Асосий воситаларнинг келиб тушишини қандайни ҳисобга олиш керак

27.03.2024
author avatar

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари

Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими
author avatar

Олег ЦОЙ

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– корхонада АВлар келиб тушиши ҳолатлари:
– АВ бошланғич қиймати ҳисоб-китоби;
– АВ қиймати ўзгариши;
– АВ келиб тушиши ҳисоби.

 

Эътибор беринг
2025 йил 1 январдан бошлаб янги 5-сон БҲМС кучга кириши муносабати билан тавсия шу муддатга қадар амал қилади.

Қандай ҳолларда асосий воситалар келиб тушиши мумкин

Асосий воситалар (АВ) корхонага қуйидагилар натижасида келиб тушиши мумкин:

Асосий воситанинг бошланғич қийматини қандай аниқлаш керак

Асосий воситаларни ҳисобга қуйидаги формула бўйича ҳисоб китоб қилинадиган бошланғич қиймати бўйича қабул қилинг :

АВ бошланғич қиймати = Сотиб олиш қиймати (етказиб берувчиларга тўланган суммалар) + АВ сотиб олиш билан боғлиқ барча харажатлар.

 

АВни сотиб олиш билан боғлиқ бўлган харажатларга қуйидагиларни киритинг:

  • рўйхатга олиш йиғимлари, давлат божлари ва АВларга бўлган ҳуқуқни харид қилиш (олиш) бўйича амалга оширилган бошқа шунга ўхшаш тўловлар;
  • божхона божлари ва йиғимлари;
  • АВлар объектларини сотиб олиш (барпо этиш) муносабати билан қопланмайдиган солиқлар, тўловлар ва йиғимлар суммалари. Қопланмайдиган солиқларга мисол бўлиб, ҚҚС тўловчиси бўлмаган шахс томонидан сотиб олинган АВлар қийматида ҳисобга олинадиган ҚҚС ҳисобланади;
  • АВлар объектларини сотиб олиш (барпо этиш) билан боғлиқ ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланадиган суммалар;
  • АВлар объектларини етказиб бериш (барпо қилиш) хатарини суғурталаш бўйича харажатлар;
  • АВлар объекти воситачилар орқали олинганда уларга тўланадиган мукофотлар;
  • АВларни ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга тушириш харажатлари;
  • активни ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар.

Қуйидагиларни АВнинг бошланғич қийматига киритманг:

  • агар АВлар қарз маблағлари ҳисобига сотиб олинган бўлса кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар;
  • сотиб олинган АВнинг тўлови билан боғлиқ бўлган банк хизматлари. Шу жумладан аккредитив очиш, ўтказмалар учун банк комиссияси ва хорижий валютанинг конвертацияси бўйича харажатлар;
  • АВни сотиб олишга шартномаларни тайёрлаш ва рўйхатга олиш бўйича харажатлар.

Бу корхонанинг жорий харажатлари.

Асосий воситалар ҳақини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, унда мазкур асосий воситалар бухгалтерия ҳисобига кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашни ҳисобга олмаган ҳолдаги сотиб олиш қиймати бўйича қабул қилинади .

Агар шартнома шартларида инфляцияни ҳисобга олган ҳолда муайян муддат давомида тўлов назарда тутилган бўлса сотиб олиш қиймати ва ҳақиқатдаги тўловлар ўртасидаги фарқни ҳисобда молиявий харажатлар сифатида акс эттиринг (9610-«Фоизлар кўринишидаги харажатлар» счети).

Фоизлар суммасини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича умумий тўловлар суммасидаги жорий тўловнинг улушига қараб аниқланг.

Мисол
Бўлиб бўлиб сотиб олишда АВларнинг қийматини ва молиявий харажатларнинг суммасини қандай аниқлаш мумкин
Корхона 120 БҲМ қийматидаги АВни йил давомида ҳар ой 10 БҲМ дан тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олди.
Сотиб олингандан 3 ойдан сўнг БҲМ 10 % га ошди.
Йилига умумий тўловлар суммаси қуйидагини ташкил этади:
10 БҲМ х 3 ой. + 10 БҲМ х 1,1 х 9ой. = 129 БҲМ
Бу ерда БҲМ – АВни сотиб олиш пайтига базавий ҳисоблаш миқдори.
АВ 120 БҲМ қиймат бўйича кирим қилинади. БҲМ ошиши содир бўлган тўртинчи ойдан бошлаб 9 ой давомида, яъни ҳар ой 1 БҲМдан 9 БҲМ миқдоридаги фарқ (129 БҲМ – 120 БҲМ) молиявий харажатларга киритилади.

