Қурилиши тугалланмаган объектлар реализация қилинганда уларга солиқ солиш

preview

Вuxgalter.uz илтимосига кўра Молия вазирлигининг билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ қурилиши тугалланмаган объектлар бошқа корхонанинг устав фондига ҳисса сифатида берилганда солиқ солиш хусусиятлари ҳақида гапириб берди.

«А» корхона балансида мавжуд бўлган бино ва иншоотларнинг бир қисмини, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектларни қурилишга сарфланган харажатларни инобатга олган ҳолда реализация қилмоқчи (устав фондига ҳисса сифатида бермоқчи) дейлик.

Реализация килинаётган асосий воситаларнинг жами қолдиқ қиймати 500,0 млн сўмни ва тугалланмаган қурилишга сарфланган харажатлар 200,0 млн сўмни ташкил этади.

  1. 1. Реализация қилинаётган асосий воситалар бўйича ҳисобварақ-фактура тақдим этиладими, унда қандай сумма акс эттирилиши керак?
  2. 2. Тугалланмаган қурилишга сарфланган харажатлар қаерда акс эттирилади?
  3. 3.  Асосий воситанинг чиқиб кетишидан олинган фойда қандай аниқланади?
  1. 1. Операциялар амалга оширилганлигини қайд этувчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва уларни ўтказишга доир фармойишлар хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби учун асос бўлади .

Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари хўжалик операциялари амалга оширилаётган пайтда тузилади.

Товарларни (хизматларни) реализация қилишда тадбиркорлик субъектлари ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этишлари шарт .

Товарга бўлган мулк ҳуқуқини пуллик асосда ўтказиш қўшилган қиймат солиғини қўллаш мақсадида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмага киради .

Бунда солиқ базаси акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, унга солиқни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг қиймати сифатида аниқланиши белгиланган .

  1. 2. 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»нинг 68-бандига мувофиқ, 0810-«Тугалланмаган қурилиш» счётида (қурилиш пудрат ёки хўжалик усулида амалга оширилишидан қатъи назар) капитал қурилиш сметалари, смета-лойиҳа ҳисоб-китобларида ва титул рўйхатларида келтирилган бино ва иншоотларни барпо этиш, ускуналар, асбоблар, инвентарлар ва бошқа жиҳозларни сотиб олиш бўйича харажатлар ҳисобга олинади.

Капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счётларнинг дебетида асосий воситалар объектларининг бошланғич қийматига ўрнатилган тартибда олиб бориладиган реконструкция ва модернизация қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳам акс эттирилади. Ушбу капитал қўйилмалар билан боғлиқ бўлган харажатлар ишлар якунланганидан сўнг асосий воситалар қийматини оширишга олиб борилади, яъни асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётларга ўтказилади.

Демак, асосий воситалар тугалланмаган қурилиш билан реализация қилинганда қурилишга сарфланган харажатлар, яъни 0800-счётдаги маблағлар билан бирга ҳисобварақ-фактурада кўрсатилиши шарт.

Кўчмас мол-мулк реализация қилинган тақдирда, кўчмас мол-мулкни бошқа шахс тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги шартноманинг тарафлари томонидан имзоланган қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси бўйича харидорга кўчмас мол-мулк берилган сана қўшилган қиймат солиғини қўллаш мақсадида айланма амалга оширилган сана деб ҳисобланади .

  1. 3. Фойда солиғини қўллаш мақсадида жами даромадга асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад ҳам киради :

а) асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромад деб бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган фойда эътироф этилади;

б) асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган молиявий натижани (фойдани ёки зарарни) аниқлашда илгари қайта баҳоланган асосий воситаларнинг ҳамда бошқа мол-мулкнинг нархини ошириш суммасининг ушбу асосий воситаларни ва бошқа мол-мулкни олдинги нархни пасайтириш суммасидан ортиқ суммалари асосий воситалар ҳамда бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад таркибига киритилади .

Асосий воситаларни сотишдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), қўшилган қиймат солиғи билан мазкур объектни сотиш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, сотувдан тушган тушум ва сотилаётган асосий воситаларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, резерв капиталини ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолаш суммаларининг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади .

Қурилиш Қурилиш Қурилиш /uz/publish/doc/text161030_qurilishi_tugallanmagan_obektlar_realizaciya_qilinganda_ularga_soliq_solish