Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Туризм соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.06.2026 й. 3875-сон билан рўйхатга олинган Туризм қўмитасининг 06.06.2026 й. 8-мҳ-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 30 июнда 3875-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Туризм қўмитасининг

2026 йил 6 июндаги

8-мҳ-сон қарорига

ИЛОВА



Туризм соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши

устидан назоратни амалга оширишда "Хавфни

таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий

этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом туризм соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тадбиркорлик субъекти - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;


"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими - Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) томонидан туризм соҳасини аниқ мезонларга асосланиб, тадбиркорлик субъекти томонидан ўз фаолиятида қонунчилик бузилиш хавфи даражасини аниқлаш механизми;


текширув - тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган назорат қилиш тадбири.


2. Қўмита томонидан "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган минимал талабларга мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.

Минимал талабларга зид бўлган "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқишга асос бўлмайди.


3. Ишлаб чиқилган "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими асосида аниқланган ҳуқуқбузарлик хавфи қай даражада бўлишидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектига нисбатан таъсир чораларини қўллашга асос бўла олмайди.



2-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАСИНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШГА

ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


4. Тадбиркорлик субъектининг қонунни бузиш хавфи даражасини таҳлил қилиш жараёни тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш, унга тўсқинлик қилиш ёки фаолиятини амалга оширишга тўғридан-тўғри аралашишни назарда тутувчи хатти-ҳаракатларни ўз ичига олмаслиги зарур.


5. Хавф даражасининг таҳлили қуйидаги маълумотларни ўрганиш асосида амалга оширилиши мумкин:

маъмурий маълумотлар (лицензия, рухсат этувчи ва давлат органларида мавжуд бошқа ҳужжатлар);

даврий статистика маълумотлари, жумладан, аввал ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тадбиркорлик субъектини умумлаштирувчи белгилар, хабарлар ва бошқа корреляцион таҳлил натижалари;

юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар;

оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар;

назорат хариди натижалари асосида аниқланган камчиликларнинг таҳлили;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ва тадбиркорлик субъектининг одатий фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатмаган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олиниши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.


6. Хавф даражаси таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектидан ҳужжатлар ва ахборотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


7. Назорат ваколатига кирмайдиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш тақиқланади.



3-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАСИ ТАСНИФИ ВА УЛАРНИНГ

МЕЗОНЛАРИГА ДОИР ТАЛАБЛАР


8. "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида хавф даражасини баҳолаш ўрганиладиган маълумотлар асосида шакллантирилган мазкур Низомнинг 1 - 3-иловаларида кўрсатилган кўрсаткичларга тадбиркорлик субъекти фаолиятининг мувофиқлигини "балл" тизими асосида баҳолаш орқали амалга оширилади.


9. Қўмита тадбиркорлик субъектларининг хавф даражасини баҳолаш учун қуйидаги кўрсаткичларни "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимига киритади:

мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Туроператорлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш кўрсаткичлари;

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ Турагентлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш кўрсаткичлари;

мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ Жойлаштириш воситалари хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш кўрсаткичлари.

Бунда тадбиркорлик субъектларининг хавф даражаси мазкур банднинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган кўрсаткичлар бўйича "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида автоматик равишда алоҳида аниқланади.


10. Амалга оширилган баҳолаш натижаларига кўра аниқланган хавф даражасининг умумий баллари асосида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи бўйича қуйидаги уч хил тоифада таснифланади:

хавф даражаси юқори - баҳолаш натижалари бўйича 81 баллдан 100 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;

хавф даражаси ўрта - баҳолаш натижалари бўйича 61 баллдан 81 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;

хавф даражаси паст - баҳолаш натижалари бўйича 61 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари.


11. Баҳолаш натижаларига мувофиқ ҳуқуқбузарлик хавфи юқори ва ўрта таснифидаги тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ва текширувларни ўтказиш амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони, 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган минимал талаблар асосида амалга оширилади.

Бунда тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ва текширувлар фақатгина туризм соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш мақсадида ўтказилади.


12. Хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилмайди.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Хавфни таҳлил этиш натижаларидан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.


14. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Туроператорлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги

қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Хавф даражасини баҳолаш кўрсаткичлари


Балл


Таҳлил якунига

кўра қўйилган

баллар


1.

Юридик шахс штатида "туризм" ва унга турдош таълим йўналишлари бўйича олий ёки ўрта махсус, касбий маълумотга ёхуд туризм соҳасида 3 йилдан ортиқ иш стажи ва малака ошириш сертификатига эга бўлган камида бир нафар мутахассис мавжуд бўлмаганлиги


15


2.

Юридик шахс ходимларининг (гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар) уч йилда камида бир марта белгиланган тартибда малака оширишдан ўтаганлигини тасдиқловчи сертификати мавжуд бўлмаганлиги


15


3.

Мижозга туроператорнинг иш режими, унинг жойлашган жойи (почта манзили), тегишли лицензия, туризм хизматлари сертификатининг мавжудлиги (агар мавжуд бўлса), туризм фаолиятининг аниқ йўналишлари учун масъул бўлган туроператорнинг мутахассислари фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот берилмаганлиги, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилмаганлиги


15


4.

Туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полиси мавжуд бўлмаганлиги


15


5.

Туроператор камида икки чет тилидаги, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлмаганлиги (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми "ички туризм" йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас)


10


6.

Фаолиятни фақат лицензияда кўрсатилган йўналиш(лар) бўйича амалга оширмаганлиги


10


7.

Мижозлар ва чет эллик ҳамкорлар билан тузилган тегишли шартномасиз туризм хизматлари кўрсатилганлиги


10


8.

Ҳар бир туристга ва экскурсантга туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборот берилмаганлиги


5


9.

Хорижий мамлакатлардаги таълим ва (ёки) тиббиёт муассасаси томонидан берилган белгиланган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси мавжуд бўлмаганлиги ("чиқиш туризми" йўналиши бўйича таълим ва (ёки) тиббиёт туризми фаолиятини амалга ошириш учун)


5



Жами баллар йиғиндиси


100


        





Низомга

2-ИЛОВА



Турагентлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги

қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Хавф даражасини баҳолаш кўрсаткичлари


Балл


Таҳлил якунига

кўра қўйилган

баллар


1.

Туризм фаолиятининг "чиқиш туризми" йўналишидаги фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширганлиги


25


2.

Туроператор билан шартнома тузмасдан туроператорлар томонидан яратилган туризм маҳсулотини тарғиб ва реализация қилганлиги


25


3.

Ҳар бир туристга ва экскурсиячига туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборот етказилмаганлиги


20


4.

Мижозга турагентнинг иш режими, жойлашган ери (почта манзили), тегишли лицензия, турагент раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бермаганда, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирмаганлиги


15


5.

Фаолиятни фақат лицензияда кўрсатилган йўналиш(лар) бўйича амалга оширмаганлиги


15



Жами баллар йиғиндиси


100


         





Низомга

3-ИЛОВА



Жойлаштириш воситалари хизматларини кўрсатиш

соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Хавф даражасини баҳолаш кўрсаткичлари


Балл


Таҳлил якунига

кўра қўйилган

баллар


1.

Туризм соҳасида маълумотга ва (ёки) малака сертификатларига эга бўлган ходимлар мавжуд бўлмаганлиги


15


2.

Жойлаштириш воситалари номерларини онлайн банд қилиш халқаро сервисларга уланмаганлиги


15


3.

Ваколатланган назорат органларининг ёнғин ва санитария-гигиена хавфсизлиги ва лифт жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш (мавжуд бўлганда) хулосалари мавжуд бўлмаганлиги


15


4.

Халқаро бронлаштириш майдонларида мувофиқлик белгисидан (юлдузлар) ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқланганлиги


15


5.

Мувофиқлик сертификати сертификатлаштириш объектида турмаганлиги ёки у учинчи шахсларга берилганлиги


10


6.

Меҳмонхона хизматини кўрсатишда ташриф буюрувчилар танишиши учун қулай бўлган жойда, шу жумладан, жойлаштириш воситасининг қабул қилиш жойидаги маълумотлар тахтасига ва интернет тармоғидаги расмий веб-сайтига (агар мавжуд бўлса) қуйидаги маълумотларнинг барчаси жойлаштирилмаганлиги:

а) бажарувчи тўғрисидаги маълумотлар, хусусан, номи, манзили, боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили;

б) бажарувчининг юқори турувчи ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

в) жойлаштириш воситасининг тегишли тоифаси тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

г) меҳмонхона хизматлари учун мувофиқлик сертификати нусхаси ёки оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестридан кўчирма;

д) номерлар (жойлар) нархи;

э) номер (жой) нархига кирадиган меҳмонхона хизматлари рўйхати;

ж) меҳмонхона хизматларига тўловни амалга ошириш шакли ва тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

з) алоҳида тўлов эвазига, бажарувчи томонидан кўрсатиладиган бошқа меҳмонхона хизматлари рўйхати, нархи ҳамда уларни олиш шартлари;

и) номер (жой) брон қилиш ва бронни бекор қилиш шакли, шартлари ва тартиби тўғрисида маълумотлар;

к) имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси рўйхати, шунингдек, меҳмонхона хизматларини кўрсатишда тақдим этиладиган имтиёзлар рўйхати (агар мавжуд бўлса);

л) жойлаштириш воситасида учинчи шахслар томонидан тўлов эвазига кўрсатиладиган бошқа хизматлар тўғрисида маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

м) жойлаштириш воситасига келиш (кетиш) вақти тўғрисида маълумотлар;

н) жойлаштириш воситасида меҳмонхона хизматларини кўрсатиш ва улардан фойдаланиш қоидалари тўғрисида маълумотлар.


10


7.

Меҳмонхона хизматини кўрсатишда ташриф буюрувчининг талабига кўра қуйидагиларнинг барчасини ўз ичига олувчи шартнома тузилмаганлиги:

а) бажарувчининг номи;

б) ташриф буюрувчи тўғрисида маълумотлар;

в) тақдим этилаётган номер (жой) тўғрисида маълумотлар;

г) номер (жой) нархи;

д) жойлаштириш воситасида бўлиш муддати;

э) бошқа зарур маълумотлар (томонлар ихтиёрига кўра).


10


8.

Меҳмонхона хизматларини доимий яшаш жойи, фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилмаганлиги


10



Жами баллар йиғиндиси


100


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 1 июль