АВнинг бошланғич қиймати у корхонага қандай қилиб келиб тушганлигига ҳам боғлиқ:

 

Хўжалик операцияси натижасида АВ келиб тушганлиги

Бошланғич қиймат қандай аниқланади

Корхонанинг ўзида тайёрланиши

 

АВларни барпо қилиш (қуриш, қўшимча қуриш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси. Қурилиш даврида қурилиш учун олинган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизлар бошланғич қийматга киритилади.

Активнинг мақсадга мувофиқ ишлатилишини текшириш чоғида олинган маҳсулотлар соф реализация қилинадиган қиймат бўйича кирим қилинади ва АВнинг бошланғич қийматини шакллантиришда капитал қўйилмалар суммасидан чегириб ташланади

Хорижий валютага АВ сотиб олиниши

АВ сотиб олинишини тасдиқловчи бирламчи ҳисоб ҳужжатларида (товар кузатув ҳужжатлар ёки БЮД) кўрсатилган қиймат, уларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасига МБ курси бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинганда

Устав фондига ҳисса ҳисобига олиниши

Корхонанинг таъсисчилари томонидан келишилган пул баҳоси

Хўжалик жамиятининг таъсисчилари таркибидан чиқишда ёки тугатилаётган хўжалик жамиятининг таъсисчилари ўртасида мол-мулкни қайта тақсимлашда келиб тушиши 

Олинган АВ қабул қилиш-топшириш ҳужжатларида кўрсатилган қиймат

Бепул (ҳадя шартномаси бўйича) олиниши

Бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасига жорий қиймат*

Тайёр маҳсулотлар таркибидан АВга ўтказилиши

Низомга мувофиқ аниқланадиган тайёр маҳсулотнинг ишлаб чиқариш қиймати

ТМЗ (тайёр маҳсулотдан ташқари) таркибидан АВга ўтказиш

4-сон БҲМС «Товар-моддий захирлар»га мувофиқ аниқланадиган ТМЗ баланс қиймати

Бошқа АВлар ўрнига олиниши

Берилган АВлар қолдиқ қиймати.

Агар АВлар бошқаларга тўлов билан алмаштирилаётган бўлса, алмашишга сотиб олинган АВлар бошланғич қиймати берилган АВларнинг алмашаётганда берилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквиваленти суммасига кўпайтирилган (камайтирилган)  қолдиқ қийматига тенг

Пул маблағлари бўлган воситалар билан мажбуриятларни (тўловни) бажаришни назарда тутувчи шартномалар бўйича олиниши 

Корхона томонидан берилган ва бериладиган қимматликларнинг қиймати. Ушбу қиймат таққосланадиган шароитда корхона шунга ўхшаш қимматликларнинг қийматини белгилайдиган нархдан келиб чиқиб белгиланади.Агар корхона томонидан берилган ва бериладиган қимматликларнинг қийматини белгилаш имкони бўлмаса, АВ қиймати таққосласа бўладиган шароитда сотиб олинаётган  ўхшаш АВ қийматидан келиб чиқиб аниқланади

Молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олиниши

Молиявий ижара ижарага олувчининг (лизинг олувчининг) бухгалтерия ҳисобида молиявий ижара объекти жорий қийматига тенг бўлган молиявий ижара муддати бошидаги ёки минимал ижара (лизинг) тўловлари (агар улар пастроқ бўлса) дисконтланган қиймати суммаси бўйича актив ва мажбурият сифатида тан олинади

Ортиқча (ҳисобга олинмаган) АВ аниқланиши

Ортиқча аниқланган санада ўхшаш АВларнинг уларнинг ҳақиқатдаги ҳолатини  ҳисобга олган ҳолда бозор қиймати

* АВларнинг муайян санага амалдаги бозор нархлари бўйича қиймати ёки бир-биридан мустақил бўлган битимни тузишни хоҳловчи хабардор бўлган томонлар ўртасида битимни тузишда активларни сотиб олиш ва мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлган сумма

Эслатиб ўтамиз
Жадвалда келтирилган барча ҳолатларда АВлар бошланғич қийматига уларни сотиб олиш билан боғлиқ бўлган қўшимча харажатлар ҳам киритилади .
Мисол
Автомобиль ва автомобиль тўпламини сотиб олиш бўйича харажатларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак
Корхона:
– маъмурий эҳтиёжлари учун енгил автомобиль ва автомобиль тўпламини (аптечка, ўт ўчирувчи мослама, авария тўхташ белгисини) сотиб олди;
– транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ва фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича харажатларни тўлади.
Автомобиль АВ сифатида тан олиш мезонларига жавоб беради.
Транспорт воситасини кирим қилиш учун АВни қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузувчи комиссия ташкил қилинди.
Далолатномада қуйидаги маълумотларни кўрсатиш зарур:
– кирим қилинаётган транспорт воситасининг номи;
– унинг ишлаб чиқариш санаси;
– қисқача тавсифини, шу жумладан маркаси, кузов рақами, двигатель рақами, шасси;
– бошланғич қийматини;
– тайинланган инвентарь рақами;
– аналитик ҳисоб учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.
Қабул қилиш-топшириш далолатномасига транспорт воситасига техник ҳужжатлар илова қилинади.
Далолатнома корхонанинг раҳбари томонидан тасдиқланади.
Автомобилнинг бошланғич қийматига етказиб берувчидан сотиб олинган қиймат ва рўйхатдан ўтказиш харажатлари киритилади.
Ўт ўчириш мосламаси, аптечка ва авария белгиси ТМЗга киритилади (1080-счёт). Инвентарь ва хўжалик жиҳозларини фойдаланишга бериш пайтида уларнинг қиймати тўлиқ харажатларга ҳисобдан чиқарилади ва балансдан ташқари 014-«Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари» счётида ҳисобга олинади.
Агар инвентарьь ва хўжалик жиҳозлари кейинги фойдаланиш учун яроқсиз бўлса, улар ҳисобдан чиқариш далолатномасига асосан 014-счётидан ҳисобдан чиқарилади.
Фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича харажатлар давр харажатларига киритилади.
Бухгалтерия ҳисобида автомобиль ва автомобиль тўпламини сотиб олиш қуйидагича акс эттирилади:
    

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Автомобиль сотиб олинди

0820

6010

Автомобилни рўйхатдан ўтказиш бўйича харажатлар акс эттирилди

0820

6010
6990

Автомобилни фойдаланишга топширилди

0160

0820

Ўт ўчириш мосламаси, аптечка ва авария белгиси сотиб олинди

1080

6010

Ўт ўчириш мосламаси, аптечка ва авария белгисини фойдаланишга беришда харажатларга ҳисобдан чиқарилди

9420

1080

014



Мажбурий суғурталаш бўйича харажатлар акс эттирилди

9420

6010
6990

Агар Сиз сотиб олинган мулкни бир нечта инвентарь объектлари сифатида карим қилсангиз, сотиб олиш ҳужжатларида эса умумий сумма кўрсатилган бўлса, уни ҳар бир объект жорий қийматига мутаносиб равишда тақсимланг .

Мисол
Умумий суммани бир нечта инвентарь объектлари ўртасида қандай қилиб тақсимлаш керак
Умумий овқатланиш корхонаси умумий суммаси 15 млн сўм бўлган музлатгич, музлатиш камераси, газ плитаси ва духовкадан иборат ошхона техникаси тўпламини сотиб олди.
Ушбу барча предметлар – мустақил инвентарьь объектлари, чунки уларнинг ҳар бири бошқалардан алоҳида ишлаши мумкин. Ушбу активларнинг хизмат муддатини аниқлаш лозим.
Техник ҳужжатларга асосан у бир йилдан ортиқ муддатни ташкил этади. Корхонанинг ҳисоб сиёсатида АВга 3 млн сўм ва юқори қийматли мезон белгиланган. Олинган активларни бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттириш учун ҳар бир объектнинг жорий қийматини аниқлаш лозим.
Етказиб берувчининг нарх маълумотномасига асосан у қуйидагиларни ташкил этади:
музлатгич – 10 млн сўм;
музлатиш камераси – 5 млн сўм;
газ плитаси – 3 млн сўм;
духовка – 2 млн сўм.
Нарх маълумотномаси бўйича умумий қиймат – 20 млн сўм. (10 + 5 + 3 + 2).
Кейин ҳар бир объектнинг сотиб олиш қиймати аниқланади:
музлатгич – 7,5 млн сўм. (10 : 20 х 15);
Музлатиш камераси – 3,75 млн сўм. (5 : 20 х 15);
газ плитаси – 2,25 млн сўм. (3 : 20 х 15);
духовка – 1,5 млн сўм.( 2 : 20 х 15).
Музлатгич ва музлатиш камераси АВга киритилади, чунки уларнинг қиймати 3 млн сўмдан ортиқ.
Газ плитаси ва духовка инвентарь ва хўжалик жиҳозларига киритилади, чунки уларнинг қиймати 3 млн сўмдан кам.

Қандай ҳолларда асосий воситаларнинг қиймати ўзгариши мумкин

АВнинг қийматини қуйидагилар натижасида ўзгартириш мумкин:

  • қўшимча қуриш;
  • қўшимча асбоб-ускуналар ўрнатиш;
  • реконструкция қилиш;
  • модернизация;
  • техник қайта қуроллантириш;
  • қисман тугатиш;
  • қайта баҳолаш.

Қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар ва модернизация қилиш АВнинг технологик ёки хизмат вазифаси ўзгариши, эҳтимолий юклама даражасини ошириш ва бошқа яхшиланиши билан боғлиқ.

Реконструкция қилиш – ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш билан боғлиқ бўлган мавжуд асосий воситаларни қайта қуриш. Ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатини яхшилаш ва номенклатурасини ўзгартириш мақсадида АВларни реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича амалга оширилади.

Техник қайта қуроллантириш – илғор техника ва технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва автоматлаштириш, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни модернизация қилиш ва уларни янги, унумдорлиги янада юқори бўлганларига алмаштириш бўйича тадбирлар мажмуидир .

Мисол
Деразалар, эшиклар, иситиш ва вентиляция тизимларини алмаштириш, кондиционерни ўрнатиш натижасида бинонинг бошланғич қиймати  ўзгарадими
Корхона маъмурий бинода эски ёғоч деразалар ва эшикларни янги алюминларига алмаштирди, кондиционерлар, иситиш ва вентиляция тизимини ўрнатди. Бироқ ушбу ўзгаришлар бинонинг қийматини оширмайди.
Дераза ва эшикларни алмаштириш, кондиционерлар, иситиш ва вентиляция тизимларини ўрнатиш бинонинг асосий техник-иқтисодий параметрларини (майдон, ҳажм ёки қаватини) ёки унинг функционал вазифаларини ўзгартирмайди. Ушбу ҳолатда бу капитал таъмирлаш харажатларидир.
АВнинг бошланғич қиймати қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар, реконструкция ёки модернизация қилиш ҳолатларида ошиши мумкин. Агар қурилиш ишлари натижасида бинонинг техник-иқтисодий параметрлари, масалан, ёнига қўшимча қуриш, устига қуриш, бинони қайта қуриш, унинг конструкциясини ўзгартириш (ёғоч плиталарини темир бетонларига, ғиштли деворларини монолит темир бетонликларига алмаштириш) ҳисобига ўзгарса, у ҳолда бундай ишларнинг қиймати бинонинг қийматини оширади.
Таъмирлашнинг барча турлари бўйича харажатлар улар амалга оширилган давр харажатларига (шу жумладан капитал таъмирлашга харажатларга киритилади.
Агар бу ишлаб чиқариш биноси бўлса, АВларни ишчи ҳолатда сақлаш бўйича барча харажатлар маҳсулот (иш, хизмат) таннархига киритилади, агарда бино маъмурий функцияларни бажариш учун мўлжалланган бўлса, давр харажатларига киритилади.
Кондиционерлар, иситиш ва вентиляция тизимлари, уларни тан олиш мезонларига мувофиқлиги шарти билан алоҳида АВларнинг инвентарь объектлари сифатида кўриб чиқилиши лозим.

Асосий воситаларнинг келиб тушишини қандай ҳисобга олиш керак

АВнинг келиб тушиши бўйича операцияларни бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттиринг:

 

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Қурилиши тугалланган ва фойдаланишга топширилган объектларни АВ таркибига киритиш

0120

0810

Олди-сотди шартномаси бўйича сотиб олинган объектларни АВ таркибига киритиш

01100190

0820

Молиявий ижара шартномаси тугагандан сўнг молиявий ижара шартномаси бўйича олинган объектларни АВ таркибига киритиш

01100190

0310

Таъсисчилар томонидан устав фондига ҳиссалар (пайлар) сифатида киритилган ёки акция учун тўлов ҳисобига келиб тушган АВни кирим қилиш

0820
01100190

4610
0820

АВ текин келиб тушиши

0820
01100190

8530
0820

Алоҳида бўлинмалар, шуъба ва қарам хўжалик жамиятларидан АВ келиб тушиши

01100190

6110
6120

Ерни ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларни АВ таркибига киритиш

0111

0850

Молиявий ижара бўйича олинган АВларни ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларни АВлар таркибига киритиш

0112

0860

Ишчи ва маҳсулдор чорвани АВ таркибига киритиш

0170

0840

 

Маълумот учун
Қайси ҳолларда ва қандай АВларни балансдан ташқари счетларда ҳисобини юритиш тўғрисида, тавсияда ўқинг. 
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг