Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш тартиб-таомиллари тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 09.06.2026 й. 3851-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 07.05.2026 й. 18-сон буйруғи билан тасдиқланган)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2026 йил 9 июнда 3851-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
Истиқболли лойиҳалар миллий
агентлиги директорининг
2026 йил 7 майдаги
ИЛОВА
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари
савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш
тартиб-таомиллари тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш, лицензиатлар фаолиятини назорат қилиш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
асослантирилган мулоҳаза - қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда лицензияловчи орган томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий мазмуни расмий мазмунидан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш. Асослантирилган мулоҳаза лицензияловчи орган томонидан фонд биржаси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш доирасида олинган ахборотга, жисмоний ва юридик шахслардан, халқаро ташкилотлардан, давлат органларидан, шу жумладан чет эл назорат органлари ҳамда ташкилотларидан, бошқа очиқ манбалардан олинган ва асослантирилган мулоҳазани шакллантириш учун муҳим бўлган бошқа ахборотга асосланади;
ахборот тизими - лицензияловчи органнинг фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялашни масофавий шаклда амалга ошириш учун мўлжалланган махсус электрон тизими;
бенефициар мулкдор - фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисини бевосита ёки билвосита таъсис этувчи ёхуд унинг устав жамғармасидаги (капиталидаги) улушларига (акцияларига) бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи ёхуд ушбу шахсга бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс;
фонд биржаси - оммавий ва ошкора биржа савдоларини олдиндан белгиланган жойда ва белгиланган вақтда ўрнатилган қоидалар асосида ташкил этиш ҳамда ўтказиш орқали фақат қимматли қоғозлар савдоси учун шароитлар яратиб берувчи юридик шахс;
лицензиат - фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган акциядорлик жамияти ҳисобланадиган юридик шахс;
лицензия талабгори - лицензияни олиш учун мурожаат қилган юридик шахс;
лицензияловчи орган - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;
қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси - қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;
қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси - инвесторларга воситачиларни жалб этмай туриб савдода иштирок этиш имкониятини берувчи, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш бўйича фаолиятни буюртмалар қабул қилиш пунктларидан, махсус компьютер савдо тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширувчи юридик шахс.
2. Лицензия номи - "Биржа фаолияти учун лицензия".
Лицензияланадиган фаолият тури - "Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолияти".
3. Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш лицензияловчи орган томонидан ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш учун юридик шахсларга чекланмаган муддатга намунавий лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) берилади.
5. Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи лицензия берилган пайтдан бошлаб кучга киради.
6. Лицензияни бошқа юридик шахсга ўтказиш, шу жумладан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, лицензияга бўлган ҳуқуқларни шартнома орқали бериш ва (ёки) улардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тақиқланади.
2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ
7. Қуйидагилар фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга оширишга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
а) биржа фаолиятини амалга ошириш ва қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;
б) ишлаб турган электрон биржа савдо тизими мавжудлиги;
в) тузилган биржа битишувлари бажарилишининг кафолатланиши тизими мавжудлиги;
г) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;
д) қуйидагиларни назарда тутувчи биржа савдоси қоидаларининг мавжудлиги:
биржа аъзоларининг биржа савдоларига қўйилиши;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси ёки инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган биржа аъзоларининг фонд биржасида (фонд бўлимларини ташкил этган бошқа биржаларнинг ҳам) биржа савдоларига қўйилиши;
биржа товарларига нархлар котировкаси ва улар тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш тартиби;
нархлар билан манипуляция қилиш ва махфий ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланишга йўл қўймаслик;
ж) устав фондини базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 800 бараваридан кам бўлмаган миқдорда пул маблағи кўринишида шакллантириш;
з) филиаллар мавжуд бўлган тақдирда, биржанинг барча аъзоларига ушбу савдоларда бир вақтнинг ўзида қатнашиш имкониятини берган ҳолда марказлаштирилган биржа савдоларини ўтказиш;
и) биржа товарларига талаб ва таклиф нисбати асосида уларга котировкани амалга ошириш;
к) ахборотни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиш;
л) лицензияловчи органнинг талабига кўра биржа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни беғараз асосда тақдим этиш;
м) биржа савдоларини фақат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча биржа аъзолари бир пайтда ва тенг киришини таъминловчи электрон тизимда ўтказиш;
н) қуйидаги шахсларнинг лицензиатга раҳбарлик қилишига йўл қўймаслик:
молия-иқтисод, юридик, математика ёки ахборот технологиялари мутахассисликларидан камида биттаси бўйича олий маълумотли бўлмаган шахслар;
қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларида, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлмаган шахслар;
якка тартибдаги ижро этувчи орган вазифасини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиси, фонд биржаси, кредит, суғурта ёки аудиторлик ташкилотининг таъсисчилари бўлган шахсларнинг айби билан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги сабабли, мазкур юридик шахснинг фаолият турини амалга ошириш учун берилган лицензияси амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтган бўлса;
иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, коррупция ва бошқарув тартибига қарши жиноятлар содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган бўлса;
о) фонд биржасининг ижроия органи ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбари I тоифали қимматли қоғозлар бозори мутахассиси малака гувоҳномасига эга бўлиши;
п) уларнинг номидан қимматли қоғозлар билан оператсияларни, қимматли қоғозлар бозорида хизмат кўрсатиш ва (ёки) ишларни амалга ошириш бўйича мажбуриятга эга бўлган фонд биржасининг ходимлари II тоифали қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномасига эга бўлиши;
р) лицензия эгаси ва (ёки) охирги бенефициар мулкдор сифатида лицензия эгасининг устав капиталида қуйидаги шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмаслиги:
ушбу банднинг "н" кичик бандида кўрсатилганлар;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда доимий яшовчи, жойлашган ёки рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, шу давлатларда рўйхатдан ўтган компаниялар;
с) лицензия эгасининг устав капиталидаги улушларни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, норезидентларга реализатсия қилишни лицензияловчи орган билан келишиш;
т) лицензиатнинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) алмашишини лицензияловчи орган билан келишиш.
3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ
ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР
8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни ахборот тизими орқали тақдим этади:
а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, солиқ тўловчининг идентификатсия рақами (СТИР), фаолиятни амалга ошириш жойи, электрон почта манзили, банкнинг номи ва банкдаги ҳисобварағи, аризани тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш ёки қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши тўғрисидаги розилиги акс эттирилган ариза;
б) лицензия талабгорининг мулки, бошқарув ва шахсий таркибий тузилмаси тўғрисидаги маълумотлар;
в) лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчиси ҳақида мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдоргача (охирги бенефициар мулкдор ҳам) кўрсатилади;
г) лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 7-банди "н" кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ҳолда тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлик ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқланган таржимаси;
д) лицензия талабгорининг мутахассислари, мансабдор шахслари ва назоратчисининг лицензияловчи орган томонидан тасдиқланадиган малака талабларига мувофиқлиги ҳақидаги ҳужжат нусхаси;
ж) солиқ органи томонидан қабул қилинган охирги ҳисобот санасидаги бухгалтерия баланси нусхаси (янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно);
з) устав фондини базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 800 бараваридан кам бўлмаган миқдорда пул маблағи кўринишида шаклланганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;
и) биржа савдоси қоидаларининг (қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш қоидаларининг) электрон нусхаси.
Лицензия талабгори қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси сифатида фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) биржадан ташқари савдони ташкил этиш бўйича дастурий воситани сотган (берган) ташкилот билан тузилган биржадан ташқари савдони ташкил этиш бўйича дастурий воситадан тижорат мақсадида фойдаланиш учун муаллифлик лицензияси шартномаси нусхаси;
б) клиринг фаолиятини амалга ошириш учун дастурий воситаларни тижорат мақсадида ишлатишга мазкур дастурий воситани сотган (берган) ташкилот билан тузилган муаллифлик лицензияси шартномасининг нусхаси;
в) тегишли дастурий таъминотнинг техник тавсифи;
г) қимматли қоғозларни муомалага қиритиш ва муомаладан чиқариш тартиботлари, қимматли қоғозлар нархлари котировкаси тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олувчи қимматли қоғозлар савдоси қоидаларининг электрон нусхаси;
д) клиринг хизматини амалга ошириш қоидалари;
ж) банк реквизитлари кўрсатилган ҳолда клиринг хизматини кўрсатиш учун лицензия талабгорининг алоҳида банк ҳисобрақами мавжудлиги тўғрисидаги тижорат банкининг ёзма тасдиқномаси;
з) Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ва тижорат банки билан қимматли қоғозлар ва пул маблағларида ҳисоб-китобларни таъминлаш бўйича мос равишда тузилган шартнома нусхаси;
и) қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қатнашчиларини савдоларга қўйиш тартиби.
9. Лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганда, лицензияловчи орган мазкур Низомнинг 7-банди "н" кичик бандида назарда тутилган ҳолатларни ўзи мустақил тарзда текширади.
10. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар лицензия талабгорининг раҳбари томонидан тасдиқланиши (имзоланиши) шарт.
Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлар ўқиш мумкин бўлган юқори сифатда "PDF", "PNG" ёки "JPEG" форматларда бўлиши лозим.
Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
11. Лицензия талабгори лицензия олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни ахборот тизими орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар ҳар куни 24 соат давомида юбориши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда, навбатдаги иш куни лицензияловчи орган томонидан ариза қабул қилинган кун ҳисобланади.
12. Қабул қилинган аризалар тўғрисидаги маълумот лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ, ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ
ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ
13. Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси қабул қилинган кундан эътиборан йигирма иш куни ичида қабул қилинади.
Лицензияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни ахборот тизими орқали мустақил равишда олиши, шунингдек лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.
Лицензияловчи орган томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
14. Аризага киритилган маълумотлар ахборот тизими орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.
Ариза қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда қабул қилинмайди:
нотўғри ёки ёлғон маълумотлар киритилганлиги ахборот тизими орқали аниқланганда;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тасдиқланмаганда;
лицензиялар электрон реестрида (бундан буён матнда лицензиялар реестри деб юритилади) лицензия талабгорининг айни бир хил фаолият бўйича киритилган ва амалда бўлган лицензияси мавжуд бўлган тақдирда;
лицензия талабгорининг айни бир хил фаолияти муайян муддатга тўхтатилганда;
лицензия талабгорининг тегишли фаолият билан шуғулланиши суднинг қарорига (ҳукмига) асосан муайян муддатга тақиқланганда.
15. Таркиби лицензияловчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган эксперт комиссияси ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддат ичида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда улар асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди.
16. Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси асосида тўрт иш куни ичида лицензия бериш ёки ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳолатларда лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
17. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.
Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига банк ҳисобрақами реквизитлари ва давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади.
Лицензия берганлик учун Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно).
18. Лицензия талабгори хабарнома юборилган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда давлат божи тўловини амалга оширади.
Лицензияни бериш учун давлат божи тўлови белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги лицензияловчи орган томонидан лицензияни бериш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилиниши учун асос бўлади. Лицензия бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумот лицензия талабгорига юборилади. Бунда лицензия талабгори лицензияни олиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
19. Давлат божи тўланганидан сўнг лицензия QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади ҳамда лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Электрон шаклда берилган лицензия манфаатдор шахслар томонидан қоғозда чоп этилиши мумкин. Бунда, қоғозда чоп этилган лицензиялар электрон шаклда берилган лицензияларга тенглаштирилади.
20. Лицензияни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг лицензия талабгори томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;
лицензия талабгорининг лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;
бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги;
лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;
лицензия талабгорининг раҳбари ва (ёки) таъсисчиларининг мазкур Низомнинг 7-банди "н" кичик бандида назарда тутилган жиноятларда иштирок этганлиги ёки иштирок этишда гумонланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжудлиги;
лицензияловчи органнинг асослантирилган мулоҳазаси.
Лицензия тўғрисидаги аризани беришни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
21. Мазкур Низомнинг 20-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллар аниқланганда, агар аризада бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, лицензияловчи орган уларни бартараф этиш учун лицензия талабгорига муддат беради. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорига бир иш куни ичида юборилади.
22. Хабарнома тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек лицензия талабгори кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
23. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборилган тақдирда, лицензияни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
24. Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда, лицензия беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
25. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва лицензия талабгори мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади.
Лицензия талабгори рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
26. Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, лицензияни бериш ёхуд уни беришни рад этиш лицензия талабгорининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмайдиган муддатда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.
27. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорига илгари баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши ҳамда мазкур Низомнинг 20-банди олтинчи ва еттинчи хатбошиларда назарда тутилган ҳолатлар мустасно.
28. Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан ёки мазкур Низомнинг 25-бандига мувофиқ ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш натижасида лицензия бериш рад этилганидан сўнг лицензия талабгори томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва лицензияловчи орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
29. Лицензия талабгори лицензияловчи орган томонидан кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланишдан уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
30. Берилган лицензиялар ҳақидаги маълумот лицензияловчи орган томонидан лицензияланадиган фаолият тури бўйича алоҳида юритиладиган лицензиялар реестрига киритилади.
5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ
31. Лицензиат - юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш кунида лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар - тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.
32. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда берилади.
Лицензияни қайта расмийлаштириш учун давлат божи ва йиғим ундирилмайди.
33. Лицензияни қайта расмийлаштириш ҳамда бериш лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади.
Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензияловчи орган томонидан лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.
6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ
ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТУГАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ
34. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда лицензияловчи орган ташаббуси билан тўхтатиб турилиши мумкин:
лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлиги аниқланганда;
лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори бажарилмаганда.
35. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш лицензияловчи орган ёки суд томонидан амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга, суд томонидан эса ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
36. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилиши муддатини белгилаши шарт. Бунда, кўрсатилган муддат лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
37. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай юборилади.
38. Белгиланган муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаб ва камчиликлар бартараф қилинмаса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш бўйича ёки лицензияни бекор қилиш ҳақида судга даъво ариза киритади.
39. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензиат бу ҳақида лицензияловчи органга тасдиқнома юборади.
40. Камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома лицензияловчи орган томонидан маълумотларни таҳлил қилиш ёки заруратга кўра камчиликлар бартараф этилганлигини жойига чиққан ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиш орқали амалга оширилади.
41. Таҳлил ёки ўрганишлар натижасида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилганлиги аниқланган тақдирда, лицензияловчи орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади.
42. Агар лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилмаса, лицензиат мазкур муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.
43. Лицензиат ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Агар лицензиат лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ой ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат этмаган бўлса, лицензиянинг амал қилиши тугатилади.
44. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида лицензиялар реестрига жойлаштирилиши керак.
45. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:
лицензиялаш тартиби бекор қилинганда;
лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат берилиб, мазкур хатбошида назарда тутилган муддат давомида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга мурожаат қилинмаган тақдирда.
Лицензиянинг амал қилиши ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича тўхтатилган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида бир иш куни ичида лицензиатга хабарнома юборади.
46. Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
лицензиат лицензиянинг амал қилишини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисида мурожаат қилганда;
юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан юзага келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда, қўшиб юборилиши мустасно;
лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда. Бунда, мазкур Низомнинг 7-банди "и", "ж", "н", "о", "п" ва "р" кичик бандларида белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилмаганлиги бир марта қўпол равишда бузилиш ҳамда "а", "б", "в", "г", "д", "з", "к", "л", "м", "с" ва "т" кичик бандларида белгиланган талаблар ва шартларнинг бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта бажарилмаганлиги мунтазам равишда бузилиш деб ҳисобланади;
лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Ушбу банднинг олтинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда бир йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб лицензиатнинг муассасаси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
47. Лицензияни бекор қилиш мазкур Низомнинг 46-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда лицензияловчи органнинг қарори асосида беш иш куни ичида амалга оширилади.
Лицензия мазкур Низомнинг 46-банди тўртинчи - еттинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади.
Лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш асослари ва қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади.
48. Лицензия ушбу Низомнинг 46-банди еттинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.
49. Лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг лицензияловчи орган ушбу маълумотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.
50. Лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги лицензияловчи органнинг қарори ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш асослари ва қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказилади.
Лицензияловчи орган бекор қилинган лицензия тўғрисидаги ахборотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.
7-БОБ. АЙРИМ ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА
ШАРТЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ
МАХСУС ТАРТИБИ
51. Лицензиат лицензияловчи орган билан қуйидагиларни келишиши лозим:
лицензия эгасининг устав капиталидаги улушларни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан норезидентларга реализатсия қилиш;
лицензиатнинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) алмашиши.
52. Мазкур Низомнинг 51-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатларда лицензиат лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни ахборот тизими орқали тақдим этишлари керак:
а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, солиқ тўловчининг идентификатсия рақами (СТИР), электрон почта манзили, банкнинг номи ва банкдаги ҳисобварағи, аризани тўлдириш сабаби (устав капиталидаги улушларни жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан норезидентларга реализатсия қилиш ёки раҳбариятни (директор ва унинг ўринбосари) алмаштиришни келишиш) акс эттирилган ариза;
б) лицензиатнинг устав капиталидаги улушни сотиб олиш ниятида бўлган потенциал олувчи - жисмоний шахс ҳақидаги маълумотлар (Ф.И.О., шахсни тасдиқловчи ҳужжат рақами, ЖШШИР). Чет эл фуқаролари учун ушбу банднинг "г" кичик бандида назарда тутилган маълумотлар қўшимча равишда тақдим этилиши керак;
в) лицензиатнинг устав капиталидаги улушни сотиб олиш ниятида бўлган потенциал олувчи - юридик шахснинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақида ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдорга (охирги бенефициар мулкдор ҳам) қадар кўрсатилиши керак;
г) лицензиатнинг устав капиталидаги улушни потенциал олувчи - юридик шахснинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 7-банди "н" кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ҳолда тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлик ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқланган таржимаси.
53. Лицензияловчи орган аризани қабул қилган кундан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда келишиш ёки келишишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Бунда, мазкур Низомнинг 51-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлган тақдирда, лицензияловчи орган томонидан уларни келишиш ҳақида қарор қабул қилинади. Агар улар лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмас деб топилганда, уларни келишиш рад этилади.
54. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун йиғим ундирилмайди.
8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА
РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
55. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
56. Лицензияловчи орган лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:
лицензиатни лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;
текширув натижалари асосида лицензиат йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузарликларни кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, шунингдек, судга лицензиянинг амал қилишини олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки лицензияни бекор қилиш ташаббуси билан мурожаат қилиш;
лицензия бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича юридик шахсларга жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уни мажбурий ундириш бўйича судга даъво аризаси киритиш.
57. Назорат қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
ахборот тизими орқали масофавий назорат;
лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини асослар мавжуд бўлган тақдирда ва қонунчиликда белгиланган тартибда жойга чиққан ҳолда текшириш;
статистик ахборотларни ва лицензиатдан сўраб олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш.
58. Лицензияловчи орган масофавий назоратни ахборот тизими имкониятларидан келиб чиққан ҳолда лицензиатнинг ходимлари тўғрисидаги маълумотлар, лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар, шунингдек, бошқа ваколатли органлар ва идоралардан олинган ахборотлар асосида амалга оширади.
Масофавий назоратни амалга оширишда лицензиялар реестрига киритилган лицензиатнинг лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари тўғрисида ахборот тизими орқали автоматик равишда келадиган хабарлар лицензияловчи органнинг шахсий кабинетига келиб тушади. Ушбу хабар орқали лицензияловчи орган лицензиатнинг фаолиятини таҳлил қилади ва ўрганади. Бунда лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартларининг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича лицензиатга кўрсатма беради.
Лицензиат масофавий назорат асосида лицензияловчи орган томонидан берилган кўрсатмада баён этилган талабларни ўн иш куни ичида бажариши ва бу ҳақида лицензияловчи органга хабар бериши лозим.
Кўрсатма лицензиат томонидан ўз вақтида ижро этилмаганда ёки бажарилиши таъминланмаганда лицензияловчи орган "хавфни таҳлил қилиш" тизими асосида унинг фаолиятини текшириши мумкин.
59. Лицензиатнинг фаолиятини жойига чиққан ҳолда текшириш қуйидагилар асосида амалга оширилади:
"хавфни таҳлил этиш" тизими;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари.
60. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини жойига чиққан ҳолда текшириш ўн кунгача бўлган муддатда ўтказилиши лозим.
Лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган текширишдан бош тортиш лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўладиган ҳаракат ҳисобланади.
9-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ
61. Лицензияловчи орган лицензияланадиган фаолият тури бўйича лицензиялар реестрини юритади.
Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:
лицензиатнинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, лицензияланадиган фаолият тури, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили, солиқ тўловчининг идентификатсия рақами (СТИР), телефон рақами;
ахборот ресурсининг (тизимнинг, платформанинг) домен номи;
лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;
лицензияларни қайта расмийлаштириш, ўзгартириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, амал қилишини тугатиш ҳамда бекор қилиш асослари ва санаси.
62. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.
63. Лицензиат лицензия талаб ва шартларининг бажарилганлиги юзасидан лицензияловчи органга сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
64. Лицензияловчи органнинг лицензияни беришни рад этиш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақидаги қарорлари, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
65. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
1-ИЛОВА
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан
ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш
СХЕМАСИ
Босқичлар |
Субъектлар |
Тадбирлар |
Бажариш муддатлари |
|||
1-босқич |
Лицензия талабгори |
Лицензия олиш учун ариза ва тегишли ҳужжатларни тайёрлайди ҳамда лицензияловчи органга юборади.
|
ўз хоҳишига кўра |
|||
2-босқич |
Лицензияловчи орган |
Ариза ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
|
йигирма иш куни ичида |
|||
Лицензияловчи орган |
1. Эксперт комиссияси томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади. 2. Эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарорни қабул қилади. 3. Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги юзасидан лицензия талабгорини хабардор қилади.
|
ўн беш иш куни ичида тўрт иш куни ичида бир иш куни ичида
|
||||
3-босқич |
Лицензия талабгори |
Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат божини тўлайди.
|
ўттиз кун ичида |
|||
4-босқич |
Лицензияловчи орган |
1. Давлат божи тўланганидан сўнг лицензияни расмийлаштиради ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради. 2. Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланмаган тақдирда, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
|
икки иш куни ичида лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан ўттиз кундан сўнг
|
|||
5-босқич |
Лицензияловчи орган |
Лицензия бериш учун зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, агар ушбу камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса, лицензия талабгорига камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборади.
|
бир иш куни ичида |
|||
6-босқич |
Лицензия талабгори |
Камчиликларни бартараф этган ҳолда тегишли ҳужжатларни лицензияловчи органга тақдим этади.
|
хабарномада кўрсатилган муддатда |
|||
7-босқич |
Лицензия талабгори |
Лицензия бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабабларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этади.
|
рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда |
|||
8-босқич |
Лицензияловчи орган |
Лицензия талабгори томонидан такроран тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
|
беш иш куни ичида |
|||
9-босқич |
Лицензиат |
1. Тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради. 2. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради.
|
рўйхатдан ўтгандан сўнг бир иш куни ичида |
|||
10-босқич |
Лицензияловчи орган |
Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ариза ва тегишли ҳужжатлар тақдим қилинганда лицензияни қайта расмийлаштиради ва бу ҳақида лицензияларнинг реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.
|
беш иш куни ичида |
|||
11-босқич |
Лицензиат |
Лицензиат лицензиянинг амал қилишини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганда, лицензиянинг амал қилишини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисида ариза беради.
|
қарор қабул қилингандан сўнг |
|||
12-босқич |
Лицензияловчи орган |
Лицензияни амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилади ҳамда бу ҳақида лицензиатни хабардор қилади.
|
беш иш куни ичида |
|||
13-босқич |
Лицензияловчи орган |
Лицензиянинг амал қилиши бекор қилинганлиги ҳақида лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.
|
бир иш куни ичида |
|||
2-ИЛОВА
Лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва
унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги
МАЪЛУМОТЛАР
1-жадвал
Лицензия талабгорининг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари)
|
|||||||
Лавозим |
Фамилияси, исми ва отасининг исми |
Фуқаролик |
ЖШШИР (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) |
Шахсни тасдиқловчи ҳужжат |
|||
Ҳужжат тури |
Серияси ва рақами |
Берилган санаси ва амал қилиш муддати |
Ким томонидан берилган |
||||
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 |
|
|
||||||
2-жадвал
Лицензия талабгорининг таъсисчилари |
|||||||
Фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи |
Улуш ҳажми |
Фуқаролик (жисмоний шахслар учун) ёки давлат рўйхатидан ўтказилган жой (юридик шахслар учун) |
ЖШШИР (жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) ёки СТИР (юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) |
Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат рўйхатидан ўтказиш
|
|||
Ҳужжат тури |
Серияси ва рақами |
Берилган санаси ва амал қилиш муддати |
Ким томонидан берилган |
||||
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 |
|
|
||||||
3-ИЛОВА
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан
ташқари савдоси ташкилотчисининг устав капиталидаги
улушини потенциал сотиб олувчи - юридик шахснинг
раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари)
ва таъсисчилари ҳақидаги
МАЪЛУМОТЛАР
1-жадвал
Лавозим |
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи - юридик шахс раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари) |
||||||
Фамилияси, исми ва отасининг исми |
Фуқаролик |
ЖШШИР (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) |
Шахсни тасдиқловчи ҳужжат |
||||
Ҳужжат тури |
Серияси ва рақами |
Берилган санаси ва амал қилиш муддати |
Ким томонидан берилган |
||||
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 |
|
|
||||||
2-жадвал
Фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи - юридик шахснинг таъсисчилари |
|||||||
Фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи |
Улуш ҳажми |
Фуқаролик (жисмоний шахслар учун) ёки давлат рўйхатидан ўтказилган жойи (юридик шахслар учун) |
ЖШШИР (жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) ёки СТИР (юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) |
Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат рўйхатидан ўтказиш |
|||
Ҳужжат тури |
Серияси ва рақами |
Берилган санаси ва амал қилиш муддати |
Ким томонидан берилган |
||||
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 |
|
|
||||||
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 10 июнь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter