Товар-моддий захиралар инвентаризациясини қандай ўтказиш керак

07.02.2025
author avatar

Шарофитдин ҲАЙДАРОВ

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази директори ўринбосари
author avatar

Татьяна БЕЛОУСОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– инвентаризация қилинадиган ТМЗ;
– ТМЗни инвентаризациядан ўтказиш тартиби;
– идишларни инвентаризациядан ўтказиш;
– ТМЗни инвентарлашнинг якуний босқичи;
– инвентаризацияда аниқланган тафовутларнинг бухгалтерия ҳисоби.

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:

  • 2025 йил 1 январдан кучга кирган  21-сон БҲМС;
  • 06.02.2025 й. АВ рўйхат рақами 1334-3-сон, иқтисодиёт ва молия вазири, Солиқ қўмитаси ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг қарори.

Товар-моддий захиралар (ТМЗ) инвентаризациясини:

  • уларнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш;
  • ҳақиқатда мавжудлигини бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштириш;
  • мажбуриятларнинг ҳисобда тўлиқ акс эттирилишини текшириш учун ўтказинг.

Ҳисобдаги маълумотлар ва ТМЗнинг ҳақиқатда мавжудлиги ўртасидаги фарқлар қуйидаги сабабларга кўра вужудга келиши мумкин:

Табиий сабаблар

  • ҳарорат ёки намлик таъсирида вазн ва сифатнинг ўзгариши;
  • кемирувчилар, ҳашаротлар, микроорганизмлар ва бошқалар томонидан шикаст етказиш;
  • сақлаш ва ташишдаги йўқотишлар (ортиқча оғирлик, қуриш, сочилиш, тўкилиш ва ҳ.к.)

Ҳисобдаги хатолар

  • бирламчи ҳисоб ҳужжатлари ёзувларидаги хатоликлар;
  • саноқлардаги арифметик хатолар;
  • ҳужжатдаги маълумотларни ҳисобварақларда нотўғри акс эттириш ва ҳ.к.

Суиистеъмол қилиш

  • ўғирлик;
  • қабул қилиш ёки чиқариб юборишда тарозидан уриш ёки ўлчовда алдаш

Қабул қилиш ёки чиқариб юборишда ноаниқликлар

  • бир навни (сифатни) бошқаси билан алмаштириш – қайта навлаш

Фақат шахсий ТМЗни эмас, балки ижарага олган, ссуда шартномаси бўйича фойдаланишдагиларни ҳамда сақланаётганларни ҳам инвентаризациядан ўтказинг.

ТМЗни инвентаризациядан ўтказиш тартиби 19-сон БҲМСнинг 3-боби 4-§ да белгиланган.

Эътибор беринг
2022 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган товар-моддий захиралар қолдиқлари саноқдан (инвентаризациядан) ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас деб баҳоланади .

Қандай ТМЗ инвентаризация қилинади

Қуйидаги ҳисобварақларда ҳисобга олинган ТМЗни инвентаризациядан ўтказинг:

  • 1000 «Материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар»;
  • 2800 «Тайёр маҳсулотларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар»;
  • 2900 «Товарларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар»;
  • 014 «Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари».

Ташкилотга тегишли бўлмаган, лекин бухгалтерия ҳисобида қуйидаги ҳисобварақларда ҳисобга олинадиган ТМЗни ҳам инвентаризациядан ўтказинг: 

  • 002 «Масъул сақлашга қабул қилинган товар-моддий захиралар»;
  • 003 «Қайта ишловга қабул қилинган материаллар»;
  • 004 «Комиссия шартномаси бўйича қабул қилинган товарлар»;
  • шунингдек 011 «Ссуда шартномаси бўйича олинган мулк» ҳисобварағидаги мол-мулк.

ТМЗни инвентаризациядан ўтказиш тартиби

1. Инвентаризацияни натура (танлаб олиб) ва ҳужжатли текшириш йўли билан амалга оширинг. Барча ТМЗларни қайта сананг, тортинг ва ўлчанг. Истисно тариқасида:

  • етказиб берувчининг очилмаган ўрамида сақланаётган материал ва товарлар миқдорини ҳужжатлар асосида, уларнинг бир қисмини натурада мажбурий текшириш орқали аниқланг;
  • қопланмаган маҳсулот. Уларнинг оғирлигини (ёки ҳажмини) ўлчаш ва техник ҳисоб-китоблар асосида аниқланг. Ўлчаш далолатномалари ва ҳисоб-китобларни инвентарлаш рўйхатига илова қилинг.

Бу усулдаги текширувлар тўғрисида инвентарлаш рўйхатига белги қўйинг.

Тавсия қиламиз

Қолдиқларни санашда бир хил ТМЗ икки маротаба саналмаслиги ёки қайсидир ТМЗ ҳисобга олинмай қолишини назорат қилинг. Шу билан бирга:

  • бир турдаги маҳсулот бошқасининг ўрнига чиқарилмаганлигини;
  • моддий жавобгар шахснинг баёнотига кўра ТМЗ билан банд бўлган ёки бошқа бойликлар жойлаштирилган, ёпилган идиш (тара) бўш эмаслигини;
  • текширилаётган захираларнинг ҳақиқий оғирлиги, ўлчамлари ва бошқа маълумотларни текширинг. 

2. Агар сиз инвентарлашни икки ёки ундан ортиқ кун мобайнида ўтказсангиз, қайта саналган ТМЗ учун инвентарлаш ёрлиғини тўлдирасиз ва уни ТМЗ билан бирга сақлайсиз.

3. Инвентаризацияни фақат ҳужжатли текшириш асосида – санаш, тарозида тортиш, ўлчашларсиз қуйидаги тоифадаги ТМЗ учун амалга оширасиз:

  • бошқа ташкилотлар омборларида масъул сақлашда бўлган ТМЗ.

Уларни рўйхатларга масъулиятли сақлашга топширилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (қабул қилиш-топшириш бўйича ҳужжатлар, тўлов ҳужжатлари) асосида шакл бўйича киритинг. Бу захиралар масъулиятли сақланишда бўлган ташкилотлардан инвентаризация рўйхатларининг нусхаларини олинг. Уларни олгач, захираларнинг ҳақиқатда мавжудлигини рўйхатлар нусхаларининг маълумотлари асосида ҳужжатларга биноан белгиланган миқдор билан таққосланг.

  • йўлда бўлган ТМЗ. 

Инвентаризация 2970-«Йўлдаги товарлар» ҳисобварағида (етказиб бериш шартномаси, банк бўйича тўлов, ҳисобварақ-фактура, омбор ҳисоботи) кўрсатилган суммаларнинг асослилигини синчиклаб, ҳужжатли текширишни ўз ичига олади. Алоҳида рўйхатни шакл бўйича тузинг.

Ҳар бир алоҳида етказиб бериш бўйича маълумотларни акс эттиринг.

  • бошқа хўжалик субъектларида қайта ишлашда бўлган ТМЗ. 1070-«Четга қайта ишлаш учун берилган материаллар» ҳисобварағида ҳисобга олинадиган материаллар рўйхатга эркин шаклда қуйидагиларни кўрсатган ҳолда киритилади:

– қайта ишловчи корхонанинг номи;
– материалларнинг номлари ва миқдорлари;
– ҳисоб маълумотлари бўйича ҳақиқий қиймати;
– қайта ишлашга топшириш санаси;
– ҳужжатларнинг рақами ва саналари.

4. Агар корхонада ТМЗ кўчирилишини тўхтатмаган ҳолатда (омбор, ишлаб чиқариш цехи) инвентаризация ўтказиш мумкин бўлмаса, уларнинг кирим қилиниши ва чиқиб кетишининг назоратини таъминланг. Ёдда тутинг, текшириш даврида фақатгина раҳбар ва бош бухгалтернинг ёзма рухсатномаси бўйича ва инвентаризация комиссияси аъзоларининг ҳозирлигида ТМЗ қабул қилинади ва чиқарилади.

Уларга алоҳида рўйхатлар юритинг:

  • «Инвентаризация вақтида келиб тушадиган товар-моддий захиралар».

Рўйхатда қуйидагиларни кўрсатинг:

– ТМЗнинг келиб тушиш санаси;
– етказиб берувчининг номи;
– кирим ҳужжатининг санаси ва рақами;
– ТМЗнинг номи;
– келиб тушган ТМЗнинг миқдори, нархи ва суммаси.

Келиб тушган ТМЗнинг кирим ҳужжатига комиссия раиси «Инвентаризациядан сўнг» деб ёзади, улар ёзилган рўйхатга санани қўяди ва имзо чекади.

  • «Инвентаризация вақтида берилган товар-моддий захиралар».

Ушбу рўйхатда қуйидагиларни кўрсатинг:

– ТМЗнинг берилган санаси;
– харидорнинг номи (корхонанинг бўлинмаси);
– ТМЗнинг номи;
– чиқим ҳужжатининг санаси ва рақами;
– берилган ТМЗнинг миқдори, нархи ва суммаси.

Чиқим ҳужжатида комиссия раиси «Инвентаризациядан сўнг» деб ёзади, рўйхатнинг санасини қўяди ва имзо чекади.

Бериб юборилган ТМЗни моддий жавобгар шахслар инвентаризациядан сўнг тузиладиган реестр ёки товар ҳисоботида акс эттиради.

5. Қуйида келтирилган ТМЗ тоифаларининг ҳақиқатда мавжудлигини мажбурий санаш, тортиш, ўлчаш билан ҳужжатли текшириш йўли орқали аниқланг:

  • омборлардаги ТМЗ.

Аниқланган ва қайта саналган бойликлар тўғрисидаги маълумотларни инвентаризация рўйхатларига номенклатура рақами, тури, гуруҳи, артикули, нави ва миқдори кўрсатилган ҳолда ҳар бир ном бўйича киритинг.

  • бошқа субъектларга тегишли бўлган сизнинг ташкилотингизда масъул сақлашда бўлган ТМЗ.

Бундай ТМЗ ҳисобда балансдан ташқари 002-«Масъул сақлашга қабул қилинган товар-моддий захиралар» ҳисобварағида ҳисобга олинади.

Қабул қилиш-топшириш бўйича ҳужжат ва тўлов ҳужжатларини кўрсатган ҳолда рўйхат тузинг.

Инвентарлаш ўтказинг. ТМЗни етказиб берувчи ташкилотдан инвентаризация рўйхатининг нусхасини олинг ва уни ҳақиқатда мавжуд захиралар билан солиштиринг.

  • комиссияга қабул қилинган товарлар.

Балансдан ташқари 004-«Комиссия шартномаси бўйича қабул қилинган товарлар» ҳисобварағида ҳисобга олинган товарнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқланг, уни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштиринг ва рўйхат тузинг.

Агар инвентаризация натижасида камомад ёки бузилиш аниқланса, солиштириш қайдномасини тузинг. Ушбу факт тўғрисида комитентга хабар беринг.

Унутманг, воситачи (бу сиз) зиммасидаги товарларнинг камомади ва бузилишига комитент олдида жавобгар ҳисобланади.

  • қайта ишловга қабул қилинган материаллар.

Инвентаризация ўтказинг, балансдан ташқари 003-«Қайта ишловга қабул қилинган материаллар» ҳисобварағида ҳисобга олинган ТМЗнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқланг. Ҳар бир буюртмачи – хом-ашё ва материаллар тури, нави ва жойлашган жойи бўйича рўйхатлар тузинг. Натижани ҳисоб маълумотлари билан таққосланг, тафовут аниқланган тақдирда солиштириш қайдномасини тузинг.

  • фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари.

Активларнинг бу тури балансдан ташқари 014-ҳисобварағида ҳисобга олинади. Ҳар бир активни жойлашган жойи ва сақланишига жавобгар шахслар бўйича текшириш йўли билан инвентарлаш ўтказинг.

Рўйхат тузинг. ТМЗ унга бухгалтерия ҳисобида қабул қилинган номенклатурага мувофиқ номлари бўйича киритилади.

Ходимларга шахсий фойдаланишга берилган инвентарлар учун масъул бўлган ва шахсий варақчалар очилган шахсларнинг имзосини кўрсатган ҳолда гуруҳий инвентаризациярўйхатларини тузинг. Ювиш ва тузатишга юборилган махсус кийим ва сочиқ-дастурхонлар ушбу рўйхатга маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг қайднома-юкхатлари ёки квитанциялари асосида ёзилади.

Яроқсиз ҳолга келган, лекин ҳисобдан ўчирилмаган арзон ва тез эскирувчи буюмлар учун уларнинг фойдаланиш вақти, яроқсиз бўлиш сабабларини кўрсатган ҳолда далолатнома тузинг.

Идиш (тара)ларни инвентаризациядан қандай ўтказиш керак 

 Идишларнинг ҳисоби ва ҳаракатини 2950-«Товарлар билан банд ва бўш идишлар», 1060-

-«Идиш» ҳисобварақларида акс эттиринг.

Текширишдан олдин бўш идишни (тарани) турлари бўйича танланг:

  • ёғоч (яшиклар, бочкалар);
  • картон;
  • металл (флягалар, барабанлар);
  • тўқимачилик (қоплар);
  • пластмасса (қутилар, бочкалар, флягалар).

Ҳар бир идишни белгиланган мақсади ва сифат ҳолати (янги, илгари фойдаланишда бўлган, таъмирлаш талабида бўлган) бўйича навларга ажратинг.

Идишнинг тури, белгиланган мақсади ва сифат ҳолати бўйича рўйхат тузинг.

Яроқсиз ҳолга келган идишларга яроқсиз ҳолга келиш сабаблари ва масъул шахсларни кўрсатган ҳолда далолатнома тузинг.

ТМЗни инвентарлашнинг якуний босқичи

Барча маълумотларни ҳисобда қабул қилинган таснифга биноан солиштириш қайдномасида пул ва натура шаклида қайд этинг.

Инвентаризациянинг якуний натижасини аниқлаш учун қуйидаги иккита қоидани қўлланг:

1. Камомадни қайта навларга ажратишдаги ортиқча сифатида ҳисобга олинг.

Қайта навларга ажратишда ўзаро ҳисобга олишни қуйидаги ҳолатларда амалга оширинг:

  • бир номдаги ва бир хил миқдорлардаги ТМЗда ортиқча чиқиш ва камомадлар аниқланганда;
  •  текширилаётган давр учун моддий жавобгар шахсда ортиқча чиқиш ва камомадлар аниқланганда.
Мисол
Қайта навларга ажратиш бўйича ТМЗнинг ортиқча чиқиши ва камомадларини қандай ҳисобга олиш керак
Савдо залидаги сотувчи И.Маҳмудовга тегишли материаллар инвентаризациядан ўтказилганда қуйидагилар аниқланади:
  • оқ сатин камомади – 10 метр (бир метр нархи 380 000 сўм);
  • оқ чит ортиқчалиги – 5 метр (бир метр нархи 100 000 сўм);
  • оқ сатин ортиқчалиги – 10 метр (бир метр нархи 350 000 сўм).
Сотувчи ёзма тушунтиришида хатосини тан олади, натижада сатин бўйича қайта навга ажратиш ва чит бўйича ортиқча чиқиш пайдо бўлади. Инвентаризация комиссияси қуйидагича хулоса беради:
  • сатинни қайта навга ажратишда ҳисобга олиш бўйича қопланмаган камомад миқдори 300 000 сўм (3 800 000 – 3 500 000) сотувчи И.Маҳмудов томонидан қоплаб берилади;
  • ортиқча чиққан чит бўйича – 5 метр, 500 000 сўм корхонанинг даромади деб тан олинади.
Бухгалтерия ҳисоби:
            
 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма
(минг сўм)

Ҳисобварақлар боғланиши

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Қайта навга ажратиш (сатин) бўйича ҳисобга олиш билан қопланмаган камомад ҳисобдан чиқарилади

300

5910

2920

Солиштириш қайдномаси

Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимнинг қарздорлиги акс эттирилади

300

4730

5910

Инвентаризация комиссиясининг хулосаси,

Раҳбарнинг фармойиши

Ортиқча чиққан чит кирим қилинади

500

2920

9390

2. Табиий йўқолишнинг ўрнатилган меъёрлари доирасида ТМЗ камомадини ҳисобдан чиқаринг.

Табиий йўқолиш меъёрлари камомад мавжудлигида ва унинг меъёри доирасида инвентаризация ўтказилгандан сўнг қўлланилади.

Раҳбарнинг буйруғи асосида ҳисобдан чиқаришни амалга оширинг. Aгар тасдиқланган меъёрлар мавжуд бўлмаса, барча табиий йўқолишлар камомад деб қаралади. Зарар натижасида ҳисобдан чиқарилган товарлар табиий йўқолиш ҳисобланмайди.

Тавсия қиламиз

ТМЗ табиий йўқолишининг тасдиқланган меъёрларини ишлаб чиқариш ва савдо корхоналарида бўлиши муҳимдир. Меъёрлар ишлаб чиқариш жараёнига ва ТМЗ турига боғлиқ бўлади. Ушбу маълумотларни ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун технологик йўриқномада (шартларда) топиш мумкин. Шунингдек, ушбу масалани тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қилиш мумкин.
Маълумот учун
  • Савдода товар йўқотишларини қандай расмийлаштириш ва ҳисобга олиш ҳақида тавсияда ўқинг. 

Инвентаризацияда аниқланган тафовутларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак

Инвентаризация натижаларини ҳисобда қуйидагича акс эттиринг   

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Ҳисобварақлар боғланиши

дебет

кредит

Камомади аниқланган ТМЗнинг баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди

5910

 1000 
2800
2900

Айбдор шахслар аниқланмаган бўлса, чиқиб кетишдан кўрилган зарар суммаси ҳисобдан чиқарилди

9430

5910

Айбдор шахслар аниқланган бўлса, ТМЗ камомади бозор қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилди(бозор қиймати баланс қийматидан паст)

4730
(бозор қиймати суммасига)

9430
(бозор ва баланс қиймати ўртасидаги фарқ учун)

5910
(баланс қиймати суммасига)

Айбдор шахслар аниқланган бўлса, ТМЗ камомади бозор қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилди(бозор қиймати баланс қийматидан юқори)

4730
(бозор қиймати суммасига)

5910
(бозор қиймати суммасига)

9320
(бозор ва баланс қиймати ўртасидаги фарқ учун)

Ҳисобга олинмаган ТМЗни (ортиқча чиққанларини) аниқланиш санасига бозор қиймати бўйича кирим қилинди

 1000 
2800
2900

9390


 

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг