Иш ҳақини ҳисоблаш қандай расмийлаштирилади

13.04.2024
author avatar

Татьяна БЕЛОУСОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– ҳисоб-китоб қайдномасини расмийлаштириш;
– ҳисоб-китоб-тўлов қайдномасини расмийлаштириш.

 

Иш ҳақини ҳисоб-китоб қайдномаси ёки шахсий ҳисобварақларда ҳисоб-китоб қилинг. Пулларни касса орқали тўлашда тўлов қайдномаси ёки чиқим касса ордерларидан фойдаланинг.

Агар иш ҳақи ҳисоблашни ва унинг берилишини акс эттиришни бир ҳужжатда амалга оширишни истасангиз, у ҳолда ҳисоб-китоб-тўлов қайдномасидан фойдаланинг.

Бухгалтерлик дастурларидан (1C, 1UZ ёки бошқалардан) фойдаланганда, иш ҳақи ҳисоб-китобига доир операциялар амалга оширилганидан кейин ҳисоб-китоб ҳужжатлари автоматик равишда шаклланади. Асосийси – ходим ҳақидаги маълумотлар тўғри киритилган ва дастур созламалари текширилган бўлиши керак.

Эътибор беринг
2022 йил 1 январдан кейин ҳисобланган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги ҳужжатлар мажбурий сақланмайди ва архивга топширилмайди .

Ҳисоб-китоб қайдномаси 

Ҳисоб-китоб қайдномасининг тасдиқланган шакли мавжуд эмас, шу сабабли корхонангиздаги меҳнатга ҳақ тўлаш хусусиятларини инобатга олган ҳолда уни мустақил ишлаб чиқинг.

Ҳисоб-китоб қайдномасида

  • «Ҳисобланди» устунида жисмоний шахсларнинг барча, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсия, нафақа ва бошқа кўринишдаги даромадларини кўрсатинг. Ушбу жадвалда фойдаланилаётган устунлар сони заруратга қараб ҳисоблаб ёзилаётган даромад турларининг сонига мослаб кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.
  • «Ушланди» устунида жисмоний шахслар даромадларидан барча ушлаб қолишларни, шу жумладан ҳисоб-китоб ойида ушлаб қолинган солиқлар, тўловлар, бошқа мажбурий ва ихтиёрий ушланмаларни кўрсатинг. Бу ерда ҳам устунлар сони ушланмалар турига мувофиқ келиши керак.

Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси  

Ҳисоб-китоб тўлов қайдномалари бўлинмалар (бўлимлар) ёки ходимларнинг тоифаларига қараб шакллантирилиши мумкин.

Ҳисоб-китоб ва Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси ўртасидаги фарқ ходимларнинг имзоси учун устуннинг бор-йўқлигидан иборат. Ҳисоб-китоб қайдномасида бундай устун йўқ.

Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси – пул-ҳисоб-китоб-тўлов ҳужжати бўлганлиги сабабли унда ходимларнинг СТИРи ва ЖШШИРи кўрсатилиши керак .

Агар «Тўланадиган сумма» устунидаги иш ҳақининг бир қисми ходимларнинг банк карталарига ҳисоблаб ўтказилса, бу суммаларни алоҳида устунда ажратиб кўрсатиш керак.

Агар иш ҳақини ҳисоб-китоб-тўлов қайдномасида ҳисоблаб ёзсангиз, тўлов қайдномалари ёки чиқим касса ордерларини расмийлаштириш шарт эмас, бу қулай албатта. Бироқ мазкур шаклнинг муҳим камчилиги бор: ходимлар бошқа шахсларга ҳисобланган ва тўланган суммаларни кўра олади, бунда ахборот махфийлиги бузилади. Ушбу масалани ҳал этиш мақсадида ходимга имзолаши учун унинг фамилияси ва исми-шарифи ёзилган сатрни кўрсатинг.

Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномасида:

  • «Ушланди ва ҳисобга олинди» устунида жисмоний шахсларнинг барча ушланмаларини, шу жумладан ҳисоб-китоб ойида ушлаб қолинган солиқлар, тўловлар (бўнаклар), бошқа мажбурий ва ихтиёрий ушланмаларни кўрсатинг. Бу ерда ҳам фойдаланилаётган устунлар сони кўпайтирилиши мумкин.
  • «Бериладиган сумма» устунида ходимга фақатгина корхона кассасидан бериладиган ва олганлигини тасдиқлаб имзо чекадиган нақд пул суммасини кўрсатинг. 

Агар иш ҳақининг бир қисми ходимларнинг банк карталарига ўтказилса, бу суммаларни алоҳида «Пластик карталарга ҳисоблаб ўтказиладиган сумма» устунида кўрсатинг.

Мисол
Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси қандай тўлдирилади 

Чилангар А.А.Алиевга февраль ойи учун:

  • ишбай иш ҳақи ҳисобланди – 2 000 000 сўм;
  • тунги вақтда ишлаганлик учун устама ҳисобланди – 400 000 сўм;
  • ЖШДС ушлаб қолинди – 288 000 сўм;
  • ШЖБПҲга ҳисоблаб ўтказилди – 2 400 сўм.

Январь ойи учун:

  • ишбай иш ҳақи ҳисобланди – 1 250 000 сўм;
  • ЖШДС ушлаб қолинди – 150 000 сўм, шу жумладан ШЖБПҲга  бадаллар – 1 250 сўм.
  • 20 февралда  унга бўнак тўланди – 960 000 сўм.
Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси тўлдирилишини бу ерда кўринг.
Эътибор беринг

Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси бўйича нақд пул берилиши сабабли титул варағида пул берилаётганлиги ҳақида раҳбар ва бош бухгалтернинг номидан рухсат берувчи ёзувлар қайд этилган бўлиши керак (бунда муддатлар ҳамда берилаётган умумий сумма рақам ва ёзув билан кўрсатилади).

Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномасининг охирида сўнгги ёзувдан кейинги якуний сатрда ҳисоблаб ёзилган, ушлаб қолинган, ҳақиқатда тўланган маблағлар ва депонентланган суммалар тўғрисида қайдномадаги умумий суммаларни ҳисоблаб кўрсатинг.

Иш ҳақи кассадан 3 кун давомида берилиши лозим, бунда пул банкдан олинган кун ҳам ҳисобга олинади.

Учинчи куннинг охирида кассир берилган иш ҳақини сатрма-сатр текшириб чиқади ва йиғиндисини чиқаради.

Иш ҳақини олмаган ишчиларнинг исми-шарифи рўпарасига «Олинганлиги ҳақидаги имзо» устунида «Депонентланган» штампи босилади ёки қўлда ёзиб қўйилади.

Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси икки сумма – «Нақд берилган» ва «Депонентланган» суммалари билан ёпилади.

Иш ҳақини ҳисоблаб ёзган бухгалтердан ташқари ҳисоб-китоб-тўлов қайдномасига ходимларга кассадан ушбу қайднома бўйича нақд пул берган кассир ҳам имзо чекиши керак.

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг