Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаш ва тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 19.08.2026 й. 3927-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 05.08.2026 й. 24-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 19 августда 3927-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2026 йил 5 авгстдаги

24-сон буйруғига

ИЛОВА



Электрон тижорат операторлари фаолиятини

бошлаш ва тугатиш учун ваколатли органни

хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаш ва тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


асослантирилган мулоҳаза - қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли орган томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий мазмуни расмий мазмунидан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш. Асослантирилган мулоҳаза ваколатли орган томонидан электрон тижорат оператори фаолияти устидан назоратни амалга ошириш доирасида олинган ахборотга, жисмоний ва юридик шахслардан, халқаро ташкилотлардан, давлат органларидан, шу жумладан чет эл назорат органлари ҳамда ташкилотларидан, бошқа очиқ манбалардан олинган ва асослантирилган мулоҳазани шакллантириш учун муҳим бўлган бошқа ахборотга асосланади;


ахборот тизими - ваколатли органни электрон тижорат оператори фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабардор қилишни масофавий шаклда амалга ошириш учун мўлжалланган махсус электрон тизим;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;


электрон тижорат оператори - электрон тижоратни амалга ошириш учун техник, ташкилий ва ахборот инфратузилмаси билан таъминловчи юридик шахс. Электрон тижорат оператори фаолиятини электрон савдо платформаси оператори, буюртмалар агрегатори оператори, рақамли стриминг хизмати оператори сифатида амалга ошириши мумкин;


электрон савдо платформаси оператори - электрон савдо платформасига эгалик қилувчи ва (ёки) уни бошқарувчи юридик шахс;


буюртмалар агрегатори оператори - буюртмалар агрегаторига эгалик қилувчи ва (ёки) уни бошқарувчи юридик шахс;


рақамли стриминг хизмати оператори - рақамли стриминг хизматига эгалик қилувчи ва (ёки) уни бошқарувчи юридик шахс;


тасдиқнома - хабардор қилувчилар электрон тижорат оператори фаолиятини бошлагани ёки тугатгани ҳақида ваколатли органни хабардор қилганини тасдиқловчи, матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган электрон ҳужжат;


хабардор қилувчилар - ваколатли органга хабарнома юборган ва хабарномалар реестрига киритилган электрон тижорат оператори фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;


хабарнома - хабардор қилиш тартибида фаолиятни амалга оширишни бошлаш (тугатиш) учун хабардор қилувчилар томонидан ваколатли органга юбориладиган маълумотлар;


хабарномалар реестри - фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга ошираётган, тўхтатиб турилган, қайта тикланган, тугатилган хабардор қилувчилар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ваколатли органнинг маълумотлар базаси.


2. Хабардор қилувчилар электрон тижорат оператори фаолиятини бошлаш ёки тугатиш тўғрисидаги хабарномани мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ ушбу фаолиятни бошлашдан олдин ахборот тизими орқали электрон шаклда юборади.

Хабарнома ахборот тизими орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда хабарнома ахборот тизими орқали қабул қилинган вақтдан бошлаб, ваколатли орган томонидан кирим қилинган ҳисобланади.


3. Хабарномада кўрсатилган ахборотнинг ишончлилиги учун хабардор қилувчилар масъул ҳисобланади.


4. Электрон тижорат оператори фаолияти билан ваколатли органни хабардор қилмасдан шуғулланиш тақиқланади.



2-БОБ. ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБИДА

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ОПЕРАТОРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


5. Хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш учун қуйидаги талаблар ва шартлар амал қилади:

а) Ўзбекистон Республикаси юридик шахси шаклида давлат рўйхатидан ўтиши;

б) Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама соҳасидаги қонунчилик ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

д) ваколатли органнинг сўровига мувофиқ электрон тижорат субъектларининг фаолиятига оид маълумотларни бепул тақдим этиши;

э) Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари талабларига риоя қилиши;

ф) электрон тижорат иштирокчиларига хизматлар кўрсатиш учун зарур даражада ишлаши таъминланган ахборот тизимининг мавжудлиги;

г) фаолият бошланиши ҳақидаги хабарнома маълумотларининг ҳаққонийлигини таъминлаши;

ҳ) ходимлар билан янги меҳнат шартномалари тузиш, шартномаларга ўзгартиришлар киритиш ва уларни бекор қилиш ҳолатларини, шунингдек, амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотларни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатга олиш - агар ходимлар учун тегишли фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун бундай талаб мавжуд бўлса);

и) хабардор қилувчининг номи, жойлашган жойи (яшаш манзили) ўзгарганлиги ёки филиал ва ваколатхона очилганлиги тўғрисида рўйхатга олингандан кейин ўн иш куни ичида ваколатли органни хабардор қилиши;

ж) хабардор қилиш тартибига мувофиқ амалга ошириладиган фаолият (ҳаракат) турининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа талаблар ва шартлар.



3-БОБ. ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБИДА

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ОПЕРАТОРИ ФАОЛИЯТИНИ

БОШЛАШ ҲАҚИДА ХАБАРНОМА ЮБОРИШ

ВА УНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


6. Хабардор қилувчилар ахборот тизимига Ягона идентификация тизими (OneID) орқали кириб, электрон тижорат оператори фаолиятини бошлаши учун ваколатли органга хабарнома юборади.


7. Хабарномани юборишда қуйидаги маълумотлар киритилади (юкланади):

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, СТИР;

жойлашган манзили ва электрон почтаси;

юридик шахс раҳбарининг телефон рақами;

электрон тижорат оператори фаолияти амалга ошириладиган жой манзили (манзиллари, кадастр рақами);

электрон тижорат оператори фаолиятини амалга ошириш жойининг телефон рақами (мавжуд бўлган тақдирда);

банк реквизитлари (ҳисобварағи, банк коди);

юридик шахс раҳбарининг паспорт рақами, серияси ёки идентификация ID-картаси рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;

хабардор қилувчилар томонидан хабарномани юборишда ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган талаблар ва шартларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Бунда хабарномага илова қилинадиган (юкланадиган) тегишли ҳужжатлар электрон шаклда (PDF, PNG ёки JPEG форматда) бўлиши керак.


8. Хабардор қилувчилардан мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган маълумотлар ва ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


9. Мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган маълумотлар идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида шу куннинг ўзида ахборот тизими орқали ваколатли орган томонидан таққосланади ва ўрганилади.


10. Хабарнома қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:

нотўғри ёки ёлғон ахборот киритилганлиги ахборот тизими орқали аниқланганда;

электрон тижорат оператори фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш учун белгиланган талаблар ва шартларга риоя этилмаган ёки улар бажарилганлиги тасдиқланмаганда;

агар хабардор қилувчилар аввал хабарномалар реестрига киритилган бўлса ва уларнинг фаолияти амалга оширилаётган бўлса;

ваколатли орган ёки суд томонидан хабардор қилувчиларнинг фаолияти муайян муддатга тўхтатиб турилганда;

хабардор қилувчилар томонидан электрон тижорат оператори фаолиятини амалга ошириш суднинг қарорига асосан тақиқланганда.

Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳолатлардан ташқари бошқа асослар билан хабарномани қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.


11. Белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда юборилган хабарнома ахборот тизими орқали шу куннинг ўзида қабул қилинади.


12. Қабул қилинган хабарнома асосида ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ тасдиқнома ахборот тизими орқали бир иш куни ичида электрон шаклда расмийлаштирилади ҳамда хабардор қилувчининг шахсий кабинетига автоматик юборилади.

Электрон шаклда берилган тасдиқнома хабардор қилувчи томонидан қоғозда чоп этилиши мумкин. Бунда қоғозда чоп этилган тасдиқномалар электрон шаклда берилган тасдиқномаларга тенглаштирилади.


13. Тасдиқномани электрон тижорат оператори фаолиятини амалга ошириш мақсадида бошқа юридик шахсга бериш тақиқланади.


14. Тасдиқнома давлат тилида расмийлаштирилади. Хабардор қилувчилар хоҳишига кўра тасдиқнома ахборот тизими имконияти доирасида бошқа тилларда расмийлаштирилиши мумкин.


15. Тасдиқнома юборилган хабардор қилувчилар тўғрисидаги ахборот шу куннинг ўзида хабарномалар реестрига киритилади.


16. Хабардор қилувчининг номи ёки юридик манзили ўзгарганда, у рўйхатдан ўтказилгандан сўнг ёки унинг филиал ва ваколатхонаси очилгандан сўнг, хабардор қилувчилар бу ҳақида ваколатли органга ўн иш куни ичида ахборот тизими орқали хабарнома юбориши лозим.

Бунда хабарнома олинган кундан бошлаб бир иш куни ичида тасдиқнома ваколатли орган томонидан қайта расмийлаштирилади.



4-БОБ. ХАБАРДОР ҚИЛУВЧИЛАРНИНГ ХАБАРДОР

ҚИЛИШ ТАРТИБИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН

ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ, ҚАЙТА ТИКЛАШ

ВА ТУГАТИШ


17. Хабардор қилувчиларнинг электрон тижорат оператори фаолияти қуйидаги асосларга кўра тўхтатиб турилиши мумкин:

ваколатли органнинг ташаббуси билан;

электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш тўғрисида иш судда кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар.


18. Ваколатли орган электрон тижорат оператори томонидан ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган талаблар ва шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, электрон тижорат оператори фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриши мумкин.


19. Электрон тижорат оператори фаолиятини тўхтатиш асослари аниқланган тақдирда, тўпланган маълумотлар ва ҳужжатлар асосида ваколатли орган электрон тижорат оператори фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириши мумкин. Текшириш натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади ва хабардор қилувчилар (ёки уларнинг вакили) далолатнома билан таништирилади (имзоси олинади).


20. Агарда хабардор қилувчилар (ёки уларнинг вакили) далолатнома билан танишишдан (имзо қўйишдан) бош тортган тақдирда, далолатномага бу ҳақда тегишли маълумот киритилиб, холис гувоҳлар иштирокида расмийлаштирилади.


21. Расмийлаштирилган далолатнома электрон шаклда (PDF форматда) ваколатли орган томонидан бир иш куни ичида хабардор қилувчиларнинг ахборот тизимидаги шахсий кабинетига юборилади.

Бунда далолатнома шахсий кабинетга юборилган кунда хабардор қилувчилар у билан таништирилган ҳисобланади.


22. Далолатнома тузилган кундан эътиборан бир иш куни ичида ваколатли орган аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва электрон тижорат оператори фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш юзасидан қарор қабул қилиши лозим.

Бунда қарор ваколатли органнинг биринчи раҳбари (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс) томонидан тасдиқланади.


23. Қабул қилинган қарор ахборот тизими орқали хабардор қилувчиларнинг ахборот тизимидаги шахсий кабинетига шу куннинг ўзида юборилади ҳамда хабарномалар реестрида электрон тижорат оператори фаолияти тўхтатилганлиги тўғрисида маълумот киритилади.


24. Электрон тижорат оператори ўзининг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор келиб тушган кундан эътиборан қарорда кўрсатилган муддатда аниқланган ҳолатларни бартараф этиши ва асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали ваколатли органга юбориши лозим.


25. Ваколатли орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги хабарни ва бу ҳақда асослантирувчи ҳужжатларни олгандан сўнг беш иш куни ичида маълумотларни таҳлил қилади. Заруратга кўра, текширувларни мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан келишилган ҳолда жойига чиққан ҳолда ўрганиши мумкин ва бу ҳақда ушбу Низомнинг 19 ва 20-бандларида назарда тутилган тартибда далолатнома расмийлаштирилади ва хабардор қилувчиларга ахборот тизими орқали етказилади.


26. Қарорда назарда тутилган ҳолатлар бартараф этилганлиги ёки бартараф этилмаганлиги бўйича далолатнома расмийлаштирилгандан сўнг бир иш куни ичида ваколатли орган:

электрон тижорат оператори фаолиятини қайта тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши;

электрон тижорат оператори фаолиятини қайта тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги қарорнинг электрон шаклини хабардор қилувчиларнинг ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали юбориши;

электрон тижорат оператори фаолиятини қайта тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги маълумотни хабарномалар реестрига киритиши лозим.

Бунда бир иш куни ичида ваколатли орган электрон тижорат оператори фаолиятини қайта тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилмаса, хабардор қилувчиларнинг электрон тижорат оператори фаолияти қайта тикланган ҳисобланади ва хабарномалар реестрида автоматик равишда бу ҳақда маълумот чиқади.


27. Электрон тижорат оператори фаолияти қуйидаги ҳолатларда тугатилиши мумкин:

электрон тижорат операторининг ўз фаолиятини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисида ваколатли органга юборган хабарномасига асосан;

мазкур Низомда назарда тутилган талаблар ва шартлар бузилган тақдирда, суднинг қарорига асосан.


28. Хабардор қилувчилар электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш тўғрисида ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали соддалаштирилган тартибда ваколатли органга хабарнома юборади. Бунда алоҳида маълумот ва ҳужжатларни ахборот тизимига киритиш талаб этилмайди.


29. Электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш тўғрисидаги хабарнома юборилгандан сўнг, электрон тижорат оператори фаолияти хабарномада кўрсатилган санадан тугатилган ҳисобланади ва бу ҳақдаги маълумот хабарномалар реестрига киритилади.


30. Хабардор қилувчиларнинг электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш тўғрисидаги ваколатли органнинг аризаси судга қуйидаги ҳолларда берилади:

хабардор қилувчилар томонидан электрон тижорат оператори фаолиятини бошлаш тўғрисида юборилган хабарномада кўрсатилган маълумотларнинг ёлғон ёки нотўғри эканлиги аниқланганда;

мазкур Низомда белгиланган талаблар ва шартлар бузилишига олиб келган камчиликлар хабардор қилувчилар томонидан белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;

хабардор қилувчилар томонидан мазкур Низомнинг 2-бобидаги хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаблар ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, агар бу қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари поймол қилинишига, жамоат хавфсизлиги ҳолати ёмонлашишига ва атроф-муҳитга зарар етказилишига олиб келган бўлса.

Бунда мазкур Низомнинг 2-бобидаги хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаб ва шартларининг 5-банди "а" ва "ф" кичик бандларида белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилмаганлиги бир марта қўпол равишда бузилишга киради, "б", "д", "э", "г", "ҳ", "и", "ж" кичик бандларида белгиланган талаблар ва шартларнинг бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта бажарилмаганлиги мунтазам равишда бузилиш деб ҳисобланади.


31. Мазкур Низомнинг 30-бандида белгиланган ҳолларда ваколатли орган аниқланган ҳолатлар юзасидан далолатнома расмийлаштиради ва бир иш куни ичида хабардор қилувчиларнинг ахборот тизимидаги шахсий кабинетига юборади.


32. Далолатнома расмийлаштирилгандан сўнг ваколатли орган беш иш куни ичида судга хабардор қилувчиларнинг электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш ҳақида даъво аризасини киритади.

Судга киритилган электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш ҳақидаги даъво аризасининг электрон шакли (PDF форматини) ахборот тизими орқали хабардор қилувчиларнинг ахборот тизимидаги шахсий кабинетига ваколатли орган томонидан шу куннинг ўзида юборилиши ҳамда бу ҳақда хабарномалар реестрига тегишли маълумотлар киритилиши шарт.


33. Ваколатли орган беш иш куни ичида судга электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш ҳақидаги даъво аризасини киритмаса, хабардор қилувчиларнинг фаолияти қайта тикланган ҳисобланади.


