Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг 20.04.2026 й. 1-сон "Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 25.05.2026 й. 3296-5-сон билан рўйхатга олинган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
РЎЙХАТГА ОЛИНГАН
25.05.2026 й.
N 3296-5
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ҲУЗУРИДАГИ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИНГ
20.04.2026 й.
N 1
ҚАРОРИ
Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона
юк декларацияларини расмийлаштириш
тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча
ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги ПФ-250-сон "Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2021 йил 31 мартдаги 01-02/13-20-сон қарори (рўйхат рақами 3296, 2021 йил 4 май) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.05.2021 й., 10/21/3296/0410-сон) билан тасдиқланган Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А.Ю. Мавлонов
ИЛОВА
Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк
декларацияларини расмийлаштириш тартиби
тўғрисидаги низомга киритилаётган
қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 1-бандда:
олтинчи хатбоши "декларант ёки" деган сўзлардан кейин "декларантнинг ёхуд декларант билан шартнома тузган божхона брокерининг штат бирлигида бўлган" деган сўзлар билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"ҳисобот варағи - ДБЮД доирасида импорт қилинадиган ҳар бир товар туркумининг божхона назорати ва ҳисобини юритиш, шунингдек ушбу туркумлар бўйича ҳисобланган божхона божи ва солиқларни ундириш мақсадида божхона органлари томонидан юритиладиган ҳужжат;";
еттинчи-ўн иккинчи хатбошилар тегишли равишда саккизинчи-ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. 2-бандда:
1) "а" кичик бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"ДБД, ДБЮД ва ТББЮДларда кўрсатилган товарларга тегишли божхона режимига мувофиқ ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари ушбу божхона декларациялари қабул қилингунига қадар ёки қабул қилиниши билан бир вақтда ёхуд божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлашга имконият берилган охирги тўлов кунига қадар тўланади.";
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"Бунда, товарларни ДБЮД асосида декларациялашда божхона божи ва солиқлар ушбу товарлар божхона ҳудудига кириб келганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги ПФ-250-сон "Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ декларацияловчи шахснинг мурожаатига асосан ҳар бир товар туркуми учун алоҳида тўланиши мумкин;";
2) "б" кичик бандда:
биринчи хатбошидаги "товарлар учун" деган сўзлар "товарларни тўлиқ БЮД тақдим этмаган ҳолда дастлабки декларациялаш учун" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидаги "Товарлар учун" деган сўзлар "Товарларни тўлиқ БЮД тақдим этмаган ҳолда дастлабки декларациялаш учун" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар чиқариб ташлансин.
3. 2-бобнинг 1-параграфи номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"1-§. Товарларни тўлиқ БЮД тақдим этмаган
ҳолда дастлабки декларациялаш шартлари".
4. 3-бандда:
биринчи хатбоши "Товарларни" деган сўздан кейин "тўлиқ БЮД тақдим этмаган ҳолда" деган сўзлар билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги еттинчи ва саккизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
"товар учун транзит декларацияси тақдим этилмайдиган бўлса.
Товарлар божхона ҳудудига келгунига қадар маълумотларни таққослаш тугалланганидан ва тегишли божхона тўловлари тўланганидан ёки Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловларини тўлаш таъминоти тақдим этилганидан кейин ДБДдан товарларга божхона операциялари қўлланилиши учун зарур ягона ҳужжат сифатида фойдаланилади ҳамда товарлар тўлиқ БЮД тақдим этилмаган ҳолда эркин муомалага чиқарилади, бундан мазкур бобнинг 5-7-параграфларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.".
5. 2-бобнинг 2-параграфи номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"2-§. Товарларни тўлиқ БЮД тақдим этмаган ҳолда
дастлабки декларациялашнинг биринчи босқичи".
6. 6-банд "йўриқноманинг (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель)" деган сўзлардан кейин "(бундан буён матнда Йўриқнома деб юритилади)" деган сўзлар билан тўлдирилсин.
7. 8-банднинг учинчи хатбошисидаги "транзит декларацияни" деган сўзлар "ДБД рақами қайд этилган транзит декларацияни" деган сўзлар билан алмаштирилсин.
8. 2-бобнинг 3-параграфи номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"3-§. Товарларни тўлиқ БЮД тақдим этмаган ҳолда
дастлабки декларациялашнинг иккинчи босқичи".
9. 2-боб қуйидаги мазмундаги 5-7-параграфлар билан тўлдирилсин:
"5-§. Товарларни кейинчалик тўлиқ БЮД тақдим
этиш орқали дастлабки декларациялаш
22-3. Товарларни кейинчалик тўлиқ БЮД тақдим этиш орқали дастлабки декларациялаш қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
товар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда етиб келганда;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиниши тақиқланган товар бўлганда;
товарларни эркин муомалага чиқаришда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, бундан мувофиқлик сертификати, экологик сертификат, ветеринария сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса, карантин рухсатномаси ҳамда радиоелектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш учун рухсатнома мустасно;
лицензиялар бўйича импорт қилинадиган товар бўлса.
ДБДда барча зарур маълумотлар кўрсатилмаган ва (ёки) божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган, жумладан мувофиқлик сертификати, экологик сертификат, ветеринария сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса, карантин рухсатномаси ҳамда радиоелектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш учун рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда, товарларни дастлабки декларациялаш кейинчалик тўлиқ БЮД тақдим этиш шарти билан амалга оширилиши лозим.
6-§. Товарларни кейинчалик тўлиқ БЮД тақдим
этиш орқали дастлабки декларациялашнинг
биринчи босқичи
22-4. Декларацияловчи шахс мазкур Низомнинг 22-5 ва 22-6-бандларига мувофиқ тўлдирилган ва ўзининг электрон рақамли имзоси (қоғоз шаклда унинг шахсий имзоси) билан тасдиқлаган ҳолда товарлар бўйича ДБДни божхона органига тақдим этади.
22-5. ДБД билан бирга ёки божхона расмийлаштируви жараёнида декларацияловчи шахс тижорат ва транспорт ҳужжатларини ТЭД ААТ орқали тақдим этади.
22-6. ДБД Йўриқноманинг 5-бобига мувофиқ тартибда тўлдирилади.
Бунда, ДБДнинг 1-графаси биринчи бўлмасида "ПР" белгиси кўрсатилади ҳамда 18, 26, 30-графалари ва "C" графасининг 2 рақами остидаги сатри тўлдирилмайди.
22-7. ДБД божхона органи томонидан рўйхатга олинади ва расмийлаштирилади.
Бунда, ДБДнинг "Д" графасида божхона органи томонидан ушбу ДБДда баён этилган товарлар қабул қилинганлиги ҳақида божхона органи белгилари (ёзувлари) кўрсатилади. Божхона органи белгилари (ёзувлари) божхона органи ходимининг электрон рақамли имзоси (қоғоз шаклдаги ДБДда шахсий рақамли муҳри) билан тасдиқланади.
22-8. ДБДда кўрсатилган товарлар божхона органига ДБД қабул қилинган кундан (ДБДнинг 7-графасида кўрсатилган санадан) эътиборан ўттиз календарь кун ичида тақдим этилмаган тақдирда ДБД берилмаган деб ҳисобланади.
Бунда, ушбу ДБД Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3220, 2020 йил 10 февраль) талабларига мувофиқ божхона органи томонидан бекор қилинади ҳамда бу ҳақида Божхона қўмитаси ЯАТ орқали декларант ёки декларацияловчи шахс хабардор қилинади.
7-§. Товарларни кейинчалик тўлиқ БЮД тақдим
этиш орқали дастлабки декларациялашнинг
иккинчи босқичи
22-9. Товарлар ДБДни рўйхатдан ўтказган божхона постига етиб келгандан сўнг тўлиқ БЮД тақдим этилади.
Бунда, ДБДдаги товар бўйича тўлиқ БЮДни тақдим этиш муддати Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасида кўзда тутилган муддатдан ошмаслиги лозим.
22-10. Тўлиқ БЮД декларант томонидан қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда Йўриқноманинг 5-бобига мувофиқ тартибда тўлдирилади ва божхона органларига ТЭД ААТ орқали тақдим этилади:
тўлиқ БЮДнинг 1-графаси биринчи бўлмасида "ИМ" ҳарфли белгиси кўрсатилади;
тўлиқ БЮДнинг 1-графаси учинчи бўлмасида "ППР" ҳарфли белгиси кўрсатилади;
тўлиқ БЮДга айнан ДБДга берилган тартиб рақам қўйилади.
22-11. Декларацияловчи шахс ТИФ қатнашчиси кабинети орқали божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларни электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ва божхона органларига юборади.
22-12. Тўлиқ БЮД божхона органи томонидан рўйхатга олинади ва расмийлаштирилади.
