Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Пай фондларининг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 29.04.2026 й. 3825-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 03.04.2026 й. 11-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 29 апрелда 3825-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2026 йил 3 апрелдаги

11-сон буйруғига

ИЛОВА



Пай фондларининг ягона реестрини

юритиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом пай фондларининг ягона реестрини (бундан буён матнда ягона реестр деб юритилади) шакллантириш, юритиш, ягона реестрга ўзгартириш киритиш, шунингдек пай фондини ягона реестрдан чиқариш ва ягона реестрдан маълумотларни тақдим этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ягона реестр Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган ҳамда фаолият юритаётган пай фондлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборот тизими ҳисобланади.


2. Пай фонди Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) томонидан ягона реестрга киритилган ҳамда тегишли маълумотлар Агентлик ва "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади.


3. Пай фондини ягона реестрга киритиш бепул амалга оширилади.



2-БОБ. ПАЙ ФОНДИНИ ЯГОНА РЕЕСТРГА КИРИТИШ


4. Пай фондини ягона реестрга киритиш учун пай фондининг ишончли бошқарувчиси Агентликка қуйидаги ҳужжатларни ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади:

пай фондининг ишончли бошқарувчиси томонидан имзоланган пай фондини ягона реестрга киритиш тўғрисидаги ариза;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия нусхаси;

ишончли бошқарувчининг пай фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарори нусхаси;

инвесторлар билан пай фондини ишончли бошқариш тўғрисидаги шартнома нусхаси;

пай фондининг инвестиция декларацияси нусхаси.


5. Агентликнинг ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш бўйича ишчи орган функцияларини Капитал бозорини ривожлантириш департаменти (бундан буён матнда ишчи орган деб юритилади) амалга оширади.


6. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қоғоз шаклда Агентликка ёки электрон шаклда Агентликнинг электрон почтасига тақдим этилади.

Электрон шаклда тақдим этиладиган маълумотлар юқори сифатли бўлиши ва "PDF", "PNG" ёки "JPEG" форматларида бўлиши лозим.


7. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар олингандан кейин Агентлик етти иш куни ичида пай фондини ягона реестрга киритиш ёки ягона реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


8. Ишчи орган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни беш иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижалари бўйича хулосани Агентлик раҳбарига (ўринбосарига) тақдим этади.


9. Агентлик раҳбари (ўринбосари) ишчи орган томонидан хулоса тақдим этилган кундан бошлаб икки иш куни ичида пай фондини ягона реестрга киритиш ёки ягона реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


10. Пай фонди тўғрисидаги маълумотларни ягона реестрга киритиш пай фондини реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин бир иш куни ичида амалга оширилади.


11. Пай фондини ягона реестрга киритиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

ушбу Низомнинг 3-бандида қайд этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилганда;

тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги аниқланганда.


12. Пай фондини ягона реестрга киритиш рад этилган тақдирда ишчи орган томонидан пай фондининг ишончли бошқарувчисига бир иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган хабарнома юборилади.



3-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРГА КИРИТИЛАДИГАН МАЪЛУМОТЛАР


13. Ягона реестрга пай фонди тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:

пай фондини ягона реестрга киритиш санаси ва рақами;

пай фондининг тўлиқ ва қисқартирилган номи;

фонд тури (муомалага чиқарилган инвестиция пайларини ишончли бошқарувчи томонидан фонднинг маблағлари ҳисобидан қайтариб сотиб олиш мажбурияти билан ёки сотиб олиш мажбуриятисиз);

пай фондини ташкил этиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш мақсади;

пай жамғармаси маблағлари инвестиция қилинадиган инвестиция активлари рўйхати;

ишончли бошқарувчи тўғрисидаги маълумотлар (тўлиқ номи, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия рақами ва санаси, жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ва веб-сайти (мавжуд бўлса), СТИР);

пай фондини ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати (агар белгиланган бўлса).


14. Пай фонди тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги учун пай фондининг ишончли бошқарувчиси масъул ҳисобланади.



4-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ТАРТИБИ


15. Ишончли бошқарувчи ягона реестрга киритилиши лозим бўлган маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида Агентликни бундай ўзгариш юз берган санадан бошлаб уч иш куни ичида тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши шарт.


16. Ишчи орган пай фондининг ишончли бошқарувчисидан хабарнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар олинган пайтдан бошлаб икки иш куни ичида ягона реестрга ўзгартиришлар киритади.


17. Пай фондига киритилган ўзгартиришлар тарихи ягона реестрнинг электрон тизимида сақланади.



5-БОБ. ПАЙ ФОНДИНИ ЯГОНА РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ


18. Пай фонди тугатилган тақдирда ишончли бошқарувчи Агентликни бу тўғрисида икки иш куни ичида пай фондини тугатиш асосларини кўрсатган ва тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилади.


19. Ишчи орган пай фондининг ишончли бошқарувчисидан хабарнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар олинган пайтдан бошлаб бир иш куни ичида тугатилган пай фонди тўғрисидаги маълумотларни ягона реестрдан чиқаради.


20. Ягона реестрдан чиқариб ташланган пай фонди тўғрисидаги маълумотлар ягона реестрнинг электрон архивида сақланади.



6-БОБ. ЯГОНА РЕЕСТРДАН МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


21. Ягона реестрга киритилган маълумотлар қуйидаги усуллар билан тақдим этилади:

Агентликнинг расмий веб-сайтига барча фойдаланиши мумкин бўлган мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган маълумотларни жойлаштириш;

манфаатдор шахсларнинг сўровига асосан қўшимча маълумотларни тақдим этиш.


22. Ягона реестрга киритилган қуйидаги маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайтида барча фойдаланувчилар учун очиқ эълон қилинади:

пай фондини ягона реестрга киритиш санаси ва рақами;

пай фондининг тўлиқ ва қисқартирилган номи;

пай фондини ишончли бошқарувчининг номи.


23. Ягона реестрдан қўшимча маълумотларни олиш учун ёзма ёки электрон шаклдаги сўровда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

маълумотларнинг тақдим этилишини сўраётган манфаатдор шахснинг номи;

алоқа маълумотлари (манзил, телефон рақам ва (ёки) электрон почта);

сўралаётган маълумотлар рўйхати;

сўралаётган маълумотларни олиш учун ҳуқуқий асос.


24. Қонунчиликка мувофиқ махфий ахборот жумласига киритилган маълумотлар фақат уни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга берилади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 29 апрель