Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 16.04.2026 й. 3819-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 07.04.2026 й. 2026/2-сон, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 18.03.2026 й. 348-сон, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 11.03.2026 й. 24-мҳ-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 13.03.2026 й. 03-11-2026-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 16 апрелда 3819-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги Ижтимоий

ҳимоя миллий агентлигининг

2026 йил 7 апрелдаги 2026/2-сон,

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг

2026 йил 18 мартдаги 348-сон,

Мактабгача ва мактаб таълими

вазирлигининг 2026 йил 11 мартдаги

24-мҳ-сон, Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг 2026 йил 13 мартдаги

03-11-2026-сон қарорига

ИЛОВА



Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун

давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида

синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини

шакллантириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар - жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар;


алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари (бундан буён матнда ихтисослаштирилган таълим муассасалари деб юритилади) - таълим-тарбия бериш, ўқувчиларни умумий ўрта таълим муассасаларида инклюзив шароитда ўқишга тайёрлаш, коррекцион (тузатувчи) педагогик ёрдам кўрсатиш, касб ўргатиш ва соғломлаштириш муассасалари;


махсус педагог - эшитишида, кўришида, руҳий ва ақлий ривожланишида ҳамда таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болаларни ўқитиш ва жамиятга мослаштириш билан шуғулланадиган мутахассис;


базавий тариф ставкаси - бир ставка дарс соати учун махсус педагогнинг маълумоти ва малака тоифасига кўра белгиланган базавий ҳақ миқдори;


тариф ставкаси - махсус педагогга бириктирилган дарс соатлари асосида бир ставка учун белгиланган базавий тариф ставкадан келиб чиқиб аниқланадиган миқдор;


синф комплекти - ўқувчиларни белгиланган меъёрлар асосида битта синфга жамлаш;


дарс соатлари сеткаси - умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ихтисослаштирилган таълим муассасалари синфлар сони, синф комплектидаги ўқувчилар сони ва тегишли мутахассислик бўйича махсус педагог мавжудлигини инобатга олган ҳолда барча фанлар бўйича шакллантирилган жами дарс соатлари;


электрон дастур - ихтисослаштирилган таълим муассасалари тўғрисида зарур маълумотлар киритиладиган ва исталган вақтда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ушбу маълумотлардан фойдаланиш имкониятини яратиб берувчи дастур.


2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) тизимидаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.



2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИДА СИНФЛАРНИ КОМПЛЕКТЛАШ


3. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг синфлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон "Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, комплектланади.


4. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳар йили 30 августга қадар Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) ҳузуридаги ягона психологик-тиббий-педагогик комиссияларининг хулосаси асосида таълим олаётган ҳамда 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчиларнинг номма-ном рўйхатини шакллантиради ҳамда электрон дастур орқали маълумотларни ҳудудий бошқармаларга кўриб чиқиш учун юборади.

Синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотларнинг тўғри, тўлиқ ва ҳаққоний киритилиши учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг директори масъул ва жавобгар ҳисобланади.


5. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари томонидан электрон дастур орқали юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий бошқармалар томонидан қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади:

бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасаларидан келган ва кетган ўқувчиларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори буйруғи асосида саноққа киритилганлиги ёки саноқдан чиқарилганлигини ўрганиш;

ҳар бир ихтисослаштирилган синф бўйича ўтган йилга нисбатан синф сонининг ўсиши ёки камайишини таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда сунъий равишда синфлар сонининг кўпайиши ҳолатларига йўл қўймаслигини ўрганиш.


6. Кўриб чиқилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 15 сентябрга қадар ҳудудий бошқармалар томонидан тасдиқланади ёки аниқланган хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юборилади.


7. Қайта ишлаш учун юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ихтисослаштирилган таълим муассасалари томонидан икки иш куни ичида қайта кўриб чиқилади ва ҳудудий бошқармаларга электрон дастур орқали тасдиқлаш учун қайтадан юборилади.

Бунда қайта юборилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлари ҳудудий бошқармалар томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.


8. Тасдиқланган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳудудий бошқармаларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ташкил этиладиган синфлар комплектларини шакллантириш тўғрисидаги тегишли буйруғи қабул қилинади.


