Ишлатилмаётган ускунанинг солиқ оқибатлари

preview

ҚҚС тўловчи корхона 2019 йилда ишлаб чиқариш ускунасини сотиб олиб, уни дарҳол ишга туширган. Ускуна бўйича ҚҚС қисман 2019 йилда, қолган қисми 2020 йил январда ҳисобга киритилган. Корхона бозорда юзага келган шароит сабабли 2020 йил февралдан бошлаб ушбу ускунада маҳсулот ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйган. Вuxgalter.uz  илтимосига кўра молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ бу фойда солиғи ва ҚҚСда қандай акс этиши тўғрисида гапириб берди:


– Ушбу ускунанинг амортизация харажатлари 2020 йил февралдан бошлаб фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегириладиган харажатлар деб ҳисобланадими?

– Асосий воситалардан самарали фойдаланиш муддати давомида амортизация ҳисоблаш тўхтатиб қўйилмайди. Қуйидаги ҳоллар бундан мустасно :

  • асосий воситаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилиш;
  • башарти объект тўлиқ тўхтатилган бўлса, уни қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта қуроллантириш.

Фойдаланилмаётган асосий воситаларни, қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилишича, АВнинг техник даражаси замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланганда ёки 3 ой мобайнида улардан ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланиш зарурати бўлмаганда уларни консервация қилиш зарур. Консервация қилиш даври муддати – АВга бўлган талаб тиклангунгача ёки янги мулкдорга сотиш даврида, бироқ 24 ойдан ортиқ эмас .

Фойда солиғини ҳисоблаш чоғида даромад олиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар жами даромаддан чегирилади, чегирилиши лозим бўлмаган харажатлар бундан мустасно . Чегирилмайдиган харажатлар рўйхати СК 317-м. келтирилган.

Солиқ тўловчи ҳисобот (солиқ) даври мобайнида амалга оширган асослантирилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар даромад олиш билан боғлиқ харажатлар деб тан олинади. Бунда асослантирилган харажатлар деганда иқтисодий жиҳатдан оқланган харажатлар тушунилади. Ҳар қандай харажатлар, башарти қуйидаги шартлардан лоақал биттасига мувофиқ келса, ана шундай харажатлар деб тан олинади:

  • даромад олишга йўналтирилган фаолият учун ишлаб чиқарилган;
  • тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса, харажатларнинг бундай тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги аниқ асослантирилган бўлса;
  • қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқса.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар ҳисобот даврида амортизация ҳисобланади ва у тааллуқли бўлган ҳисобот даври бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади . Бинобарин, ускуна вақтинча ишлатилмаган даврда ҳисобланган амортизация харажатлари қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқади.

Қонун ҳужжатлари билан солиқ тўловчининг зиммасига даромад олишга йўналтирилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажатларни амалга ошириш мажбурияти юклатилмаган бўлса, бундай харажатлар фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегирилмаслигини ҳам инобатга олиш лозим .

Шу тариқа, фойдаланилмаётган ускуна бўйича ҳисобланган амортизация харажатлари у белгиланган тартибда консервация қилинмагунча фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегирилади.

– Ускунадан фойдаланилмаётгани сабабли у бўйича ҳисобга киритилган ҚҚС суммасига тузатиш киритиладими?

– Йўқ, бу ҳолда ҳисобга олинган ҚҚСга тузатиш киритилмайди.

Асосий воситалар бўйича ҳисобга олинган ҚҚС суммасига келгусида улардан солиқ солишдан озод қилинган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотларда фойдаланилган тақдирда тузатиш киритилади .

Ускунадан муайян вақт фойдаланиш тўхтатиб қўйилгани сабабли, башарти келгусида ундан ҚҚС солинадиган реализация қилиш оборотларида фойдаланилса, уни сотиб олаётганда ҳисобга киритилган солиқ суммасига тузатиш киритилмайди.

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text160026_ishlatilmaetgan_uskunaning_soliq_oqibatlari