Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.03.2026 й. ПФ-48-сон "Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

30.03.2026 й.

N ПФ-48



ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО МОЛИЯ МАРКАЗИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


"Ўзбекистон - 2030" стратегияси ижросини таъминлаш, инвестициялар ҳажмини кескин кўпайтириш, капитал бозорини ривожлантириш ва илғор халқаро стандартларни жорий этиш, шунингдек, Тошкент шаҳрини халқаро молиявий хабга айлантириш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


I. Асосий мақсадлар


1. Қуйидагилар ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:

(а) молиявий секторни ривожлантириш орқали мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотининг қўшимча ўсишини таъминлаш;

(б) халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқий стандартларга асосланган, юқори ишонч даражасига эга юрисдикцияни яратиш орқали узоқ муддатли хорижий тўғридан-тўғри ва портфель инвестицияларни жалб қилиш;

(в) халқаро молия, ҳуқуқ ва технологиялар соҳаларида юқори маошли иш ўринларини яратиш ва инсон капиталини ривожлантириш;

(г) мамлакатнинг кредит рейтингини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро инвестициявий жозибадорлик рейтингларидаги мавқеини мустаҳкамлаш;

(д) Ўзбекистон Республикасини минтақавий молиявий марказга айлантириш ва мамлакатнинг глобал молиявий тизимга интеграциясини таъминлаш.


II. Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш


2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Марказий банк ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

(а) Тошкент халқаро молия маркази (кейинги ўринларда - Марказ);

(б) Марказ таркибида Тошкент халқаро тижорат суди.


3. Марказ ҳудудида молиявий, инвестиция ва банк фаолияти, суғурта, рақамли (крипто) активлар, қимматли қоғозлар, тўлов тизимлари ва хизматлари, исломий ва яшил молия, молиявий технологиялар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш ва транзакцияларни амалга ошириш, аудиторлик, консалтинг ва юридик хизматлар кўрсатиш ҳамда Марказ тўғрисидаги конституциявий қонунга мувофиқ бошқа фаолият турларини амалга оширишга рухсат берилсин.


4. Қуйидагилар:

(а) Тошкент халқаро молия марказининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ;

(б) Тошкент халқаро молия маркази кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ;

(в) Тошкент халқаро молия маркази бошқарув органлари ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

(г) Тошкент халқаро молия маркази ҳудуди чегараларининг тавсифи 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


III. Марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режим жорий этиш


5. Марказ ҳудудида конституциявий қонун билан ўрнатиладиган махсус ҳуқуқий режим жорий этилсин.


6. Белгилансинки, махсус ҳуқуқий режим доирасида:

(а) Марказнинг бошқарув органларига фуқаролик, корпоратив, тижорат, молия, банк, солиқ, давлат харидлари, меҳнат ҳуқуқи ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солувчи Марказ ҳудудида татбиқ этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи берилади;

(б) Марказ ҳудудида Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи ҳамда адолат тамойиллари тўғридан-тўғри қўлланилади, Марказ тўғрисидаги конституциявий қонунда ва Марказ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган бошқача қоидалар бундан мустасно; Марказ бошқа халқаро молия марказларининг илғор тажрибаси, тамойиллари, стандартлари ва қоидаларини тўғридан-тўғри ўз ҳудудида амал қилишини белгилашга ҳақли;

(в) Марказ бошқа хорижий давлатларнинг халқаро молия марказлари билан уларнинг резидентлари ва лицензияларини тан олиш, иккиёқлама резидентлик, молиявий хизматларни тартибга солувчи органлар билан ахборот алмашиш борасида шартномалар тузиш ва тегишли тартибларни ўрнатишга ваколатли;

(г) Марказ иштирокчиларига ва уларнинг ходимларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

(i) пул мажбуриятларини ўзларининг шартномаларида белгиланган хорижий валюталарда, шу жумладан, крипто активда бажариш;

(ii) меҳнат фаолияти ҳуқуқини берадиган тасдиқномани олмасдан чет эллик фуқароларни ишга қабул қилиш;

(iii) ваколатли давлат органлари билан келишган ҳолда Марказ томонидан белгиланадиган Марказ органлари ва иштирокчилари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига 5 йилгача кириш визасини олиш (махсус виза тартиби);

(iv) Марказ ҳудудидаги фаолиятдан олинган капитал ёки даромадни чекловларсиз репатриация қилиш;

(д) 2076 йил 1 январгача Марказ ҳудудида 5-иловага мувофиқ солиқ имтиёзлари қўлланилади;

(ж) солиқ органлари ва Марказ (шу жумладан, унинг иштирокчилари) ўртасидаги солиққа тортишга оид масалалар Марказ ҳужжатлари билан тартибга солинади.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) Марказ ҳудудидаги бинолар, уларнинг бир қисми Марказ бошқарув органларига тўғридан-тўғри тузиладиган шартнома асосида ижарага берилади;

(б) бинолардаги жойлар Марказ бошқарув органлари томонидан унинг иштирокчиларига тўғридан-тўғри иккиламчи ижарага берилади.


8. Белгилансинки, Тошкент халқаро тижорат суди:

(а) биринчи инстанция ва апелляция судидан иборат бўлади;

(б) қуйидаги низоларни кўриб чиқади:

(i) Марказ ва Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолияти билан боғлиқ масалалар;

(ii) тарафлар Тошкент халқаро тижорат суди юрисдикциясини танлаган шартномалардан келиб чиқадиган низолар;

(iii) тарафлардан бири чет эл корхонаси, чет эл инвесторлари иштирокидаги корхона ёки чет эл инвестори - жисмоний шахслар бўлган маъмурий низолар;

(iv) тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра давлат божини тўлиқ тўлаш ва кейинчалик давлат органи ҳисобидан ундирмаслик шарти билан ҳар қандай маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, шу жумладан, иқтисодий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар;

(v) халқаро арбитраж институтлари томонидан кўрилаётган арбитраж жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ҳисобланган арбитраж иши, ушбу низолардан келиб чиқадиган ёки улар билан боғлиқ масалалар.


9. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент халқаро тижорат судининг қарорлари тарафлар учун мажбурий кучга эга ва Ўзбекистон Республикаси суд тизими судлари ҳужжатлари учун белгиланган тартибда ижро этилади.


IV. Молиявий ресурслар


10. Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


11. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2026 йилда Марказга 20 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида маблағлар беғараз асосда ажратилиши таъминлансин.


V. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат


12. 2027 йил 1 январга қадар Марказ махсус ҳуқуқий режимини шакллантириш ва унинг органлари фаолиятини ташкил этиш бўйича консалтинг, экспертлик, таҳлилий ва юридик хизматларни "таклиф сўрови" ўтказиш орқали харид қилишга рухсат берилсин. Бунда харидлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Марказ органлари томонидан "таклиф сўрови" ўтказиш ҳақидаги эълонни давлат харидлари электрон тизимига жойлаштирмасдан ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказмасдан салоҳиятли етказиб берувчиларнинг таклифларини ва (ёки) оферталарини ўрганиш орқали амалга оширилади. Марказ органлари ташкил этилгунга қадар мазкур харидлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


13. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда "Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонуни лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин.


14. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев, Марказий банк раиси Т.А. Ишметов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д.Р. Ли белгилансин.


16. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 30 мартдаги

ПФ-48-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Тошкент халқаро молия марказининг

асосий вазифалари

         

(а) инвестицияларни жалб қилиш - молиявий хизматлар соҳасида қулай, шаффоф ва рақобатбардош ҳуқуқий ҳамда институционал муҳит яратиш ва корхоналарнинг замонавий молиявий хизматларга киришини осонлаштириш орқали иқтисодиётга хорижий ва маҳаллий тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб этишни таъминлаш;


(б) капитал бозорини ривожлантириш ва интеграция қилиш - қимматли қоғозлар бозори ва капитал бозорининг бошқа сегментларини ривожлантиришни тезлаштириш, уларни халқаро капитал бозорлари билан интеграция қилишга кўмаклашиш;


(в) молиявий хизматлар секторини ривожлантириш - банк ва суғурта хизматлари, исломий ва анъанавий молиялаштириш, молиявий технологиялар, рақамли (крипто) активлар бозорини, электрон тижорат ва молиявий фаолиятнинг бошқа инновацион соҳаларини ривожлантириш орқали молиявий секторни диверсификация қилиш ва замонавийлаштириш;


(г) инновация ва профессионал хизматлар экотизимини шакллантириш - молиявий ва тегишли профессионал хизматлар (аудиторлик, консалтинг, юридик хизматлар, комплаенс ва бошқалар) соҳасида инновацияларни ривожлантиришни таъминловчи замонавий экотизимни яратиш, етакчи хорижий молиявий институтларни жалб қилиш ва тартибга солиш ҳамда назорат қилиш бўйича халқаро миқёсда тан олинган энг яхши амалиётларни жорий этиш.

         

     




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 30 мартдаги

ПФ-48-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Тошкент халқаро молия маркази кенгашининг

ТАРКИБИ

                 

1. Ш.М. Мирзиёев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Кенгаш раиси


2. Ж.А. Қўчқоров

-

Бош вазир ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири


3. Ж.А. Ходжаев

-

Бош вазир ўринбосари


4. Ш.Ф. Озодзода

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари


5. Л.Ш. Кудратов

-

инвестициялар, саноат ва савдо вазири


6. А.Д. Ташкулов

-

адлия вазири


7. Т.А. Ишметов

-

Марказий банк раиси


8. Д.Р. Ли

-

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори


9. Келишув асосида

-

Кенгашнинг халқаро молия марказлари масалалари мутахассислигига эга мустақил аъзоси


10. Келишув асосида

-

Кенгашнинг халқаро капитал бозори масалалари мутахассислигига эга мустақил аъзоси


11. Келишув асосида


Кенгашнинг банк фаолияти мутахассислигига эга мустақил аъзоси


12. Лавозими бўйича

-

Кенгашнинг ҳуқуқшунослик мутахассислигига эга мустақил аъзоси


13. Лавозими бўйича

-

Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси


14. Лавозими бўйича

-

Тошкент халқаро молия маркази Молиявий хизматлар бошқармаси бошлиғи

            

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.

Кенгашнинг мустақил аъзолигига номзодлар танлов асосида аниқланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан уч йил муддатга лавозимга тайинланади.

            

            




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 30 мартдаги

ПФ-48-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Тошкент халқаро молия марказининг бошқарув

органлари ташкилий тузилмаси

            














     

Кенгаш

        












































































































        

Молиявий хизматлар бошқармаси

       


Маъмурият


Тошкент халқаро тижорат суди






































Молиявий хизматларни тартибга солувчи

ва назорат қилувчи, соҳага тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул

қилувчи мустақил орган


           

Халқаро молия маркази иштирокчиларини рўйхатга олувчи, номолиявий хизматлар кўрсатиш учун лицензия берувчи, бинолар ижараси ва бошқа хизматларни

кўрсатувчи орган

          


             

Биринчи инстанция ва апелляция

инстанциясидан иборат миллий суд

тизимидан алоҳида, мустақил суд



         

            



Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 30 мартдаги

ПФ-48-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Тошкент халқаро молия маркази ҳудуди

ЧЕГАРАЛАРИНИНГ ТАВСИФИ

              

Бурилиш

нуқталари

         

Бурилиш нуқталари

координаталари

          

Бурилиш нуқталари тавсифлари

          

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани

        

1.

41,3118667

69,2469083


Ислом Каримов шоҳкўчаси ва Янги Тошкент тор кўчаси кесишган жойда.


2.

41,3119583

69,2448722


1-нуқтадан Ислом Каримов шоҳ кўчаси ўнг томони бўйлаб, Ислом Каримов кўчаси 4а-уйнинг Жанубий-ғарбий томондаги бурчаги билан кесишган жойгача.


3.

41,313775

69,2450889


2-нуқатадан шимолий йўналишда Ислом Каримов кўчаси 4а-уй ва Янги Тошкент тор кўчаси 1-уй чегараси бўйлаб, Янги Тошкент тор кўчаси 1-уй ҳамда Ўқчи кўчаси 2-уй ҳудуди кесишган жойгача.


4.

41,3147056

69,2456583


3-нуқтадан шимолий-шарқий йўналишда Ўқчи кўчаси 2-уй ҳудуди чегараси бўйлаб Ўқчи кўчаси билан кесишган жойгача.


5.

41,3145694

69,2472056


4-нуқтадан Ўқчи кўчаси ўнг томони бўйлаб, Ўқчи кўчаси ва Янги Тошкент тор кўчаси кесишган жойгача.


         

          




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 30 мартдаги

ПФ-48-сон Фармонига

5-ИЛОВА



Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида

қўлланиладиган солиқ имтиёзлари

          

1. Марказ органлари ва иштирокчиларининг Марказ ҳудудида кўрсатилган хизматлардан олган даромадлари юридик шахсларнинг фойда солиғи ва ижтимоий солиқдан (бундан рақамли (крипто) активлар биржалари мустасно) озод этилади.


2. Марказ органлари ва иштирокчилари томонидан чет эл фуқароларига (фуқаролиги бўлмаган шахсларга) Марказдаги фаолият доирасида тўланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.


3. Марказ ҳудудидаги марказ органлари тасарруфида ёки фойдаланишида бўлган объектлар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилади.


4. Марказ органлари ва иштирокчилари Марказ ҳудудида фойдаланиш ёки истеъмол қилиш мақсадида импорт қилинган товарлар бўйича божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.


5. Жисмоний ва юридик шахсларнинг қуйидагилардан олинган даромадлари тегишлича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда юридик шахсларнинг фойда солиғидан озод этилади:

(а) қимматли қоғозларни сотишдан, агар улар сотиш кунида Марказ Фонд биржасининг расмий рўйхатига киритилган бўлса;

(б) Марказ иштирокчиси бўлган юридик шахсларнинг устав капиталидаги акциялар ёки улушларни сотишдан;

(в) Марказ Фонд биржасининг расмий рўйхатига киритилган қимматли қоғозлардан олинган дивидендлар ва фоизлар.


6. Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахсларнинг Марказ органлари ва иштирокчиларидан меҳнат шартномалари, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида олган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича даромад солиғи ставкаси 7 фоиз этиб белгиланади.


7. Ушбу Фармоннинг 3-бандида кўрсатилган Марказ органлари ва иштирокчиларининг хизматлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

         

            




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 30 мартдаги

ПФ-48-сон Фармонига

6-ИЛОВА



Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини

молиялаштириш манбалари

          

1. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 2026 йилда ажратиладиган 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги беғараз маблағлар.


2. Давлат бюджети маблағлари.


3. Марказ органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан тушумлар.


4. Марказ иштирокчиларининг ажратмалари.


5. Қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар.


Изоҳ. 2027 йилдан бошлаб Тошкент халқаро молия маркази харажатлари Давлат бюджети параметрларида назарда тутиб борилади.

           

                 

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 31 март