БҲМС бўйича молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот қандай тузилади
Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда ташкилотнинг даромадлари ва харажатлари, соф фойдаси (зарари) тўғрисидаги ахборот очиб берилади.
Ҳисоботни тайёрлаш чоғида 1-сон БҲМСнинг 7-бобига амал қилинг.
Ҳисобот шакли Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низомга 2-иловада келтирилган.
Ҳисоботни минг сўмда тўлдиринг.
Ҳисоботнинг 3 ва 4-устунларида ўтган йил учун маълумотларни, 5 ва 6-устунларида эса ҳисобот йили учун кўрсаткичларни кўрсатинг.
010-«Маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни реализация қилишдан соф тушум» сатрида тушумни ҚҚС ва акциз солиғини чегириб, қайтарилган товарлар ва тайёр маҳсулотлар қийматини, шунингдек берилган чегирмаларни ҳисобга олган ҳолда акс эттиринг.
Ушбу сатрни 9000 асосий (операцион) фаолиятдан даромадларни ҳисобга олувчи счётлардаги маълумотларга асосланиб тўлдиринг.
Асосий фаолияти мол-мулкни ижарага (лизингга) бериш бўлган ташкилотлар ижарадан даромадни 010-сатрда акс эттирадилар. Ижарани ҳисобга олиш тўғрисида батафсил тавсияларда ўқинг.
Воситачилик корхоналари 010-сатрда воситачилик ҳақи суммасини ҚҚСни чегирган ҳолда акс эттирадилар. Воситачилик операцияларини ҳисобга олиш тўғрисида батафсил тавсияларда ўқинг.
020-«Реализация қилинган маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларнинг таннархи» сатрида 9100-счётларда ҳисобга олинган таннархни кўрсатинг. Ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар таркиби Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 1-бўлимида белгиланган.
030-«Маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни реализация қилишдан ялпи фойда (зарар)» сатрида 010 ва 020-сатрлар кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ ҳисобланади.
040-«Давр харажатлари, жами» сатрида қуйидаги сатрлар кўрсаткичлари суммаси ҳисобланади:
- 050-«Реализация қилиш бўйича харажатлар» – маҳсулотни истеъмолчига етказиб бериш, транспорт воситаларига юклаб ортиш билан боғлиқ харажатлар, маркетинг билан шуғулланувчи бўлимлар ва ходимларнинг харажатлари ва бошқалар (9410-счёт). Реализация қилиш бўйича харажатлар таркиби Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 2.1-бўлимида белгиланган;
- 060-«Маъмурий харажатлар» – корхонани бошқариш, бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, умуммаъмурий мақсадлардаги асосий воситаларни таъмирлаш, умумхўжалик мақсадларидаги биноларни ижарага олиш бўйича харажатлар ва бошқалар (9420-счёт). Маъмурий харажатлар таркиби Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 2.2-бўлимида белгиланган;
- 070-«Бошқа операцион харажатлар» – ишлаб чиқариш жараёни, молиявий фаолият билан боғлиқ бўлмаган операцион фаолиятда юзага келадиган ва фавқулодда харажатлар хусусиятига эга бўлмаган харажатлар (9430-счёт). Бошқа операцион харажатлар таркиби Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг 2.3-бўлимида белгиланган.
090-«Асосий фаолиятдан бошқа даромадлар» сатрида қуйидагиларни кўрсатинг (9300-счётлар):
- асосий воситалар ва бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда;
- ундирилган пеня, жарима ва неустойкалар;
- ўтган йилларнинг даромадлари;
- оператив ижарадан даромадлар;
- кредиторлик ва депонент қарзларини ҳисобдан чиқаришдан даромадлар;
- хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг даромадлари;
- беғараз молиявий ёрдам суммалари;
- бошқа операцион даромадлар.
100-«Асосий фаолиятдан фойда (зарар)» сатрида корхонанинг асосий фаолиятидан молиявий натижа қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 030-сатр – 040-сатр + 090-сатр.
110-«Молиявий фаолиятдан даромадлар, жами» сатрида қуйидаги сатрлар бўйича кўрсаткичлар суммаси ҳисобланади:
- 120-«Дивидендлар шаклидаги даромадлар» – Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида бошқа корхоналар фаолиятида улушли иштирок этишдан олинган даромадлар; корхонага тегишли акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар бўйича дивидендлар (9520-счёт);
- 130-«Фоизлар шаклидаги даромадлар» – узоқ муддатли ва жорий инвестициялар бўйича даромадлар (9530-счёт);
- 140-«Молиявий ижарадан даромадлар» – асосий фаолияти мол-мулкни молиявий ижарага бериш бўлмаган корхоналар тўлдиради (9550-счёт);
- 150-«Валюта курси фарқларидан даромадлар» – валюта операциялари бўйича ижобий курс фарқларидан, шу жумладан баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолашдан даромадлар (9540-счёт);
- 160-«Молиявий фаолиятдан бошқа даромадлар» – роялтидан, қимматли қоғозларни қайта баҳолашдан даромадлар ва бошқалар (9510, 9560 ва
9590-счётлар).
170-«Молиявий фаолият бўйича харажатлар, жами» сатрида қуйидаги сатрлар бўйича кўрсаткичлар суммаси ҳисобланади:
- 180-«Фоизлар шаклидаги харажатлар» – банк кредитлари ва қарзлар бўйича фоизларни тўлаш учун харажатлар (9610-счёт);
- 190-«Молиявий ижара бўйича фоизлар шаклидаги харажатлар» – молиявий ижара (лизинг) бўйича фоизларни тўлаш учун харажатлар (9610-счёт);
- 200-«Валюта курси фарқларидан зарарлар» – валюта операциялари бўйича манфий курс фарқлари ва баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолашдан (9620-счёт);
- 210-«Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар» – қимматли қоғозларни чиқариш ва тарқатиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқалар (9630 ва
9690-счётлар).
220-«Умумхўжалик фаолиятидан фойда (зарар)» сатрида корхонанинг умумхўжалик фаолиятидан молиявий натижа қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 100-сатр + 110-сатр – 170-сатр.
230-«Фавқулодда фойда ва зарарлар» сатрида фавқулодда ҳодисалар натижаларини акс эттиринг. Уларга корхонанинг одатдаги фаолиятидан аниқ фарқ қиладиган, яъни тез-тез ёки мунтазам равишда юз бермайдиган ҳодисалар ёки битимлар киради
. 3 ва 5-устунларда 9710-счёт бўйича маълумотларни,
4 ва 6-устунларда эса 9720-счёт бўйича маълумотларни кўрсатинг.
240-«Фойда солиғи тўлангунгача фойда (зарар)» сатрида 220 ва 230-сатрлар бўйича кўрсаткичлар суммаси +/– белгисини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади.
250-«Фойда солиғи» сатрида ҳисобот даври учун ҳисобланган фойда солиғи суммасини кўрсатинг (9810-счёт).
Сизга қуйидаги тавсиялар фойдали бўлиши мумкин:
260-«Бошқа солиқлар ва фойдадан бошқа мажбурий тўловлар» сатрида фойда ҳисобидан тўланадиган, ҳисобот даври учун ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини (шу жумладан айланмадан олинадиган солиқни) кўрсатинг (9820-счёт).
270-«Ҳисобот даврининг соф фойдаси (зарари)» сатрида қуйидаги формула бўйича ҳисобланадиган якуний молиявий натижа аниқланади: 240-сатр – 250-сатр – 260-сатр.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг
- БҲМС бўйича хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот қандай тузилади
- БҲМС бўйича бухгалтерия баланси қандай тузилади
- БҲМС бўйича пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тузиш тартиби
- Қурилиш-монтаж ишларидан олинган даромадларни ҳисоботда қандай қилиб тўғри акс эттириш керак
- Молиявий фаолият бўйича харажатларни қандай шакллантириш керак

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter