Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказий банк Бошқарувининг 16.04.2026 й. 347-Б-5-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 15.04.2026 й. 18-сон "Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 08.05.2026 й. 3266-5-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

08.05.2026 й.

N 3266-5

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

16.04.2026 й.

N 347-Б-5


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ

ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ

КУРАШИШ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ

15.04.2026 й.

N 18


ҚАРОРИ



Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар

тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий

фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,

терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин

қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат қоидаларига

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 2020 йил 24 июндаги 357-В ва 13-сон қарори (рўйхат рақами 3266, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3266/1110-сон) билан тасдиқланган Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Марказий банк раиси

Т.А. Ишметов

Департамент бошлиғи

Ж.Ж. Хатамов

      





Қарорга

ИЛОВА



Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар

тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий

фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,

терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин

қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат қоидаларига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 1-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"бенефициар мулкдор - мижозга нисбатан пировард назоратни амалга оширувчи ёки унга бевосита ёхуд билвосита эгалик қилувчи жисмоний шахс(лар), шунингдек номидан операция амалга оширилаётган жисмоний шахс;";

қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"пакетли ўтказма - бир нечта алоҳида тўловлар ёки ўтказмалардан иборат бўлиб, айни бир молиявий муассасага (тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари, тўлов ташкилотлари ва бошқалар) юбориладиган, якунда бир шахсга ёки турли шахсларга мўлжалланган ўтказма.".


2. 4-бандда:

қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ходимларни ишга қабул қилишда номзодларнинг лавозимга муносиблигини баҳолашга қаратилган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш бўйича рискка асосланган текширув тартиб-таомиллари;";

ўн олтинчи - йигирманчи хатбошилар тегишли равишда ўн еттинчи - йигирма биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


3. 17-1-банднинг "б" кичик банди иккинчи хатбошисидаги "базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига" деган сўзлар "175 миллион сўмга" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


4. 31-2-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"31-2. Базавий ҳисоблаш миқдорининг 28 бараварига тенг ёки ундан ошган суммадаги юборилаётган ички тўловлар ва пул ўтказмалари бўйича маълумотлар жўнатувчи тўғрисидаги маълумотларни (жўнатувчининг номи, манзили, солиқ тўловчининг идентификацион рақами ёки мижознинг идентификация рақами, агар операция жараёнида ҳисобварақ ишлатилган бўлса, унинг рақами ёки операцияни жўнатувчидан олувчигача кузатиб бориш имконини берадиган операциянинг хос рақами, жисмоний шахслар учун эса - унинг исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи) ҳамда олувчи тўғрисидаги маълумотларни (олувчининг номи, мамлакати ва шаҳри, солиқ тўловчининг идентификацион рақами ёки мижознинг идентификация рақами, агар операция жараёнида ҳисобварақ ишлатилган бўлса, унинг рақами ёки операцияни жўнатувчидан олувчигача кузатиб бориш имконини берадиган операциянинг хос рақами, жисмоний шахслар учун эса - унинг исми, фамилияси, отасининг исми ва яшаш жойи) ўз ичига олиши керак, жўнатувчи тўғрисидаги тўлиқ маълумот олувчи банк томонидан бошқа манбалар орқали олиниши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Бу ҳолатда жўнатувчи тўлов ташкилотига жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини, шунингдек ҳисобварақнинг рақами ёки операцияни жўнатувчидан олувчигача кузатиб бориш имконини берадиган операциянинг хос рақамини қўшиб қўйиш етарли.

Тўлов ташкилотлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 28 бараваридан ошмаган суммадаги ички тўловлар ва пул ўтказмаларини жўнатувчи ҳақидаги (жўнатувчи юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми; агар операция жараёнида ҳисобварақ ишлатилган бўлса, у ҳолда ушбу ҳисобварақнинг рақами ёки операцияни жўнатувчидан олувчигача кузатиб бориш имконини берадиган операциянинг хос рақами) ва олувчи ҳақидаги (олувчи юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми; агар операция жараёнида ҳисобварақ ишлатилган бўлса, у ҳолда ушбу ҳисобварақнинг рақами ёки операцияни жўнатувчидан олувчигача кузатиб бориш имконини берадиган операциянинг хос рақами) маълумотлар билан бирга юборилишини таъминлашлари керак.".


5. Қуйидаги мазмундаги 31-3 ва 31-4-бандлар билан тўлдирилсин:

"31-3. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари мижоз томонидан банк картаси орқали товар ёки хизмат учун тўлов амалга оширилганда банк картасининг рақамини жўнатувчи молиявий муассасадан олувчи молиявий муассасагача кузатиб борилишини таъминлаши шарт.

31-4. Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари айни бир жўнатувчидан халқаро пул ўтказмалари бўйича пакетли ўтказма амалга оширилганда, бундай ўтказмалар жўнатувчининг ҳисобварағи ёки операцияни жўнатувчидан олувчигача кузатиб бориш имконини берадиган операциянинг хос рақамини ўз ичига олса ҳамда пакетли ўтказмада жўнатувчи тўғрисидаги зарур ва аниқ маълумотлар, шунингдек олувчи тўғрисида қабул қилувчи мамлакатда уни тўлиқ кузатиб бориш имконини берувчи маълумотлар мавжуд бўлса, мазкур Қоидаларнинг 31-2-бандида белгиланган жўнатувчи тўғрисидаги маълумотларга доир талабларни қўлламасликлари мумкин.".


6. 34-банднинг "в" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) Ўзбекистон Республикаси норезидентлари (Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига эга мижозлар бундан мустасно);".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 8 май