Божхона органлари товарларни эркин муомалага чиқаришда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатли органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, мувофиқлик сертификати, экологик сертификат ва бошқалар) "Ягона дарча" божхона ахборот тизимида мавжудлигини текширади ҳамда тегишли ҳужжатлар ушбу тизимда мавжуд бўлмаган тақдирда божхона расмийлаштирувини рад этади.
Божхона органлари товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда товарларнинг кузатув ҳужжатлари нусхаларида кўрсатилган маълумотларни асл ҳамда электрон ҳужжатлардаги маълумотлар билан солиштиради.
Агарда тақдим қилинган ҳужжатлар (шу жумладан, электрон кўринишдаги) билан асл ҳужжатлардаги маълумотларда номувофиқликлар мавжуд бўлса ёки ДБДда керакли маълумотлар етишмаса, декларант томонидан ДБДга тегишли ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади.
Бунда, божхона органи томонидан ДБДга илова қилинган товарнинг кузатув ҳужжатлари рақами, санаси, шакли, ундаги маълумотлар, шу жумладан жўнатувчи ва қабул қилувчининг реквизитлари, товарнинг номи, миқдори (сони, вазни, бошқа қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори), қиймати, ТИФ ТН коди, етказиб бериш шартларида ўзаро тафовут аниқланса, ДБД тақдим этилмаган деб ҳисобланади, бундан товарларни қайта юклаш жараёнида транспорт ҳужжатлари ўзгарганлиги натижасида юзага келган тафовутлар бўйича товар қайта юкланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган ҳолатлар мустасно.
Бундай ҳолатларда ДБД ва у бўйича тақдим этилган тўлиқ БЮД божхона органи томонидан бекор қилинади ҳамда товарларни декларациялаш БЮД расмийлаштируви учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
22-13. ДБД ва у бўйича тақдим этилган тўлиқ БЮДда хато ва камчиликлар аниқланиб, унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш зарурати юзага келганда ушбу ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар божхона органи рухсати билан амалга оширилади, бундан мазкур Низомнинг 22-12-банди бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.
22-14. ДБД ва у бўйича тақдим этилган тўлиқ БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш, уларни қайтариб олиш ва бекор қилиш Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3220, 2020 йил 10 февраль) талабларига мувофиқ амалга оширилади.
ДБД ва у бўйича тақдим этилган тўлиқ БЮД бекор қилинган тақдирда, янги БЮД ўн беш календарь кундан кечиктирмай тақдим этилиши шарт.
22-15. Божхона органи томонидан товарлар бўйича божхона назоратининг белгиланган тартиб-таомиллари амалга оширилганидан сўнг БЮД расмийлаштирилиб, товарлар эркин муомалага чиқарилади.".
10. Қуйидаги мазмундаги 23-1-банд билан тўлдирилсин:
"23-1. Товарларни даврий декларациялаш қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиниши тақиқланган товар бўлганда;
товарларни эркин муомалага чиқаришда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатли органлар томонидан бериладиган ҳужжатлар (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, мувофиқлик сертификати, экологик сертификат ва бошқалар) талаб этиладиган ҳолларда, бундан мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳоллар мустасно;
ДБЮДда битта битимга мувофиқ битта жўнатувчининг манзилидан битта олувчининг манзилига битта чегара божхона пости орқали олиб кириладиган ва битта божхона постига тақдим этиладиган бир хил божхона режимига жойлаштирилаётган бир ном, тур, маркадаги, ТИФ ТН бўйича товар кодининг ўн белгили даражаси бир хил бўлган товарлар кўрсатилмаган бўлса.".
11. 27-31-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"27. ДБЮДда олиб келинган ҳар бир товар туркуми учун божхона божи ва солиқлар алоҳида тўланиши кўрсатилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги ПФ-250-сон "Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ декларацияловчи шахснинг қуйидаги маълумотлар кўрсатилган мурожаатига асосан божхона божи ва солиқлар тўланади.
ДБЮД рўйхат рақами ҳамда транзит декларациясини тақдим этиш талаб этиладиган товарлар учун транзит декларациясининг рўйхат рақами;
ишонч билдирган шахснинг маълумотлари (ЖШШИР, Ф.И.О.);
товар ва божхона тўловлари тўғрисида маълумотлар (туркумнинг тартиб рақами, транзит декларациясини тақдим этиш талаб этиладиган товарнинг транзит декларациядаги тартиб рақами, ТИФ ТН код, фактура қиймати, нетто ва брутто вазни, қўшимча ўлчов бирлиги коди ва миқдори, импорт божхона божи, акциз солиғи, ҚҚС).
Декларацияловчи шахснинг мурожаати ушбу шахснинг электрон рақамли имзоси (қоғоз шаклда унинг шахсий имзоси) билан тасдиқланади.
ДБЮД доирасида товар ва транспорт воситаси кузатув ҳужжатлари декларацияловчи шахс томонидан ҳар бир товар туркуми учун божхона назорати бошланишидан олдин декларацияловчи шахснинг мурожаати билан бирга тақдим этилади.
Декларацияловчи шахснинг мурожаатида олиб келинган ҳар бир товар туркуми учун божхона божи ва солиқларни алоҳида тўлаш имконини бермайдиган хато ва (ёки) камчиликлар аниқланган ҳолларда божхона органи уларни бартараф этиш тўғрисида декларацияловчи шахсни бир иш куни ичида Божхона қўмитаси ЯАТ орқали хабардор қилади ҳамда ҳисобот варағи расмийлаштирилмайди.
Декларацияловчи шахснинг мурожаатида хато ва (ёки) камчиликлар аниқланмаган ёки бартараф этилган ҳолда қайта тақдим этилган тақдирда товарларнинг божхона назоратини амалга оширувчи божхона органининг мансабдор шахси томонидан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ ҳисобот варағи расмийлаштирилади ҳамда юритиб борилади.
28. ДБЮДда олиб келинган ҳар бир товар туркуми учун божхона божи ва солиқлар алоҳида тўланиши кўрсатилмаган ҳолларда декларацияловчи шахс томонидан ҳар бир товар туркуми учун божхона назорати бошланишидан олдин товар ва транспорт воситасининг кузатув ҳужжатлари электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этилади.
Бунда, транзит декларациясини тақдим этиш талаб этиладиган ҳолларда товар ва транспорт воситасининг кузатув ҳужжатларида транзит декларацияси ва товарнинг транзит декларациясидаги тартиб рақами маълум қилинади.
Божхона назоратини амалга оширувчи божхона органининг мансабдор шахси томонидан мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ ҳисобот варағи расмийлаштирилади. Бунда, ҳисобот варағининг 5-графаси 9-13-устунлари тўлдирилмайди.
29. Ҳисобот варағи божхона органи ходими томонидан ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда расмийлаштирилади.
Ҳисобот варағини расмийлаштириш жараёнида божхона назорати шакллари қўлланилиши хавфни бошқариш тизими натижаларига кўра амалга оширилади.
Ҳисобот варағи расмийлаштирилган вақтдан бошлаб унда кўрсатилган товарлар шартли чиқариб юборилган деб ҳисобланади.
30. Божхона органи томонидан ҳисобот варағининг тўлдирилиши:
1) 1-графа. "ДБЮДнинг рўйхат рақами".
Графада товар учун расмийлаштирилган ДБЮДнинг 7-графасидаги рўйхат рақами кўрсатилади;
2) 2-графа. "Ҳисобот варағининг рўйхат рақами".
Графада ҳисобот варағининг рўйхат рақами кўрсатилади. Ҳисобот варағининг рўйхат рақами жорий йилда ўсиш тартибида рақамланади ҳамда йил якунлангач рақамлаш янгидан бошланади;
3) 3-графа. "Транзит декларацияси".
Графада товар учун расмийлаштирилган транзит декларациясининг рўйхат рақами кўрсатилади;
4) 4-графа. "Ишонч билдирган шахс".
Графада ҳисобот варағини тўлдиришга асос бўлиб хизмат қилувчи тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларга жавобгар ҳисобланган жисмоний шахснинг маълумотлари қуйидаги тартибда кўрсатилади:
графанинг чап бўлмасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами кўрсатилади;
графанинг ўнг бўлмасида жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми қайд этилади.
5) 5-графа. "Товар ва божхона тўловлари тўғрисида маълумот".
Графа қуйидаги тартибда тўлдирилади:
"Туркумнинг тартиб рақами" устунида товар туркумининг тартиб рақами кўрсатилади. Бунда тартиб рақам ҳисобот варағи тақдим этилаётган товарнинг амалда етиб келган туркуми учун ўсиш тартибида кўрсатилади.
"Товарнинг транзит декларациядаги тартиб рақами" устунида ДБЮД доирасида расмийлаштирилаётган товарнинг транзит декларациядаги тартиб рақами кўрсатилади.
"ТИФ ТН код" устунида товарнинг ДБЮДдаги ТИФ ТН коди кўрсатилади;
"Фактура қиймати" устунида ДБЮДдаги товарнинг амалда олиб келинган туркумининг фактура қиймати кўрсатилади. Бунда фактура қиймати ДБЮДнинг 22-графасида қайд этилган валютада кўрсатилади;
"Нетто вазни" устунида ДБЮДдаги товарнинг амалда етиб келган туркумидаги нетто вазни килограммда кўрсатилади;
"Брутто вазни" устунида ДБЮДдаги товарнинг амалда етиб келган туркумидаги брутто вазни килограммда кўрсатилади;
"Қўшимча ўлчов бирлиги коди" устунида ТИФ ТНда кельтирилган "Ўлчов бирликлари жадвали"га мувофиқ товарнинг қўшимча ўлчов бирлиги коди кўрсатилади. Бунда товар учун ТИФ ТНга мувофиқ фақат асосий ўлчов бирлиги (кг) қўлланилса, графа тўлдирилмайди;
"Қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдор" устунида товарнинг амалда етиб келган туркумидаги қўшимча ўлчов бирлиги бўйича миқдори кўрсатилади. Бунда товар учун ТИФ ТНга мувофиқ фақат асосий ўлчов бирлиги (кг) қўлланилса, графа тўлдирилмайди;
"Импорт божхона божи" устунида товарнинг амалда етиб келган туркумига ҳисобланган импорт божхона божининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ҳисобланган суммаси кўрсатилади;
"Акциз солиғи" устунида товарнинг амалда етиб келган туркумига ҳисобланган акциз солиғининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ҳисобланган суммаси кўрсатилади;
"ҚҚС" устунида товарнинг амалда етиб келган туркумига ҳисобланган қўшилган қиймат солиғининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ҳисобланган суммаси кўрсатилади;
"Жами тўловлар" устунида товарнинг амалда етиб келган туркумига ҳисобланган ҳисобот варағида қайд этилган божхона тўловларининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ҳисобланган умумий суммаси кўрсатилади.
6) 6-графа. "Декларацияловчи шахс".
Графада ҳисобот варағини тўлдирган ва уни божхона органларига ўзининг электрон рақамли имзоси билан тақдим этган декларацияловчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.
7) 7-графа. "Божхона органи".
Графада божхона органи томонидан ушбу ҳисобот варағида баён этилган товарларга нисбатан қабул қилинган қарор ҳақидаги божхонанинг органи белгилари (ёзувлари) кўрсатилади.
Божхона органининг белгилари (ёзувлари) божхона органи ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Ҳисобот варағининг 1, 3-4 ва 5-графалари декларацияловчи шахснинг мурожаатида кельтирилган маълумотлар асосида тўлдирилади.
31. ДБЮД Йўриқнома талабларига мувофиқ қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда тўлдирилади:
1) 1-графа. "Декларация тури".
Графанинг биринчи бўлмасида "ПЕ" белгиси кўрсатилади.
Графанинг иккинчи бўлмасида Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ божхона режимининг икки рақамдан иборат коди кўрсатилади.
Графанинг учинчи бўлмаси тўлдирилмайди;
2) 47-графа "Божхона тўловларининг ҳисоби".
Графа Йўриқноманинг 25-бандига мувофиқ ҳолда тўлдирилади. Агар божхона божи ва солиқлар божхона ҳудудига кириб келган товарларнинг ҳар бир туркуми учун алоҳида тўланадиган бўлса, тўлов усулининг икки белгили ҳарфли коди кўрсатиладиган "ТУ" устунида "ПП" белгиси кўрсатилади.
3) 50-графа. "Ишонч билдирган шахс".
Графа Йўриқноманинг 25-бандида белгиланган 50-графани тўлдириш тартибига мувофиқ тўлдирилади.
Графада қўшимча равишда "Тўлиқ БЙДни ХХ.ХХ.ХХХХгача божхона органига тақдим этиш мажбуриятини оламан" жумлалари қайд этилади. Бунда ХХ.ХХ.ХХХХ тегишлича кун, ой ва йилни англатади.".
12. 34-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"34. ДБЮД расмийлаштирилган санадан олтмиш календарь кундан ошмаган муддатда тўлиқ БЮД тақдим этилиши лозим. Агар тўлиқ БЮДни тақдим этиш муддатининг тугаши божхона органининг ишдан ташқари вақтига ёки иш куни бўлмаган кунга тўғри келса, божхона органининг кейинги иш куни мазкур муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.
ДБЮД учун белгиланган муддат тугагунига қадар товарлар божхона чегараси орқали тўлиқ олиб ўтилмаган ҳолларда декларацияловчи шахс томонидан ушбу муддатга қадар божхона чегараси орқали ҳақиқатда олиб ўтилган товарларга нисбатан тўлиқ БЮД тақдим этилади.
Бунда тўлиқ БЮД тақдим этилишидан аввал ДБЮДдаги маълумотларни ҳақиқатда олиб ўтилган товарларга мослаштириш учун ДБЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилади.".
13. 35-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"Бунда, ДБЮДда божхона божи ва солиқларнинг ҳар бир товар туркумига алоҳида тўланиши кўрсатилган тақдирда декларацияловчи шахснинг мурожаатига асосан божхона органи томонидан ҳисобот варағига тегишли ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилади.".
14. 38 ва 39-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"38. Тўлиқ БЮД ДБЮДда кўрсатилмаган товарлар бўйича ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда бу бўйича иш кўриб чиқилиб, суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган қарори чиққунга қадар тақдим этилмайди.
39. Тўлиқ БЮД Йўриқноманинг 25-банди талабларига мувофиқ тартибда қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда тўлдирилади:
1) 1-графа. "Декларация тури".
Графанинг биринчи бўлмасида товарларни олиб ўтиш йўналиши кўрсатилади - "ИМ" ёки "ЭК" белгиси.
Графанинг иккинчи бўлмасида Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ божхона режимининг икки рақамдан иборат коди кўрсатилади.
Графанинг учинчи бўлмасида "ППЕ" белгиси кўрсатилади.
2) 7-графа. "БЮДнинг рўйхат рақами".
Графада тўлиқ БЮДда кўрсатилган товар учун расмийлаштирилган ДБЮДнинг рўйхат рақами кўрсатилади.
3) 47-графа "Божхона тўловларининг ҳисоби".
Графа Йўриқноманинг 25-бандига мувофиқ ҳолда тўлдирилади. Агар божхона божи ва солиқлар божхона ҳудудига кириб келган товарларнинг ҳар бир туркуми учун алоҳида тўланган бўлса, тўлов усулининг икки белгили ҳарфли коди кўрсатиладиган "ТУ" устунида "ПП" белгиси кўрсатилади.".
15. 40-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"ТББЮД қуйидаги товарларни шартли чиқариб юбориш учун берилиши мумкин:".
16. Қуйидаги мазмундаги 40-1-банд билан тўлдирилсин:
"40-1. ТББЮД қуйидаги ҳолларда тақдим этилмайди:
товар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиниши тақиқланган бўлса;
товар учун илгари ДБД, ДБЮД, ТББЮД ва муваққат божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлса;
ТББЮД эркин муомалага чиқариш божхона режимидан бошқа божхона режими учун тақдим этилаётган бўлса.".
17. 44-банддаги "тақдим этилганда" деган сўзлар "тақдим этилганлиги аниқланганда" деган сўзлар билан алмаштирилсин.
18. 45-банддаги "Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель)" деган сўзлар "Йўриқноманинг" деган сўз билан алмаштирилсин.
19. Мазкур қўшимча ва ўзгартиришларнинг иловасига мувофиқ илова билан тўлдирилсин.
ИЛОВА
"Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона
юк декларацияларини расмийлаштириш
тартиби тўғрисида низомга
илова
ҲИСОБОТ ВАРАҒИ
1. ДБЮДнинг рўйхат рақами __________________________ |
2. Ҳисобот варағининг рўйхат рақами _________________________________ |
3. Транзит декларацияси _____________________ |
4. Ишонч билдирган шахс |
|
|
|
|
5. Товар ва божхона тўловлари тўғрисида маълумот
Туркумнинг тартиб рақами |
Товарнинг транзит декларациядаги тартиб рақами |
ТИФ ТН код |
Фактура қиймати |
Нетто вазни |
Брутто вазни |
Қўшимча ўлчов бирлиги коди |
Қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдор |
Импорт божхона божи |
Акциз солиғи |
ҚҚС |
Жами тўловлар |
|
|
6. Декларацияловчи шахс |
7. Божхона органи ________________________". |
|
|
||
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 26 май

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter