Кирим касса ордерини қандай расмийлаштириш керак

01.01.2025
author avatar

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари

Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими
author avatar

Дилором САИДОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– кирим касса ордерини расмийлаштириш зарурати:
расмийлаштиришнинг кетма-кетлиги;
тўлдириш ва имзолаш;
– кирим касса ордерини тўлдиришда муҳим жиҳатлар:
автоматлаштирилган ҳисоб-китобда кирим касса ордерини тўлдириш;
– кирим касса ордерини ҳақиқий эмас деб топишга сабаб бўладиган хатолар;
– кирим касса ордерларини сақлаш муддати.

Кирим касса ордерини қачон тўлдириш зарур

Ташкилот кассасига нақд пул қабул қилинганда кирим касса ордерини (ККО) расмийлаштиринг. Кассага топширилаётган пайтда уни бир нусхада ёзинг:

  • сотишдан тушган нақд пул тушуми;
  • ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш учун банк ҳисобварағидан олинган пул;
  • ҳисобдор шахслар томонидан фойдаланилмаган суммалар;
  • ходимлар қайтарган қарз суммалари, зарарни қоплаш суммалари ва б.;
  • таъсисчилардан устав капиталига ҳисса шаклидаги, молиявий ёрдам ёки қарзлар;
  • бошқа барча ҳолатлардаги нақд пуллар.

Кассадаги ККОлар билан тасдиқланмаган нақд пуллар кассадаги ортиқча пул ҳисобланади ва ташкилот даромадига киритилади.

Вазият

Ташкилот талонларнинг ўрнига касса ордерларидан фойдаланди

  
Талонлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга ташкилотнинг бланкалари тугаб қолди ва у талонлар ўрнига кирим касса ордерларидан фойдалана бошлади.

Бу қонунийми?   

– Бу қонуний эмас. Талонлар, билетлар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар қатъий ҳисобот шакллари ҳисобланади ва улар солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказилиши керак. Улар ККОда мавжуд бўлмаган бир қатор мажбурий реквизитларни (рақам, серия ва б.) ўз ичига олади. Шунинг учун аҳоли билан нақд пуллик ҳисоб-китобларда қатъий ҳисобот бланкалари ўрнига ККО квитанциясини бериш мумкин эмас.
Вазият

Ташкилот сотиш чоғида касса чекини беради

 

Харидор нашриёт офисида унга китоб сотишларини сўради. Нашриёт НКМга эга.

ККО расмийлаштириш керакми?   

– Керак эмас. Аҳоли билан нақд ҳисоб-китобларни амалга оширишда барча сотувчилар НКМдан фойдаланишлари ва касса чекини беришлари шарт. Бундай ҳолда кирим касса ордери квитанциясини бериш шарт эмас. Иш куни охирида сотувчи Х-ҳисоботи, назорат тасмаси ва Z-ҳисоботи асосида тузилган битта кирим касса ордери билан барча тушган нақд тушумни кирим қилиши керак.

Эътибор беринг

Онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланилганда, назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир НКМ бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш шарт эмас  .

Онлайн-НКМ ва виртуал касса ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида солиқ органларига ўтказишни таъминлайди .

ККО қандай кетма-кетликда расмийлаштирилади 

Кассага нақд пул тушганда ККОни расмийлаштириш учун қуйидаги ҳаракатлар кетма-кетлигига риоя қилинг:

1) бухгалтерияда бўяб ёзиш ва тузатишларга йўл қўймасдан ККО ва унга квитанцияни қўлда ёки компьютерда бир нусхада тўлдиринг;

2) Кирим ордерларини рўйхатга олиш китобига ордерни рўйхатга олинг;

3) унга ваколатли шахс ёки бош бухгалтер имзосини қўйдиринг;

4) ташкилот муҳри билан тасдиқланг (агар мавжуд бўлса). Одатда, назорат қилиш учун муҳр изининг бир томони йиртиладиган квитанцияда, муҳр изининг иккинчи томони кирим касса ордерида бўлади. Агар корхонада мухр мавжуд бўлмаса, кассирнинг муҳри ёки штампини ишлатса бўлади.

Кассир нақд пулни қабул қилганда:

  • ордернинг тўғри тўлдирилганини – имзоларнинг мавжудлиги ва намунадагига мослигини, сўз билан ёзилган сумма рақамда ёзилгани билан мослигини, ордерда кўрсатилган ҳужжатлар мавжудлигини текширади;
  • қабул қилинган пулларни санайди. Агар ККОда кўрсатилган сумма билан мос бўлса, ордер ва унга квитанцияни имзолайди. Квитанциянинг қирқиладиган жойидан йиртиб олиб, уни пул келтирган шахсга беради;
  • ККОга илова қилинган ҳужжатларга ёзув қилади ёки «Кирим қилинди» деган штампни босади;
  • ККОни касса дафтарининг кассир ҳисоботи ҳисобланган иккинчи варағига тикади.
Вазият

Кассир камомадни аниқлади

 

Кассага келтирилган пулларни санаганда кассир камомадни аниқлади.  

Бундай ҳолатда нима қилиш керак?

– Агар келтирилган нақд пул суммаси ККОда кўрсатилган суммага мос келмаса, кассир киритувчига камомадни қоплашни таклиф қилиши керак. Камомадни қоплашни рад қилса, кассир қуйидагиларни амалга оширади:

  • киритувчига пулни қайтаради;
  • ККОни бекор қилади (кесиб чизиқ тортади) ва зарурат бўлганда янгисини тўлдиради;
  • кассир ҳисоботига кесиб чизиқ тортилган ККОни тикиб қўяди.

ККОни ким тўлдиради ва имзолайди  

ККО қуйидагилар томонидан расмийлаштирилади:

  • бош бухгалтер ёки ташкилот раҳбари буйруғида белгиланган бошқа мансабдор шахс;
  • раҳбар (бош бухгалтер йўқлигида). Агар ташкилотда бош бухгалтер бўлмаса, унинг вазифаларини раҳбар зиммасига юклаш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.

Агар бухгалтерия ҳисобини юритиш тўғрисида шартнома тузилган бўлса (ва ушбу щартномага кўра бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш назарда тутилган бўлса):

  • ихтисослаштирилган ташкилот билан  ККОни ушбу ташкилот ходими расмийлаштиради;
  • жисмоний шахс билан ККОни ушбу шахс расмийлаштиради.

Нақд пулни қабул қилишда ҳам ККОга кассир имзо қўяди.

Агар кассир мажбуриятлари буйруқ билан раҳбарга юклатилган бўлса, у мустақил равишда касса операцияларини юритади, касса ҳужжатларини расмийлаштиради ва имзолайди.

Кирим касса ордерини қандай тўлдириш керак

ККО икки қисмдан иборат:

  • кирим ордерининг ўзи;
  • нақд пулни киритувчига бериладиган йиртиладиган квитанция.

Олдин ордернинг ўзини тўлиқ тўлдирасиз, кейин – квитанцияни.

 

ККО реквизитлари

Нимани кўрсатиш керак

Корхона номи

Ордерни бераётган ташкилотнинг тўлиқ номи

Ҳужжат рақами

Ордер тартиб рақами. Рақамлар йил бошидан тартиб бўйича берилади  

Ҳужжат санаси

Ордер кўчирмаси ва кассага нақд пулни қабул қилиш санаси

Корреспонденция счёти, субсчёти

Бухгалтерия счёти рақами, нақд пул маблағлари кредити бўйича ҳисобга олинади. У операциянинг турига боғлиқ, Масалан, товарларни сотишдан даромадлар – 9020-ҳисобварақ

Дебет

Бухгалтерия ҳисобварағи рақами, нақд пул маблағлари дебети бўйича ҳисобга олинади. Касса – 5010-ҳисобварақ

Сўм, тийин суммаси

Кассага кирим қилинаётган пулнинг суммаси рақамларда. Масалан, 350 000,00

Белгиланган мақсад коди

Одатда чизиқча қўйилади. Аммо сиз чек дафтарчасига қўйган нақд пул ҳаракати бўйича касса символини кўрсатишингиз мумкин

Кимдан олинган

Кассага пул киритган шахснинг Ф.И.Ш

Асос

Нақд пул тушиши асосида хўжалик операциясининг тавсифи. Масалан: «чакана тушум», «банкдан олинган пуллар», «қарзни қайтариш»

Сўм, тийин сатри

Кассага тушган сумма сўз билан бош ҳарфларда ёзилади – сўмда, тийин – рақамларда. Масалан: «Бир юз йигирма минг сўм, 50 тийин»

Иловалар

Илова қилинган бирламчи ҳужжатларнинг реквизитлари, агар улар мавжуд бўлса

Бир вақтнинг ўзида кирим касса ордери билан унга квитанцияни ҳам тўлдиринг. Унда ККО маълумотларини такрорланг, ордердаги каби тўлдириш санаси ва рақамини қилиб қўйинг.

Ордер маълумотлари ва квитанция маълумотлари бир-бирига мос келиши керак.

Автоматлаштирилган ҳисоб-китобда ККОни қандай тўлдириш керак

Агар бухгалтерия дастуридан (1UZ, 1С ёки б.) фойдалансангиз, ККО ва бошқа касса ҳужжатларини тўлдириш жараёни соддалашади. Бу дастурлар касса ҳужжатларини автоматик равишда тўлдириш имконини беради.

Дастурда ККОни шакллантиринг, унга квитанциядаги маълумотлар автоматик тарзда тўлдирилади. Кейин ККО ва квитанцияни бир нусхада чоп этинг.

Дастурдан фойдаланганингизда касса ҳужжатларини нотўғри тўлдириш эҳтимоли камаяди.

Қандай хатолар кирим касса ордерини ҳақиқий эмас деб топишга сабаб бўлади

ККОда қуйидаги хатоларга йўл қўйилиши мумкин:

  • кассир штампи қўйилмаган.

Кассир пулни қабул қилиб олгандан кейин ордерга имзо қўяди, унга илова қилинган ҳужжатларга эса «Кирим қилинди» штампини қўйиши керак;

  • олувчининг Ф. И. Ш. ўрнига банк номи ёзилган.

Кирим касса ордерида банк номини эмас, балки пулни кассага киритган шахснинг Ф. И. Ш.ни кўрсатишингиз керак. Агар пулни банкдан кассир олиб келган бўлса, у ҳолда унинг маълумотларини кўрсатинг;

  • тузатишлар киритилган бўлса.

Ордерни тўлдиришда унга тузатишлар киритиш, тузатувчи билан ёки бошқа шаклда ёзувларни ўзгартириш мумкин эмас. Агар хатога йўл қўйган бўлсангиз, унда янги ҳужжатни расмийлаштиринг. Бузиб тузилган бланкани бекор қилинг ва уни касса ҳисоботига илова қилинг;

  • киритилган нақд пул суммаси билан кирим ордеридаги сумма мос эмас.

Кирим ордеридаги сумма киритувчи томонидан киритилган сумма билан мос келиши керак. Агар қандайдир сабабларга кўра ордердаги сумма ҳақиқатда киритилган суммадан фарқ қилса, унда янги ордер расмийлаштиринг;

  • ККОдаги сумма тушунарсиз қилиб ёзилган.

У ҳеч қандай бўяб ёзишларсиз ва тузатишларсиз, аниқ ва тушунарли қилиб ёзилиши керак;

  • квитанциядаги маълумотлар кирим ордеридаги маълумотларга мос эмас.

Квитанциядаги маълумотлар ордердаги маълумотларга мос келиши керак. Бу ҳамма маълумотларга тегишли: суммалари, асослари, имзолари ва санаси;

  • кассага пул киритилишининг сабаби кўрсатилмаган.

Кирим касса ордерида қисқа ва аниқ қилиб пулнинг кассага киритилиш сабабини кўрсатинг. Масалан: «10.04.2023 йилдаги 5-сон бўнак ҳисоботи бўйича Аҳмедов И. қайтарган ҳисобдор маблағ»;

  • бош бухгалтер имзоси мавжуд эмас.

Ордерга бош бухгалтер ёки молиявий бошқарув ва бухгалтерия ҳисоби вазифаларини амалга оширувчи шахснинг имзоси қўйилган бўлиши керак. Акс ҳолда кассир томонидан ордер ижро учун қабул қилинмаслиги керак.

Вазият

ККОда хатога йўл қўйилган

 

ККОни тўлдиришда хатога йўл қўйилган.  

Хатони қандай тузатиш мумкин?   

– Хатони ККОнинг ўзида тузатиш мумкин эмас. Уни янги бланкада қайта ёзинг. Бузиб тузилган ордерни бекор қилинг ва касса ҳисоботига илова қилинг.

Кирим касса ордерларини сақлаш муддати

Бирламчи ҳужжатларни ҳисобот давридан кейинги камида 5 йил мобайнида сақланг. Бу «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасидан, «Ўзархив» агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Бошқарув ҳужжатларининг намунавий рўйхатидан келиб чиқади. Солиқларни ҳисоблаш билан боғлиқ бухгалтерия ҳужжатлари солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати тугагунга қадар, яъни натижалари бўйича солиқ мажбурияти аниқланадиган солиқ даври тугаганидан кейин камида 3 йил ўтгач сақланади .

Вазият

Ташкилот сақланаётган ККОни йўқ қилмоқчи

 

2020 йил январда ёзилган кирим касса ордерлари бухгалтерияда сақланмоқда.

Уларни йўқ қилиш мумкинми  

– Бундай вазиятда ККОни 2026 йилдан олдинроқ йўқ қилиш мумкин эмас.

Йўқ қилиш учун ҳужжатларни танлашда уларнинг қимматлилиги юзасидан экспертиза ўтказинг. Бунинг учун раҳбарнинг буйруғи билан ташкилот мутахассисларидан ташкил топган раҳбар раислигидаги ёки унинг ўринбосари иштирокида эксперт комиссиясини тузинг. Эксперт комиссиясининг ишини ташкиллаштириш учун Низом ишлаб чиқинг.

Давлат архивининг вакилини комиссия таркибига киритишингизни тавсия қиламиз. Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси ва архив ҳужжатларини депозитар сақлаш хизматлари тўлов асосида амалга оширилишини ҳисобга олинг.

Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси ўтказилгандан кейин далолатнома тузинг, унда йўқ қилинадиган ва сақланадиган ҳужжатлар рўйхатини кўрсатинг. Фақат йўқ қилиниш учун белгиланган ҳужжатлар йўқ қилиниши мумкин.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг