Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
QR-online – тўлов терминалларининг муқобили
Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда «QR-online» универсал стандартлаштирилган тўловлар сервисини ишга туширди. Бу қандай ишлаши хусусида Марказий банкнинг Тўлов тизимлари департаменти мутахассиси Санжар ОХУНЖОНОВ сўзлаб берди.
«QR-online» – бу Uzcard ва HUMO тўлов терминалларининг тўлақонли муқобили. Технологиянинг афзаллиги шундаки, харидор сотувчига картани бериб, пин-кодни айтиши шарт эмас. Ҳисоб-китобни нафақат банк картаси ҳисобварағидан, балки тўлов иловасининг электрон кармонидан ҳам амалга ошириш мумкин.
Сотувчи харидорга QR-кодли стикерни тақдим этади. Харидор смартфон ёрдамида QR-кодни сканер қилади, харид қийматини киритади ва “тўлаш”га босади.
Бу такси ва жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлаш, товар етказиб берилганлиги учун тўловни амалга ошириш ва бошқа талай ҳолларда қулайдир.
Фақат Тошкент шаҳрининг ўзида тижорат банклари савдо-сервис корхоналарига 3 мингдан ортиқ QR-стикерларини тақдим этишди.
Тадбиркор нима қилиши лозим
Тадбиркор хизмат кўрсатувчи банкка QR-кодни шакллантириш ва рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши, QR-кодни олиши лозим.
Савдо-сервис корхоналари банк шахсий кабинети орқали «Теlegram»да «@onlineqrbot» канали орқали «QR-online» тизими бўйича онлайн режимда ёки смс-хабарнома йўли билан маблағларнинг келиб тушишини кузатиб боришлари мумкин.
Сотувчи ҳар бир тўлов суммасидан 1% миқдорида ҳақ тўлайди.
Харидорга «QR-online» ёрдамида ҳисоб-китоб қилиши учун нима зарур бўлади
Харидор смартфонига ўз банкининг банк мобиль иловасини ёки Click тўлов иловасини ўрнатиши лозим. Мобиль иловаларида ҳозирча QR-коди ёрдамида ҳисоб-китоблар функцияси амалга оширилмаган банк мижозлари учун иккинчи вариант қулайдир. Яқин вақтда тизимга бошқа тўлов сервисларининг уланиши ҳам режалаштирилмоқда.