билвосита 40 ёшгача бўлган фойдаланувчи ёш олимлар сони;

буюртмадан фойдаланиш кўлами (лаборатория, олий таълим ташкилоти ёки илмий ташкилот ёҳуд республика миқёсида (тегишли фактлар асосида);

ҳисобот йилида буюртма ёрдамида олинган муҳим натижалар ва уларнинг чоп этилиши тўғрисида маълумот.


59. Харид комиссияси томонидан буюртманинг илмий, иқтисодий самарадорлиги ва кутилаётган натижаларига эришилгани юзасидан хулосаси ҳисобот келиб тушган санадан бошлаб бир ой давомида тайёрланади ва Агентликка тақдим этилади.

Заруратга кўра, Харид комиссияси харид қилинган ва ўрнатилган лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар бўйича ҳисоботни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳуқуқига эга.


60. Агентлик томонидан хулоса келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида буюртмалардан фойдаланиш натижалари мақсадга мувофиқлиги юзасидан қарор қабул қилинади.

Буюртмадан фойдаланиш натижалари ушбу Низом талабларига мувофиқ эмас деб топилганда, буюртмадан фойдаланиш натижаларига кўра ташкилотга огоҳлантириш берилади ҳамда бу ҳақида унинг юқори турувчи органига тақдимнома киритилади.

Тақдимномада кўрсатилган камчиликлар кейинги ҳисобот даврига қадар бартараф этилмаган тақдирда, уч йил муддатга ташкилотнинг буюртмалари қабул қилинмайди.


61. Ташкилот раҳбари буюртмалардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


62. Ушбу Низомда белгиланган тартибда ариза берувчилар қабул қилинган қарорлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


63. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

       

             




Низомга

1-ИЛОВА



Харидлар бўйича аризаларни қабул қилиш,

уларни кўриб чиқиш, молиялаштириш,

фойдаланиш ва ҳисоботини юритиш

СХЕМАСИ

       

      

Босқичлар

    


    

Субъектлар

   


    

Тадбирлар

    


    

Муддатлар

     











1-босқич


     

Илм-фанни

молиялаштириш ва

инновацияларни қўллаб-

қувватлаш жамғармаси

(Жамғарма)

            


Марказлашган харидларни амалга ошириш учун Харид комиссиясини ташкил этади.


Ҳар йили

январь ойида











2-босқич


Илмий фаолият

соҳасидаги ташкилотлар

(Ташкилот)


         

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни махсус ахборот тизими орқали Инновацион ривожланиш агентлигига юборади.

      


Белгиланган

муддатларда











3-босқич


Инновацион ривожланиш

агентлиги


     

Қабул қилинган аризалар бўйича шакллантирилган буюртмаларни кўриб чиқади ва маъқулланган аризаларни махсус ахборот тизими орқали Харид комиссиясига юборади.

     


10 иш

кунида











4-босқич


Харид комиссияси


        

Буюртмалар асосида марказлашган давлат харидларини амалга оширади.

        


Белгиланган

муддатларда











5-босқич


Жамғарма


     

Харидлар якуни бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ уларни молиялаштиради.

      


Белгиланган

муддатларда










6-босқич


Ташкилот


     

Етказиб берилган лаборатория ускуналари хақидаги маълумотларни махсус ахборот тизимига киритади.

       


Бир ҳафта муддатда








7-босқич


Ташкилот


     

Буюртманинг илмий, иқтисодий самарадорлиги ва кутилаётган натижаларига эришилгани юзасидан Харид комиссиясига ҳисобот тақдим этиб боради.

      


Беш йил давомида

ҳар йил якунида




        

        




Низомга

2-ИЛОВА



НАМУНА



I. Давлат илмий дастурларидаги илмий

лойиҳа доирасида харидлар бўйича давлат

хизматидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

          

Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар

        

1. Ташкилот номи



2. Илмий лойиҳанинг шифр рақами



3. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):



4. Фамилияси:



5. Исми:



6. Отасининг исми:



7. Туғилган йили ва санаси:



8. Лавозими:



9. Телефон рақами:



10. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):



       

        

II. Илмий-тадқиқот дастуридаги илмий

мавзу доирасида харидларбўйича давлат

хизматидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

           

Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар


1. Ташкилот номи



2. Илмий мавзунинг шифр рақами



3. Лойиҳа раҳбарининг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):



4. Фамилияси:



5. Исми:



6. Отасининг исми:



7. Туғилган йили ва санаси:



8. Лавозими:



9. Телефон рақами:



10. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):



         

       

III. Докторлик диссертацияси тадқиқоти

доирасида харидлар бўйичадавлат

хизматидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

         

Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар

        

1. Ташкилот номи



2. Докторантларнинг рўйхатдаги рақамлари



3. Илмий тадқиқот раҳбарининг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):



4. Фамилияси:



5. Исми:



6. Отасининг исми:



7. Туғилган йили ва санаси:



8. Лавозими:



9. Телефон рақами:



10. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):



         

          




Низомга

3-ИЛОВА



НАМУНА



____________________________________________ учун талаб

(Ташкилотнинг номи)

этилаётган реактивлар ва сарфлов материаллари

РЎЙХАТИ

          

Т/р

Реактивлар

ва сарфлов

материаллари

номи


Таснифи

ТИФ ТН

коди

Ўлчов

бирлиги


Сони

Таклиф

этилаётган

харид нархи

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

   

Жами

талаб

этиладиган

маблағ

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

    

Ишлатилиш

мақсади


    









  

   









         

Изоҳ:


1. Буюртманинг харид нархини асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.


2. Буюртманинг ТИФ ТН бўйича узил-кесил кодлари божхонада расмийлаштириш вақтида белгиланади.


Ташкилот раҳбари                                                                                    Ф.И.О.


Тузилган санаси: 20__ йил "____" __________

       

          




Низомга

4-ИЛОВА



НАМУНА



________________________________________________ учун талаб

(Ташкилотнинг номи)

этилаётган бутловчи қисмлар

РЎЙХАТИ

         

Т/р

Мавжуд

буюртма

русуми

ва ишлаб

чиқарувчи

номи

        

Бутловчи

қисм номи


Техник

таснифи


ТИФ ТН

коди


Ўлчов

бирлиги


Сони

Таклиф

этилаётган

харид

нархи

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

    

Жами

талаб

этиладиган

маблағ

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

    

Ишлатилиш

мақсади


    










   

   










        

Изоҳ:


1. Буюртманинг харид нархини асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.


2. Буюртманинг ТИФ ТН бўйича узил-кесил кодлари божхонада расмийлаштириш вақтида белгиланади.


Ташкилот раҳбари                                                                                                     Ф.И.О.


Тузилган санаси: 20__ йил "____" __________

        

          




Низомга

5-ИЛОВА



НАМУНА



________________________________________________________ га

(Ташкилотнинг номи)

харид қилиниши назарда тутилган буюртмалар

РЎЙХАТИ

             

Т/р

Янги ёки мавжуд

лабораториянинг

номи

   

Буюртма

номи


Буюртма

ТИФ ТН

коди


Ўлчов

бирлиги


Сони

Таклиф

этилаётган

харид

нархи

(харид қилиш

валюта

бирлигида)

   

Жами

талаб

этиладиган

маблағ

(харид

қилиш

валюта

бирлигида)

   

Буюртманинг

илмий, иқтисодий

самарадорлиги

ва кутилаётган

натижалари

    

...

    









    

     









              

Изоҳ:


1. Янги ёки мавжуд лабораториянинг номи, буюртма номи, сони, таклиф этилаётган харид нархи ва жами талаб этиладиган маблағлар устуни лойиҳалар портфелидаги бошқа маълумот (ҳужжат)лар билан бир хилда ифодаланиши ҳамда мос бўлиши шарт.


2. Буюртманинг таклиф этилаётган харид нархи, жами талаб этиладиган маблағлар устуни белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва (ёки) Молия-иқтисод бўлими ходимлари томонидан рақобат варақаси тузилгандан сўнг тўлдирилади.


3. Буюртманинг ТИФ ТН бўйича узил-кесил кодлари божхонада расмийлаштириш вақтида белгиланади.


Ташкилот раҳбари                                                                                                  Ф.И.О.


Тузилган санаси: 20__ йил "____" __________

           

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 18 февраль