ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
РЎЙХАТГА ОЛИНГАН
19.05.2026 й.
N 1734-10
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ТРАНСПОРТ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ
ФУҚАРО АВИАЦИЯСИ АГЕНТЛИГИ
ДИРЕКТОРИНИНГ
27.04.2026 й.
N 2-н
БУЙРУҒИ
"Ўзбекистон Республикаси фуқаро ва экспериментал
авиацияси аэродромларини сертификатлаш қоидалари"га
(ЎзР АҚ-160) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига мувофиқ БУЮРАМАН:
1. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2007 йил 10 сентябрдаги 138-сон буйруғи (рўйхат рақами 1734, 2007 йил 29 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 44-сон, 448-модда) билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси фуқаро ва экспериментал авиацияси аэродромларини сертификатлаш қоидалари"га (ЎзР АҚ-160) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Директор ўринбосари О.Н. Лим
ИЛОВА
"Ўзбекистон Республикаси фуқаро ва экспериментал
авиацияси аэродромларини сертификатлаш қоидалари"га
(ЎзР АҚ-160) киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"5. Фуқаро ва экспериментал авиация ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидаларида назарда тутилган талаблар мазкур Қоидалар мақсадлари учун сертификатлаш талаблари ҳисобланади ҳамда мазкур талаблар "Ўзавиация" агентлигининг расмий сайтига жойлаштириб борилади.".
2. 22-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Бунда, ариза берувчи мазкур Қоидаларнинг 4-иловасида келтирилган шакл бўйича парвоз хавфсизлигининг мос равишдаги даражасини таъминлаши ҳақидаги хулосасини тайёрлайди, шунингдек парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хавфлар таҳлилини ишлаб чиқади ва "Ўзавиация" агентлиги билан келишилган холда тасдиқлайди.".
3. Қуйидаги мазмундаги 32-1-банд билан тўлдирилсин:
"32-1. Асословчи ҳужжатларнинг экспертизаси ва сертификатлаш текшируви натижалари бўйича камчиликлар аниқланганда, камчиликлар тоифаланган холда қуйидагича белгиланади:
биринчи тоифа - сертификатнинг муддатини узайтиришга (беришга) тўсқинлик қиладиган ҳамда аэродром эксплуатанти томонидан комплекс хулосани расмийлаштиришдан олдин бартараф қилиниши мажбурий бўлган парвозлар хавфсизлигига бевосита салбий таъсир кўрсатувчи камчилик;
иккинчи тоифа - сертификат муддатини узайтиришга (беришга) тўсқинлик қилмайдиган, шунингдек аэродром эксплуатанти томонидан ишлаб чиқилган ҳамда "Ўзавиация" агентлиги билан келишилган тегишли чора-тадбирларга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган камчилик.
Бунда, сертификатлаш текшируви натижасида биринчи тоифа камчиликлар аниқланган тақдирда, "Ўзавиация" агентлиги аэродромга сертификат бериш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади, иккинчи тоифа камчиликлар аниқланган тақдирда эса, сертификат бериш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, камчиликлар "Ўзавиация" агентлиги билан келишилган тегишли чора-тадбирларда белгиланган муддатларда бартараф этилиши лозим бўлади.".
4. 58-банднинг "e" кичик бандидаги "ўзгаришлар" деган сўз "ўзгартириш ва қўшимчалар" деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. 1-илованинг матнидаги "Аэродром класси" деган сўзлар "Аэродром код белгиси" деган сўзлар билан алмаштирилсин.
6. 2-иловада:
1) 4-банддаги "ўзгартириш" деган сўз "ўзгартириш ва қўшимчалар" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) қуйидаги мазмундаги 6-банд билан тўлдирилсин:
"6. Аэродром эксплуатанти томонидан ишлаб чиқилган ва "Ўзавиация" агентлиги билан келишилган ўқув дастурлари асосида аэродром эксплуатацияси ва парвозлар хавфсизлигига жалб этилган мутахассисларнинг малакаси ошириб борилишини таъминлаш.".
7. 3-иловада:
"а" кичик банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги "ўқув юрти" деган сўзлар "таълим ташкилоти" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
"е" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"е) учиш-қўниш йўлаги, ҳаракатланиш йўлаги ва тўхтаб туриш жойларидаги сунъий қопламаларнинг мустаҳкамлиги ва текислиги тўғрисидаги илмий ташкилотларининг хулосаси (беш йилда камида бир маротаба олинади).";
"ж" кичик банддаги "аэродром класси" деган сўзлар "аэродром код белгиси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги "л" кичик банд билан тўлдирилсин:
"л) аэродром назорат нуқтасидан 46 км радиусда жойлашган баланд тўсиқларни ҳисоблаш (суратга олиш) бўйича геодезия ташкилотининг ҳисоботи. Бунда, ушбу ҳисоботлар беш йилда камида бир маротаба амалга оширилади.";
2) 2-қисмнинг "а" кичик бандида:
иккинчи хатбошидаги "шарифи" деган сўз "отасининг исми" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги "ўқув юрти, диплом №, тугалланган вақти, малакаси" деган сўзлар "таълим ташкилоти, диплом маълумотлари, малакаси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 3-қисмнинг "а" кичик бандида:
иккинчи хатбошидаги "шарифи" деган сўз "отасининг исми" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги "ўқув юрти, диплом №, тугалланган вақти, малакаси" деган сўзлар "таълим ташкилоти, диплом маълумотлари, малакаси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
"б" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"б) Штатлар жадвали ва ходимлар бўйича маълумотлар:
фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаган лавозими;
маълумоти (таълим ташкилоти, диплом маълумотлари, малакаси);
тайёргарлиги (малака ошириш ўқув курслари);";
қуйидаги мазмундаги "з" кичик банд билан тўлдирилсин:
"з) Сертификатлашлар оралиғидаги давр мобайнида метеорологик асбоб-ускуналарнинг ишдан чиққанлиги тўғрисидаги маълумотнома.";
5) қуйидаги мазмундаги 6-қисм билан тўлдирилсин:
"6-қисм. Парвозларга хизмат кўрсатувчи махсус транспорт воситалари билан таъминлаш
а) Махсус транспорт хизмати ходимлари тўғрисида қуйидаги маълумотлар (лавозимидан келиб чиқиб):
фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаган лавозими;
маълумоти (таълим ташкилоти, диплом маълумотлари, малакаси);
малака оширганлиги (сана, таълим ташкилоти);
б) Махсус транспорт хизмати тўғрисидаги низом;
в) Махсус транспорт хизмати ташкилий тузилмаси;
г) Махсус транспорт хизматидаги мавжуд техникалар рўйхати;
д) Махсус транспорт хизматида аэродром элементларида (учиш-қўниш йўлаги, ҳаракатланиш йўлаги ва перрон) ҳаракат қиладиган ва ҳаво кемасига хизмат кўрсатадиган махсус транспорт воситалари милтилловчи чироқлар ва радиоалоқа воситаси билан таъминланганлиги тўғрисида далолатнома;
е) Аэродром эксплуатантлари томонидан аэродромнинг қабул қилиш ва ўтказувчанлик қобилиятидан келиб чиқиб махсус техникаларнинг зарурий миқдори тўғрисидаги маълумотнома.
Бунда, маҳаллий парвозларга мўлжалланган аэродромларга зарурий махсус техника воситаларини жалб қилиш бошқа маҳаллий ташкилотлардан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 20 май

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter