Фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромадни қандай акс эттириш керак

01.01.2026
author avatar

Иродахон АББОСХОНОВА

солиқ маслаҳатчиси
author avatar

Наталья МЕМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– жами даромаднинг ҳаммаси:
        товар (хизмат)ларни реализация қилишдан даромад;
        молиявий операциялар бўйича мукофотлар;
        суғурта шартномалари бўйича даромадлар;
        АВ ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетиши;
        оператив ижара;
        текинга олинган мол-мулк (хизматлар);
        инвентаризация натижалари бўйича ортиқчаликлар;
        мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар;
        талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш;
        дивидендлар;
        фоизлар;
        ижобий курс фарқи;
        молиявий ижара;
        диний мақсадда фойдаланиш учун мўлжалланган товарларни реализация қилишдан олинган даромад;
        чет эл компанияси томонидан назорат қилинадиган тақсимланмаган фойда;
        трансферт нархни белгилашда олинмай қолган даромад;
        солиқ базасига бозор қийматидан келиб чиқиб тузатиш киритиш;
        даромадга тузатиш киритиш;
        алоҳида операция турлари бўйича даромадлар;
        доимий муассасалар даромадлари;
        бошқа даромадлар.

 

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:

Жами даромадни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-иловада акс эттиринг.

Жами даромаднинг ҳаммаси

Жами даромадни аниқлаш учун:

1) ҳисобот (солиқ) даври давомида корхона Ўзбекистондаги ва унинг ташқарисидаги манбалардан олган барча даромадларни акс эттиринг (1-илованинг 020–220-сатрлари);

2) 1-илованинг 010-сатрида давр учун жами даромад автоматик тарзда акс эттирилади.

Жами даромадни ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмасдан пул, натура ва (ёки) бошқа шакллардаги барча тушумлардан келиб чиқиб аниқланг .

Бирламчи ва бошқа ҳужжатлар, шу жумладан электрон ҳужжатлар ҳамда солиқ ҳисоби ҳужжатлари даромадларни тан олиш учун асос ҳисобланади. Масалан:

  • ҳисобварақ-фактура;
  • бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар ҳақидаги далолатнома;
  • товар юклаб жўнатилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

Агар даромадни аниқлаш ва тан олиш меъёрлари бухгалтерия ҳисоби талабларидан фарқ қилса, Солиқ кодекси меъёрларини қўлланг .

Масалан, корхона 75 млн сўмга тенг бир йиллик фоизсиз қарз олди. Қарз олинган санадаги қайта молиялаштириш ставкаси – 14%. Солиқ солиш мақсадида корхона фоизсиз қарздан фойдаланишдан олинган 875 минг сўм (75 млн сўм х 14% : 12 ой) миқдоридаги даромадни жами даромад таркибида ҳар ой аниқлайди . Бунда ушбу даромад бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.

Товар (хизмат)ларни реализация қилишдан олинган даромад 

1-устуннинг 021–026-сатрларида даромадингиз бўлган фаолият турларини танланг.

Эътибор беринг
Корхонанинг фаолияти турларини тўғри танлаш муҳимдир, чунки бу Ҳисоб-китобнинг 070-сатрида солиқ ставкасининг автоматик тарзда акс эттирилишига таъсир қилади.

3-устуннинг 021–026-сатрларида ҳар бир фаолият тури бўйича сотишдан тушадиган даромадни кўрсатинг.

020-сатрда товар (хизмат)ларни реализация қилишдан олинган умумий даромад 021–026-сатрлар йиғиндиси сифатида автоматик тарзда акс эттирилади.

Реализациядан олинган даромадга корхона томонидан қуйидагилар учун олиниши керак бўлган ёки олинган суммаларни киритинг:

  • ўз маҳсулотларингизни сотишдан;
  • юклаб жўнатилган товарлардан;
  • бажарилган ишлардан;
  • кўрсатилган хизматлардан.

Даромадга реализация қилинган товар (хизмат)лар учун қарзни тўлаш ёки сўндириш ҳисобига келиб тушаётган мол-мулк қиймати ҳам киритилади.

Эътибор беринг
Даромадни ҳақиқатда келиб тушган пулга қараб эмас, балки товарларнинг юклаб жўнатилганлиги, хизматлар кўрсатилганлиги ҳолати бўйича аниқланг  .
Мисол
Даромадни ҳисобварақ-фактура асосида аниқлаш

Корхона I чоракда шартнома бўйича 50 000 минг сўм миқдорида олдиндан тўловни олди.

II чоракда ушбу шартнома бўйича 112 000 минг сўмлик хизматлар кўрсатилди, шу жумладан ҚҚС 12 000 минг сўмни ташкил қилди. Даромад ҳисобварақ-фактура билан тасдиқланган.

Худди шу чоракда корхона кўрсатилган хизматлар учун қолган сумма – 62 000 минг сўмни олди.

Корхона даромадни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 021–026-сатрларидан бирида II чоракдагина акс эттиради, чунки 100 000 минг сўмлик (ҚҚСни чегирган ҳолда) кўрсатилган хизматлар айни шу вақтда ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлади.

Товар, хизматларни реализация қилишдан олинган даромадни қуйидагиларни чегириб акс эттиринг:

  • қўшилган қиймат солиғи;
  • акциз солиғи;
  • қайтарилган товарлар ва тайёр маҳсулот қиймати;
  • сотув нархларидан харидорларга берилган чегирма.

021–026-сатрларни асосий фаолиятдан олинган даромадларни ҳисобга олувчи бухгалтерия счётларидаги (9000) маълумотларга қараб тўлдиринг. Реализация қилишдан олинган умумий даромадни аниқлаш учун 90109030-счётлардаги кредит айланмаларни жамланг.

Мисол
Акциз тўланадиган товарни сотишда реализация қилишдан олинган даромадни аниқлаш

ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси бўлган корхона акциз тўланадиган товарни реализация қилади. Ҳисобот даври учун хизматлар реализациясидан олинган даромад – 100 000 минг сўмни, 10% акциз солиғи – 10 000 минг сўмни (100 000 х 10%), ҚҚС 13 200 минг сўмни ((100 000 + 10 000) х 12%) ташкил қилди.

Бухгалтерия ҳисоби:
       

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

дебет

кредит

Товарни сотишдан олинган даромад акс эттирилди

100 000

4010

9020

Акциз солиғи ҳисоблаб ёзилди

10 000  

6410

ҚҚС ҳисоблаб ёзилди

13 200  

6410

Реализациядан даромадни (100 000 минг сўм) корхона 9020-счётда ва Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 021–026-сатрларидан бирида акс эттиради.

Маълумот учун

Молиявий операциялар бўйича мукофотлар 

Кредит (заём, микрокредит ва бошқа молиявий операциялар) бўйича мукофот кўринишидаги даромадларни 1-илованинг 030-сатрида акс эттиринг.

Ушбу сатрни банклар, микрокредит ташкилотлари ва бошқа молиявий муассасалар қуйидаги мукофот кўринишидаги даромадлар бўйича тўлдирадилар:

  • кредит (заём)ларга хизмат кўрсатганлик ва уларни олиб борганлик учун;
  • абсолют ўлчамда ифодаланган бошқа молиявий операциялар учун.

Масалан, бу даромадларга қуйидагилар киради:

  • банкнинг кредитга хизмат кўрсатганлиги ва уни кузатиб борганлиги учун ҳақ;
  • кредит бериш хизматлари учун банк комиссияси;
  • факторингга хизмат кўрсатиш ва уни олиб бориш учун молиявий агентга тўланадиган воситачилик ҳақи.

Суғурта шартномалари бўйича даромадлар

1-илованинг 040-сатрида суғурта ва қайта суғурта ташкилотларининг суғурталаш, қайта суғурталаш шартномалари бўйича даромадлари акс эттирилади.

Бу улар суғурта хизматларини кўрсатганлик учун оладиган суғурта мукофотлари ва бошқа даромадларнинг суммалари .

Асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетиши 

1-илованинг 050-сатрида асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромадни акс эттиринг.

Уни акс эттириш ва ҳисобга олиш ҳақида батафсил «Асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан даромадларни қандай аниқлаш керак» тавсиясида ўқинг.

Оператив ижара

Илованинг 060-сатрида мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадни акс эттиринг. Солиқ мақсадлари учун ижара даромадларини ижаранинг энг кам ставкалари ва уларга оширувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда аниқланг. Энг кам ставкалар турар жойлар, нотурар жойлар ва автотранспорт учун белгиланган.

2026 йил учун қуйидагилар белгиланган:

Даромадга қуйидаги икки қийматдан энг каттасини киритинг:

  • шартнома бўйича аниқланган ижара суммаси;
  • оширувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда ижаранинг энг кам ставкалари бўйича аниқланган ижара суммаси.

Бухгалтерия ҳисобида даромад деб ижара шартномасига асосан олиниши керак бўлган (олинган), 9350-«Оператив ижарадан олинган даромадлар» ҳисобварағининг кредитида сиз акс эттирадиган ҳисоблаб ёзилган ижара тушумлари суммаси тан олинади  .

Агар шартнома шартларига кўра ижарачи сизга коммунал хизматлар, электр энергияси, иссиқлик энергияси, сув, газ, алоқа хизматлари қийматини қоплаётган бўлса, қоплаш суммалари учун алоҳида ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштиринг. Мазкур суммалар корхона даромадига киритилмайди.

Мисол
Оператив ижарадан олинадиган даромадни ҳисобга олиш ва Фойда солиғи ҳисоб-китобида акс эттириш
Ишлаб чиқариш корхонаси Тошкент шаҳрида жойлашган майдони 100 кв. м бўлган омборхона биноларини ижарага 1 кв. м учун 67 200 сўм, ш.ж. ҚҚС – 7 200 сўм ставкаси бўйича беради.

Иккита вариантни кўриб чиқамиз:

  • бинолар I зонада жойлашган, бу ерда омборлар учун оширувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда ижаранинг энг кам ставкаси (72 000 сўм) ижара шартномаси бўйича кв. м қийматидан (67 200 : 1,12 = 60 000 сўм) юқори;
  • бинолар V зонада жойлашган, бу ерда омборлар учун оширувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда ижаранинг энг кам ставкаси (52 800 сўм) ижара шартномаси бўйича кв. м қийматидан (67 200 : 1,12 = 60 сўм) паст.

1-вариант

Корхона I зонада солиқ солиш мақсадлари учун 72 000 сўм ставкани қўллаши керак.

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 060-сатрида қуйидагиларни акс эттирамиз: 72 000 х 100 = 7 200 000 сўм.

Қуйидаги миқдорда ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш тавсия этилади:

(72 000 х 0,12 – 7 200) х 100 = 144 000 сўм.

Солиқ солиш мақсадида аниқланадиган даромад бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди.

Бухгалтерия ҳисобида:

  • ижара шартномаси бўйича даромадни акс эттирамиз;
  • солиқ солиш мақсадлари учун белгиланган даромадни акс эттирмаймиз;
  • ҚҚСни қўшимча ҳисоблашни акс эттирамиз.

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

дебет

кредит

Оператив ижарадан олинган даромад ҳисоблаб ёзилди

(60 000 х 100)

6 000

4820

9350

Шартнома бўйича ҚҚС ҳисоблаб ёзилди

(6 000 000 х 0,12)

720

4820

6410

Ижара тўлови олинди

6 720

5110

4820

ҚҚС энг кам ставкадан келиб чиқиб қўшимча ҳисобланди (72 000 х 0,12 – 7 200) х 100 144 9430 6410

 

2-вариант

V зонада шартномавий ставка энг кам ставкадан юқори бўлганлиги сабабли корхона солиқ солиш мақсадида 60 000 сўм (+ ҚҚС 7 200 сўм) шартномавий ставкани қўллайди.

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 060-сатрида қуйидагиларни акс эттирамиз:

60 000 х 100 = 6 000 000 сўм.

Ушбу вариантда солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун даромад мос келади.

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

дебет

кредит

Оператив ижарадан даромад ҳисобланди (60 000 х 100)

6 000

4820

9350

Шартнома бўйича ҚҚС ҳисобланди (6 000 000 х 0,12)

720

4820

6410

Ижара ҳақи олинди

6 720

5110

4820


Эътибор беринг

Ижаранинг энг кам ставкалари кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномалари бўйича даромадларга солиқ солиш мақсадида ҳам қўлланилади. Бу ҳақда батафсил тавсияда ўқинг.

Текинга олинган мол-мулк (хизматлар)

1-илованинг 070-сатрида текинга олинган мол-мулк (хизматлар), молиявий ёрдам бўйича кўрилган даромадни акс эттиринг.

Текинга олинган мол-мулк даромадга ҚҚС (ҚҚС бюджетга тўланадиган ва кейинчалик ҳисобга киритиладиган ҳоллардан ташқари) ва акциз солиғи (акциз тўланадиган товарлар бўйича) билан бирга киритилади.

Уни қандай аниқлаш ва бошқа жиҳатлар ҳақида «Текин олинган мол-мулк (хизматлар)дан даромадни қандай аниқлаш мумкин» тавсиясида ўқинг.

Инвентаризация натижасида ортиқча мол-мулкдан олинган даромад

Агар инвентаризация пайтида товар-моддий захиралар (ТМЗ) ва бошқа мол-мулкнинг ортиқчаси аниқланган бўлса, даромадни тан олиб, 1-илованинг 080-сатрида акс эттиринг. Даромад суммасини аниқланган санадаги ортиқча товарнинг  бозор (жорий  – ТМЗ бўйича, ҳаққоний – АВ бўйича) қийматидан келиб чиқиб аниқланг  .

Ортиқча ТМЗ бўйича даромадни 9390-«Бошқа операцион даромадлар» счётининг кредити бўйича акс эттиринг. Бир вақтнинг ўзида мол-мулкни бухгалтерия ҳисобининг тегишли счётларига кирим қилинг.

Даромаднинг тан олинишини бухгалтерия маълумотномаси билан расмийлаштириб, унга қуйидагиларни илова қилинг :

Инвентаризация комиссияси моддий қимматликларни ҳисобга олиш учун жавобгар бўлган шахслардан улар кирим қилинмаганлигининг ҳар бир ҳолати юзасидан тушунтириш талаб қилиши лозим.

Ортиқча ТМЗ бозор қийматининг асоси сифатида қуйидагилар бўлиши мумкин :

  • юклаб жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;
  • етказиб берувчиларнинг нархга оид маълумотлари (прайс-варақлар);
  • оммавий ахборот воситалари маълумотлари;
  • биржа маълумотлари;
  • статистика маълумотлари.
Мисол
Ортиқча ТМЗ аниқланганда даромадни аниқлаш

Корхона омборхонасида инвентаризация ўтказилганда ҳисобга олинмаган эҳтиёт қисмлар мавжудлиги аниқланди.

Уларнинг аниқланган кундаги бозор қиймати – 1 000 минг сўм.

Корхона даромадни тан олади ва жами даромадга эҳтиёт қисмларнинг бозор қиймати – 1 000 минг сўмни киритади.

Бухгалтерия ҳисоби:
       

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сум

Ҳисобварақларнинг боғланиши

дебет

кредит

Инвентаризация натижасида аниқланган эҳтиёт қисмлар ҳисобга олинди

1 000

1040

9390

Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадлар 

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 090-сатрида мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадларни акс эттиринг.

Уларга қуйидагилар киради:

  • 3 йиллик даъво муддати тугаши билан ҳисобдан чиқарилган ;
  • суд ёки ваколатли давлат органининг қарори бўйича ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар.

Ҳисобдан чиқариладиган мажбурият – бу турли сабабларга кўра сўндирилмаган:

  • мол етказиб берувчилар, таъсисчилар, харидорлар олдидаги кредиторлик қарзлари. Масалан, кредиторнинг тугатилиши, шартнома томонларининг унинг шартлари бўйича келишмовчилиги, ташкилотингизнинг тўловга қобилиятсизлиги ва ҳ.к.;
  • тўланмаган иш ҳақи бўйича ходимларга депонент қарзлари, масалан, ходим ишдан бўшаган ва у билан алоқа узилган бўлса.
Мисол
Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришда олинган даромадни ҳисобга олиш

2025 йилда ўтказилган инвентаризация натижаси бўйича 2022 йилда юзага келган қарздорликларни ташкилот даромадга ҳисобдан чиқармоқда:

  • мол етказиб берувчининг тугатилиши муносабати билан унинг олдидаги сўндирилмаган кредиторлик қарзи – 2 000 минг сўм;
  • собиқ ходим бошқа мамлакатга кўчиб ўтганлиги муносабати билан унинг олдидаги депонент қарзи – 300 минг сўм.
Бухгалтерия ҳисоби:
     

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

дебет

кредит

Етказиб берувчи олдидаги кредиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилди

2 000

6010

9360

Собиқ ходим олдидаги депонент қарздорлик ҳисобдан чиқарилди

300

6720

9360

Даромад таркибига солиқ қонунчилигига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган пенялар ва жарималар суммаларини киритманг .

Талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш

Талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишда юзага келган даромадни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 100-сатрида акс эттиринг.

Талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан олинган даромад қуйидагилар ўртасидаги ижобий фарқ сифатида юзага келади :

  • сотиб олувчида – сўндирилган қарз суммаси билан у харид қилинган нарх ўртасида;
  • кредиторда – қарзни сотиш нархи билан қарз суммаси ўртасида;
  • қарз қайтадан сотилганда – сотиш қиймати билан талаб қилиш ҳуқуқини харид қилиш харажатларининг миқдори ўртасида.

Талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш шартномаси бўйича олинган даромадни 9390-«Бошқа операцион даромадлар» счёти кредити бўйича ҳисобга олинг.

Мисол
Талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан олинган даромадни ҳисобга олиш

Талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш шартномаси бўйича «В» корхона 90 000 минг сўм тўлаб, «Б» кредитордан 100 000 минг сўм қарздорликни сотиб олди. Кечроқ «А» қарздор қарзни тўлиқ сўндирди. Натижада «В» корхона 10 минг сўм (100 000 – 90 000) даромадга эга бўлди.

У Ҳисоб-китобга 1-илованинг 100-сатрида акс эттирилади.

«В» корхонанинг бухгалтерия ҳисоби:
                     

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг с
ўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Кредиторнинг талаб қилишни бошқа шахсга ўтказиш шартномаси бўйича ҳуқуқи сотиб олинди

90 000

10 000

4890


5110

9390

Талаб қилишни бошқа шахсга ўтказиш шартномаси

«А» корхонадан пул маблағлари олинди

100 000

5110

4890

Банк кўчирмаси

Дивидендлар

Дивиденд кўринишидаги даромадларни 1-илованинг 110-сатрида акс эттиринг.

Уларга тўлов манбаида солиқ солинади, шунинг учун солиқ базасини аниқлашда чегирилади .

Дивиденд кўринишидаги даромадларга қуйидагилар киради :

  • сизга тегишли бўлган акциялардан ёки бошқа корхоналарнинг устав фондидаги улушидан олинган даромадлар;
  • устав капиталида сиз иштирок этаётган ташкилотнинг тугатилишидаги тўловлар. Тўловнинг устав капиталидаги сизнинг улушингиз миқдоридан ошган қисми дивиденд ҳисобланади;
  • ташкилотингиз бошқа ташкилотнинг иштирокчилари таркибидан чиқарилганда ёки чиққанда улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаш, ушбу ташкилотнинг устав капиталидаги улушингиздан ошган қисми;
  • сиз устав капиталида иштирок этаётган ташкилотнинг мол-мулклари ҳисобига қўшимча акциялар қиймати (улушнинг номинал қийматининг ошиши).

Дивидендларни 9520-«Дивидендлар кўринишидаги даромадлар» счётининг кредити бўйича ҳисобга олинг. Ҳисобда тўлов манбаида ушлаб қолинган дивидендлар бўйича солиқни акс эттиринг.

Мисол
Шуъба корхонадан дивиденд олиш

Таъсисчилар умумий йиғилишининг қарори билан шуъба корхона бош компанияга 10 000 минг сўм миқдорида дивиденд ҳисоблади. Иккала корхона – Ўзбекистон резиденти. Бош компания 10 000 минг сўм миқдоридаги дивиденд бўйича даромадни тан олиб, Ҳисоб-китобга 1-илованинг 110-сатрида акс эттиради.

Шуъба корхона 5%лик ставкада ушланган солиқ суммасини бюджетга дивидендларни тўлаш санасидан кечиктирмай тўлайди .
Дивидендлар уларни тўлашга қарор қилинган кундан эътиборан 60 кундан кечиктирмасдан тўланади .
Бош корхонадаги бухгалтерия ҳисоби:
          

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Олинадиган дивидендлар ҳисобланди 

10 000

4840

9520

Таъсис шартномаси,
таъсисчиларнинг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма,

дивидендлар ҳисоб-китоби,
тўлов манбаида солиқ тўлангани ҳақидаги ҳужжат

Тўлов манбаида ушлаб қолинадиган дивидендлардан олинадиган солиқ акс эттирилди

500

9810

6410

6410

4840

Маълумотнома-ҳисоб-китоб

Дивидендлар ҳисобрақамга келиб тушди

9 500

5110

4840

Банк кўчирмаси

Мисол
Таъсисчилар таркибидан чиқаётганда дивидендларнинг олиниши

МЧЖ таъсисчилари таркибидан чиқаётганда корхонага ҳақиқий улуш тўлови миқдори 27 000 минг сўмни ташкил этди.
Корхонанинг МЧЖ устав капиталига қўшган бошланғич ҳиссаси – 8 000 минг сўм.
Ҳақиқатдаги улуш қиймати ва бошланғич ҳисса қиймати ўртасидаги ижобий фарққа тенг бўлган дивидендлар кўринишидаги даромад – 19 000 минг сўм Ҳисоб-китобга 1-илованинг 110-сатрида акс эттирилади.
Тўлов манбаида 5% миқдорида ушлаб қолинган солиқ суммаси 950 минг сўмни (19 000 х 5%) ташкил қилади.

Бухгалтерия ҳисоби:
     

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Таъсисчилар таркибидан чиқаётганда олинадиган тўловлар ҳисобланди


8 000

19 000

4840

0690

9520

Таъсис шартномаси,
таъсисчиларнинг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма,

дивидендлар ҳисоб-китоби,
тўлов манбаида солиқ тўлангани ҳақидаги ҳужжат

Тўлов манбаида ушлаб қолинадиган дивидендлардан олинадиган солиқ акс эттирилди

950

9810

6410

6410

4840

Маълумотнома-ҳисоб-китоб

Ҳисобрақамга бошланғич ҳисса ва дивидендларнинг суммалари келиб тушди

8000

18 050

5110

4840

Банк кўчирмаси

Мисол
Ташкилот тугатилганда мол-мулк тақсимланишида дивидендларнинг олиниши
«А» корхона тугатилганда мол-мулк тақсимланишидан таъсисчи (МЧЖ)нинг оладиган улуши 30 000 минг сўмга тенг.
МЧЖнинг «А» корхона устав фондига бошланғич ҳиссаси 10 000 минг сўмни ташкил қилган.
Дивиденд кўринишидаги даромад олинадиган умумий сумма билан бошланғич ҳисса ўртасидаги ижобий фарқ 20 000 минг сўмга (30 000 – 10 000) тенг. Унга тўлов манбаида 5%лик ставкада солиқ солиниши керак.
Тўлов манбаида ушлаб қолинган солиқ суммаси 1 000 минг сўмга (20 000 х 5%) тенг. МЧЖ 19 000 минг сўм (20 000 – 1 000) миқдорида дивиденд олади.
МЧЖда бухгалтерия ҳисоби:
           

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

«А» корхонани тугатишда олинадиган тўловлар ҳисобланди

10 000

20 000

4840

0690

9520

Таъсис шартномаси,
таъсисчиларнинг умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма,

дивидендлар ҳисоб-китоби,
тўлов манбаида солиқ тўлангани ҳақидаги ҳужжат

Тўлов манбаида ушлаб қолинадиган дивидендлардан олинадиган солиқ акс эттирилди

1 000

9810

6410

6410

4840

Маълумотнома-ҳисоб-китоб

Ҳисобрақамга бошланғич ҳисса ва дивидендларнинг суммалари келиб тушди

10 000

19 000

5110

4840

Банк кўчирмаси

Фоизлар

Қарздорларингизнинг қарз мажбуриятлари бўйича олинадиган даромадлар фоиз деб тан олинади .

Фоизларни аниқлаш ва тўлаш тартиби (ставкалар, тўлов муддатлари) шартнома шартларида белгиланади.

Аслини олганда, бу активларни муайян муддатга фойдаланишга топширишдан олинадиган даромадлардир. Одатда, бу заёмлар ёки кредитлар. Пуллик ҳиссалар бўйича олинган фоизлар ҳам шулар жумласига киради.

Фоизларга қарз мажбуриятлари бўйича олинган дисконтларни ҳам киритинг . Бу – қарз мажбуриятининг дастлабки қиймати билан уни сўндириш суммаси ўртасидаги ижобий фарқ.

Фоизлар бўйича даромадларни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 120-моддасида акс эттиринг.

Эътибор беринг
Ҳисоблаб ёзилган фоизларни ҳали олмаган бўлсангиз ҳам даромадга киритинг.
Мисол
Даромадларни фоизлар бўйича аниқлаш

Йил бошида ташкилот фоизларни ҳар ой тўлаш шарти билан «В» корхонага бир йилга 2 000 минг сўм миқдорида заём маблағларини берди.

I чорак учун ҳисоботда ҳисоблаб ёзилган фоизлар суммаси – 6 000 минг сўмни (2 000 х 3 ой) Ҳисоб-китобга 1-илованинг 120-сатрида акс эттирамиз ва фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда уларни жами даромадга киритамиз.

Фоизлар кўринишидаги даромадларни 9530-«Фоизлар кўринишидаги даромадлар» счётининг кредитида 4830-«Олинадиган фоизлар» счёти билан корреспонденцияда ҳисобга олинг .

Агар ташкилотингиз нотижорат ёки бюджет ташкилоти бўлса, маблағларингизни депозитда жойлаштиришдан оладиган фоизли даромадингизга фойда солиғи тўлов манбаида солинади. Шунинг учун уни бир вақтнинг ўзида Ҳисоб-китобга 1-илованинг 120 ва 121-сатрларида акс эттиринг. Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда у жами даромаддан чегирилади.

Мисол
Нотижорат ташкилотида фоизлар бўйича даромадни аниқлаш
Банк ҳисобот даврида нотижорат ташкилотига депозитдаги маблағлар бўйича 10 млн сўм ҳисоблаб ёзди.
Нотижорат ташкилоти бу даромадни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 120 ва 121-сатрларида акс эттиради.
Фоизларни тўлашда банк 15%лик ставка бўйича солиқ, яъни 1,5 млн сўм ушлаб қолади ва бюджетга ўтказади .
Нотижорат ташкилоти солиқни чегирган ҳолда 8,5 млн сўм фоиз олади.
Бухгалтерия ҳисоби (нотижорат ташкилотида):
                                            

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг с
ўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

дебет

кредит

Фоиз бўйича даромад ҳисобланди 

10 000

4830

9530

Тўлов манбаида фоизлардан солиқ ушланди  

1 500

9810

6410

6410

4830

Ҳисобрақамга фоизлар келиб тушди

8 500

5110

4830

Эътибор беринг

120-сатрга молиявий ижара бўйича фоизли даромадни киритманг. У Ҳисоб-китобга 1-илованинг 140-сатрида акс эттирилади.

Ижобий курс фарқи

Ижобий курс фарқлари кўринишидаги даромадни жами даромад таркибига киритиш учун Ҳисоб-китобга 1-илованинг 130-сатрида акс эттиринг . Бунда нотижорат ташкилотлари уларни 131-сатрда акс эттиради, чунки курсдаги ижобий фарқ суммасининг курсдаги салбий фарқ суммасидан ортиқ қисмига солиқ солинмайди .

Қуйидаги ҳолатларда ҳам даромад юзага келади:

  • валюта қимматликлари ва валюта талабларининг қўшимча баҳоланиши (чет эл валютасида кўрсатилган қимматли қоғозлар бундан мустасно);
  • чет эл валютасидаги мажбуриятларнинг арзонлаштирилиши.

Қуйидагилар томонидан белгиланган чет эл валютасининг курси сўмга нисбатан ўзгарганда валюта моддаларини қайта баҳоланг:

  • Марказий банк томонидан;
  • қонунчилик ёки тарафларнинг келишувига кўра, агар сўмда тўланадиган даъво (мажбурият)ларнинг валюта қиймати мос равишда қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида белгиланган курс бўйича аниқланса.   
Эътибор беринг
Берилган (олинган) бўнаклар қайта баҳоланмайди  .
  

Бухгалтерия ҳисоби учун аниқланган ижобий курс фарқини 9540-«Валюта курслари фарқларидан олинган даромадлар» счётида акс эттиринг. Солиқ солиш мақсадларида аниқланган курс фарқи алоҳида реестрда акс эттирилиши, унинг маълумотлари бухгалтерия балансига таъсир қилмаслиги керак.

Мисол
Валютадаги курс фарқидан даромадни аниқлаш
Ой бошида ташкилот қуйидагиларга эга:
– валюта счётида 50 минг АҚШ доллари;
– 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги бўнак шаклида берилган дебиторлик қарзи.
Корхонада бошқа валюта моддалари йўқ.
Долларнинг тахминий курсини оламиз:
  • ҳисобот ойи бошида – 1 доллар учун 12 900 сўм;
  • ҳисобот ойининг охирги санасида – 1 доллар учун 12 950 сўм.
Бир ой давомида курс 1 доллар учун 12 980 сўмгача кўтарилган.
БҲМС бўйича бухгалтерия ҳисоби мақсадидаги курс фарқи ой охирида аниқланади.
Бўнак монетар модда саналмайди, шунинг учун қайта баҳоланмайди.
Курс фарқи 2 500 минг сўмни ташкил қилди ((12 950 – 12 900) х 50 минг долл.).
Бухгалтерия ҳисоби мақсади учун курс фарқини 9540-«Валюталар курслари фарқидан даромадлар» счётида акс эттирамиз.
Солиқ солиш мақсадларида курсдаги фарқ МБ курси ўзгаришининг ҳар бир ҳолатида аниқланади.
Ой давомида валюта курсининг 1 доллар учун 12 980 сўмгача ўзгаришини, шунингдек бўнак қайта баҳоланмаслигини ҳисобга оламиз.
Курс ошган санада ижобий курс фарқи 4 000 минг сўмни ((12 980 – 12 900) х 50 минг доллар) ташкил этади.
Ой охирида валюта курсининг тушиб кетиши туфайли салбий курс фарқи 1 500 минг сўмга ((12 950 – 12 980) х 50 минг доллар) тенг бўлади.
Юзага келган ижобий курс фарқи – 4 000 минг сўмни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 130-сатрида, салбий фарқ – 1 500 минг сўмни эса 2 (2.1-сон)-«Солиқ ҳисоби маълумотлари бўйича харажатлар (зарарлар)» иловасида акс эттирамиз.

Маълумот учун

«Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадлари учун курс фарқлари ўртасидаги тафовут нимаси билан фарқ қилади» тавсиясида курсдаги фарқлар тўғрисида кўпроқ маълумот олинг.

Молиявий ижара

Агар ижара асосий фаолият тури бўлмаса, Ҳисоб-китобга 1-илованинг 140-сатрида молиявий ижара шартномаси бўйича мукофот кўринишидаги даромадларни акс эттиринг. Бу ижара (лизинг) тўлови билан молиявий ижара (лизинг) объектининг қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган фоизли даромаддир .

Молиявий ижара бўйича фоизларни ижара тўловларини тақсимлаш жадвалига мувофиқ ҳисобланг. Уларни 9550-«Молиявий ижарадан даромадлар» счётида ҳисобга олинг

Эътибор беринг
Молиявий ижара бўйича даромадларга ижара тўлови таркибидаги молиявий ижара (лизинг) объекти қийматини қоплаш суммасини киритманг .

Молиявий ижара бўйича фоизли даромадларга ҚҚС солинмайди .

Мисол
Молиявий ижарадан олинадиган фоизли даромадни акс эттириш
Ижарага берувчи корхона ҳар ой 12 000 минг сўм миқдорида ижара тўловини олади, шу жумладан:
10 000 минг сўм – мол-мулк қийматининг бир қисми қопланиши;
2 000 минг сўм – фоизли тўлов.
Ижарага берувчида бухгалтерия ҳисоби:
               

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўм

Ҳисобварақларнинг боғланиши

дебет

кредит

Ижарага берувчининг даромади ҳисоблаб ёзилди

2 000

4830

9550

Ижара тўлови олинди

10 000

2 000

5110

4810

4830

9550-счётда корхона фоизли даромади – 2 000 минг сўмни акс эттиради. Худди шу сумма Ҳисоб-китобга 1-илованинг 140-сатрида акс эттирилади.

10 000 минг сўм – ижарага олинган мол-мулк қийматининг қопланиши ижарага берувчининг даромади ҳисобланмайди.

Диний мақсадда фойдаланиш учун мўлжалланган товарларни реализация қилишдан олинган даромад

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 150-сатрида нотижорат ташкилотлари томонидан аҳолининг диний мақсадда фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни реализация қилишдан олинган даромадини акс эттиринг. Унга солиқ солинмайди .

Назорат қилинадиган чет эл компаниясининг тақсимланмаган фойдаси

Солиқ солиш мақсадларида назорат қилинадиган чет эл компанияси (НЧК) – бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган чет эл юридик шахси

  • чет эл юридик шахси Ўзбекистоннинг солиқ резиденти деб эътироф этилмайди;
  • Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этиладиган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар чет эл юридик шахсини назорат қилувчи шахслар ҳисобланади.

Назорат қилувчи шахслари Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этиладиган юридик ва (ёки) жисмоний шахс бўлган, юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси ҳам назорат қилинадиган чет эл компанияси деб эътироф этилади.

Назорат қилиш қоидалари Солиқ кодексининг 40-моддасида белгиланган.

Агар корхонангиз чет эл компаниясини назорат қилса, у ҳолда унинг тақсимланмаган фойдаси  барча НЧКнинг солиқ шартларига мувофиқ компаниянинг жами даромадига киритилади. Уни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 160-сатрида акс эттиринг.

Маълумот учун

Назорат қилинадиган чет эл компанияларининг фойдасига солиқ солиш ҳақида батафсил маълумотни тавсияда ўқинг.

Трансферт нархни белгилашда олинмай қолган даромад суммаси

Трансферт нархни белгилаш қоидалари Солиқ кодексининг VI бўлимида белгиланган.

Ўзаро алоқадор тарафлар фаолиятининг мустақил шахсларнинг фаолияти билан таққосланадиган иқтисодий шароитларда олиниши мумкин бўлган шароитлар ва натижалардан фарқ қиладиган тижоратга оид ва (ёки) молиявий шароитлар ва (ёки) натижалар трансферт нархни белгилаш деб тушунилади .

Трансферт нархлар ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларда шаклланади ва мустақил шахслар ўртасидаги объектив шаклланган нархлардан фарқ қилади.

Солиқ органлари томонидан назорат қилинадиган ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимлар маълум талабларга жавоб бериши керак .

Трансферт нархни белгилашда солиқ назорати натижасида фойда солиғи суммалари камайтирилганлиги ёки зарарнинг суммаси кўпайтирилганлиги аниқланган тақдирда, Солиқ қўмитаси тегишли солиқ базасига ва (ёки) солиқ суммасига тузатишлар киритади .

Трансферт нархни қўллашда солиқ базасига ва (ёки) тегишли солиқларнинг суммасига мустақил равишда календарь йил тугагач тузатишлар киритишга ҳақлисиз .

Трансферт нархлар шакллантирилиши натижасида олинмай қолган даромад суммасини Ҳисоб-китобга 1-илованинг 170-сатрида акс эттиринг.

Солиқ базасини мустақил тузатаётганингизда Ҳисоб-китобга 12-иловани ҳам тўлдириб кетинг. Бу иловада тузатилган ҳар бир битим бўйича ахборотни киритишингиз лозим. Бу ахборот 1-«Трансферт нархлар шакллантирилиши натижасида олинмай қолган даромад суммаси» иловасининг 170-сатридаги маълумотларни изоҳловчи ахборот ҳисобланади.

Эътибор беринг

Йил давомида фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда битимларнинг ҳақиқий нархларидан фойдаланишингиз мумкин . Мазкур ҳолда 1-илованинг ҳамда 12-илованинг 170-сатри тўлдирилмайди.

Маълумот учун

Товарлар (хизматлар)нинг бозор қиймати асосида солиқ солинадиган базани тузатиш натижасида олинган даромадлар  

Битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли . Бундай тузатиш натижасида олинган даромад фойда солиғини ҳисоблашда жами даромадга киритилади.

Сизда шундай ҳолатлар бўлган тақдирда, солиқ базасининг тузатиш (ошиш) суммасини Ҳисоб-китобга 1-илованинг 180-сатрида акс эттиринг.

Даромадга тузатиш киритиш

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 150-сатрида товар (хизмат)ларни реализация қилишдан олинган даромадга киритиладиган тузатишни акс эттиринг.

Эътибор беринг

Тузатишни кўпайиш ҳисобига ҳам, камайиш ҳисобига ҳам амалга ошириш мумкин. Камайиш ҳолати юзага келганда тузатишни айирув белгиси билан 190-сатрда акс эттиринг. Камайиш фақат олдин тан олинган даромад суммаси доирасида амалга оширилиши мумкин .

Маълумот учун

Алоҳида турдаги операциялар бўйича даромадлар

200-сатрда қуйидагилардан олинган даромадлар акс эттирилади :

  • бошқа юридик шахснинг устав капиталидаги иштироки улушининг реализацияси ёки бошқа чиқиб кетишидан;
  • ташкилотнинг мол-мулк мажмуи сифатида сотилишидан;
  • ишончли бошқарув шартномаси бўйича;
  • оддий ширкат шартномасида иштирок этишдан;
  • хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан;
  • муомалада бўлмаган қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг муомалада бўлмаган молиявий воситалари бўйича операциялардан.

Ушбу сатр қиймати Ҳисоб-китобга 9-илова 070-сатри 3–8-устунларининг йиғиндиси сифатида автоматик тарзда аниқланади.

Маълумот учун

Доимий муассасаларнинг даромадлари

210-сатрни Ўзбекистонда доимий муассаса (ДМ) орқали фаолият юритаётган норезидентлар тўлдиради .

ДМнинг жами даромади унинг фаолияти билан боғлиқ бўлган даромадлардан иборат . Уларга норезидентларнинг қуйидаги даромадлари киради:

  • доимий муассаса орқали олган даромадлари;
  • норезидентнинг Ўзбекистондаги ДМ мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф қилишдан олган даромадлари;
  • норезидентнинг даромадлари, ш.ж. унинг бошқа давлатлардаги тузилмавий бўлинмаларининг Ўзбекистондаги ДМ орқали амалга ошириладиган фаолиятига айнан ўхшаш ёки бир хил фаолиятни амалга оширишдан оладиган даромадлари;
  • Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган бошқа даромадлар;
  • ДМ фаолияти билан боғлиқ Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар.
Эътибор беринг
ДМ даромадлари таркибида норезидентнинг бош офиси ёки бошқа тузилмавий бўлинмалари олдидаги мажбуриятлари бўйича юзага келадиган курс фарқларини акс эттирманг .

Бошқа даромадлар

221–228-сатрларда Ҳисоб-китобга 1-илованинг 020–210-сатрларида кўрсатилмаган бошқа даромадларни акс эттиринг.

220-сатр автоматик тарзда 221–228-сатрлар йиғиндиси сифатида тўлдирилади.

221–228-сатрларда акс эттириладиган даромадлар ҳақида «Фойда солиғи ҳисоб-китобида бошқа даромадларни қандай акс эттириш мумкин» тавсиясида ўқинг.

Маълумот учун
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг