ЯММТда ишлаймиз: кўп учрайдиган 10 та савол

preview

1 сентябрга қадар кадрлар бўлими ходимлари ташкилотлардаги барча ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритиш бўйича ишларни якунлашлари лозим. Buxgalter.uz «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро-дастурий аппарати комплекси бошқармаси дирекциясининг тушунтиришларига асосан кўп учрайдиган 10 та саволга жавоб тайёрлади.

1. Хусусий ташкилот ЯММТда меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиши шартми?

– 2020 йил 1 январдан бошлаб меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун мажбурий ҳисобланади.

2. Ходимнинг олий маълумоти тўғрисидаги маълумотларни киритишда таклиф этилаётган рўйхатга ходимнинг дипломи бўйича зарур мутахассислиги (факультети) киритилмаган.

– Барча ходимлар бўйича маълумотларни киритинг. Кейин бундай муаммолар юзага келган ходимлар рўйхатини тузинг. Рўйхатда мажбурий тартибда қуйидаги маълумотлар келтирилиши лозим: олий ўқув юртининг номи, қайд этилмаган мутахассислик (факультет), олий ўқув юртига қабул қилинган йили ва ўқишни тамомлаган йили. Рўйхатни шахсий хабар орқали «Электрон меҳнат дафтари» Телеграм-гуруҳи администраторларига юборинг. Улар техник носозликларни бартараф этиш бўйича чораларни кўрадилар.


3. Ташкилотда штат жадвали бўйича бўлимлар мавжуд эмас, уларни тузиш лозимми?

– Йўқ, тузиш шарт эмас. Зудлик билан иш ўринларини яратиш ва меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишга киришиш мумкин.


4. Ходим бир ташкилотда иккита лавозимда: биттасида  – асосий иш жойи бўйича, иккинчисида – ўриндошлик бўйича ишлайди. ЯММТда бундай ходим билан меҳнат шартномаси қандай рўйхатдан ўтказилади?

– Фақат асосий иш жойи бўйича тузилган меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилишининг ўзи етарлидир.


5. Ходим айнан битта ташкилотга икки марта ишга кирган. Биринчи шартнома 2010 йилда тузилган ва 2015 йилда бекор қилинган. Иккинчиси 2018 йилда тузилган бўлиб, ҳозирда ҳам амал қилмоқда. Бундай ходимни ЯММТда қандай тўғри рўйхатдан ўтказиш керак?

– Аввало меҳнат шартномасини ёки қўшимча битимни (агар ишга қабул қилинган пайтдан буён лавозимлар ўзгарган бўлса) рўйхатдан ўтказиш орқали ходимнинг ҳозирги лавозимини рўйхатдан ўтказиш лозим. Бундан кейин «Ушбу ташкилотдаги аввалги лавозимларини қўшиш» бўлими орқали 2018 йилдан бошлаб (агар лавозимлар ўзгарган бўлса) аввалги лавозимларини киритиш лозим.

Ташкилотда 2010–2015 йилларда ишланган даврга келадиган бўлсак, бюджет ташкилотлари ушбу маълумотларни мажбурий тартибда, нобюджет ташкилотлари эса ўз хоҳишига кўра киритиши лозим. Рўйхатдан ўтказиш «Бошқа ташкилотдаги меҳнат фаолиятини қўшиш» тугмаси ёрдамида амалга оширилади. Мазкур бўлимда ишга қабул қилинганлиги, бошқа лавозимга ўтказилганлиги (агар мавжуд бўлса) ва ишдан бўшатилганлиги кўрсатилади.


6. ЯММТ тизимида ушбу ташкилотдаги (номи, манзили ва бошқалар) ёки ходимларнинг шахсий маълумотларидаги ўзгаришлар (масалан, фамилиясининг ўзгариши) қўшимча битимлар билан расмийлаштирилиши керакми?

– Йўқ, ҳозирча керак эмас. Яқин кунларда янги функция ишга туширилади – бундай маълумотлар ўзгартирилганда автоматик тарзда қўшимча битимлар расмийлаштирилади.


7. Бош саҳифада яратилган иш ўрни чиқмаяпти.

– «Барча бўлинмаларни очиш» тугмасини босинг. Бундан кейин яратилган барча иш ўринлари ва рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномалари очилади.


8. Меҳнат шартномаси бекор қилинган ва бу ҳақдаги маълумотлар ЯММТга киритилган. Бироқ у ЯММТнинг бош саҳифасида амал қилаётган ҳужжат сифатида акс этмоқда.

– МКга мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилинган кун сўнгги иш куни бўлганлиги сабабли шундай ҳолат юзага келяпти. Ходим иш кунини охиригача ишлаб бериши лозим, у билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги кейинги куни автоматик равишда «Меҳнат шартномалари архиви»га тушади, яъни тизимдаги бош саҳифада акс этмайди.


9. Жисмоний шахснинг аввалги меҳнат фаолияти (бошқа ташкилотлардаги меҳнат фаолияти) тўғрисидаги маълумотлар киритилганда, «Тасдиқланмаган» ёзуви чиқаяпти.

– Бугунги кунда ташкилотнинг кадрлар бўлимидан барча маълумотларни тўғри киритиш талаб этилади. Натижада тизимдаги ишлар охиригача бажарилади ва унинг функционали ходимнинг аввалги меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлашга имкон беради.


10. Ходимни ЯММТда қандай тўғри расмийлаштириш мумкин: ушбу ташкилотга ишга қабул қилинган ҳозирги лавозимидан бошлабми ёки дастлабки лавозимидан бошлаб?

– Ҳозирги лавозимидан бошлаб. Ходимни расмийлаштиришда ушбу лавозимга қабул қилинган сана ва меҳнат шартномаси ёки ушбу лавозимга қабул қилинганлик тўғрисидаги қўшимча битим рақами кўрсатилади. Батафсил йўриқнома – бу ерда.

My.mehnat.uz My.mehnat.uz My.mehnat.uz /uz/publish/doc/text160264_yammtda_ishlaymiz_kup_uchraydigan_10_ta_savol