Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат архитектура назоратини амалга оширишда "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 03.07.2026 й. 3884-сон билан рўйхатга олинган қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 01.07.2026 й. 38-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 3 июлда 3884-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

қурилиш ва уй-жой коммунал

хўжалиги вазирининг

2026 йил 1 июлдаги

38-сон буйруғига

ИЛОВА



Давлат архитектура назоратини амалга оширишда

"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини

жорий этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом давлат архитектура назоратини амалга оширишда "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тадбиркорлик субъекти - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар;


"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) томонидан давлат архитектура назорати соҳасидаги аниқ мезонларга асосланиб, тадбиркорлик субъекти томонидан ўз фаолиятида қонунчилик бузилиш хавфи даражасини аниқлаш механизми;


текширув - тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган назорат қилиш тадбири.


2. Вазирлик томонидан "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган минимал талабларга мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.

Минимал талабларга зид бўлган "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқишга асос бўлмайди.


3. Ишлаб чиқилган "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими асосида аниқланган ҳуқуқбузарлик хавфи қай даражада бўлишидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектига нисбатан таъсир чораларини қўллашга асос бўла олмайди.



2-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАСИНИ ТАҲЛИЛ

ҚИЛИШГА ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


4. Тадбиркорлик субъектининг қонунни бузиш хавфи даражасини таҳлил қилиш жараёни тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш, унга тўсқинлик қилиш ёки фаолиятини амалга оширишга тўғридан-тўғри аралашишни назарда тутувчи хатти-ҳаракатларни ўз ичига олмаслиги зарур.


5. Хавф даражасининг таҳлили қуйидаги маълумотларни ўрганиш асосида амалга оширилиши мумкин:

маъмурий маълумотлар (лицензия, рухсат этувчи ва давлат органларида мавжуд бошқа ҳужжатлар);

даврий статистика маълумотлари, жумладан, аввал ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тадбиркорлик субъектини умумлаштирувчи белгилар, хабарлар ва бошқа корреляцион таҳлил натижалари;

юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар;

оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар;

назорат хариди натижалари асосида аниқланган камчиликларнинг таҳлили;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ва тадбиркорлик субъектининг одатий фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатмаган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олиниши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.


6. Хавф даражаси таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектидан ҳужжатлар ва ахборотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


7. Назорат ваколатига кирмайдиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш тақиқланади.



3-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАСИ ТАСНИФИ ВА

УЛАРНИНГ МЕЗОНЛАРИГА ДОИР ТАЛАБЛАР


8. "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида хавф даражасини баҳолаш ўрганиладиган маълумотлар асосида шакллантирилган мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган кўрсаткичларга тадбиркорлик субъекти фаолиятининг мувофиқлигини "балл" тизими асосида баҳолаш орқали амалга оширилади.


9. Вазирлик тадбиркорлик субъектларининг хавф даражасини баҳолаш учун мазкур Низомнинг иловасидаги келтирилган Давлат архитектура назорати соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш кўрсаткичларини "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимига киритади.

Бунда тадбиркорлик субъектларининг хавф даражаси мазкур банднинг биринчи хатбошисидаги кўрсаткичлар бўйича "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида автоматик равишда аниқланади.


10. Амалга оширилган баҳолаш натижаларига кўра аниқланган хавф даражасининг умумий баллари асосида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи бўйича қуйидаги уч хил тоифада таснифланади:

хавф даражаси юқори - баҳолаш натижалари бўйича 81 баллдан 100 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;

хавф даражаси ўрта - баҳолаш натижалари бўйича 61 баллдан 81 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;

хавф даражаси паст - баҳолаш натижалари бўйича 61 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари.


11. Баҳолаш натижаларига мувофиқ ҳуқуқбузарлик хавфи юқори ва ўрта таснифидаги тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ва текширувларни ўтказиш амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони, 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган минимал талаблар асосида амалга оширилади.

Бунда тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ва текширувлар фақатгина давлат архитектура назорати соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш мақсадида ўтказилади.


12. Хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилмайди.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Хавфни таҳлил этиш натижаларидан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.


14. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Давлат архитектура назорати соҳасидаги

қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Хавф даражасини баҳолаш кўрсаткичлари


Балл


Таҳлил якунига кўра

қўйилган баллар


1.

Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш ёки аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда (бош режаларда назарда тутилмаган) бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш


20


2.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси билан келишмасдан бино-иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш


15


3.

Бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳасини Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси билан келишмасдан туриб бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш


15


4.

Бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг тегишли рухсатномасисиз амалга ошириш


15


5.

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига кўра, турар жой, жамоат ва дам олиш масканларида автотураргоҳларни ҳисоблаш нормаларига риоя этмаслик


15


6.

Шаҳарсозлик норма ва қоидаларига кўра, бино ва иншоотларнинг кириш қисмида ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахсларнинг кириши ва уларни эвакуация қилиниши учун (ер сатҳи ва ер остидан) пандуслар ташкил этмаслик


10


7.

Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйиш (эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно)


10



Жами баллар йиғиндиси


100


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 3 июль