Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Яшил тадбиркор" мақомини бериш ҳамда мақомни олган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.04.2026 й. 195-сонли карорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2026 йил 21 апрелдаги

195-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Яшил тадбиркор" мақомини бериш ҳамда

мақомни олган тадбиркорлик субъектларини

рағбатлантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Яшил тадбиркор" мақомини бериш ҳамда мақомни олган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Апелляция комиссияси - Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита) томонидан 5-7 нафардан иборат таркибда тасдиқланадиган, танлов давомида танлов иштирокчилари берган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга комиссия;


махсус платформа - "Яшил тадбиркор" мақомини бериш учун танлов ўтказиладиган "yashiltadbirkor.uz" платформаси;


танлов - танлов иштирокчилари томонидан махсус платформага киритилган маълумотларни танлов мезонлари асосида баҳолаш орқали энг юқори балл тўплаган танлов иштирокчиларини аниқлаш бўйича ўтказиладиган тадбир;


3. "Яшил тадбиркор" мақоми бир йилда бир маротаба ўтказиладиган танлов асосида энг юқори балл тўплаган 10 та тадбиркорлик субъектларига берилади.


4. "Яшил тадбиркор" мақоми ушбу Низом билан белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига берилади.


5. "Яшил тадбиркор" мақомини бериш учун танлов Қўмита томонидан махсус платформада ўтказилади.


6. "Яшил тадбиркор" мақомини бериш ҳамда мақомни олган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


7. Қўмита раисининг қарорига кўра атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришда юқори кўрсаткичларга эришган тадбиркорлик субъектларига "Яшил тадбиркор" мақоми танлов ўтказилмасдан берилиши мумкин.



2-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


8. Танлов иштирокчилари Қўмитанинг махсус платформасида рўйхатдан ўтади ҳамда ушбу Низомга 2-иловада келтирилган баҳолаш мезонларига мувофиқ талаб этиладиган маълумотларни киритади.


9. Танлов иштирокчилари томонидан махсус платформага киритилган маълумотлар ушбу Низомга 2-иловада келтирилган баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади ҳамда танлов иштирокчилари тўплаган якуний баллар автоматлаштирилган ҳолда аниқланади.


10. Танловни ўтказиш жараёнида танлов иштирокчиларининг натижалари 100 балли тизим асосида баҳоланади.


11. Танлов иштирокчилари тўплаган якуний баллар аниқлангандан сўнг бир иш куни ичида танлов натижалари махсус платформада эълон қилинади.


12. "Яшил тадбиркор" мақомини олган тадбиркорлик субъектлари рўйхати Қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.



3-БОБ. ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ

ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ


13. Танлов ғолиблари ҳар йили 1 июнга қадар тантанали тарзда Қўмита томонидан тақдирланади.


14. Энг юқори балл билан "Яшил тадбиркор" мақомини олган 1 та тадбиркорлик субъекти вакили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог" фахрий унвони ҳамда 10 та тадбиркорлик субъектлари вакиллари "Табиат ҳимоячиси" кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилади.


15. "Яшил тадбиркор" мақомига эга тадбиркорлик субъектлари махсус гувоҳнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланади ҳамда уларнинг вакиллари экологик тадбирларда фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.


16. "Яшил тадбиркор" мақомини олган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:

"Шаффоф қурилиш" платформасида устуворлик бериш;

муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этиш;

халқаро савдо кўргазмаларида қатнашиш учун молиявий қўллаб-қувватлаш;

маҳсулот ва хизматлар "экологик тоза маҳсулот" ва "экологик тоза хизмат" сифатида реклама қилинишини қўллаб-қувватлаш;

яшил стартаплар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш учун ихтисослаштирилган молиялаштириш дастурларини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл бериш.



4-БОБ. ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


17. Танлов натижаларидан норози бўлган танлов иштирокчилари танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки махсус платформа орқали электрон шаклда апелляция шикоятини бериши мумкин.


18. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Қўмита томонидан тасдиқланади.

Бунда Апелляция комиссияси апелляция шикоятларини кўриб чиқиш жараёнига жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.


19. Апелляция комиссияси апелляция шикояти келиб тушган кундан бошлаб уни 15 иш кунида кўриб чиқади.


20. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

танлов натижасини ўзгартиришсиз қолдириш;

танлов натижасини ўзгартириш.


21. Апелляция шикоятини кўриб чиқишда танлов иштирокчисининг танловда тўплаган балларини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


22. Апелляция комиссияси ўз қарорини қабул қилинган куннинг ўзида апелляция шикояти билан мурожаат қилган танлов иштирокчисига маълум қилиши лозим.


23. Танлов иштирокчиси апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича Апелляция комиссиясининг қабул қилган қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Танлов иштирокчиси томонидан махсус платформага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик унинг зиммасига юкланади.


25. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

            

           




Низомга

1-ИЛОВА



"Яшил тадбиркор" мақомини бериш ҳамда

мақомни олган тадбиркорлик субъектларини

рағбатлантириш тартиби

СХЕМАСИ

              

       

Босқичлар

      


      

Субъектлар

        


       

Тадбирлар

     


       

Ижро муддати

       








1-босқич


Тадбиркорлик

субъектлари


      

1. Танлов иштирокчилари Экология қўмитасининг "yashiltadbirkor.uz" махсус платформасида (кейинги ўринларда-махсус платформа) рўйхатдан ўтади.


2. Баҳолаш мезонларига мувофиқ талаб этиладиган маълумотларни махсус платформага киритади.

        


     

Ўз хоҳишига кўра




Ҳар йили

1 апрелга қадар








2-босқич


              

Экология

қўмитаси,

масъул вазирлик

ва идоралар

           


Танлов иштирокчилари томонидан махсус платформага киритилган маълумотларни баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланишини ҳамда танлов иштирокчилари тўплаган якуний баллар автоматлаштирилган ҳолда аниқланишини таъминлайди.


Ҳар йили

1 майга қадар








3-босқич


Экология

қўмитаси


Танлов натижаларини махсус платформада эълон қилади.



        

Тўпланган

якуний баллар

аниқлангандан

сўнг бир иш

куни ичида

         








4-босқич


Экология

қўмитаси


           

Танлов натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган 10 та танлов иштирокчиларига "Яшил тадбиркор" мақомини беради ҳамда уларни тантанали тарзда тақдирлайди.

         


Ҳар йили

1 июнга қадар

           

           




Низомга

2-ИЛОВА



"Яшил тадбиркор" мақомини олиш учун

танлов иштирокчиларини баҳолаш

МЕЗОНЛАРИ

             

Т/р

Баҳолаш мезонлари

Максимал

балл

Танлов иштирокчилари

томонидан "yashiltadbirkor.uz"

платформасига киритилган

маълумотлар ҳаққонийлигини

тасдиқлаш усули

             

1.

Кўкаламзорлаштириш, "яшил белбоғ"ларни ташкил этиш, суғориш тизимларини ўрнатиш, жумладан, томчилатиш, ёмғирлатиш ва контейнерли (қопли) суғориш тизимини жорий қилиш.


10 балл

Экология қўмитасининг "Яшил макон" платформаси орқали тасдиқлаш.


2.

Энергия тежамкорлигини таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш:

энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни жорий қилиш;

диодли (LED) лампалар, тежамкор энергия қурилмаларидан фойдаланиш;

муқобил энергия манбалари, жумладан, қуёш панеллари ва шамол турбиналарини жорий қилиш;

бино ва иншоотларда табиий ёруғликдан кенг фойдаланиш;

бино ва иншоотларда энергияни тежаш учун юқори сифатли изоляциядан фойдаланиш;

сувни тежайдиган қурилмалар ва технологияларни жорий этиш;

ёмғир сувларини тўплаш ва улардан фойдаланиш;

оқова сувларни тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва оқова сувлардан қайта фойдаланишни (10-20 фоизга) ташкил этиш.


20 балл

Экология қўмитаси, Энергетика вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ платформалари ҳамда танлов иштирокчиси томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тасдиқлаш.


3.

Корхонанинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, атмосферага зарарли моддалар ташламаларини онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш ва атмосфера ҳавосига ташламаларни камайтириш учун қуввати 99,5 фоиз фильтр ўрнатиш.


20 балл

Экология қўмитасининг платформаси орқали тасдиқлаш.


4.

Корхона томонидан яшил лойиҳаларни жорий этиш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматларни кўрсатишда технологик жараёнларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш (кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан таққосланган ҳолда).


20 балл

Экология қўмитасининг платформаси орқали тасдиқлаш.


5.

Электр энергиясида ҳаракатланувчи транспорт воситаларидан кенг фойдаланиш (йилига 5-10 фоиз атрофида транспорт воситаларини янгилаш).


10 балл

Экология қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати платформаси ҳамда танлов иштирокчиси томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тасдиқлаш.


6.

Ишлаб чиқаришга циркуляр иқтисодиётни жорий қилиш (7R) тамойилини татбиқ этиш, жумладан:

ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндисиз, чиқиндиси кам технологиялардан фойдаланиш (reduce);

синтетик, полимер қоплама, ўрам, тара, идиш ва бошқалардан фойдаланмаслик ёки фойдаланишни қисқартириш (rethink);

ишлаб чиқарилган маҳсулотни таъмирлаб, қайта ишлатиш имкониятини яратиш, сервис хизматларини ташкил этиш (repair);

кўп маротаба ишлатиладиган тара, қоплама, ўрам ва бошқалардан фойдаланиш (refuce);

ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган чиқиндилардан қайта фойдаланиш (reuse);

ҳосил бўлган чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашга йўналтириш (recycle);

қайта ишланган маҳсулотлардан кенг фойдаланиш (repurpose).


20 балл


Экология қўмитаси, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг "Тоза макон" платформаси орқали тасдиқлаш.


7.

Табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик талабларини бузганлик, яъни экологик ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилганлиги ҳолати мавжудлиги (кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан таққосланган ҳолда).


- 30 балл

Экология қўмитасининг "Эконазорат ахборот тизими" орқали тасдиқлаш.


          

                

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 22 апрель