9. Ҳар йили январ ойида, шунингдек, синфлардаги ўқувчилар сонидан келиб чиқиб заруратга кўра, синфлар комплектлари мазкур Низомга асосан қайта кўриб чиқилиши мумкин.


10. Тегишли молия йили учун тузилган харажатлар сметасида кўзда тутилган синфлар сонидан ортиқ синфларни ташкил этиш Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.



3-БОБ. ТАРИФИКАЦИЯ РЎЙХАТЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


11. Агентлик томонидан тарификация рўйхатларини шакллантириш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг таянч ўқув режаси ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили 20 августга қадар тасдиқланади.


12. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари Агентлик томонидан тасдиқланган таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар:

ўқувчиларни академик тайёрлаш (фан, спорт, ижод) ва касбга ўргатиш мақсадида уларнинг индивидуал ривожланиш режаларини ишлаб чиқади;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг дарс соатлари сеткасини Агентликнинг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда шакллантиради.


13. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида дарс бериш учун махсус педагогдан қуйидагилар талаб этилади:

- ихтисослаштирилган таълим муассасасида коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси бўйича олий маълумот (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислари), ихтисослаштирилган таълим муассасасининг фаолият тури (соҳаси) бўйича тегишли қайта тайёрлашдан ўтганлиги;

- эшитишида нуқсонлари бўлган ўқувчиларга дарс беришда дарс ўтиладиган имо-ишора тилини, нутқнинг фонетико-фонематик, лексик-грамматик, ўқиш ва ёзишдаги нуқсонларини, дудуқланиш ва нутқнинг тўлиқ ривожланмаганлигини бартараф этишга қаратилган махсус таълим-тарбия беришни билиши;

- кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчилар учун Брайл алифбосида ўқитиш, тактил ва аудио ўқув воситаларидан фойдаланиш усулларини билиши;

- ақли заиф ўқувчилар учун нутқнинг фонетико-фонематик, лексик-грамматик, ўқиш ва ёзишдаги нуқсонларни, дудуқланиш ва нутқнинг тўлиқ ривожланмаганлигини бартараф этиш ишларини олиб боришни билиши.


14. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси ихтисослаштирилган таълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар махсус педагогларга дарс соатлари (фан, коррекцион машғулот соатлари) қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:

- олий малака тоифасига эга махсус педагоглар (педагогнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга кўра);

- педагог ходимларга устама белгилашда қўлланиладиган миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга махсус педагоглар (сертификатнинг белгиланган даражасига кўра);

- биринчи малака тоифасига эга махсус педагоглар (педагогнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга кўра);

- иккинчи малака тоифасига эга махсус педагоглар (педагогнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга кўра);

- коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли (тоифасиз) махсус педагоглар;

- касбий қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга махсус педагоглар (агар уларда қайта тайёрлаш мутахассислигига мувофиқ мазкур банднинг иккинчи-олтинчи хатбошиларида назарда тутилган кўрсаткичлардан бири мавжуд бўлса, тегишли кўрсаткичларга эга бўлган махсус педагоглар билан тенг устуворликка эга деб ҳисобланади);

- ўриндошлик асосида ишлаётган коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли махсус педагоглар.

Ушбу кўрсаткичлар кетма-кетлиги асосида устунликка эга бўлган махсус педагогларга дарс соатларининг максимал миқдорлари белгиланиши тавсия этилади.

Махсус педагог мазкур кўрсаткичларнинг бир нечтасига эга бўлганда, кўрсаткичларнинг энг устуворини инобатга олган ҳолда дарс соатлари тақсимланади.

Айнан бир хил кўрсаткичлар мавжуд бўлган бир нечта махсус педагоглар ўртасида дарс соатлари тенг тақсимланади.


15. Мазкур Низомнинг 13 ва 14-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаган ҳолда махсус педагогларга дарс соатлари тақсимланишига йўл қўйилмайди.


16. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида тарбиячи штати қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:

- коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли махсус педагоглар;

- коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича касбий қайта тайёрлов курсини тугатган махсус педагоглар;

-ўриндошлик асосида ишлаётган коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича олий маълумотли махсус педагоглар;

- олий таълим муассасаларининг коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика ва логопедия мутахассислиги) бўйича учинчи ва ундан юқори курс талабалари.

Тарбиячи мазкур кўрсаткичларнинг бир нечтасига эга бўлганда, кўрсаткичларнинг энг устуворини инобатга олган ҳолда дарс соатлари тақсимланади.

Айнан бир хил кўрсаткичлар мавжуд бўлган бир нечта тарбиячилар ўртасида тарбиячи штатлари тенг тақсимланади.

Ушбу бандда назарда тутилган мезонларга мувофиқ бўлмаган ҳолда тарбиячиларга тарбиячилик штати тақсимланишига йўл қўйилмайди.


17. Махсус педагогларга ярим (0,5) ставкадан кам ва бир (1) ставкадан ортиқ дарс соатлари белгиланишига йўл қўйилмайди, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қуйидаги ҳолларда махсус педагогларга дарс соатлари ярим (0,5) ставкадан кам ва бир (1,0) ставкадан ортиқ (бунда махсус педагогнинг тариф ставкаси бир ярим (1,5) ставкадан ортиб кетишига йўл қўйилмайди) белгиланиши мумкин:

ўқув режага мувофиқ битта фандан дарс соатлари ярим (0,5) ставкагача мавжуд бўлганда;

ўқув режага мувофиқ битта фандан дарс соатлари махсус педагогларга бир (1,0) ставкагача тақсимлангандан сўнг ушбу фандан ортиб қолган дарс соатлари ярим (0,5) ставкагача мавжуд бўлганда;

махсус педагог меҳнат таътили, ижодий таътил ёки меҳнатга лаёқацизлиги даврида унинг дарсларини тегишли фан йўналишидаги бошқа махсус педагогларга тақсимлаш зарурати мавжуд бўлганда;

вакант соатлар мавжуд бўлганда ушбу вакант ўринга махсус педагог ишга қабул қилингунга қадар.


18. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг педагогик кенгаши томонидан тақсимланган дарс соатлари ҳар йили 17 сентябрга қадар электрон дастурга киритилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин. Бунда қайта тақсимланган дарс соатлари бир иш куни ичида электрон дастурга киритилади.


19. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда бола парваришидан қайтган махсус педагогларга, шунингдек, пенсия ёшидаги махсус педагог ва тарбиячиларга дарс соатлари меҳнат қонунчилигига асосан тегишлича мазкур Низомнинг 14 ва 16-бандларида белгиланган кўрсаткичлар устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади.


20. Махсус педагогларнинг тарификация рўйхатини шакллантириш мақсадида ихтисослаштирилган таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан ҳар йили 20 сентябрга қадар электрон дастурга қуйидаги маълумотлар киритилади ва ҳудудий бошқармаларга кўриб чиқиш учун юборилади:

махсус педагогнинг исми, фамилияси, отасининг исми, диплом бўйича маълумоти, малака тоифаси тўғрисидаги маълумотлар;

базавий тариф ставкалари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан махсус педагогнинг тариф ставкалари тўғрисидаги маълумотлар (бунда махсус педагогнинг ҳар бир фан учун маълумоти ва тегишли малака тоифаси берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади);

педагогик кенгаш томонидан махсус педагоглар ўртасида тақсимланган дарс соатлари;

дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ тўловлари;

махсус педагогга бириктирилган синф ва синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари;

уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган махсус педагогларга тақсимланган дарс соатлари ва улар бўйича махсус педагогнинг тариф ставкалари;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган бошқа устама ва қўшимча тўловлар.


21. Ҳудудий бошқармалар томонидан махсус педагогларнинг тарификация рўйхати уч иш куни ичида мазкур Низомнинг 20-бандидаги маълумотларнинг тўғри ва тўлиқ киритилганлиги юзасидан кўриб чиқилади ҳамда Агентликка тасдиқлаш учун юборилади ёки аниқланган хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қайтарилади.


22. Қайта ишлаш учун юборилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати ихтисослаштирилган таълим муассасалари томонидан икки иш куни ичида қайта кўриб чиқилади ва ҳудудий бошқармаларга электрон дастур орқали қайтадан юборилади.

Бунда қайта юборилган тарификация рўйхати ҳудудий бошқармалар томонидан шу куннинг ўзида кўриб чиқилади ва Агентликка тасдиқлаш учун юборилади.


23. Агентлик томонидан ҳар йили 25 сентябрга қадар махсус педагогларнинг тарификация рўйхати қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади ҳамда тасдиқланади:

- бир (1) ставкада ишловчи махсус педагог учун I - IV синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси - 18 соат ва педагогик юкламаси - 18 соатни ҳамда V-XI синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси - 20 соатни ва педагогик юклама - 16 соатни ташкил этади, бунда махсус педагогнинг педагогик юкламаси ҳафталик ўқув юкламасига мос равишда I - IV синфларда 1,0 коэффициентга, V-XI синфларда 0,8 коэффициентга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланганлиги;

- уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган махсус педагогларга ҳақ тўлаш базавий тариф ставкасини ўқув ва педагогик юкламаларга бўлиш, уларни якка тартибда ўтказилган ҳақиқий дарс соатларига кўпайтириш ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда махсус педагогнинг тариф ставкаси ҳамда лавозим маошлари миқдорига қўшимча тўлов амалга оширилганлиги (бунда якка тартибда ўқувчини уйда ўқитаётган махсус педагогларнинг асосий ойлик юкламаси ихтисослаштирилган таълим муассасасида бўлиши шарт);

- махсус педагогларга кетма-кет икки ойдан ортиқ бўлмаган даврда касаллик ёки бошқа сабаблар билан ишда бўлмаган ходимларнинг ўрнини босиш тартибида ишлаб берилган соатлари учун соатбай ҳақ тўлашда махсус педагогларнинг лавозими ва малака тоифаси учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган базавий тариф ставкалари асосида тўловлар, устамалар ва қўшимча тўловлар амалга оширилганлиги;

- дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ махсус педагогнинг дафтарлар ва ёзма ишлар бўйича текшириладиган фанларнинг умумий соатлари ва синф комплектидаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланганлиги;

- синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорлар бўйича ҳисобланганлиги;

- махсус педагогларга биттадан ортиқ синфга раҳбарлик қилишга ва меҳнатини соатбай асосда олиб борувчи махсус педагогларга синфга раҳбарлик қилишга йўл қўйилмаслиги (бунда бошланғич синфларда синф раҳбарлиги она тили, ўқиш ва математика фанларидан дарс ўтадиган махсус педагогларга юклатилади);

- махсус педагогларга ҳар ойлик қўшимча тўловлар ва устамалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бэлгиланганлиги;

- фанлар бўйича вакант соатлар учун маблағларни режалаштириш барча устама ва қўшимчаларни инобатга олиб, бир (1,0) ставкада ишловчи махсус педагогнинг базавий тариф ставкаси ҳисобидан келиб чиққан ҳолда электрон дастур орқали ҳисобланганлиги;

- вакант синф раҳбарлиги бўйича қўшимча ҳақ тўловлари синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорларда ҳисобланганлиги.


24. Махсус педагогларнинг тарификация рўйхати мазкур Низомнинг 23-бандидаги мезонларга мувофиқ ҳолда электрон дастур орқали киритилган бўлса, Агентлик томонидан тасдиқланади.


25. Мазкур Низомнинг 23-бандидаги мезонларга номувофиқ ҳолда электрон дастур орқали киритилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхатини тасдиқлаш Агентлик томонидан хато ва камчиликлар кўрсатилган ҳолда рад этилади.

Рад этилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасасига қайтарилади.

Қайтарилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати ихтисослаштирилган таълим муассасаси томонидан икки иш куни ичида қайта кўриб чиқилади ва электрон дастур орқали ҳудудий бошқармаларга қайта юборилади. Бунда ҳудудий бошқармалар томонидан махсус педагогларнинг тарификация рўйхати шу куннинг ўзида Агентликка электрон дастур орқали юборилади.

Қайта юборилган махсус педагогларнинг тарификация рўйхати Агентлик томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.


26. Махсус педагогларнинг тарификация рўйхати ўзгартирилиши ва қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бунда махсус педагоглар ўртасида тақсимланган дарс соатларига жами дарс соатлари режаси доирасида киритиладиган ўзгартиришлар ихтисослаштирилган таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.

Махсус педагогларнинг тарификация рўйхатидаги синф сонининг кўпайиши ёки камайиши оқибатида киритиладиган ўзгартиришлар Агентлик томонидан қайта тасдиқланиши лозим.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


27. Манфаатдор шахслар ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш юзасидан норози бўлган тақдирда, судга ёки ваколатли органларга қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


28. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 17 апрель