Қандай қилиб ходимни карантин даврида ишдан бўшатиш мумкин

preview

Ходимларни карантин даврида ишдан бўшатиш мумкинми? Қабул қилинаётган ижтимоий ҳимоя чоралари муносабати билан ишдан бўшатиш қоидалари ўзгардими? buxgalter.uz саволларига юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил Юсупович ГАСАНОВ жавоб беради:

- Карантин туфайли ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби ўзгардими?

Президентнинг 20.03.2020 йилдаги Фармонига асосан коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси, васийлари, ҳомийлари билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади. Эътибор беринг: тақиқ фақат ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра, яъни МКнинг 100-моддаси 2-қисмида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилишга татбиқ этилади. У меҳнат шартномасини бекор қилишнинг бошқа асосларига: ўз хоҳишига кўра , тарафларнинг келишувига кўра , шартнома муддатининг тугаши билан , тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга ва бошқаларга дахл қилмайди .

- Иш берувчи яна кимлар билан ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас?

- МКда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, қуйидаги ҳолларда иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди:

а) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ва ходим меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган  таътилларда бўлиш даврида . Бунда ходим қандай таътилда (йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили, қисман ҳақ тўланадиган таътил, иш ҳақи сақлаб қолинмаган ҳолда бериладиган таътил ёки ижтимоий таътил) бўлишининг аҳамияти йўқ;

б) ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан .

Ушбу қоидалардан фақат битта истисно мавжуд – корхона тугатилиши .

- Меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишда ҳар доим касаба уюшма қўмитаси (ходимларнинг бошқа вакиллик органи)нинг розилигини олиш зарурми?

- Ҳар доим эмас. МКнинг 101-моддаси 1-қисмига асосан башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди. Демак, агар жамоа шартномасида меҳнат шартномасини касаба уюшмаси қўмитаси (ходимлар бошқа вакиллик органи)нинг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розилик албатта олиниши шарт.

Бироқ, ҳатто жамоа шартномаси бундай розиликни назарда тутмаган тақдирда ҳам уни олиш зарурати жамоа келишувида (масалан, тармоқ)  назарда тутилиши мумкин. Ушбу қоиданинг бузилиши меҳнат шартномасини бекор қилишни ноқонуний деб топиш ва уни мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаган ҳолда аввалги ишга тиклашга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Олий суд Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорининг 51-бандига мувофиқ меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи розилигисиз, агарда бундай розилик олиш лозимлиги жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, бекор қилиш қонунни очиқ-ойдин бузиш ҳисобланади. Суд айбдор бўлган мансабдор шахс зиммасига ана шу ходимга мажбурий прогул вақтида иш ҳақи тўланиши муносабати билан иш берувчига етказилган зарар ўрнини – мансабдор шахснинг 3 лавозим маоши доирасида қоплаш мажбуриятини юклаши мумкин .

Агарда корхонада жамоа шартномаси тузилмаган бўлса ёки тузилган бўлиб, унда иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ходимларнинг вакиллик органининг розилигини олиш назарда тутилмаган бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш учун келишиб олишга мажбур бўлмайди.

Бундан ташқари, МК қуйидаги ҳолларда иш берувчи ўз ташаббусига кўра бундай розилик жамоа шартномаси ёки жамоа келишувида назарда тутилган ёхуд тутилмаганлигидан қатъи назар касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли:

а) корхона тугатилиши муносабати билан;

б) корхона раҳбари билан тузилган шартномани ушбу МК 100-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра;

с) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини - мулкдорнинг алмашиши сабабли .

- Агар гап меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусисиз бекор қилиш хусусида борса, сиз айтиб ўтган қоидалар қўлланиладими?

- Йўқ, юқорида айтиб ўтилган барча қоидаларга фақат иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатиш чоғида риоя қилишини лозим . Ходимнинг касаллиги ҳам, унинг таътилда бўлиши ҳам меҳнат шартномасини, масалан, ўз хоҳишига кўра, тарафларнинг келишувига кўра, меҳнат шартномаси муддатининг тугаши билан ва МКда айтиб ўтилган бошқа ҳолатларга кўра бекор қилишга тўсқинлик қилмайди.

Юқорида келтирилган асосларга кўра ҳомиладор аёл ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади. Бироқ, агар бундай ходима билан меҳнат шартномаси унинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан бекор қилинса, иш берувчига уни ишга жойлаштириш мажбурияти юклатилади. Бинобарин, иш берувчи фақат қуйидаги ҳолларда ҳомиладор аёл ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор ходима билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин:

  • у ўзига таклиф қилинган ишга ўтишни рад этса;
  • корхонада бўш иш ўринлари бўлмаса;
  • ходима корхонада мавжуд ишни бажариш учун зарур малака талабларига жавоб бермаса.

Бундан ташқари, муддати тугаганлиги сабабли бундай ходима билан меҳнат шартномаси бекор қилиш чоғида унинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак.

Шунингдек эътибор беринг: агар ходим билан меҳнат шартномаси унинг касаллиги даврида бекор қилинган бўлса, Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 3-банди талабларига риоя қилиш зарур. Унга мувофиқ ходимга нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда (ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб) пайдо бўлса берилади.

Карантин Карантин Карантин /uz/publish/doc/text158847_qanday_qilib_hodimni_karantin_davrida_ishdan_bushatish_mumkin