Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказий банк Бошқарувининг 15.09.2026 й. 24/18-сон "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 30.09.2026 й. 3948-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

30.09.2026 й.

N 3948




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

15.09.2026 й.

N 24/18


ҚАРОРИ



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга

қўшимчалар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 июлдаги ПҚ-265-сон "Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.



Марказий банк раиси                                         Т.А. Ишметов






Қарорга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга

киритилаётган қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/18-сон қарори (рўйхат рақами 3030, 2018 йил 2 июль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.07.2018 й., 10/18/3030/1440-сон) билан тасдиқланган Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомда:


1) қуйидаги мазмундаги 20-1-банд билан тўлдирилсин:

"20-1. Банк ўз кредит рекламасида кредит бўйича мажбуриятларни бажармаслик истеъмолчи учун молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришни жойлаштириши шарт.

Бунда огоҳлантириш босма ва электрон тасвирли рекламада реклама майдонининг, аудио ва видеорекламада эса реклама давомийлигининг камида ўн фоизини ташкил этиши лозим.";


2) 36-6-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"кредит шартномасининг биринчи саҳифасида, шартнома матни бошланишидан олдин, ушбу саҳифа асосий юзасининг камида 30 фоизини эгаллайдиган тарзда мазкур Низомнинг 1б-иловасига мувофиқ намунавий шаклдаги огоҳлантириш ахборотини жойлаштириши;";

иккинчи - тўртинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи-бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


3) мазкур қўшимчаларнинг иловасига мувофиқ таҳрирдаги 1б-илова билан тўлдирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2023 йил 22 ноябрдаги 36/9-сон қарори (рўйхат рақами 3492, 2024 йил 23 январь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.01.2024 й., 10/24/3492/0067-сон) билан тасдиқланган Банклар, нобанк кредит ташкилотлари ва кредит бюроларига нисбатан чоралар ва санксиялар қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 33-бандида:

қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"банк томонидан таклиф этилаётган кредит маҳсулоти истеъмолчини чалғитувчи деб топилганда;";

ўн олтинчи - ўн саккизинчи хатбошилар тегишли равишда ўн еттинчи - ўн тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.






Қўшимчаларга

ИЛОВА



"Банк хизматлари истеъмолчилари билан

ўзаро муносабатларни амалга оширишда

тижорат банкларининг фаолиятига

қўйиладиган минимал талаблар

тўғрисидаги низомга

1б-ИЛОВА



Кредит шартномасида жойлаштириладиган

огоҳлантиришга доир ахборотнинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

ОГОҲЛАНТИРИШ!


Кредит бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик:

- умумий қарздорлик миқдорининг ошишига;

- қарзни ундириш бўйича мажбурий ижро чораларининг кўрилишига;

- кредит бўйича юзага келган қарздорликни қоплаш учун номингиздаги мол-мулкка ундирув қаратилишига, агарда мол-мулк сотилгандан тушган маблағ қарзни тўлиқ қоплашга етмаса, қолган қарздорлик зиммангизда сақланиб қолишига;

- ундирув учинчи шахс томонидан гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилишига ёки қарздорликни қоплаш мажбуриятининг кафил зиммасига юклатилишига;

- кафил ёки гаровга қўювчи томонидан қопланган қарздорлик суммасининг кейинчалик сиздан ундирилишига;

- ҳисобварақларингиздаги маблағлар хатланишига;

- суднинг ёки давлат ижрочисининг қарори билан Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқингиз вақтинча чекланишига;

- кредит тарихингизга салбий таъсир кўрсатиб, келажакда кредит олиш имкониятингизни чекланишига олиб келиши мумкин.

          

*) Изоҳ. Огоҳлантириш матни унинг тўлиқ мазмунини сақлаган ҳолда, тегишли график, инфографик ёки бошқа визуал шаклларда ҳам акс эттирилиши мумкин.".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 2 октябрь