Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.05.2026 й. Ф-33-сон "Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармойиши

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

22.05.2026 й.

N Ф-33




ЁШЛАР ОРАСИДА КИТОБХОНЛИК

ДАСТУРИНИ КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИШ ВА

УЛАРНИНГ ҚИЗИҚИШЛАРИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, Бирлашган Араб Амирликлари тажрибаси асосида ёшлар орасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш, уларнинг мутолаа саводхонлигини ошириш ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


1. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга қаратилган миллий китобхонлик ҳаракати (кейинги ўринларда - Дастур)ни ўтказиб бориш амалиёти жорий қилинсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

(а) жамиятда китобхонликни оммалаштириш ҳамда мактаблардаги ўқувчи ёшларнинг китобга қизиқишини тизимли кучайтириб бориш;

(б) республиканинг олис ҳудудларида аҳолининг китобхонлик даражаси ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш;

(в) кутубхоналар ва таълим даргоҳларини бадиий, касбий ва соҳавий адабиётлар билан таъминлаш ва аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатилишини жадаллаштириш;

(г) ёшларнинг танқидий ва креатив фикрлашини ривожлантириш ҳамда китобхонликка қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.


2. Белгилансинки:

(а) Дастур ҳар йили умуммиллий танлов шаклида 3 босқичда амалга оширилади.

Бунда дастлабки босқич "kitobxonlikharakati.uz" электрон платформасида (кейинги ўринларда - платформа) рўйхатдан ўтган ҳолда онлайн, иккинчи ва учинчи босқичлар эса бевосита иштирок этиш форматида вилоят ва республика даражасида ўтказилади;

(б) Дастурда иштирокчилар учта ёш тоифасида иштирок этиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда сараланади ҳамда юқори синф тоифалари (6-8-синф, 9-11-синф) бўйича ғолиб ва совриндорлар пул мукофоти ва сертификатлар билан тақдирланади. Бунда:

(i) биринчи ўринни эгаллаган жами икки нафар ғолибнинг ҳар бири 50 минг АҚШ доллари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва диплом билан;

(ii) иккинчи ўринни эгаллаган жами икки нафар совриндорнинг ҳар бири 30 минг АҚШ доллари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва диплом билан;

(iii) учинчи ўринни эгаллаган жами икки нафар совриндорнинг ҳар бири 15 минг АҚШ доллари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва диплом билан;

(iv) бешта қўшимча номинациялар бўйича совриндорларнинг ҳар бири 10 минг АҚШ доллари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва диплом билан тақдирланади.

(в) Дастур доирасида барча ўқувчи-ёшларнинг иштирокини таъминлаш ва уларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Республика болалар кутубхонаси ҳамда барча ахборот-кутубхона марказлари ва мактаб кутубхоналари зарур ўқув ресурслари билан таъминланади;

(г) Дастурни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ривожланиш дастурлари учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тенг улушларда қопланади.


3. Ёшлар ишлари агентлиги:

(а) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда миллий китобхонлик ҳаракатини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда танловни ўтказиш, иштирокчиларни баҳолаш ва саралаш, шунингдек, ғолибларни мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш назарда тутилсин;

(б) бир ой муддатда платформани синов тарзида ишга туширсин ҳамда платформада иштирокчиларнинг рўйхатдан ўтиши ва уларнинг иштироки тизимли ташкил этилишини таъминласин, шунингдек, тизимда электрон ва аудиокитоблардан фойдаланиш учун шароитларни яратсин;

(в) Рақамли технологиялар вазирлиги ва "Киберхавфсизлик маркази" ДМ билан биргаликда уч ой муддатда ишлаб чиқилган платформани белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш чораларини кўрсин;

(г) кенг аҳоли қамровини ошириш мақсадида Дастур бўйича ахборот кампаниясини ишга туширсин ва маҳаллалар кесимида тарғибот ишларини олиб борсин;

(д) Дастурни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

(ж) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда танловнинг баҳолаш жараёнларига адабиётшунос олимлар, ёзувчилар ва таълим соҳаси вакилларидан иборат мустақил экспертлик комиссияларини ташкил этсин.


4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:

(а) икки ҳафта муддатда дастур доирасида танланган китобларнинг рўйхатини ишлаб чиқсин;

(б) Дастурда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг фаол иштирокини таъминласин ҳамда уларнинг вилоят ва республика босқичларида иштироки учун зарур шароитларни яратиб борсин;

(в) маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Дастурнинг ҳудудий босқичларини самарали ўтказилишини ташкил этсин;

(г) йил якунига қадар республикадаги мактаб кутубхоналарини бадиий адабиётларнинг мавжуд ҳолатини ўрганиш мақсадида инвентаризациядан ўтказсин ва уларни зарур адабиётлар билан таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Дастур доирасида ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида, жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминласин.


6. Мазкур фармойиш ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари И.Т. Сираджев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 26 май