11.01.2019

 

2019 йил I чораги учун Фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномани ДСИга тақдим этиш билан боғлиқ вазият бу ҳафта энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди. Солиқчилар уни топширмаган ёки «ноль» билан тўлдирган солиқ тўловчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш-қўлламасликлари ҳақида солиқ маслаҳатчиси Гулнора Эргашева тушунтириш беради.

 

10 январь ортда қолганлиги муносабати билан ҳаммани тинчлантирмоқчиман: солиқ органлари ҳеч қандай молиявий, маъмурий ёки бошқа тусдаги чораларни қўлламасликлари керак.

 

Бу Солиқ кодексидан келиб чиқади.

 

Жорий тўловларни тўлаш – солиқ тўловчининг мажбурияти. Солиқ тўловчилар уни белгиланган муддатда бажаришлари керак, бу Солиқ кодексининг 32, 34, 36-моддаларида назарда тутилган.

 

Ягона солиқ тўловини тўлашдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган юридик шахслар фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлаш мажбуриятига эга эмас. Бу Солиқ кодексининг 354-моддасидан келиб чиқади. Ушбу нормага мувофиқ, улар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган биринчи чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилинади.

 

Савол юзага келади: улар 10 январгача Фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисида маълумотнома тақдим этишлари шарт эдими?

 

Бу саволга жавоб бериш учун Солиқ кодексига мурожаат қиламиз.

 

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловнинг ҳар бир тури бўйича ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китоблар ҳамда солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ва солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган ҳужжати бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда тузилади (Солиқ кодексининг 43-моддаси). Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан Солиқ кодексида белгиланган муддатларда тақдим этилади (Солиқ кодексининг 45-моддаси).

 

Фойда солиғи бўйича жорий тўловларнинг суммасини аниқлаш учун солиқ тўловчилар жорий ҳисобот даври биринчи ойининг 10-кунигача ДСХОга жорий ҳисобот даври учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси ҳақида маълумотнома тақдим этадилар. Бу сумма тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдадан ва солиқнинг белгиланган ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

Жорий тўловлар ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай йил чораги бўйича фойда солиғи суммасининг учдан бир қисми миқдорида тўланади.

 

Диққат
Ҳисобот даврида тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойда энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан кам миқдорни ташкил этадиган солиқ тўловчилар жорий тўловларни тўламайди.

 

Ҳисобот даврида тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойда энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан кам миқдорни ташкил этадиган солиқ тўловчилар жорий тўловларни тўламайди.

 

Фойда солиғининг ҳисоб-китоб суммаси ҳисобот даври учун бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқнинг ҳақиқий суммасига нисбатан 10 фоиздан кўпроқ камайтирилган тақдирда, солиқ органи пеня ҳисоблашга ҳақли.

 

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлаш ҳисоб-китобларни топшириш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади (Солиқ кодексининг 164-моддаси).

 

Жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномага (22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) изоҳ берилган:

 

1. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ озод бўлиш кўринишида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёз берилган бўлса, 010, 040, 070 ва 110-сатрларда «0» қўйилади;

 

2. Агар 010-сатр қиймати энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан камни ташкил этса, 020, 030-сатрларда «0» қўйилади ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўланмайди.

 

Шу тариқа, фойда солиғини тўлашдан озод қилинмаган, бироқ жорий тўловларни тўламайдиган солиқ тўловчилар учун «ноль» билан ҳисобот топшириш назарда тутилмаган.

 

Хулоса чиқарамиз: ЯСТни тўлашдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган солиқ тўловчилар биринчи чорак учун Фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашга доир маълумотномани тақдим этишлари керак эмас, сабаби жорий тўловларни тўлаш мажбурияти йўқ.

 

Маълумотномани «ноль» билан топширган  солиқ тўловчилар ҳам ҳеч қандай ҳуқуқбузарликка йўл қўймаганлар. Бироқ фақат солиқ тўлашдан озод қилинганда «ноль» назарда тутилганлиги боис компьютер дастури пеня ҳисоблаши мумкин. Солиқ органлари буни эътиборга олиб, солиқ тизимига бундай жиддий ўзгартиришлар киритилаётган пайтда санкцияларни ноҳақ қўлламасликларига умид қиламиз.