Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 07.05.2026 й. 3832-сон билан рўйхатга олинган камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 20.02.2026 й. 03-2026/Б-сон буйруғига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 7 майда 3832-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

камбағалликни қисқартириш

ва бандлик вазирининг

2026 йил 20 февралдаги

03-2026/Б-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда

ажратиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва ссуда ажратиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


субсидия - Жамғарма маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга қайтариб бермаслик шарти билан бериладиган молиявий кўмак;


ссуда - Жамғарма маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган жисмоний ва юридик шахсларга қайтариб бериш шарти билан бериладиган фоизсиз молиявий кўмак;


"Бандлик хизмати" ахборот тизими - меҳнат органларига мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган электрон ахборот тизими;


"Online mahalla" электрон платформаси - ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ахборот тизими;


"subsidy.mf.uz" дастурий таъминоти - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг субсидия тўловларини автоматик равишда амалга оширувчи электрон дастурий таъминоти;


"sertifikat.mehnat.uz" ахборот тизими - касб-ҳунарга тайёрлаш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида яратилган электрон ахборот тизими.


2. Жамғарма маблағлари ҳисобидан субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:

иш берувчиларга - туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари (бундан буён матнда бандлик бўлими деб юритилади) йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида;

иш берувчиларга - аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун ҳар бир ходим учун ўн икки ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;

иш берувчиларга - иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилган иш жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача;

иш берувчиларга - жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилиш учун ҳар бир шахс учун уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг бир марталик базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида. Мазкур субсидия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 сентябрдаги 450-сон қарори билан тасдиқланган Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ажратилади;

2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига - халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади) томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда;

2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига - харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаган миқдорда.


3. Жамғарма маблағларидан ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш мақсадида уч йилгача муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.


4. Вазирлик томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ҳудудлар кесимидаги смета ҳужжатларига мувофиқ субсидиялар ва ссуда ажратилади.

Субсидиялар ва ссуда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) томонидан тасдиқланган смета ҳужжатларида белгиланган маблағлар доирасида молиялаштирилади.


5. Субсидия ва ссуда олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг хаққонийлиги учун ҳужжатларни тақдим этувчилар масъул ҳисобланади.



2-БОБ. ХОДИМЛАРНИ КАСБГА ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚОПЛАШ УЧУН СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


6. Бандлик бўлими йўлланмаси асосида ишга қабул қилинган ходимни (бундан буён матнда ходим деб юритилади) касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида иш берувчи Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (бундан буён матнда ЯИДХП деб юритилади) ёки "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси (бундан буён матнда "ЯММТ" ИДАК деб юритилади) орқали субсидия олиш учун ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.


7. Мурожаатда иш берувчи томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади);

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқитиш жойининг манзили, иш берувчи ва давлат ёки нодавлат таълим ташкилоти билан тузилган шартноманинг электрон нусхаси, ходимни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш муддати;

субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган иш берувчининг банк реквизитлари.

Мурожаатга ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.


8. Иш берувчи ходимни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давлат ёки нодавлат таълим ташкилоти билан шартнома тузган бўлиши лозим. Бунда давлат ёки нодавлат таълим ташкилоти "sertifikat.mehnat.uz" ахборот тизимида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.


9. Ҳудудий бошқармаларнинг бандлик дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш шуъбаси масъул ходими (бундан буён матнда масъул ходим деб юритилади) мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали уч иш кунида скоринг тизимига юборади. Бунда:

ходим бандлик бўлими йўлланмаси асосида ишга қабул қилинганлиги;

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилади.


10. Иш берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, зарур маълумотлар кўрсатилмаган ёки бандлик бўлими йўлланмаси ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, масъул ходим "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида иш берувчини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.


11. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда уч иш кунида масъул ходим томонидан "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади.


12. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида иш берувчига ҳар бир ходим учун ходимнинг ўқиш муддатига мувофиқ олти ой давомида ҳар ойнинг охирида базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида субсидия тўланади.


13. Ходимнинг ўқиши якунлангандан сўнг иш берувчи беш иш куни ичида касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтган ёки малакаси оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни "sertifikat.mehnat.uz" ахборот тизимига киритиши шарт.


14. Ходим билан иш берувчи ўртасида касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муддати давомида меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, иш берувчи шу куннинг ўзида меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқни "Бандлик хизмати" ахборот тизимига киритади.

Бунда субсидия тўлаш автоматик равишда тўхтатилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади. Иш берувчига илгари тўланган субсидиялар қайтариб олинмайди.



3-БОБ. ИШ ЎРИНЛАРИНИНГ БЕЛГИЛАНГАН ЭНГ

КАМ СОНИДАН ОРТИҚ МИҚДОРДА ИШГА ҚАБУЛ

ҚИЛИШ УЧУН СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


15. Иш берувчиларга Ўзбекистон Республикасининг "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги Қонунида белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилганлиги учун субсидия ажратиш мақсадида иш берувчи ЯИДХП ёки "ЯММТ" ИДАК орқали ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.


16. Мурожаатда иш берувчи томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

ишга қабул қилинган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР;

шахснинг ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансублигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки маълумотлар;

шахснинг иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон нусхаси;

субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган иш берувчи ташкилотнинг банк реквизитлари.

Мурожаатга ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.


17. Масъул ходим мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда:

шахснинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансублиги;

шахснинг иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинганлиги;

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилади.


18. Иш берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, зарур маълумотлар кўрсатилмаган бўлса ёки иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига кирувчи шахслар ишга қабул қилинганлиги тасдиқланмаса, масъул ходим "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида иш берувчини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.

Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда уч иш кунида масъул ходим томонидан "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади.


19. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан "subsidy.mf.uz" дастурий таъминот орқали иш берувчига иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасининг ҳар бири учун ўн икки ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия тўловлари амалга оширилади.


20. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан "ЯММТ" ИДАК орқали ҳар ой якунида солиқ хизмати органларидан ушбу ташкилотда иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахсга иш ҳақи ҳисобланганлиги тўғрисидаги маълумотлар олинганидан бошлаб субсидия маблағлари "subsidy.mf.uz" дастурий таъминоти орқали бир иш куни ичида тўланади.


21. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан "ЯММТ" ИДАК орқали ҳар ой якунида солиқ хизмати органларидан ушбу ташкилотда иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахсга иш ҳақи ҳисобланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда, субсидия тўлаш тўхтатилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади. Бунда тўланган субсидиялар қайтариб олинмайди.



4-БОБ. НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР УЧУН ИШ

ЎРИНЛАРИ ВА ШАРОИТЛАРИНИ МОСЛАШТИРГАН

ИШ БЕРУВЧИЛАРГА СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


22. Иш берувчи иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсга мослаштирганлиги учун субсидия ажратишни сўраб ЯИДХП ёки "ЯММТ" ИДАК орқали ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.


23. Мурожаатда иш берувчи томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

ишга қабул қилинган ногиронлиги бўлган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, биометрик паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР;

иш ўринлари ва меҳнат шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун сарфланган харажатлар миқдорини тасдиқловчи маълумотлар;

субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган иш берувчи ташкилотнинг банк реквизитлари.

Мурожаатга ногиронлиги бўлган шахснинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси ва ногиронлиги бўлган шахсга уч ой давомида солиқ хизмати органларидан иш ҳақи ҳисобланганлиги тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.


24. Масъул ходим мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда:

ногиронлиги бўлган шахснинг "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига киритилганлиги;

ногиронлиги бўлган шахсга иш ҳақи ҳисобланганлиги;

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги текширилади.


25. Бандлик бўлими мутахассиси иш берувчи томонидан ногиронлиги бўлган шахс учун иш ўринлари ва шароитларини мазкур Низомнинг иловасидаги Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари ва шароитларини мослаштириш воситалари рўйхатида белгиланган воситаларнинг бир ёки бир нечтаси асосида мослаштирилганлигини уч иш куни ичида жойига чиққан ҳолда ўрганади ҳамда бу ҳақда тасдиқловчи материаллар (фото ва бошқа тасдиқловчи материаллар) асосида далолатнома тузади.

Далолатнома бандлик бўлими мутахассиси, иш берувчи ва ногиронлиги бўлган шахс томонидан имзоланади ҳамда "Бандлик хизмати" ахборот тизимига бандлик бўлими мутахассиси томонидан шу куннинг ўзида киритилади.


