Харидорлар учун бонусларга ЖШДС солинадими

preview

Товар ва хизматларга бўлган талабни рағбатлантирувчи бонус дастурлари жуда оммабоп. Уларнинг қўлланилиши харидорларда солиқ солинадиган даромад юзага келишига олиб келадими? Ушбу саволга Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб беради.

 

Бонус дастурлари харидорларни товар ва хизматларни харид қилишга рағбатлантиради. Улар харидорларга бонуслар – баллар ёки дастурда белгиланган асосларга биноан мижознинг фаоллигини белгилайдиган бошқа бирликларни ҳисоблашни назарда тутади.

 

I. “Бонусли” даромадлардан ЖШДС тўлаш зарур бўлмаган шартлар

СКда жисмоний шахсларнинг ушбу дастурларда иштироки ЖШДС солинадиган даромад олинишига олиб келмайдиган шартлар ёзилган.

СКнинг 369-моддаси 2-қисми 14-бандига мувофиқ бундай шартлар – учта.

1. Жисмоний шахс бонус дастурида оммавий оферта шартларида иштирок этиши керак. Бу:

  • бундай дастур барча учун бир хил бўлган иштирок этиш, бонуслар ҳисоблаш, бонусларни товар билан тўлаш шартлари ва ҳоказони ўз ичига олиши лозим;
  • бонус дастурига ҳар қандай харидор қўшилиши мумкин;
  • бонусларни ҳисоблаш ва ҳисобдан чиқариш шартлари ташкилот сайти ёки бошқа ҳамма учун очиқ манбаларда эълон қилиниши керак.

2. Оммавий оферта:

  • акцепт (дастурда иштирок этиш учун розилик) учун 30 кундан ортиқ муддатни назарда тутиши керак. Мазкур шарт бонус дастури 30 календарь кундан ортиқ муддатга ташкил этилиши лозимлигини билдиради;
  • оммавий офертани муддатидан олдин чақириб олиш имкониятини назарда тутмаслиги лозим. Бу бонус дастури ташкилотчиси уни муддатидан олдин ёпишга ҳақли эмаслигини билдиради.

3. Харидор бонусли даромадни:

  • лавозим мажбуриятларини бажарганлик учун ҳақ сифатида олган бўлмаслиги керак. Яъни у дастур ташкилотчиси билан меҳнат муносабатларида бўлмаслиги керак;
  • товарларни етказиб берганлик (ишларни бажарганлик, хизматлар кўрсатганлик) учун ҳақ (мукофот) сифатида олган бўлмаслиги керак;
  • моддий ёрдам сифатида олган бўлмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз
Оммавий оферта – бу шартноманинг барча асосий шартларини ўз ичига олган, таклиф киритаётган шахснинг жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан таклифда кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган таклиф . Оферта юборилган шахснинг уни қабул қилганлиги ҳақидаги жавоби акцепт ҳисобланади .

 

II. “Бонусли” даромадлардан ЖШДС тўланиши лозим бўлган шартлар

Қуйидаги ҳолларда бонус дастурларида иштирок этишдан олинган даромадлар жисмоний шахснинг жами даромадига киритилади ва улардан ЖШДС ушлаб қолинади:

  • жисмоний шахснинг бонус дастурида иштирок этиши очиқ оферта шартларисиз амалга оширилганда;
  • оммавий оферта шартларида акцепт, яъни дастурда иштирок этиш учун розилик учун 30 кундан кам муддат ёки  офертани муддатидан олдин чақириб олиш имконияти назарда тутилган;
  • агар ташкилотчи ходимларига – улар томонидан лавозим мажбуриятларини бажарганлик, ёки товарлар етказиб берганлик (ишлар бажарганлик, хизматлар кўрсатганлик) учун ҳақ (мукофот) ёхуд моддий ёрдам сифатидаги даромад сифатида тўланганда.

Ушбу барча вазиятларда бонуслар жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади деб тан олинади ва солиқ агенти – бонус дастури ташкилотчисида ЖШДС солинади .

Мазкур ҳолатда пул шаклида ифодаланган олинган баллар ёки бошқа бирликлар  суммаси даромад ҳисобланади.

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /uz/publish/doc/text158173_haridorlar_uchun_bonuslarga_jshds_solinadimi