2020 йилда солиқ солиш тартиби қандай танланади

preview

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан солиқ солишнинг икки тартибидан бирини – айланмадан солиқ ҳамда фойда солиғи ва қўшилган қиймат солиғини тўлашни танлаш қоидалари ва муддатлари ўзгарди. Ушбу масалалар юзасидан молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ тавсиялар беради.

Умумий қоидалар

2020 йил 1 январдан амалга киритилган Солиқ кодексига мувофиқ ягона солиқ тўловчи ўрнига айланмадан солиқ жорий этилган, у қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ўрнига тўланади.

Айланмадан солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи қуйидагиларга тақдим этилади:

1) солиқ даврида жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари;

2) солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади 100 млн сўмдан ошган, лекин 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар.

Диққат

Солиқ тўловчига айланмадан солиқ тўлаш билан бир қаторда қуйидаги мажбуриятлар ҳам юкланади:

  • Солиқ кодекси билан унинг зиммасига юкланган ҚҚС ва фойда солиғи бўйича солиқ агенти ;
  • Солиқ кодексида бошқача ҳолат белгиланмаган бўлса, ҳисобварақ-фактураларни ёзиб бериш, харидлар ҳисоби китобини ва сотувлар ҳисоби китобини юритиш бўйича.

Айланмадан олинадиган солиқ қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар ҚҚС ва фойда солиғини тўлашлари шарт:

  • cолиқ даври давомида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромади 1 млрд сўмдан ошган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • товарларни импорт қилувчиларга;
  • акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва (ёки) фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
  • қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда 50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
  • лотореяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларга;
  • оддий ширкат ишларини юритиш  зиммасига юклатилган ишончли шахсларга;
  • қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорларига, ваколатли органнинг инвестиция лойиҳаси  амалга оширилмаганлиги тўғрисидаги хулосаси киритилганда;
  • марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи корхоналарга.

2020 йилда сизда айланмадан солиқ тўлаш ҳуқуқи ёки мажбурияти мавжуд бўлса, нима қилиш керак?

Корхона 2019 йилда қуйидаги солиқларни тўловчи бўлган тақдирда, айланмадан солиқ тўлашга ҳақлидир:

  • ЯСТ тўловчи, Солиқ кодексида қўшилган қиймат ва фойда солиқларини тўлашга ўтишни талаб этилмайди. 2020 йил 1 январдан айланмадан солиқ тўлашга ўтиш ҳақида ҳеч қандай ариза топширилмайди;
  • ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси, бироқ унда 2020 йилда айланмадан солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи юзага келган.

Солиқ кодексига мувофиқ айланмадан солиқ тўлашга ўтиш учун юридик шахслар солиқ органига улар айланмадан солиқ тўлашга ўтадиган навбатдаги солиқ даври бошланишидан 10 кун олдин хабарнома юборадилар. Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 2019 йил 30 декабрда қабул қилинганлиги сабабли 20 декабрга қадар хабарнома тақдим этиш имкони бўлмаган. Шу боис истисно тариқасида айланмадан солиқ тўлашга ўтиш ҳақида хабарнома юбориш муддати 2020 йил 1 январдан 2020 йил 15 январгача узайтирилган.

2019 йилда ихтиёрий равишда ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган солиқ тўловчилар айланмадан солиқ тўлашга ўтишга ҳақлидир. Ўтиш шартлари қуйидагилардан иборат:

  • 2019 йилда ва 2020 йил 1 январдан ўтиш санасигача бўлган даврда айланма 1 млрд сўмдан ошмаслиги лозим;
  • ўтиш 12 ой ўтганидан кейин амалга оширилиши керак .

Янги ташкил этилган юридик шахслар уларни давлат рўйхатидан ўтказишда солиқ солиш тартибини танлашга ҳақлидир.

Якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромади 100 млн сўмдан ошган бўлса, айланмадан солиқ тўлашга ўтадилар. Бунда хабарнома тақдим этилмайди. ЯТТ ҚҚС ва фойда солиғини тўлашни танлагани ҳақида хабарнома тақдим этган ҳолат истисно этилади.

2020 йил 1 январдан сиз ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишингиз шарт

2019 йилда ягона солиқ тўлаган, лекин 2020 йил 1 январдан айланмадан солиқ тўлашдан маҳрум бўлган солиқ тўловчилар ҚҚС ва фойда солиғини тўловчилар ҳисобланади. Улар 2020 йил 1 февралга қадар бўлган муддатда ушбу солиқларни тўлашга ўтганлиги ҳақида солиқ органларини хабардор қилиши шарт (ҚҚС тўловчининг махсус рўйхатдан ўтиш кодини олиши керак).

Хабарнома 2020 йил 1 февралга қадар тақдим этилмаса, солиқ органлари мустақил равишда солиқ тўловчини ҚҚС ва фойда солиғини тўловчи сифатида ҳисобга қўяди.

2019 йилда корхона ЯСТ ва ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчиси бўлса, нима қилиши керак?

Солиқ кодексининг янги таҳририда бир вақтнинг ўзида айланмадан солиқ ва ҚҚС тўлаш назарда тутилмаган.

Шу боис айланмадан солиқ тўловчилар қуйидагиларга ҳақлидир:

  • ҚҚС тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган ҳолда айланмадан солиқ тўловчи бўлиб қолишга;

ёки

  • ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий ўтишга.

Айланмадан солиқ тўловчи 1 январдан ушбу солиқни тўлашдан воз кечишга ҳамда ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга қарор қилди, у бу ҳақда 2020 йил 1 февралга қадар солиқ органини хабардор қилиши лозим.

Ушбу хабардор қилиш муддати истисно тариқасида белгиланган, чунки Солиқ кодексига мувофиқ юридик шахслар ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақли .

Мисол
«Наврўз» МЧЖ 2019 йил 1 январдан бошлаб ЯСТ билан бирга ихтиёрий асосда ҚҚСни ҳам тўлаган.
2019 йил якунларига кўра унинг жами даромади 648 млн сўмни ташкил этган, яъни белгиланган миқдор 1 млрд сўмдан ошмаган. Бинобарин, мазкур корхона 2020 йил 1 январдан айланмадан солиқ ўрнига ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ҳақли. Бироқ корхона 2020 йилда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси мақомини сақлаб қолишга қарор қилди. Бунинг учун «Наврўз» МЧЖ 2020 йил 1 февралга қадар солиқ органларига бир вақтнинг ўзида айланмадан солиқ тўлашни рад этиб, ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишга ариза топшириши лозим. У ҚҚС билан бирга фойда солиғини ҳам тўлайди.
Диққат
Солиқ тўловчи 2020 йил 1 февралгача айланмадан солиқ тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарномани тақдим этмаса, у 2020 йил 1 январдан ҚҚС тўловчи бўлмайди.

Якка тартибдаги тадбиркор ҳам ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақлидир. Бунинг учун у товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад чекланган қийматдан – 100 млн сўмдан ошган кундан эътиборан 5 кундан кечиктирмай хабарнома тақдим этади. Белгиланган муддатларда хабарнома тақдим этилмаганда, якка тартибдаги тадбиркор айланмадан солиқ тўлайди.

Эслатиб ўтамиз
ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий равишда ўтган солиқ тўловчилар, башарти қонуний асосларга эга бўлсалар, айланмадан олинадиган солиқни тўлашга камида 12 ойдан кейин қайта ўтишга ҳақлидирлар.

Қайси ҳолатларда солиқ тўловчилар айланмадан  солиқни қўллашда давом этишга ҳақли бўлмайдилар?

Солиқ тўловчилар қуйидаги ҳолларда ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишлари шарт:

1. Солиқ даври давомида жами даромади 1 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчилар, бундай ошиш рўй берган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб;

2. Бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахслар, уларни самарасиз фойдаланаётганлиги бўйича хулоса киритилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб;

3. Қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари бўлган юридик шахслар, инвестицион лойиҳанинг амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса беришга ваколати бўлган ваколатли органнинг хулосаси чиқарилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан;

4. Молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобидан объектлар қурилишини (бундан жорий ва капитал таъмирлаш мустасно) бажарувчи юридик шахслар бундай қурилишга доир шартнома расмийлаштирилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан.

Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ /uz/publish/doc/text156842_2020_yilda_soliq_solish_tartibi_qanday_tanlanadi