26. Иш берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ва зарур маълумотлар кўрсатилмаган бўлса, шунингдек мазкур Низомнинг 25-бандидаги далолатнома асосида иш ўринлари ва шароитлари ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаганлиги аниқланганда, масъул ходим "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида иш берувчини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.


27. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда, шунингдек мазкур Низомнинг 25-бандига асосан иш берувчи томонидан иш ўринлари ва шароитлари ногиронлиги бўлган шахсга мослаштирилганлиги тасдиқланганда, масъул ходим томонидан уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи шу куннинг ўзида хабардор қилинади.


28. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига иш берувчига субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида ҳар бир ногиронлиги бўлган шахс учун мослаштирилган иш ўринлари ва меҳнат шароитларига сарфланган харажатлар миқдорини қоплаш мақсадида мурожаатда кўрсатилган миқдорда ҳар бир мослаштирилган иш жойи ва шароити учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача бир марталик субсидия тўланади.



5-БОБ. ЎҚИТУВЧИ ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ТАЪЛИМИ

УСТАЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ОЛИШ УЧУН

САРФЛАНГАН МАБЛАҒЛАРНИ ҚОПЛАШ

УЧУН СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


29. Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталари халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатларни, шунингдек, Вазирлик томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратишни сўраб мазкур сертификатларнинг амал қилиш муддати давомида ЯИДХП ёки "ЯММТ" ИДАК орқали бандлик бўлимига мурожаат қилади.


30. Мурожаатда ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устасининг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР;

ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устасининг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида ушбу соҳада фаолият юритаётганлиги тўғрисида маълумот;

субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устасининг банк картаси рақами.

Мурожаатга халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификат ёки миллий сертификат ва амалга оширилган тўлов ҳужжати нусхалари илова қилинади.


31. Масъул ходим халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификат ёки миллий сертификатни "sertifikat.mehnat.uz" электрон платформасидан олинган маълумотлар асосида текширади ва уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва мурожаатдаги маълумотларнинг тўғрилиги текширилади.


32. Ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устаси томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ва зарур маълумотлар кўрсатилмаган тақдирда, масъул ходим томонидан уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали субсидия ажратиш рад этилади ва бу ҳақда ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устаси шу куннинг ўзида рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилинади.


33. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда, масъул ходим томонидан уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига юборилади ҳамда бу ҳақда ўқитувчи ёки ишлаб чиқариш таълими устаси шу куннинг ўзида хабардор қилинади.


34. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатларни, шунингдек, миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача бўлган миқдорда субсидия тўланади.



6-БОБ. МАЛАКАНИ БАҲОЛАШ МАРКАЗЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТГАН ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА

СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


35. Малакани баҳолаш марказини ташкил этган тадбиркорлик субъекти томонидан баҳолаш воситаларини харид қилган санадан бошлаб уч ой ичида субсидия олиш мақсадида ЯИДХП ёки "ЯММТ" ИДАК орқали ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддаги бандлик бўлимига мурожаат қилади.


36. Мурожаатга тадбиркорлик субъекти томонидан қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

малакани баҳолаш маркази фаолияти йўналишининг лойиҳаси (концепцияси);

харид қилинган баҳолаш воситалари тўғрисидаги маълумот;

харид қилинган баҳолаш воситаларини етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар нусхалари;

субсидия маблағлари ўтказилиши лозим бўлган тадбиркорлик субъектининг банк реквизитлари.


37. Масъул ходим мурожаатда тақдим қилинган ҳужжатларни уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали скоринг тизимига юборади. Бунда тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва мурожаатдаги маълумотларнинг тўғрилиги текширилади.


38. Малакани баҳолаш марказини ташкил этган тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ва зарур маълумотлар кўрсатилмаган тақдирда, масъул ходим "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали уч иш кунида субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида тадбиркорлик субъектини хабардор қилади.


39. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда масъул ходим томонидан уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса берилади ва ушбу хулоса вазирликка келишиш учун юборилади.


40. Мазкур Низомнинг 39-бандида назарда тутилган хулоса вазирлик томонидан уч иш кунида малакани баҳолаш маркази фаолияти йўналиши лойиҳасининг (концепцияси) аниқлиги ва амалий йўналтирилганлиги, малакани баҳолаш маркази фаолиятининг мақсад ва вазифалари аниқ белгиланганлиги юзасидан ўрганилади.


41. Вазирлик томонидан малакани баҳолаш маркази фаолияти йўналиши лойиҳасининг (концепцияси) амалий йўналтирилмаган, малакани баҳолаш маркази фаолиятининг мақсад ва вазифалари аниқ белгиланмаган деб топилган тақдирда, субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса келишилмайди.

Масъул ходим Вазирлик томонидан субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса келишилмаган кундан бошлаб уч иш кунида "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали субсидия ажратишни рад этади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида тадбиркорлик субъектини рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади.


42. Вазирлик томонидан субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса келишилганда, келишув баёни "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали шу куннинг ўзида худудий бошқармаларга юборилади.


43. Масъул ходим вазирлик томонидан келишилган субсидия ажратиш бўйича ижобий хулосани "Бандлик хизмати" ахборот тизими орқали "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига йўналтиради ҳамда бу ҳақда шу куннинг ўзида тадбиркорлик субъектини хабардор қилади.


44. Ҳудудий бошқармаларнинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан "subsidy.mf.uz" дастурий таъминотига ижобий хулоса юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида малакани баҳолаш марказини ташкил этган тадбиркорлик субъектига харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия тўланади.



7-БОБ. НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН

ШАХСЛАРГА ССУДА АЖРАТИШ


45. Ногиронлиги бўлган шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш мақсадида ссуда ажратишни сўраб яшаш жойидаги ҳоким ёрдамчисига ёки ЯИДХП ёхуд "Online mahalla" электрон платформаси орқали мурожаат қилади.


46. Талабгорнинг мурожаатида унинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, ЖШШИР, "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига киритилганлиги, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш тўғрисидаги маълумотлар, сўралаётган ссуданинг миқдори ва талабгорнинг "ижтимоий карта" рақами кўрсатилади.


47. Ҳоким ёрдамчиси уч иш кунида ногиронлиги бўлган шахснинг мурожаатида қайд этилган маълумотларни ўрганиш учун "Online mahalla" электрон платформаси орқали скоринг тизимига юборади. Бунда:

талабгорнинг шахсий маълумотлари;

талабгорнинг ногиронлиги мавжудлигини тасдиқловчи маълумотлари;

тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқ ва тўғрилиги;

бажариладиган фаолият тури ва мақсади тўғрисидаги маълумотлар текширилади.


48. Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган, зарур маълумотлар кўрсатилмаган, талабгорнинг ногиронлиги тасдиқланмаган ҳолларда, ҳоким ёрдамчиси томонидан уч иш кунида "Online mahalla" электрон платформаси орқали ссуда ажратиш рад этилади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида талабгор рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда хабардор қилинади.


49. Ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилганда, ҳоким ёрдамчиси томонидан уч иш кунида "Online mahalla" электрон платформаси орқали сссуда ажратиш бўйича талабгорнинг мурожаати маъқулланади ва ижобий хулоса шакллантирилиб "Бандлик хизмати" ахборот тизимига юборилади ҳамда бу ҳақда шу куннинг ўзида талабгор хабардор қилинади.


50. Ҳудудий бошқарма талабгорнинг мурожаати маъқулланган кундан бошлаб беш иш кунида у билан ссуда ажратиш тўғрисида шартнома тузади. Шартномага тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа меҳнат қуроллари, хомашё харид қилиш, интернет хизматлари номи, ссудани қайтариш тартиби ҳамда жадвали илова қилинади.


51. Ҳудудий бошқарма ссуда ажратиш тўғрисида шартномага асосан Жамғармага маблағ ажратишни сўраб уч иш куни ичида мурожаат қилади.


52. Жамғарма ҳудудий бошқармага икки иш куни ичида мурожаатда кўрсатилган маблағларни ажратади.


53. Ҳудудий бошқарманинг молия-бухгалтерия хизмати томонидан уч иш куни ичида уч йилгача муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан талабгорнинг мурожаатида кўрсатилган, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда маблағлари талабгорнинг банк карта рақамига ўтказиб берилади.


54. Ссудалардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шунингдек ўз вақтида қайтарилиши юзасидан талабгорнинг яшаш жойидаги ҳоким ёрдамчиси томонидан мониторинг амалга оширилади.


55. Ссуда олган шахс томонидан ажратилган ссуда маблағлари ссуда ажратиш тўғрисидаги шартномада белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, ушбу маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


56. Манфаатдор шахслар cубсидия ва ссуда ажратиш тартибидан норози бўлган тақдирда, судга ёки ваколатли органларга қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


57. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари

ва шароитларини мослаштириш воситалари

РЎЙХАТИ


I БОБ. ФИЗИК МУҲИТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАНИ

МОСЛАШТИРИШ ВОСИТАЛАРИ


1. Пандуслар (стaционар ва кўчма)


2. Қўл таянчлар (перила)


3. Кенгайтирилган ва автоматик эшиклар


4. Сирпанишга қарши қопламалар (anti-slip)


5. Тактил йўлаклар ва белгилар


6. Мослаштирилган санитар-гигиена хоналари ва жиҳозлари


7. Автотураргоҳларда махсус жойлар



II БОБ. ИШ ЖОЙИ ЖИҲОЗЛАРИ


8. Баландлиги мослаштириладиган иш столлари


9. Эргономик креслолар


10. Қўл ва бел учун таянчлар


11. Оёқ учун туткичлар


12. Мослаштирилган шкаф ва токчалар



III БОБ. ОРГТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИ


13. Экранни ўқувчи дастурлар


14. Экранни катталаштирувчи дастурлар


15. Овоз орқали бошқарилувчи дастурлар


16. Матнни овозга айлантирувчи дастурлар


17. Брайл дисплей ва Брайл принтерлар


18. Катта тугмали ва махсус клавиатуралар


19. Сенсорли экранлар


20. Мослаштирилган компьютер сичқончалари;


21. Кўз орқали бошқарув (eye-tracking) тизимлари.



IV БОБ. КЎРИШ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН

ШАХСЛАР УЧУН ВОСИТАЛАР


22. Юқори контрастли монитор ва қурилмалар


23. Катта шрифтли материаллар


24. Аудио форматдаги ҳужжатлар


25. Тактил белгилар


26. Катталаштиргичлар (лупалар)



V БОБ. ЭШИТИШ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН

ШАХСЛАР УЧУН ВОСИТАЛАР


27. Овозни кучайтириш (hearing loop) воситалари


28. Мулоқотни осонлаштирадиган технологиялар (FM тизимлар)


29. Ёруғликли ва вибрaцияли сигналлар


30. Субтитрлаш дастурлари


31. Видео таржимон ускуналари



VI БОБ. ҲАРАКАТЛАНИШИ ЧЕКЛАНГАН

ШАХСЛАР УЧУН ВОСИТАЛАР


32. Ногиронлик аравачалари (электрон, механик)


33. Мослаштирилган иш жойлари


34. Кўтариш қурилмалари (лифтерлар)


35. Трансфер тахталари


36. Протез ва ортезлар


37. Махсус тутқич ва ушлагичлар



VII БОБ. КОГНИТИВ ВА ПСИХО-ИЖТИМОИЙ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВОСИТАЛАРИ


38. Визуал режалар ва жадваллар


39. Оддий интерфейсга эга дастурлар


40. Шовқинни камайтирувчи қурилмалар


41. Рангли кодлаш (ранглар орқали ахборот бериш ва белгилаш) воситалари



VIII БОБ. КОММУНИКAЦИЯ ВА АЛОҚА ВОСИТАЛАРИ


42. Альтернатив коммуникaция қурилмалари (AAC)


43. Махсус планшет ва мобил қурилмалар


44. Онлайн мулоқот платформалари


45. Матн асосидаги алоқа тизимлари



IX БОБ. ТРАНСПОРТ ВА ҲАРАКАТЛАНИШ ВОСИТАЛАРИ


46. Мослаштирилган транспорт воситалари


47. Автомобил учун қўл бошқаруви воситаси


48. Махсус транспорт хизматлари


49. Кўчма пандуслар



X БОБ. ИШ ЖАРАЁНИНИ МОСЛАШТИРИШ ВОСИТАЛАРИ


50. Масофавий иш технологиялари


51. Мослаштирилган иш жадвали дастурлари


52. Иш жойида ассистент (job coach) хизматлари


53. Хавфсизлик сигналлари ва мониторинг тизимлари



XI БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА МАХСУС УСКУНАЛАР


54. Енгил асбоб-ускуналар


55. Автоматлаштирилган иш линиялари


56. Мослаштирилган шахсий ҳимоя воситалари (PPE)


57. Осон бошқариладиган ускуналар



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 8 май