34. Электрон тижорат оператори фаолиятини тугатиш ҳақидаги даъво аризаси судда кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар хабардор қилувчиларнинг фаолияти муайян муддатга тўхтатиб турилади.


35. Ваколатли орган ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган ҳолатлар юзасидан судга киритилган даъво аризасида хабардор қилувчилар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликларнинг ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда уч ойгача бўлган муддатга хабардор қилувчиларнинг хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини тақиқлаш тўғрисида талаб қўйиши мумкин. Бунда электрон тижорат оператори фаолиятини амалга оширишни тақиқлашнинг аниқ муддати суд томонидан қонунда белгиланган тартибда аниқланади.


36. Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг, ваколатли орган уч иш куни ичида бу ҳақда хабарномалар реестрига тегишли маълумотни киритади.

Электрон тижорат оператори фаолияти суд тартибида тугатилган шахслар ахборот тизимида алоҳида рўйхатга киритилади.



5-БОБ. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ОПЕРАТОРИ

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


37. Хабарномалар реестрига киритилган ҳамда электрон тижорат оператори фаолиятини амалга ошираётган хабардор қилувчиларнинг мазкур Низомнинг 2-бобидаги хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаб ва шартларига риоя этиши ваколатли орган томонидан назорат қилинади.


38. Назорат қилиш қуйидаги шакллар бўйича амалга оширилади:

ахборот тизими орқали хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаб ва шартларига риоя этилиши бўйича масофавий мониторинг;

хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаб ва шартларига риоя этилишини, асослар мавжуд бўлган тақдирда ва текширувларни мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан белгиланган тартибда келишилганда, жойига чиққан ҳолда текшириш орқали;

хабардор қилувчиларнинг фаолияти билан боғлиқ статистик ахборотларини ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш орқали.

Ваколатли органга хабардор қилувчилар фаолиятини назорат қилиш билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш чоғида мазкур Низомда назарда тутилмаган талаблар ва шартларнинг бажарилишини текшириш ёки улардан ушбу шартлар ва талабларнинг бажарилишини талаб қилиш тақиқланади.


39. Ваколатли орган ахборот тизими имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, хабардор қилувчиларнинг ходимлари хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаб ва шартларига риоя қилганлиги тўғрисида киритилган маълумотлар, шунингдек бошқа ваколатли органлар ва идоралардан олинган бошқа ахборотлар асосида масофавий мониторингни амалга оширади.


40. Ваколатли орган масофавий мониторингни амалга ошириш жараёнида хабардор қилувчилар томонидан хабардор қилиш тартибида электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаб ва шартларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ўн иш кунидан кам бўлмаган муддатда аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан хабардор қилувчиларга ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали огоҳлантириш хати юборади.

Бунда хабардор қилувчиларнинг фаолиятини тўхтатишга йўл қўйилмайди.


41. Агарда огоҳлантириш хатида кўрсатилган муддатда хабардор қилувчилар аниқланган ҳолатларни бартараф этмаса ва бу ҳақда ваколатли органни ахборот тизими орқали хабардор қилмаса, ваколатли орган "хавфни таҳлил қилиш" тизими натижалари асосида жойига чиққан ҳолда текшириши мумкин.


42. Электрон тижорат оператори фаолиятини ташкил этиш талаблари ва шартларига риоя этилишини жойига чиққан ҳолда текшириш қуйидагилар асосида амалга оширилади:

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда "хавфни таҳлил этиш" тизими натижалари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари.


43. Мазкур Низомнинг 42-бандида назарда тутилган текширишлар белгиланган тартибда текширувларни мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўн кунгача бўлган муддатда амалга оширилади.



6-БОБ. ХАБАРНОМАЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


44. Ваколатли орган электрон тижорат оператори фаолиятини бошлаш ёки тугатиш бўйича хабарномалар реестрини юритади.


45. Хабарномалар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

хабардор қилувчиларнинг реестрга киритилган санаси ва тартиб рақами, уларнинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), телефони;

хабардор қилувчиларнинг электрон тижорат оператори фаолиятини амалга ошираётган манзили;

хабардор қилувчиларнинг электрон тижорат оператори фаолиятини юритиш ҳолати (амалда, тўхтатилган, қайта тикланган, тугатилган) ва санаси;

хабардор қилувчиларнинг фаолияти тўхтатилганлиги ёки тугатилганлиги асослари;

хабардор қилувчилар фаолиятини амалга ошириш учун қўйилган тақиқнинг қолган муддати.


46. Хабарномалар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


47. Ваколатли орган томонидан хабардор қилувчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади ва унда хабардор қилувчилар хабарномани юборишда киритилган (юкланган) барча маълумотларнинг электрон нусхалари сақланади. Бунда хабарномалар реестрига киритилмаган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ваколатли орган томонидан ушбу маълумотларнинг учинчи шахсларга ошкор қилинмаслиги таъминланади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


48. Манфаатдор шахслар электрон тижорат оператори фаолиятини бошлаш ёки тугатиш бўйича ваколатли органнинг ҳаракатлари (ҳаракат сизлиги) юзасидан норози бўлган тақдирда, судга ёки бошқа ваколатли органларга қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


49. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

         

         




Низомга

1-ИЛОВА



Электрон тижорат оператори фаолиятини

бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли

органни органни хабардор қилиш

СХЕМАСИ

      

     

Босқичлар

         


      

Субъектлар

      


      

Тадбирлар

      


      

Бажариш

муддатлари

        








1-босқич


Хабардор қилувчилар


       

1. Тасдиқнома олиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ахборот тизимида рўйхатдан ўтади ҳамда мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган барча зарур маълумотларни киритган (юклаган) ҳолда хабарнома юборади.

         


Ўз хоҳишига кўра








2-босқич


Ваколатли орган


Хабарнома ахборот тизими орқали қабул қилинади.


       

Тақдим этилган

кунда

         











3-босқич


Ваколатли орган


          

Қабул қилинган хабарнома асосида тасдиқнома электрон шаклда расмийлаштирилади ва хабардор қилувчининг шахсий кабинетига автоматик юборилади ҳамда хабарномалар реестрига киритилади.

         


Бир иш куни ичида








4-босқич


Хабардор қилувчилар


           

Хабардор қилувчининг номи, юридик манзили ўзгарганлиги рўйхатдан ўтказилгандан сўнг ёки унинг филиал ва ваколатхонаси очилгандан сўнг ваколатли органга ахборот тизими орқали хабарнома юборади.

            


Ўн иш куни ичида








5-босқич


Ваколатли орган


        

Белгиланган талабларга мувофиқ юборилган хабарнома асосида тасдиқнома ваколатли орган томонидан қайта расмийлаштирилади.

            


Бир иш куни ичида








6-босқич


Хабардор қилувчилар


Электрон тижорат оператори фаолиятини ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганда, ўз фаолиятини тугатиш ҳақида хабарнома юборади.


         

Қарор қабул

қилингандан сўнг

уч иш куни ичида

         








7-босқич


Ваколатли орган


           

Белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда юборилган хабарномани ахборот тизими орқали қабул қилади ва хабардор қилувчининг фаолияти тугатилганлиги тўғрисида хабарномалар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

           


Тақдим этилган

кунда




           

         




Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги

томонидан хабарнома қабул  қилинганлиги тўғрисида

         

           

ТАСДИҚНОМА

             

N 000000


__________________________________

(юридик шахснинг номи)

         

Электрон тижорат оператори сифатида фаолияти


Тасдиқнома реестри бўйича тартиб рақами:

Х-0000


СТИР (Солиқ тўловчининг идентификатсия рақами):

000 000 000


Почта манзили:

             


             

Фаолият амалга ошириладиган манзил:

             


             

Ваколатли орган:

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги

           

Хабарнома юборилган сана: _________________________

           

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 20 август