Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.06.2026 й. 295-сон "Пахта ва буғдой етиштирувчи қишлоқ хўжалиги субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.06.2026 й.

N 295




ПАХТА ВА БУҒДОЙ ЕТИШТИРУВЧИ

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ СУБЪЕКТЛАРИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МЕХАНИЗМЛАРИНИ

ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2026 йил 8 майдаги ПФ-82-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. 2024-2025 йилларда пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун фермер хўжаликларига ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддати, истисно тариқасида, 2027 йил 1 январга қадар узайтирилсин.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) томонидан 2024-2025 йилларда пахта хомашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банкларига жойлаштирилган кредит ресурсларини қайтариш муддати мутаносиб равишда узайтирилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда пахта, буғдой ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришни молиялаштириш учун буюртмалар шакллантирилиши ҳамда имтиёзли кредитларни сарфланишида шаффофликни таъминлаш мақсадида 2026 йилнинг 1 июлига қадар Жамғарманинг "d-xarid.uz" ахборот тизими Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тижорат банкларининг дастурий таъминотлари билан интеграция қилинишини таъминласин.


4. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда тижорат банклари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда ички қоидаларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2026 йил 10 июндаги

295-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

қўшимча ва ўзгартиришлар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 130-сон қарори билан тасдиқланган Буғдой етиштириш харажатларини кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"8. Ер участкасининг ижара ҳуқуқи гарови билан бирга қарз олувчининг тўлов интизоми ва кредит тарихидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги таъминот турларидан бири қабул қилинади".


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш ҳамда уларни реализация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 25 декабрдаги 680-сон қарорида:


а) 1-иловада:


9-банднинг "д" кичик бандидаги "80" рақами "100" рақами билан алмаштирилсин;


13-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"13. Ер участкасининг ижара ҳуқуқи гарови билан бирга қарз олувчининг тўлов интизоми ва кредит тарихидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги таъминот турларидан бири қабул қилинади";


18-банднинг "д" кичик бандида:

биринчи хатбошидаги "80" рақами "100" рақами билан алмаштирилсин;

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бунда фьючерс шартномасига асосан етиштирувчилардан қабул қилинган пахта хомашёси учун тўловларнинг 80 фоизи пахта хомашёси қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан, қолган қисми молия йилининг 31 декабрига қадар биржанинг "клиринг" (марказлаштирилган ҳисоб-китоб) тизими орқали тўланади";


б) 2-иловада:


11-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"фьючерс шартномаси доирасида ҳисоб-китобларни тўлиқ биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг қоидалари асосида амалга ошириб, пахта хомашёси қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан етказиб берилган пахта хомашёси қийматининг 80 фоизини, қолган қисмини молия йилининг 31 декабрига қадар биржадаги ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги ҳисобварағига ўтказади";

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда фьючерс шартномалари бўйича натура (товар-моддий бойликлар) шаклида ҳисоб-китоб қилиш қатъий тақиқланади";


15-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи-олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"сотувчилар томонидан фьючерс ва форвард шартномалари асосида электрон тарози орқали топширилган пахта хомашёси учун "Ҳосил қабули" ахборот тизимида электрон имзо ёрдамида юк хати (ПК-17) ва унинг асосида ҳисоб-фактура расмийлаштирилади;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги "Ҳосил қабули" ахборот тизимида пахта хомашёси учун расмийлаштирилган юк хатлари ва ҳисоб-фактураларни "Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси" АЖ биржа савдолари ахборот тизимига юборади;

"Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси" АЖ сотувчи томонидан бажарилган мажбуриятлар миқдоридаги маблағларни харидор шахсий ҳисобварағидан сотувчининг шахсий ҳисобварағига кейинчалик унинг хизмат кўрсатувчи банкдаги 23210-ҳисобварағига кўчириш орқали ўтказиб боради";


16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"16. Форвард шартномаси доирасида пахта хомашёси харидорга етказиб берганлигини ҳамда маҳсулот учун тўловлар тўланганини тасдиқловчи ҳужжатларни (биржа шартномалари бўйича тўлов топшириқномалари, тарафлар томонидан тўловлар тўлиқ тўланганини тасдиқловчи келишувлар) тақдим этганда, биржада шартнома ёпилади";


қуйидаги мазмундаги 16-1 ва 16-2-бандлар билан тўлдирилсин:

"16-1. Фьючерс шартномалари молия йилининг 1 декабрь ҳолатига кўра қуйидаги ҳолатларда ёпилади:

а) сотувчи томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда ва харидор томонидан мажбуриятлар умуман бажарилмаганда, биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси шартномани харидор томонидан маблағлар тўланмагани учун бекор қилади ва сотувчи ҳисобварағига, шартномавий мажбуриятлар бажарилмагани учун закалат миқдоридаги жаримани ўтказади. Бунда ушбу ҳолат бўйича келишмовчиликлар суд томонидан ҳал этилади;

б) сотувчи томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда ва харидор томонидан топширилган ҳажм бўйича мажбуриятлар бажарилганда ва/ёки бажарилмаганда, шартнома молия йилининг 31 декабригача ёпилмайди;

в) сотувчи ва харидор томонидан мажбуриятлар умуман бажарилмаганда, биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси шартномани сотувчи томонидан маҳсулот етказиб берилмагани учун бекор қилади ва харидор ҳисобварағига, шартномавий мажбуриятлар бажарилмагани учун закалат миқдоридаги жаримани ўтказади. Бунда ушбу ҳолат бўйича келишмовчиликлар суд томонидан ҳал этилади;

г) сотувчи томонидан топширилган ҳажм шартномада кўрсатилган ҳажмдан оз бўлса ва харидор томонидан топширилган ҳажм бўйича мажбуриятлар бажарилганда ва/ёки бажарилмаганда, шартнома молия йилининг 31 декабригача ёпилмайди.

16-2. Фьючерс шартномалари молия йилининг 31 декабрь ҳолатига кўра қуйидаги ҳолатларда ёпилади:

а) сотувчи ва харидор томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда;

б) сотувчи томонидан мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда ва харидор томонидан топширилган ҳажм бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилмаганда, ҳисоб-китоб-клиринг палатаси шартномани харидор томонидан маблағлар тўланмагани учун бекор қилади ва сотувчи ҳисобварағига, шартномавий мажбуриятлар бажарилмагани учун закалат миқдоридаги жаримани ўтказади. Бунда ушбу ҳолат бўйича келишмовчиликлар суд томонидан ҳал этилади;

в) сотувчи томонидан топширилган ҳажм шартномада кўрсатилган ҳажмдан оз бўлса ва харидор томонидан топширилган ҳажм бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда, ҳисоб-китоб-клиринг палатаси шартномани сотувчи томонидан маҳсулот етказиб берилмагани учун бекор қилади ва харидор ҳисобварағига, шартномавий мажбуриятлар бажарилмагани учун закалат миқдоридаги жаримани ўтказади. Бунда ушбу ҳолат бўйича келишмовчиликлар суд томонидан ҳал этилади;

г) сотувчи томонидан топширилган ҳажм шартномада кўрсатилган ҳажмдан оз бўлса ва харидор томонидан топширилган ҳажм бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда, шартнома тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ёпилишига йўл қўйилади ёки ҳисоб-китоб-клиринг палатаси шартномани харидор томонидан маблағлар тўланмагани учун бекор қилади ва сотувчи ҳисобварағига, шартномавий мажбуриятлар бажарилмагани учун закалат миқдоридаги жаримани ўтказади. Бунда ушбу ҳолат бўйича келишмовчиликлар суд томонидан ҳал этилади".


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Пахта хомашёси етиштириш харажатларини муқобил манбалар ҳисобидан молиялаштириш ва самарали фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги субъектларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2025 йил 24 июлдаги 466-сон қарорида:


а) 1-банднинг учинчи хатбошиси "йили якунига қадар" сўзларидан кейин "ҳамда белгиланган муддатларда" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 1-иловада:


1-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бунда субсидиялар биржада ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2025 йил 28 мартдаги ПҚ-131-сон қарорининг 8-банди "б" кичик бандида назарда тутилган тартибда сотилган ҳамда Солиқ қўмитасининг базасида рўйхатга киритилган электрон ҳисобварақ-фактура бўйича расмийлаштирилган пахта хомашёси (шартномадан ортиқча ҳажм бундан мустасно) учун ажратилади";


в) 2-иловада:


номи "йили якунига қадар" сўзларидан кейин "ҳамда белгиланган муддатларда" сўзлари билан тўлдирилсин;


1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Ушбу Низом пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йили якунига қадар тўлиқ қайтарган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, пахта хомашёсини етиштирувчи барча қишлоқ хўжалиги субъектларига (пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналари бундан мустасно) ушбу имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоиз пунктини, шунингдек, шартномада белгиланган муддатда тўлиқ қайтарилган имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 2,5 фоиз пунктини субсидия сифатида қайтариш тартибини белгилайди";


2-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"субсидия - пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 31 декабрига қадар тўлиқ қайтарган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, пахта хомашёсини етиштирувчи барча қишлоқ хўжалиги субъектларига (пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналари бундан мустасно) ушбу имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоиз пунктини, шунингдек, шартномада белгиланган муддатда тўлиқ қайтарилган имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 2,5 фоиз пунктини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қайтариш учун бир марта ажратиладиган маблағ";


4, 5 ва 9-бандлардаги "4 фоиз" сўзлари "5 фоиз ҳамда 2,5 фоиз" сўзлари билан алмаштирилсин;


Пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йили якунига қадар қайтарган қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг бир қисмини субсидия сифатида қайтариш схемасининг 1-босқич "Муддатлар" устунидаги "кейинги йилнинг 31 январигача" сўзларидан кейин "(2025 йил ҳосили учун 2026 йилнинг 1 июлигача)" сўзлари билан тўлдирилсин;


1 ва 2-иловалар белгиси "йили якунига қадар" сўзларидан кейин "ҳамда белгиланган муддатларда" сўзлари билан тўлдирилсин;


2-иловада:


номидаги "тўловларининг 4 фоиз пунктини" сўзлари "тўловларини" сўзи билан алмаштирилсин;

"Субсидия сифатида қоплаб бериладиган имтиёзли кредит бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоиз пункти миқдори" сўзлари "Субсидия сифатида қоплаб бериладиган имтиёзли кредит бўйича тўланган фоиз тўловининг 5 фоиз/2,5 фоиз пункти миқдори" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни 20__ ҳосил йилининг якунига (31 декабрга) қадар сўндирилгани сабабли ушбу кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоиз пунктини" сўзлари "Пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни 20__ ҳосил йилининг якунига (31 декабрга) қадар сўндирилгани сабабли ушбу кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоиз пунктини/белгиланган муддатда қайтарилган кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг 2,5 фоиз пунктини" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 3-иловада:


2-банднинг иккинчи хатбошисидаги ва 5-банддаги "14 фоиз пунктидан юқори, бироқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,8 бараваригача бўлган" сўзлари "8 фоиз пунктидан юқори, бироқ 16 фоиз пунктдан ошмаган" сўзлари билан алмаштирилсин;


7 ва 8-бандлардаги "14" рақами "8" рақами билан алмаштирилсин;


10-банддаги "14 фоиз пунктидан юқори, бироқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,8 бараваригача бўлган" сўзлари "8 фоиз пунктидан юқори, бироқ 16 фоиз пунктдан ошмаган" сўзлари билан алмаштирилсин;


12-банднинг "в" кичик бандидаги "14" рақами "8" рақами билан алмаштирилсин;


2-иловада "Субсидия сифатида қоплаб бериладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз тўлови миқдори (14 фоиз пунктидан юқори, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 1,8 бараваригача қисми)" сўзлари "Субсидия сифатида қоплаб бериладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз тўлови миқдори (8 фоиз пунктидан юқори, бироқ 16 фоиз пунктдан ошмаган қисми)" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 4-иловада:


1-банднинг иккинчи хатбошиси "расмийлаштирилган пахта хомашёси" сўзларидан кейин "(шартномадан ортиқча ҳажм бундан мустасно)" сўзлари билан тўлдирилсин;


4-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бунда:

биржада тузилган шартномаларнинг ҳар бири бўйича харид қилинган пахта хомашёси учун ҳисоб-китоблар тўлиқ субсидия олувчиларнинг ўз маблағи ҳисобидан, жумладан, фьючерс шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар молия йилининг 31 декабрига қадар тўлиқ пул ўтказиш йўли билан амалга оширилганда, субсидия ажратилади;

Жамғарманинг имтиёзли кредитлари ҳамда тижорат кредитлари ҳисобидан харид қилинган шартномалар (2025 йил ҳосилига қисман имтиёзли кредит олинган ва йил якунига қадар сўндирилган шартномалар бундан мустасно) бўйича субсидия ажратилмайди";


14-банд қуйидаги мазмундаги "ж" кичик банд билан тўлдирилсин:

"ж) фьючерс шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар пул ўтказиш йўли билан амалга оширилмаганда ва тўловлар молия йилининг 31 декабридан кейин тўланганда".


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги 613-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 2-бандда:

қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси - қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида қишлоқ хўжалиги субъектларига кредит муддатидан кам бўлмаган, бироқ бир йил муддатгача (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) бериладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар";

бешинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


б) 4-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (асосий ижарага олувчининг розилиги берилган ҳоллар бундан мустасно)";


в) қуйидаги мазмундаги 2-1-боб билан тўлдирилсин:


"2-1-боб. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига

мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни

расмийлаштириш ва гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш


15-1. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқи (пахтачилик йўналишида 30 гектардан кам бўлмаган миқдорда) асосий ижарага олувчининг розилиги асосида пахта ва буғдой етиштириш харажатлари учун ажратиладиган имтиёзли кредит таъминоти сифатида расмийлаштирилади.

15-2. Ижара ҳуқуқини гаровга қўйишда иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси норматив қийматининг 50 фоизи, бироқ имтиёзли кредит таъминотининг 20 фоизидан ошмаган қисми учун ҳисобга олинади. Кредит таъминотининг қолган 80 фоиз қисми учун ликвидли мол-мулк гаровини тақдим этади.

15-3. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда асосий ижарачи, иккиламчи ижарага олувчи ҳамда тижорат банки томонидан нотариал тасдиқланади.

15-4. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқи гарови давлат рўйхатидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан ўтказилади.

15-5. Гаров ҳуқуқи ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

15-6. Пахта ва буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар муддатида қайтарилмаганда, гаров таъминоти сифатида расмийлаштирилган иккиламчи ижарадаги ер майдонлари белгиланган тартибда Мажбурий ижро бюроси орқали аукционга чиқарилади ҳамда сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан, биринчи навбатда, имтиёзли кредит асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга йўналтирилади.

Бунда тижорат банкларига аукцион савдоларида сотилмай турган ер участкаларида агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳамда пахта ва буғдой етиштириш бўйича вазифалар юкланишига йўл қўйилмайди.

15-7. Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ ер участкасига ижара ҳуқуқи бекор қилинганда, тижорат банклари берилган кредитлар ҳамда унга ҳисобланган фоизлар ва пеняларни муддатидан олдин гаровга қўювчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олишга ҳақли".


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 декабрдаги 772-сон қарори билан тасдиқланган Суғурта қилиш босқичма-босқич жорий этиладиган қишлоқ хўжалиги йўналишлари ва маҳсулотлари рўйхатининг изоҳ қисми иккинчи хатбошисидаги "1 майга қадар" сўзлари "1 июлга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин".


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2026 йил 28 апрелдаги 206-сон қарорида:


а) 1-бандда:

ўн саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Паррандачилик хўжаликларига фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан гўшт йўналишида наслдор бир кунлик жўжалар хариди учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 17-иловага мувофиқ";

қуйидаги мазмундаги ўн тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар қайтарган қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг бир қисмини субсидия сифатида қайтариш тартиби тўғрисидаги низом 17-1-иловага мувофиқ тасдиқлансин";


б) Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-илованинг "Томчилатиб суғориш" позицияси "Мевали экинлар" устунидаги "6 000" рақами "8 000" рақами билан алмаштирилсин;


в) қуйидаги мазмундаги 17-1-илова билан тўлдирилсин:


"Вазирлар Маҳкамасининг

2026 йил 28 апрелдаги

206-сон қарорига

17-1-ИЛОВА



Буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли

кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар

қайтарган қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу

кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг

бир қисмини субсидия сифатида қайтариш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-боб. Умумий қоидалар


1. Ушбу Низом буғдой етиштириш харажатлари учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, буғдой етиштирувчи барча қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоиз пунктини субсидия сифатида қайтариш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Агропортал - Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграцион платформаси;

субсидия - буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, буғдой етиштирувчи барча қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоиз пунктини Давлат бюджети ҳисобидан қайтариш учун бир марта ажратиладиган маблағ;

талабгор - буғдой етиштириш харажатлари учун имтиёзли кредит олган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, буғдой етиштирувчи барча қишлоқ хўжалиги субъектлари.

3. Субсидия ҳисоби Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағида юритилади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳосил йилининг 1 июлига қадар келгуси йилда буғдой экилиши режалаштирилган қишлоқ хўжалиги субъектлари ерларини ҳамда ушбу субъектлар учун ажратиладиган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар қайтариши мумкин бўлган хўжаликлар бўйича маълумотларни шакллантирган ҳолда, Агентлик ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Агентлик билан биргаликда ҳосил йилининг 1 августига қадар ҳудудлар маълумотларини ўрганиб чиқади ҳамда бюджет параметрларини шакллантиришда инобатга олиш учун ҳисоб-китобларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим қилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда субсидия учун зарур маблағларни назарда тутади.

5. Субсидия ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ажратилади.

6. Талабгорга ушбу Низом талаблари асосида:

буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарганда, ушбу кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш учун субсидия тижорат банки ва Агентлик ўртасида тузиладиган Бош битимга мувофиқ ажратилади;

субсидия миқдори имтиёзли кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоиз пунктини ташкил этади.

7. Субсидия Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган қонунчиликда белгиланган тартибда фаолият кўрсатувчи тижорат банкларига ажратилади.


2-боб. Субсидия ажратиш


8. Субсидия Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, буғдой етиштирувчи барча қишлоқ хўжалиги субъектларига (ғаллачилик кластерлари ҳамда ғаллани қайта ишлаш корхоналари бундан мустасно) ажратилади.

9. Тижорат банки ҳосил йилининг 10 августига қадар Агентликка Агропортал орқали буюртманома билан биргаликда ҳар бир талабгор кесимида умумлаштирилган рўйхатни юборади.

Бунда талабгорларнинг номи ва СТИР рақами, ажратилган кредит суммаси, кредит муддати, фоиз ставкаси, кредит мақсади, кредит берилган сана, кредитни қайтариш санаси, субсидияланадиган кредит фоизи миқдори тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

10. Агентликка тақдим этилган буюртманома ва рўйхатнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, кредитни ўз вақтида қайтарилгани ва улар бўйича субсидия олишнинг барча жараёни ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан масъулият тижорат банкларининг раҳбарларига юкланади.

Мазкур талаблар бажарилмагани оқибатида ортиқча тўланган субсидия тижорат банклари томонидан ўз маблағи ҳисобидан Агентликка қайтарилади.

Субсидия Агентлик томонидан уч иш кунида Агропортал орқали тижорат банкининг буюртманомада кўрсатилган банк ҳисобварағига ўтказилади.


3-боб. Субсидия ҳисоблаш ва ажратишни тўхтатиш


11. Субсидия ушбу Низом талаблари асосида ва Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредит суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бунда имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 31 июлидан кейин қайтарган қишлоқ хўжалиги субъектларига субсидия ҳисобланишига йўл қўйилмайди.

12. Талабгор Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган бўлиши шарт.

13. Субсидия тижорат банки томонидан ҳар календарь йилнинг 10 августига қадар Агентликка Агропортал орқали тақдим этилган буюртманомалар бўйича ҳисобланган имтиёзли кредит суммасидан ҳисоб-китоб қилинади.

14. Агентлик томонидан тижорат банки ҳисобварағига талабгор учун ҳисобланган фоиз тўловининг бир қисмини қоплаш учун ўтказиб берилган субсидия ушбу қарз олувчининг ҳисобланган фоиз тўловлари учун ҳисоб-китоб қилинади.

15. Ажратилган субсидия талабгорга ҳисобланган субсидия миқдоридан кўп бўлган тақдирда, ортиқча маблағлар икки банк иш кунидан кечиктирмасдан Агентлик ҳисобварағига қайтариб ўтказилади.

16. Субсидия қуйидаги ҳолларда ажратилмайди:

а) Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитлар ҳосил йилининг 31 июлидан кейин қайтарилса;

б) талабгорнинг субсидия олишни тўхтатиш тўғрисидаги мурожаати мавжуд бўлганда.

17. Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар қайтарган, бироқ тижорат банклари томонидан Агропортал орқали буюртманома ва рўйхатга киритилмай қолган талабгорларда юзага келган қарздорлик тижорат банкларининг ўз маблағи ҳисобидан қопланади.

Агар талабгорнинг кредит тўловларини қайтариш муддатлари инобатга олинмаслиги натижасида ортиқча субсидия тўловлари юзага келса, ушбу маблағлар тижорат банкининг ўз маблағи ҳисобидан Агентликка қайтарилади.


4-боб. Якунловчи қоидалар


18. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси субсидиялар тўғри тайинланиши ва ажратилишини назорат қилади.

19. Тарафлар ўртасида юзага келадиган низолар белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади.

20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли

кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар

қайтарган қишлоқ хўжалиги субъектларига ушбу

кредит бўйича тўланган фоиз тўловларининг бир

қисмини субсидия сифатида қайтариш тартиби

тўғрисидаги низомга

ИЛОВА



Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан

ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг

1 августига қадар қайтарган қишлоқ хўжалиги

субъектларига ушбу кредит бўйича тўланган

фоиз тўловларининг бир қисмини қайтариш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар











1-босқич


Тижорат банки


Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитлар белгиланган вақтда қайтарилганда ушбу кредит фоизининг бир қисмини қоплаш учун ҳар бир қарз олувчилар кесимида Агентликка Агропортал орқали буюртманома ва рўйхатни юборади.


Тижорат банклари ҳар календарь йилнинг 10 августига қадар








2-босқич


Агентлик


Субсидияни Агропортал орқали тижорат банкининг буюртманомада кўрсатилган банк ҳисобварағига ўтказиб беради.


3 иш кунида







".

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 10 июнь