Ўзбекистон Республикасининг 11.06.2026 й. ЎРҚ-1150-сон "Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 10.09.2025 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 08.04.2026 й. маъқулланган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
11.06.2026 й.
N ЎРҚ-1150
ФУҚАРОЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ
КУЧАЙТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН
РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 10 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 8 апрелда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида меҳнат муносабатларини замонавий талаблар асосида тартибга солишга, ҳар бир фуқарога муносиб меҳнат шароитларини яратишга, меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга ва самарали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга миллий қонунчиликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, жумладан жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш (тартибга солиш) ҳамда ходимлар томонидан ўз ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ифода этилиши ва ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, шунингдек айрим тоифадаги шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга оид нормалардаги ноаниқликларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқини белгилашга, иш ташлашни амалга ошириш тартиби ва механизмини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг ҳомиладор аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга тўлиқсиз иш вақтини белгилашга доир нормалари аниқлаштирилмоқда.
Ушбу Қонун ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда жамоавий меҳнат низоларини ҳал этишни (тартибга солишни) самарали ташкил этишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 15 февралда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги 223-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 йил, N 4, 76-модда; 1992 йил, N 9, 363-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 4-5, 126-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, N 12, 640-модда; 2009 йил, N 9, 330-модда; 2014 йил, N 12, 343-модда; 2018 йил, N 4, 224-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, N 5, 464-модда) 6-моддасининг биринчи қисмидаги "уч минг" деган сўзлар "беш юз" деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165-модда; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 314-модда, N 12, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 12, 656-модда; 2007 йил, N 4, 158, 166-моддалар, N 6, 248-модда, N 9, 416, 422-моддалар, N 12, 607-модда; 2008 йил, N 4, 187, 188, 189-моддалар, N 7, 352-модда, N 9, 485, 487, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 4, 128-модда, N 9, 329, 334, 335, 337-моддалар, N 12, 470-модда; 2010 йил, N 5, 176, 179-моддалар, N 9, 341-модда, N 12, 471, 477-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 343-модда; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 3, 47-модда, N 6, 300-модда, N 9, 506, 510-моддалар; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 218, 224-моддалар, N 7, 430-модда, N 10, 679-модда; 2019 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 3, 161-модда, N 5, 259, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 471-модда, N 9, 592-модда, N 11, 787-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 204-модда, N 7, 449-модда, N 10, 593-модда, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 14-моддалар, N 2, 142, 144-моддалар, N 3, 217-модда, 4-сонга илова, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 966, 968, 973-моддалар, N 12, 1193-модда; 2022 йил, N 2, 81-модда, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 466-моддалар, N 6, 575-модда, N 10, 981-модда; 2023 йил, N 3, 185, 187, 188-моддалар, N 4, 265-модда, N 5, 319-модда, N 10, 798-модда, N 11, 921-модда; 2024 йил, N 1, 8-модда, N 2, 111-модда, N 3, 245-модда, N 8, 818-модда, N 9, 954, 964-моддалар, N 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1079, 1083-моддалар, N 11, 1186-модда, N 12, 1280, 1287-моддалар; 2025 йил, N 2, 196-модда, N 3, 376, 377-моддалар, N 5, 643, 647-моддалар, N 8, 968-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:
1) 218-модданинг номи ва диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"218-модда. Фавқулодда ҳолат шароитида корхона,
муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш
Фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш";
2) қуйидаги мазмундаги 218-1-модда билан тўлдирилсин:
"218-1-модда. Иш ташлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш
Ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш, шунингдек иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда зарар етказилишига;
б) одам ўлишига;
в) бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Меҳнат қонунчилиги билан иш ташлаш тақиқланган ҳолларда унда иштирок этишга мажбур қилиш ва (ёки) унга раҳбарлик қилиш, -
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469, 471-моддалар, N 9, 591, 592-моддалар, N 10, 674, 676-моддалар, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 203, 204-моддалар, N 7, 449-модда, N 9, 539, 540-моддалар, N 10, 593, 596-моддалар, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, N 2, 142-модда, N 3, 217-модда, N 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 800, 802, 803-моддалар, N 9, 903-модда, N 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, N 11, 1066-модда; 2022 йил, N 1, 1, 2-моддалар, N 2, 80, 81-моддалар, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, N 8, 787-модда, N 10, 981, 984-моддалар, N 12, 1188-модда; 2023 йил, N 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, N 4, 265, 266, 268-моддалар, N 5, 319, 320-моддалар, N 7, 533, 534, 535, 537, 539-моддалар, N 8, 634-модда, N 10, 798-модда, N 11, 921, 923, 924-моддалар, N 12, 1004-модда; 2024 йил, N 1, 5, 7, 8, 9-моддалар, N 2, 102, 111, 115, 116-моддалар, N 3, 243, 245-моддалар, N 6, 530, 532-моддалар, N 7, 629-модда, N 8, 826, 829, 831-моддалар, N 9, 954, 964, 965-моддалар, N 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1078, 1083, 1084-моддалар, N 11, 1187, 1188, 1189-моддалар, N 12, 1279, 1280, 1282, 1286, 1287-моддалар; 2025 йил, N 1, 5, 8-моддалар, N 2, 187, 188, 196, 198, 201-моддалар, N 3, 368, 376-моддалар, N 4, 517, 521-моддалар, N 5, 643, 644-моддалар, N 6, 729-модда, N 7, 828, 829, 832-моддалар, N 8, 968, 971-моддалар) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
1) қуйидаги мазмундаги 201-2-модда билан тўлдирилсин:
"201-2-модда. Иш ташлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш
Меҳнат қонунчилиги билан иш ташлаш тақиқланган ҳолларда иш ташлашда иштирок этиш, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик мулкий манфаатдор бўлиш эвазига ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиш, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан содир этиш, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";
2) 245-модданинг биринчи қисми "201-1" рақамидан кейин "201-2" рақами билан тўлдирилсин;
3) 255-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
"Ушбу Кодекснинг 201-2-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, меҳнат бўйича давлат инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ҳамда уни ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборади";
4) 305-модданинг иккинчи қисми "201" рақамидан кейин "201-2" рақами билан тўлдирилсин.
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 1-илова, N 10, 672-модда; 2019 йил, N 3, 166-модда, N 5, 261-модда, N 9, 592-модда, N 10, 671-модда, N 11, 791, 792-моддалар, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 1, 3-моддалар, N 3, 198, 199-моддалар; 2021 йил, N 1, 8-модда, 4-сонга илова, N 8, 803-модда, N 9, 903-модда; 2022 йил, N 3, 216-модда, N 8, 787-модда; 2023 йил, N 4, 269-модда, N 12, 1007-модда; 2024 йил, N 2, 115-модда, N 8, 827-модда, N 9, 964, 969-моддалар, N 11, 1191-модда, N 12, 1280, 1286-моддалар; 2025 йил, N 1, 8-модда, N 3, 373-модда, N 6, 729-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
1) 50-модданинг биринчи қисми "давлат бюджетидан ундирувлар" деган сўзлардан кейин "эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;
2) 266-модда қуйидаги мазмундаги 4-1-банд билан тўлдирилсин:
"4-1) эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги";
3) қуйидаги мазмундаги 23-3-боб билан тўлдирилсин:
"23-3-боб. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш
вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш,
иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги
ишларни юритиш хусусиятлари
270-11-модда. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш
вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш
ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги
ишларни кўриш тартиби
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни тўхтатиб туриш, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишлар фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
270-12-модда. Даъво аризасини бериш
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси судга иш берувчи ёхуд прокурор томонидан берилади.
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси тегишинча мазкур иш ташлаш амалга ошириладиган, амалга оширилаётган, амалга оширилган жойдаги судда кўриб чиқилади.
270-13-модда. Даъво аризасининг шакли ҳамда мазмуни
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси ушбу Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Даъво аризасида қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:
1) иш ташлаш ўтказилаётган ташкилотнинг номи;
2) иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган сана, иш ташлаш амалга ошириладиган (амалга оширилаётган, амалга оширилган) сана ва жой;
3) даъвогарнинг фикрига кўра, иш ташлаш туфайли бузилаётган ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар тўғрисидаги маълумотлар;
4) даъвогарнинг фикрига кўра, иш ташлаш қайси қонун ҳужжатларига зид бўлса, ўша қонун ҳужжатлари.
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги даъво аризасида иш ташлашни кечиктириш ёки тўхтатиб туриш муддати ҳам кўрсатилиши лозим.
Даъво аризасига ушбу Кодекснинг 191-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор илова қилинади.
270-14-модда. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини
кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги,
иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича
суд муҳокамасининг хусусиятлари
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишлар даъво аризаси берилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан иш берувчи, иш ташлашга раҳбарлик қилувчи, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Учинчи шахслар суд мажлисига чақирилиши мумкин.
Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд мажлисига келмаса, иш уларнинг йўқлигида кўрилиши мумкин.
Иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида суд иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорнинг қонунийлигини, иш ташлашни амалга оширишнинг қонунда белгиланган талабларига риоя этилганлигини текширади, шунингдек иш ташлаш туфайли ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар бузилган-бузилмаганлигини аниқлайди.
270-15-модда. Суднинг ҳал қилув қарори
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги, иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги, иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.
Иш ташлаш ноқонуний деб топилган тақдирда, суд тегишли жавобгарлик масаласини ҳал этиш тўғрисида прокурорга хабар қилади.
Суд иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорнинг ва иш ташлашнинг қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда иш ташлаш туфайли ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар бузилмаётганлигини аниқласа, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Суднинг эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш тўғрисидаги ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида эълон қилинган иш ташлашни кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш муддати кўрсатилади ва у эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади".
5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги ЎРҚ-588-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 882-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, N 5, 464-модда; 2023 йил, N 11, 923-модда; 2024 йил, N 8, 822-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:
1) 44-модданинг биринчи қисмидаги "тегишли инспекторлари фаолият кўрсатадиган инспекциялар" деган сўзлар "тегишли маъмурий ваколатга эга бўлмаган инспекторлари фаолият кўрсатадиган инспекциялар" деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) қуйидаги мазмундаги 45-1-модда билан тўлдирилсин:
"45-1-модда. Касаба уюшмалари инспекцияларининг
Давлат меҳнат инспекцияси билан ўзаро ҳамкорлиги
Касаба уюшмаларининг инспекциялари, шунингдек Давлат меҳнат инспекцияси ўз фаолиятларини ўзаро ҳамкорликда амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун исталган тараф иккинчи тарафга ҳамкорлик тўғрисида келишув, меморандум ва бошқа битим тузиш тўғрисида таклиф билан чиқишлари мумкин.
Тарафлар ўртасида имзоланган келишув, меморандум ва бошқа битим уни имзолаган тарафнинг ички фаолиятига аралашишни, шунингдек унинг фаолиятини бирор-бир тарзда чекловчи нормани ўз ичига олиши мумкин эмас".
6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, 10-сонга илова; 2023 йил, N 4, 265-модда, N 11, 923-модда; 2024 йил, N 2, 111-модда, N 7, 627-модда, N 9, 964-модда; 2025 йил, N 2, 193-модда, N 6, 730-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 36-модданинг олтинчи қисми:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"иш ташлашга оид масалалар тўғрисида қарор қабул қилади";
олтинчи хатбошиси еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
2) 186-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"ушбу Кодекснинг 398-моддасига мувофиқ";
3) 398-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Иш берувчи қуйидаги шахсларга уларнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт:
ҳомиладор аёлга;
ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга);
тиббий хулосага мувофиқ оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахсга";
4) 570-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
"Иш ташлаш - бу ходимларнинг меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришни тўхтатишдир";
5) 576-модда қуйидаги мазмундаги тўққизинчи ва ўнинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
"Агар ушбу Кодекс 589-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига биноан жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш учун иш ташлаш ўтказиб бўлмайдиган бўлса, жамоавий меҳнат низосини меҳнат арбитражида кўриб чиқиш мажбурий ҳисобланади ва меҳнат арбитражининг қарори тарафлар учун, уларнинг ушбу масала бўйича келишуви мавжудлигидан қатъи назар, мажбурий ҳисобланади.
Агар тарафлар вақтинча меҳнат арбитражини тузиш, унинг таркиби ва қоидалари тўғрисида ёки жамоавий меҳнат низосини доимий меҳнат арбитражига ўтказиш тўғрисида келишувга эришмаса, ушбу масалалар юзасидан қарор жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органлари томонидан қабул қилинади";
6) 577-модда қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилсин:
"Жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларининг ваколатли ходимлари ташкилотдаги жамоавий меҳнат низоси тўғрисида хабар олинган пайтдан бошлаб иш берувчининг иш жойига жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш, низонинг сабабларини аниқлаш ва ҳал қилишга кўмаклашиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда монеликсиз ташриф буюриш ҳуқуқига эга";
7) 581-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"581-модда. Иш ташлаш ҳуқуқи
Агар ушбу Кодексда белгиланган яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари орқали жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, шунингдек иш берувчи яраштирув-воситачилик тартиб-таомилларидан бош тортган ёки жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш пайтида эришилган келишувни бажармаган бўлса, меҳнат жамоаси жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг усули сифатида иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Иш ташлашда қатнашиш ихтиёрийдир. Ҳеч ким иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиниши мумкин эмас.
Иш ташлаш, қоида тариқасида, ходимларнинг доимий иш жойида амалга оширилади";
8) қуйидаги мазмундаги 582 - 593-моддалар билан тўлдирилсин:
"582-модда. Иш ташлашни эълон қилиш
тўғрисида қарор қабул қилиш
Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ташкилот (филиал, ваколатхона ёки бошқа алоҳида таркибий бўлинма) ходимларининг умумий йиғилишида (конференциясида) қатнашаётган ходимларнинг (делегатларнинг) эллик фоизидан кўпроғи ёқлаб берган овози билан қабул қилинади.
Ташкилот (филиал, ваколатхона ёки бошқа алоҳида таркибий бўлинма) ходимларининг умумий йиғилиши (конференцияси) томонидан иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш иш ташлаш бошланишидан камида бир ой олдин ушбу Кодекснинг 36-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
иш ташлашни эълон қилиш ва ўтказиш учун асос бўлган жамоавий меҳнат низоси тарафларининг келишмовчиликлари рўйхати;
иш ташлаш бошланадиган сана, вақт ва жой;
иш ташлашга раҳбарлик қилувчи ва унинг иш ташлаш чоғидаги ваколатлари тўғрисидаги маълумотлар;
ходимларнинг яраштирув-воситачилик тартиб-таомилларида иштирок этувчи вакиллари рўйхати.
583-модда. Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги
қарор ҳақида хабардор қилиш
Касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида иш берувчини ушбу қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Иш берувчи бўлажак иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида ёзма хабарномани олган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларини ёзма равишда огоҳлантиради.
Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда белгиланган вақтда иш ташлаш бошланмаган бўлса, жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш ушбу Кодекснинг 573-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
584-модда. Иш ташлашга раҳбарлик қилиш
Иш ташлашга касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатли вакили раҳбарлик қилади.
Иш ташлашга раҳбарлик қилувчи:
ходимлар умумий йиғилишларини (конференцияларини) чақиришга;
иш берувчидан ходимларнинг манфаатларига дахлдор масалалар бўйича маълумот олишга;
иш ташлашни эълон қилиш ва ўтказиш учун асос бўлган келишмовчиликларни ҳал қилишда ходимлар номидан иш юритишга;
келишиб олиниши зарур бўлган масалалар бўйича фикрларни тайёрлаш учун мутахассисларни жалб қилишга;
иш ташлашда иштирок этаётган ходимларнинг эллик фоизидан кўпроғининг розилиги билан иш ташлашни тўхтатиб қўйишга ҳақли.
Иш ташлашга раҳбарлик қилувчи:
иш ташлаш амалга оширилаётган даврда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;
жамоавий меҳнат низосини тинч йўл билан ҳал этиш учун барча зарур чораларни кўриши;
иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган иш ташлаш бошланадиган сана, вақт ва жойга доир талабларга амал қилинишини таъминлаши;
жамоавий меҳнат низоси тарафларига, давлат органлари ва ташкилотларига ёлғон ёки бузиб кўрсатилган ахборот тақдим қилмаслиги;
ўзига берилган ваколатлар доирасидан четга чиқмаслиги шарт.
585-модда. Ходимларга иш ташлаш муносабати
билан бериладиган кафолатлар
Ходимнинг иш ташлаш билан боғлиқ жараёнда иштирок этгани уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас.
Иш ташлаш пайтида унда иштирок этадиган ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади.
Иш берувчи ходимга у иш ташлашда қатнашган вақтида иш ҳақини тўламаслик ҳуқуқига эга.
Иш ташлашда иштирок этмаган, бироқ иш ташлаш ўтказилаётганлиги сабабли бекор туриб қолган ходимларга ҳақ тўлаш ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади. Иш ташлашда иштирок этмаган ходимлар бекор туриб қолиш муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан ушбу Кодексда белгиланган тартибда вақтинча бошқа ишга ўтказилиши мумкин.
586-модда. Иш ташлашнинг бориши
Иш ташлаш пайтида жамоавий меҳнат низоси тарафлари низони яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари орқали ҳал қилишда давом этишлари керак.
Ходим, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлаш пайтида жамоат тартибини, иш берувчининг ва ходимларнинг мол-мулки хавфсизлигини, шунингдек тўхтатилиши инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ускуналарнинг ишлашини таъминлаш бўйича чоралар кўриши шарт.
Ушбу Кодекс 589-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган хизматларда (соҳаларда) минимал зарур ишлар (хизматлар) таъминланиши шарт.
587-модда. Эълон қилинган иш ташлашнинг бошлаш
вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш
Иш ташлаш инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарса, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, экологик барқарорликка таҳдид солса, суднинг қарорига асосан:
эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақти ўттиз календарь кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши;
иш ташлаш ўттиз календарь кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш тўғрисидаги суднинг қарори тўғрисида ходимлар иш ташлашга раҳбарлик қилувчи орқали дарҳол хабардор қилиниши шарт.
Эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки иш ташлашни тўхтатиб туриш тўғрисидаги суднинг қарори дарҳол ижро этилиши керак.
588-модда. Иш ташлашни қайта тиклаш
Иш берувчи томонидан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш (тартибга солиш) жараёнида меҳнат жамоаси билан эришилган келишувларда белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда тугатилган иш ташлаш қайта тикланиши мумкин.
Иш ташлашни қайта тиклаш учун жамоавий меҳнат низосини яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари асосида қайта кўриб чиқиш талаб қилинмайди.
Касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчини ва жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органини иш ташлаш қайта тикланиши тўғрисида камида етмиш икки соат олдин ёзма равишда огоҳлантириши керак.
589-модда. Иш ташлашга оид чекловлар
Фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар пайтида, уруш ҳолатида, умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш тақиқланади.
Иш ташлашда қуйидагиларнинг қатнашиши мумкин эмас ҳамда улар иштирокидаги иш ташлаш тақиқланган ҳисобланади:
тиббиёт ходимлари;
давлат органининг ваколатларини амалга ошириш учун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган шахслар;
ҳарбий хизматчилар, судьялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус (ҳарбий) унвонларга ёки мартаба (малака, мансаб) даражаларига эга ходимлари;
энергия ва сув таъминоти тизими ташкилотлари ходимлари;
алоқа тизими ходимлари.
Фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва шахсий хавфсизлиги учун фаолияти ҳаётий муҳим бўлмаган, бироқ аҳолининг кундалик ҳаётини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган ташкилотларда, шунингдек иш ташлаш давомийлиги ва кўлами туфайли аҳолининг одатдаги турмуш шароитларига таҳдид солувчи хизматларда (соҳаларда) минимал зарур ишлар (хизматлар) мажбурий жорий этилиши мумкин.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган минимал зарур ишлар (хизматлар) ва улар амалга оширилиши лозим бўлган ташкилотлар (хизматлар, соҳалар) рўйхати Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
590-модда. Ноқонуний иш ташлаш
Агар ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда иш ташлаш амалга оширилган (амалга оширилаётган, амалга ошириладиган) ёки иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, бу ноқонуний иш ташлаш деб топилади.
Иш ташлаш суд томонидан ноқонуний деб топилганда, мазкур масала бўйича суднинг қарори тўғрисида ходимлар иш ташлашга раҳбарлик қилувчи орқали дарҳол хабардор қилиниши шарт.
Иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори дарҳол ижро этилиши керак.
591-модда. Иш ташлашни тугатиш
Иш ташлаш қуйидаги ҳолларда тугатилади:
жамоавий меҳнат низоси тарафлари томонидан ўзаро ёзма келишувга эришилганда;
иш берувчи томонидан иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда иш ташлашни эълон қилиш ва ўтказиш учун асос бўлган келишмовчиликлар бартараф этилганда;
суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ноқонуний деб топилганда;
иш ташлашда иштирок этаётган ходимларнинг эллик фоизидан кўпроғининг розилиги билан иш ташлашдан воз кечилганида.
Ходимлар иш ташлаш тугатилгандан кейинги иш кунидан кечиктирмай меҳнат шартномасида назарда тутилган мажбуриятларини давом эттириши зарур.
592-модда. Иш ташлаш тўғрисидаги қонун
ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Иш ташлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
593-модда. Даъво хусусиятига эга жамоавий
меҳнат низоларини судда кўриб чиқиш
Қонунчиликни, жамоа келишувларини ва жамоа шартномасини, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ички ҳужжатларни қўллаш хусусидаги жамоавий меҳнат низолари суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жамоавий меҳнат низоларини судларда кўриб чиқиш ҳамда суд қарорларини ижро этиш чоғида ушбу Кодексда якка тартибдаги меҳнат низолари учун белгиланган тегишли қоидалар ва муддатлар қўлланилади".
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва шахсий хавфсизлиги учун фаолияти ҳаётий муҳим бўлмаган, бироқ аҳолининг кундалик ҳаётини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган ташкилотларда, шунингдек иш ташлаш давомийлиги ва кўлами туфайли аҳолининг одатдаги турмуш шароитларига таҳдид солувчи хизматларда (соҳаларда) минимал зарур ишлар (хизматлар) ва улар амалга оширилиши лозим бўлган ташкилотлар (хизматлар, соҳалар) рўйхатини Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
9-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 11 июнь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter