Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Нимани қўллаган маъқул: инвестициялар бўйича имтиёзними ёки инвестициявий чегирмани?
2007 йил таҳриридаги СКда инвестициялар суммасига солиқ солиш базасини камайтириш бўйича имтиёз мавжуд эди. У 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилади . Янги таҳрирдаги СКда энди у йўқ, бироқ фойда солиғи тўловчиларида инвестициявий чегирмани қўллаш ҳуқуқи пайдо бўлди.
2020 йилнинг I чорагида ўз маблағларини инвестицияларга йўналтирган солиқ тўловчиларда нимани қўллаган маъқул, деган савол туғилди: имтиёзними ёки инвестициявий чегирмани. Саволга Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ тушунтириш беради:
- Агар маблағлар инвестицияга 2020 йилнинг I чорагида йўналтирилган бўлса, солиқ солинадиган фойдани камайтириш бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми? Ёки имтиёз фақат 2020 йил 1 январга бўлган ҳолатга қопланмаган маблағлар қолдиғига нисбатан қўлланилиши мумкинми?
- Қуйидагилардан бошлаб 5 йил мобайнида солиқ солинадиган фойдани камайтириш мумкин:
- инвестицияларга харажатлар амалга оширилган солиқ давридан бошлаб;
- технологик ускуна ишга туширилган пайтдан бошлаб .
Яъни 2020 йилнинг I чорагида сиз белгиланган қоидаларни инобатга олган ҳолда 2016 йилдан бошлаб 2020 йилнинг I чорагига қадар амалга оширилган инвестициялар суммасига солиқ солинадиган фойдани камайтиришингиз мумкин.
- Имтиёз қўлланилгандан кейин 2020 йилнинг I чорагида солиқ тўловчида 2020 йилнинг 1 апрелига бўлган ҳолатга қопланмаган маблағлар қолдиғи мавжуд. Имтиёзни қўллашда давом этиш мумкинми?
- Йўқ, мумкин эмас. Имтиёз фақат 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилиши боис, сиз уни фақат 2020 йилнинг I чорагида қўллашингиз мумкин. 2020 йилнинг 1 апрелига бўлган ҳолатга қопланмаган маблағлар қолдиғига имтиёз қўлланмайди.
- Солиқ тўловчи 2020 йилнинг I чорагида инвестицияларга йўналтирилган маблағлар бўйича танлаш ҳуқуқига эгами: 2007 йил таҳриридаги СК бўйича имтиёзни ёки янги таҳрирдаги СК бўйича инвестициявий чегирмани қўллаш?
Агар инвестицияларга йўналтирилган маблағлар ҳам имтиёзни қўллаш, ҳам инвестициявий чегирмани қўллаш талабларига жавоб берса, солиқ тўловчи иккита вариантдан бирини танлашга ҳақли.
Эслатиб ўтамиз, имтиёзларни қўллаш солиқ солинадиган фойдани инвестициялар суммасига ҳисобланган амортизацияни чегирган ҳолда камайтириш имконини беради, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 30%идан кўп бўлмаган миқдорда. Инвестициявий чегирма қоидалари инвестиция қилинган маблағларнинг 5-10%ини бир йўла чегириш имконини беради .
Сизнинг вазиятингизда натижа бошқача бўлиши мумкин. Шу боис тўғри қарор қабул қилиш учун ўз маълумотларингизни таҳлил қилинг.