Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
Директор меҳнат шартномасига бош бухгалтер ўз хоҳишига кўра фақат ҳисобот даври тугаганидан кейин ишдан бўшаши мумкинлиги тўғрисидаги шартни киритмоқчи. Ҳисоботни тайёрлаш ва топшириш пайтида эса ишдан бўшаш мумкин эмас, акс ҳолда жарима тўланади.
Лекин бухгалтерда қандайдир жиддий ҳолатлар юзага келиши мумкинмасми? Бундай меҳнат шартномасини имзолаш тўғрими?
Меҳнат қонунчилиги нормаларини buxgalter.uz илтимосига кўра «Norma» эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтириб берди:
Зарур тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Ишдан бўшаш ҳуқуқини чеклаш мумкин эмас
– Бундай меҳнат шартномасини имзолаш мақсадга мувофиқ эмас. Меҳнат кодекси меҳнат эркинлиги тамойилини мустаҳкамлайди. Бу ходимнинг нафақат меҳнат шартномасини эркин тузиш, балки уни қонунда белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан исталган вақтда бекор қилиш ҳуқуқини ҳам англатади
. Демак, меҳнат шартномасидаги ходим ҳисобот топширгунча ишдан бўшаши мумкин эмаслиги тўғрисидаги шарт Меҳнат кодексига зид ҳисобланади.
Ҳатто сиз бундай шартномани имзолаган бўлсангиз ҳам, у ушбу қисмда юридик кучга эга бўлмайди, чунки меҳнат шартномасининг шартлари ходимнинг аҳволини қонунга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмас
.
Бош бухгалтер учун огоҳлантириш муддати
Шунинг учун, агар кейинчалик "кетиш"га қарор қилсангиз, директорни 1 ой олдин огоҳлантирган ҳолда, дадиллик билан ишдан бўшашингиз мумкин. Бош бухгалтер, раҳбар ўринбосарлари ва ташкилотнинг алоҳида бўлинмалари раҳбарлари учун "ўз хоҳишига кўра" ишдан бўшаш тўғрисида айнан шундай огоҳлантириш муддати белгиланган
.
Ҳа, бу Меҳнат кодексининг 160-моддасида кўрсатилган стандарт 2 ҳафтадан узоқроқ муддат. Бироқ бу ушбу лавозимларнинг юқори масъулияти ва аҳамиятидан келиб чиқади.
Бир ойлик муддат қуйидагиларни амалга ошириш учун етарли вақт ҳисобланади:
- бошланган ишни якунлаш;
- ишларни топшириш;
- ҳисоботларни топшириш ва ҳужжатларни тайёрлашни ташкил этиш;
- ишдан бўшатилаётган ходимнинг ўрнига янги ходим топиш.
Бу – муҳим: Меҳнат кодексида белгиланган огоҳлантириш муддатини ҳатто томонларнинг келишувига кўра ҳам узайтириш мумкин эмас. Иш берувчи ходимни, ҳатто у навбатдаги ҳисоботни топширмаган, бошланган ишларни якунламаган ёки унинг ҳисобида турган моддий бойликларни топширмаган бўлса ҳам, узоқроқ ушлаб туришга ҳақли эмас
.
Огоҳлантириш муддати тугагач, сиз ишни тўхтатишга ҳақлисиз, иш берувчи эса сизга меҳнат дафтарчасини (мавжуд бўлса) ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини бериши ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Ҳатто иш берувчи судга мурожаат қилган тақдирда ҳам, сиздан жарима ундира олмайди ва имзоланган шартноманинг бандига асосланиб ҳисобот даврининг охиригача ишлашни талаб қила олмайди, чунки бу банд қонунга зид ҳисобланади.
Бир ойдан олдин ишдан бўшаш имконияти
Бош бухгалтер бир ойлик огоҳлантириш муддати тугашидан олдин ҳам ишдан бўшаши мумкин, бироқ бу фақат иш берувчи билан келишилган ҳолда амалга оширилади
. Агар иш берувчи бунга рози бўлмаса – бу унинг ҳуқуқи, у "тезлаштирилган" ишдан бўшатишни рад этиши мумкин.
Шу билан бирга, шундай ҳолатлар ҳам мавжудки, иш берувчи ходимни у сўраган муддатда ишдан бўшатиши шарт
. Бу ишни давом эттиришнинг объектив имконсизлиги ҳақида бўлиб, масалан:
- таълим муассасасига ўқишга кириш;
- нафақага чиқиш;
- бошқа жойга кўчиб кетиш;
- сайланадиган лавозимга сайланиш ва бошқалар.
Агар бош бухгалтерда шундай сабаблардан бири мавжуд бўлса, у қонунда белгиланган бир ойлик огоҳлантириш муддати тугамасдан ҳам ишдан бўшаши мумкин, бу иш берувчининг розилигига боғлиқ эмас. Бундай ҳолда ходим аризасида ушбу сабабни кўрсатиши ва мавжуд бўлса, тегишли ҳужжатларни илова қилиши лозим.
Агар директор аризани қабул қилишни рад этса
Умумий қоидага кўра, ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза иш берувчига топширилган пайтдан бошлаб тақдим этилган ҳисобланади, яъни:
– ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосарига,
– кадрлар бўлимига ёки девонхонага,
– қабулхона котибига ва ҳоказо.
Ариза икки нусхада топширилади: бир нусхаси иш берувчига берилади, иккинчи (сизнинг) нусхангизга эса қабул қилувчи шахснинг имзоси, санаси ва лавозими қўйилади.
Огоҳлантириш муддати ариза топширилган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади. Аммо директор ишдан бўшатиш ҳақида "эшитишни ҳам хоҳламаса" ва масъул шахсларга сиздан аризани қабул қилмаслик тўғрисида кўрсатма берса (гарчи бу қонунни тўғридан-тўғри бузиш бўлса-да), уни почта бўлими ёки почтамт орқали – олувчига топширилганлиги ҳақидаги билдиришнома билан жўнатинг. Сизга хат олувчининг имзоси ва топширилган санаси кўрсатилган почта бланкаси келади. Эҳтиёт чораси сифатида почтада хат мазмунининг рўйхатини тузинг. Шунда сиз айнан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани юборганлигингизни бевосита тасдиқловчи ҳужжатга эга бўласиз.
Иш берувчи хатни олган пайтдан бошлаб бир ойлик муддат ҳисоби бошланади ва иш берувчида сизни ушлаб қолиш учун ҳеч қандай восита қолмайди.
Агар директор сизга меҳнат дафтарчасини беришдан бош тортса ёки ҳисоб-китоб пайтида топширилмаган ҳисоботлар учун жарима ушлаб қолса, бу сизнинг ҳуқуқларингизни қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бундай қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида меҳнат инспекциясига қуйидаги усуллар билан хабар беришингиз мумкин:
- Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг расмий сайти орқали онлайн мурожаат юбориш* dmi.mehnat.uz;
* Шакл давлат тилида очилади.
- ишонч телефонига қўнғироқ қилиш: (+998 71) 200-06-00;
- шахсан ташриф буюриш орқали.
Эсда тутинг: меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш сизни ўз ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Меҳнат низолари бўйича даъволардан давлат божи ундирилмайди
.
Buxgalter.uz тавсия этади:
- Мулк алмашганда ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари ва бош бухгалтер қандай ишдан бўшатлади;
- Ходимни унинг ташаббусига кўра қандай ишдан бўшатиш мумкин;
- Меҳнат шартномаси томонларнинг келишувига кўра қандай бекор қилинади;
- Муддатли меҳнат шартномаси қандай бекор қилинади;
- Меҳнат шартномасини томонларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда қандай бекор қилиш керак;
- Меҳнат шартномасини бекор қилишда тез-тез содир этиладиган хатолар.
![]()

