Марказий банк Бошқарувининг 17.09.2026 й. 24/16-сон "Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 09.10.2026 й. 3028-11-сон билан рўйхатга олинган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
РЎЙХАТГА ОЛИНГАН
09.10.2026 й.
N 3028-11
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
17.09.2026 й.
N 24/16
ҚАРОРИ
Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш,
нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация
қилишга доир йўриқномага қўшимча
ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ҳамда 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1126-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/21-сон қарори (рўйхат рақами 3028, 2018 йил 29 июн) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.07.2018 й., 10/18/3028/1418-сон) билан тасдиқланган Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси Т.А. Ишметов
ИЛОВА
Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш,
нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация
қилишга доир йўриқномага киритилаётган
қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 14-банднинг биринчи хатбошиси "ҳисобланган фоизларни" деган сўзлардан кейин "ёхуд бошқа даромадларни" деган сўзлар билан тўлдирилсин.
2. 47-банднинг "в" кичик бандидаги "омонатларини ва унга ҳисобланган фоизларни" деган сўзлар "маблағларини" деган сўз билан алмаштирилсин.
3. 326-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Тижорат банклари (филиаллари) ўртасида нақд хорижий валюталарни ва бошқа қимматликларни ҳудудлараро ташиш Марказий банкнинг фармойишларига асосан, ҳудуд ичида ташиш инкассация хизматларининг тегишли таркибий бўлинмалари фармойишларига асосан амалга оширилади.".
4. 327-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"327. Марказий банкнинг нақд пул ва бошқа қимматликларни, шу жумладан нақд хорижий валюталарни ташишга доир фармойишлари "Электрон фармойишлар" дастури ёрдамида автоматик тарзда тайёрланади. Фармойишларнинг нусхалари жўнатувчи ва қабул қилиб олувчи банк бўлинмаларига электрон файл кўринишида жўнатилади. Фармойишнинг чоп этилган бир нусхаси Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти йиғмажилдида назорат учун сақланади.".
5. 328-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
"Инкассация хизматини белгиланган талаблар асосида ташкил этган тижорат банклари банк бўлинмалари ўртасида нақд пул ва бошқа қимматликларни ташишни ташкил этишлари мумкин.".
6. Қуйидаги мазмундаги 328-1-банд билан тўлдирилсин:
"328-1. Инкассация хизматлари томонидан нақд пул ва бошқа қимматликларни ҳудудлараро ташишда транспорт воситалари кузатувини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 12 октябрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter