Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказий банк Бошқарувининг 16.04.2026 й. 344-Б-10-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 15.04.2026 й. 17-сон "Нобанк кредит ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 08.05.2026 й. 2925-10-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

08.05.2026 й.

N 2925-10

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

16.04.2026 й.

N 344-Б-10


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ

ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ

КУРАШИШ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ

15.04.2026 й.

N 17


ҚАРОРИ



Нобанк кредит ташкилотларида жиноий фаолиятдан

олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни

молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат

қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 2017 йил 9 августдаги 344-В ва 26-сон қарори (рўйхат рақами 2925, 2017 йил 4 сентябр) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 36-сон, 968-модда) билан тасдиқланган Нобанк кредит ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Марказий банк раиси

Т.А. Ишметов

Департамент бошлиғи

Ж.Ж. Хатамов

    





Қарорга

ИЛОВА




Нобанк кредит ташкилотларида жиноий фаолиятдан

олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни

молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат

қоидаларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар


1. 2-бандда:

иккинчи хатбошидаги "ломбард" деган сўздан кейин ", кафолатлар бериш ташкилоти, факторинг ташкилоти" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"бенефициар мулкдор - мижозга нисбатан пировард назоратни амалга оширувчи ёки унга бевосита ёхуд билвосита эгалик қилувчи жисмоний шахс(лар), шунингдек номидан операция амалга оширилаётган жисмоний шахс;";

ўн олтинчи хатбошидаги "ўрганиш" деган сўз "тушуниш" деган сўз билан алмаштирилсин.


2. 6-бандда:

қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ходимларни ишга қабул қилишда номзодларнинг лавозимга муносиблигини баҳолашга қаратилган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш бўйича рискка асосланган текширув тартиб-таомиллари;";

ўн иккинчи - ўн учинчи хатбошилар тегишли равишда ўн учинчи - ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


3. 26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"26. Нобанк кредит ташкилоти томонидан жисмоний шахс - мижозни идентификациялаш шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки рақамли идентификация асосида амалга оширилади. Бунда нобанк кредит ташкилоти жисмоний шахс - мижоз идентификацияси:

шахсни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд уларнинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжат) асосида амалга оширилганда ушбу ҳужжатнинг асли ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) "Ижтимоий карта" мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли билан танишиб чиқиши;

рақамли идентификация асосида амалга оширилганда Мижозларни рақамли идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3322, 2021 йил 30 сентябрь) белгиланган чораларни кўриши лозим.".


4. 50-банд қуйидаги таҳрирдаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда махсус журнал нобанк кредит ташкилотининг автоматлаштирилган ахборот тизимларида электрон шаклда юритилади.".


5. 61 ва 62-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"61. Сўровномалар махсус дастурлар ёрдамида барча мижозлар бўйича электрон шаклда тўлдирилади. Шубҳали операцияларни амалга оширувчи ва юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган мижозлар бўйича сўровномалар реестри электрон шаклда юритилади.

62. Электрон шаклда тўлдирилган сўровномалар нобанк кредит ташкилотининг мижозларнинг идентификациясини амалга оширувчи ходимларига мижоз тўғрисидаги маълумотларни текшириш учун доимий режимда тезкор фойдаланиш имкониятини берувчи электрон базада сақланади.".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 8 май