Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.05.2026 й. 3842-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 05.05.2026 й. 13/4-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 26 майда 3842-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2026 йил 5 майдаги

13/4-сон қарорига

ИЛОВА



Марказлашган клиринг ва марказий контрагент

фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом валюта биржасида молиявий инструментлар билан тузилган битимлар бўйича клиринг, марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


клиринг - клиринг иштирокчиларининг молиявий инструментлар бўйича ўзаро мажбуриятларини аниқлаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олиш жараёни;


клиринг иштирокчиси - молиявий инструментлар бўйича клиринг ва ҳисоб-китоблар жараёнида иштирок этувчи юридик шахс. Клиринг иштирокчилари рискларни камайтириш мақсадида ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларига кўра тоифаларга бўлиниши мумкин;


маржа бадали - клиринг иштирокчиси томонидан молиявий инструментлар бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун марказий контрагентнинг ҳисобварағига ўтказилиши шарт бўлган пул маблағлари ёки юқори ликвидли активлар;


марказий контрагент - молиявий инструментлар бўйича клиринг иштирокчилари учун марказлашган клиринг фаолиятини амалга оширувчи ва битимлар бўйича томонлар учун контрагент вазифасини бажарувчи ташкилотлар (бундан буён матнда клиринг ташкилотлари деб юритилади);


марказлашган клиринг - молиявий инструментлар бўйича клиринг фаолиятини марказлашган ҳолда клиринг ташкилотлари томонидан амалга оширилиши жараёни;


молиявий инструментлар - клиринг фаолиятини амалга ошириш учун қабул қилинган пул маблағлари ва давлат қимматли қоғозлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа молиявий инструментлар;


таъминот - битимлар ижроси бўйича маржа бадаллари шаклидаги таъминот сифатида, шунингдек, клиринг иштирокчисининг мажбуриятларини бажарилишини кафолатлаш мақсадида ҳисобга олинадиган давлат қимматли қоғозлари, миллий ёки чет эл валютасидаги пул маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа юқори ликвидли активлар.


2. Валюта биржасида молиявий инструментлар билан тузилган битимлар бўйича клиринг, марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолияти клиринг ташилотлари томонидан амалга оширилади.


3. Клиринг ташкилотлари томонидан клиринг, марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолиятини бажаришда қуйидагилар амалга оширилади:

клиринг иштирокчиларига ҳисобварақлар очиш ва юритиш;

ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун Марказий банкда вакиллик ҳисобварағини очиш ва юритиш;

клиринг ва марказлашган клиринг натижаларига кўра клиринг иштирокчилари билан пул маблағларида ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

рискларни бошқариш ва клиринг иштирокчилари томонидан мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ ҳолатларни (дефолт) олдини олиш бўйича механизмлар ишлаб чиқиш;

янги ҳисоб-китоблар (клиринг) моделининг бир қисми сифатида риск менежменти амалиётини жорий этиш;

рискларни бошқаришда давлат қимматли қоғозлари ва бошқа молиявий инструментлардан фойдаланиш;

тузилган битимлар юзасидан ахборотларни қабул қилиш, ишлов бериш, таққослаш ва тўғрилаш;

тузилган битимлар шартлари, уларнинг тасдиқланганлиги, тўлиқ ёки қисман бажарилганлиги ёки бажарилмаганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳисобини юритиш;

тузилган битимлар натижасида вужудга келган талаб ва мажбуриятларни аниқлаш;

клиринг ва марказлашган клиринг натижаларига кўра клиринг топшириқномаларини шакллантириш ва юбориш;

ҳисоб-китобларни клиринг топшириқномалари асосида бажариш.


4. Клиринг ташкилотлари томонидан янги ҳисоб-китоблар (клиринг) моделининг бир қисми сифатидаги риск менежменти амалиётини жорий этиш учун қуйидаги шарт-шароитлар яратилиши лозим:

тузилган битимлар бўйича ўзаро мажбуриятларни белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олиш, мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

клиринг иштирокчилари ўртасида тузилган битимлар бўйича мажбуриятларни марказий контрагент иштирокидаги янги мажбуриятлар билан алмаштириш (новация) ва (ёки) битим тузилаётган пайтнинг ўзида клиринг ташкилотларини марказий контрагент сифатида бевосита иштирок этишини назарда тутувчи механизмларни яратиш;

ўз активлари ҳисобидан шакллантирилган захира фондини ва клиринг иштирокчиларининг бадаллари ҳисобидан шакллантирилган кафолат фондларини сақлаш ва улардан фойдаланиш;

рискларни камайтиришга қаратилган маржа бадаллари тизимини шакллантириш;

клиринг иштирокчиларининг молиявий ҳолатини мониторинг қилиш ва ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Риск менежменти амалиётини жорий этишда қонунчиликка мувофиқ бошқа шарт-шароитлар ҳам яратилиши мумкин.


5. Молиявий инструментларнинг олди-сотди битимлари бўйича клиринг, марказлашган клиринг ва пул маблағларидаги ҳисоб-китоблар клиринг ташкилотлари томонидан битим тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларига мувофиқ клиринг топшириқномасига асосан амалга оширилади.

Бунда, клиринг ташкилотлари томонидан клиринг иштирокчиси бўлган тижорат банклари, шу жумладан микромолия банкларининг ҳамда инвестиция воситачиларининг пул маблағларидаги мажбуриятларини уларнинг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан (инвестиция воситачисининг банк ҳисобварағидан) клиринг ташкилотлари ҳисобварағига тарафлар ўртасида тузилган шартнома асосида акцептсиз тартибда ўтказиш орқали бажарилиши мумкин.


6. Марказлашган клиринг ва марказий контрагент фаолияти молиявий инструментлар бўйича автоматлаштирилган электрон клиринг тизими орқали амалга оширилади.



2-БОБ. МАРКАЗЛАШГАН КЛИРИНГ ВА МАРКАЗИЙ

КОНТРАГЕНТ ФАОЛИЯТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


7. Клиринг ташкилотлари марказлашган клиринг ва марказий контрагент сифатида фаолиятни юритишда:

клиринг иштирокчилари учун барча битимлар бўйича ягона контрагентга айланиш орқали уларнинг пул маблағлари ёки бошқа молиявий инструментларини етказиб бериш бўйича мажбуриятларини бажармаслик таваккалчилигини ўз зиммасига олади;

клиринг иштирокчилари эҳтимолий дефолт ҳолатларини олдини олиш учун рискларни бошқаришнинг самарали механизмларига эга бўлиши керак;

ўзининг ликвидликка бўлган эҳтиёжи даражаси ва ҳар бир клиринг иштирокчиси учун кредит хатарларини мунтазам равишда баҳолайди;

клиринг иштирокчилари учун маржа бадалларини белгилайди ва уларни мунтазам равишда қайта баҳолайди;

битта ва (ёки) ундан ортиқ клиринг иштирокчисининг дефолт ҳолатига учрашини олдини олиш учун захира ва (ёки) кафолат фондларига эга бўлиши керак;

ўз ҳисобварақларида клиринг иштирокчиларининг маржа бадаллари ҳисобига қопланадиган зарарларни қоплаш даражасидан ошадиган эҳтимолий зарарларни қоплаш учун етарли ҳажмдаги маблағлар мавжудлигини таъминлайди;

дефолт ҳолатида пул маблағлари ва бошқа активлардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

ўзида самарали ва эҳтиёткорлик билан бошқаришни таъминловчи, жумладан клиринг иштирокчилари ўртасида масъулиятнинг тақсимланишини ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича бошқарув тузилмасини жорий этади.



3-БОБ. ҲИСОБ-КИТОБЛАР ВА КЛИРИНГНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


8. Ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидалари клиринг ташкилотлари томонидан Марказий банк билан келишган ҳолда тасдиқланади ҳамда клиринг ва марказлашган клирингда иштирок этиш, шу жумладан ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартларини белгилайди.


9. Ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларида қуйидагилар белгиланиши лозим:

клиринг иштирокчиларига қўйиладиган талаблар, жумладан, тўлов қобилиятини таъминлаш мажбуриятлари;

клиринг иштирокчиси мақомини бериш, вақтинча тўхтатиш ва (ёки) бекор қилиш тартиби ва шартлари;

клиринг иштирокчилари томонидан клиринг ташкилотларига тақдим этиладиган ахборотлар рўйхати ҳамда уларнинг молиявий ҳолатини мониторинг қилиш тартиби;

клиринг иштирокчиларидан олинадиган маълумотлардан фойдаланиш тартиби;

захира ва кафолат фондларини шакллантириш тартиби ва шартлари, ундаги активларни ҳисобга олиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби;

бадаллар, йиғимлар, воситачилик мукофотлари миқдорлари ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ундириш ва тўлаш тартиби;

тузилган битимлар бўйича маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш ҳамда тафовутлар мавжуд бўлганда уларни тузатиш тартиби;

тузилган битимларнинг параметрларини ҳисобга олиш ва тасдиқлаш тартиби;

клиринг иштирокчиларининг мажбуриятлари ва (ёки) талабларини аниқлаш тартиби;

клиринг ва марказлашган клирингни амалга ошириш тартиби;

клиринг натижалари бўйича мажбуриятларни бажариш усуллари ва шартлари;

ҳисоб-китобларни ўтказиш шартлари ва тартиби;

клиринг иштирокчиларига клиринг натижалари юзасидан ҳисобот тақдим этиш тартиби;

клиринг натижалари бўйича маълумотларни тақдим этиш тартиби;

қоидаларни бузганлик учун жарималар миқдорлари ва уларни ундириш тартиби;

рискларни бошқариш тартиби;

дефолт ҳолатларини бошқариш тартиби;

низоларни ҳал қилиш тартиби.


10. Ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларига риоя этиш клиринг иштирокчилари учун мажбурий ҳисобланади.


11. Клиринг ташкилотлари ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларини тасдиқлаганидан ёки уларга ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритганидан сўнг уларни бир иш куни ичида ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради ҳамда беш иш куни ичида клиринг иштирокчиларини бу ҳақида хабардор қилади.



4-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШГА

ВА ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР


12. Клиринг ташкилотларининг таваккалчиликларини чегаралаш, уларнинг фаолияти барқарорлигини таъминлаш ҳамда устав капитали қийматини сақлаб туриш учун таваккалчиликлар самарали аниқланиши ва бошқарилиши лозим.


13. Клиринг ташкилотларида таваккалчиликларни бошқариш сиёсати ишлаб чиқилади ва ушбу сиёсат ликвидлилик, операцион ҳамда бошқа таваккалчиликларни бошқаришни назарда тутиши керак.


14. Клиринг ташкилотларида таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси тузилади. Ушбу қўмита таваккалчиликларни бошқаришга оид сиёсатни ишлаб чиқади ҳамда таваккалчиликларни бошқариш бўйича самарали назоратни амалга оширади.


15. Таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси томонидан таваккалчиликларни бошқаришга оид сиёсатга заруратга кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Мазкур сиёсат ҳар 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади.



5-БОБ. ЗАХИРА ВА КАФОЛАТ

ФОНДЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


16. Тузилган битимларнинг ижросини таъминлаш мақсадида клиринг ташкилотларида захира ва (ёки) кафолат фондлари шакллантирилади.


17. Захира ва кафолат фондлари клиринг ташкилотларининг ўз маблағлари, клиринг иштирокчиларининг маблағлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига шакллантирилади. Клиринг ташкилотлари мазкур фондларнинг маблағларидан фойдаланишга ҳақли.


18. Клиринг иштирокчиси ўз мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман бажармаган ёхуд лозим даражада бажармаган тақдирда, клиринг ташкилотлари ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларида белгиланган тартибда захира ва (ёки) кафолат фондларидан фойдаланади.

Клиринг ташкилотлари захира ва кафолат фондларининг активларидан фойдаланган тақдирда, молиявий инструментлар билан тузилган битимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман бажармаган ёки лозим даражада бажармаган клиринг иштирокчисидан ушбу активларни тўлиқ ҳажмда қайтаришни талаб қилиши мумкин.

Клиринг иштирокчиси томонидан захира ва кафолат фондларининг активлари тўлиқ ҳажмда қайтарилганда, клиринг ташкилотлари ҳисоб-китоблар ва клиринг қоидаларига мувофиқ мазкур клиринг иштирокчисининг талаблари бўйича пул маблағлари ва (ёки) бошқа активларини қайтаради.


19. Клиринг ташкилотлари захира ва кафолат фондлари таркибига кирувчи пул маблағлари, шунингдек, клиринг иштирокчилари томонидан тақдим этилган маржа бадаллари ва бошқа турдаги таъминот активларини қайтариб бериш шарти асосида юқори ликвидли активларга инвестиция қилиши мумкин.


20. Захира ва (ёки) кафолат фондларига, маржа бадалларига, шунингдек, бошқа таъминот шаклларига киритилган бадаллар (активлар) ҳисоби клиринг ташкилотларининг бошқа мол-мулки ва активларидан алоҳида тарзда юритилади.



6-БОБ. МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ ВА АУДИТ


21. Клиринг ташкилотларининг йиллик молиявий ҳисоботлари Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3567, 2024 йил 4 ноябрь) асосида тузилади ҳамда аудиторлик текширувидан ўтказилади.


22. Клиринг ташкилотларининг аудиторлик текширувидан ўтказилган йиллик молиявий ҳисоботи, аудиторлик текшируви ва аудиторлик хулосаси натижаси бўйича клиринг ташкилотлари раҳбариятига берилган тавсиялар ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майидан кечиктирмай клиринг ташкилотлари томонидан Марказий банкка тақдим этилади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


23. Клиринг иштирокчилари клиринг ташкилотларининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)дан норози бўлган тақдирда Марказий банкка, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


24. Клиринг ташкилотларининг марказлашган клирингни амалга ошириш ва марказий контрагент сифатидаги фаолиятини тартибга солиш ва улар устидан назорат Марказий банк томонидан амалга оширилади.

Марказий банкнинг қароридан норози бўлган клиринг ташкилотлари қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 26 май